Мустақиллик ҳақида

Мустақиллик ҳақида
35 views
20 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(22)

МУСТАҚИЛЛИК ҲАҚИДА

Ўзбекистон ўз мустақиллигини, амалда, 1990 йил йигирманчи июл куни эълон қилган эди. Эсингизда бўлса, ўша куни 167 та депутат Мустақиллик Декларатсиясини қабул қилиш учун Олий Кенгаш мажлисига мурожаат қилди.

Анча тортишувлардан сўнг, раҳбариятнинг тайсаллашларидан кейин Мустақиллик Декларатсияси қабул қилинди.

Ўшанда Олий Кенгашда ҳақиқий байрам бўлган эди. Халқ сайлаган депутатлар ўз иродасининг халқ иродаси эканини ҳис қилган эдилар. Ҳамманинг чеҳрасида қувонч ва нур бор эди ўша куни.

Бу тарихий воқеадан бир йил кейин, яъни ГКЧПнинг муваффақиятсиз тўнтаришидан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати ГКЧПга шериклик айбидан қутулиш учун яна бир марта “мустақиллик” эълон қилди. Бу “мустақиллик”ни Олий Кенгаш эмас, ҳурматли президентимиз Каримов эълон қилди. Эълон қилар экан, Олий Кенгаш мажлисига сув қуйгандай сукунат чўккани ҳамманинг ёдида. Президент Каримов “нега чапак лалмаяпсиз”, деб хитоб қилганида ҳам депутатлар карахтликдан уйғона олмаган эди.

Бу карахтлик аслида интуитив қўрқув эди. Депутатлар Каримов режимининг тобора мустабидлашаётганидан қўрқа бошлаган эдилар. Бу қўрқув бежиз эмас экан. Ўзбекистондаги бугунги сиёсий-иқтисодий вазият буни тасдиқлаб турибди. Мустақиллик эълон қилинганига уч йил тўлаяпти, аммо халқ мустақил бўлгани йўқ. Қашшоқликдан, йўқсилликдан мустақил бўла олмади.

Қўрқувдан, адолатсизлик ва зўравонликдан мустақил бўла олмади. Илгари биз коммунистик Московга қул эдик, бугун коммунист Каримовга қул бўлиб бораяпмиз. Ҳатто баъзи одамлар “бизга мустақиллик нима берди, совет замони яхши эди”, деган гапларни айта бошлади. Бу таҳликали белгидир. Ўзбекистон ҳукуматининг уч йиллик сиёсати ўзбекларни “мустақиллик” калимасидан ҳам бездирди. Чунки инсон фақат нутқ эшитиб яшамайди, унинг қорни тўйиб нон егиси ҳам келади.

Мустақилликни биз фақат Каримов учун танламаган эдик ёки бир ҳовуч порахўр мансабдорлар учун танламаган эдик. Мустақилликни 135 йил давомида рус зулмидан эзилган қашшоқ халқимиз учун танлаган эдик. Унинг ўз бойликлари ўзига қолиши учун, ўз меҳнатининг эгаси ўзи бўлиши учун танлаган эдик Биз ватандошларимизга мурожаат қиламиз: Бугунги оғир аҳволингизга мустақиллик сабабчи эмас. Бу мустақилликни суистеъмол қилаётган эски ҳукумат сабабчидир. Сизнинг қорнингизни оч қолдирган мустақиллик эмас, иқтисоднинг “и” ҳарфини билмайдиган раҳбарларимиздир.

Демоқчиман-ки, асло совет замонини орзу қилманг. Бир зулмдан қутулиш учун иккинчи бир зулмдан нажот сўраманг. Оллоҳга шукр қилинг-ки, биз рус зулмидан қутулдик, эртага бойваччаларимиз зулмидан ҳам қутулажакмиз. Ана ўшанда мустақилликнинг нақадар буюк неъмат эканини кўрасиз. Ана ўшанда мустақиллик байрами билан табриклашга одамлар кўпаяди. Ана ўшанда, агар навбат етса, биз ҳам ўз табригимизни сизларга айтармиз дея қаттиқ умид қилаяпмиз.

1994. Сентябр.

(давоми бор)