Янги “дрижёрнинг” янги “намойиши” ёҳуд тасмадаги ўзгаришлар

Янги “дрижёрнинг” янги “намойиши” ёҳуд тасмадаги ўзгаришлар
59 views
20 January 2017 - 15:22

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ёки шунга ўхшаш массенжерларда амалдаги ноқонуний тизим раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўтқазган парламент мажлисидан овоз ёки видеопарча тасмалари тарқаляпти.

Бунинг бари Ўзбекистонда гўё шаффоф бошқарув олиб бориляпти, деган маънода кўрсатиш учун холос.  Бу ўзига хос кўзбўямачилик десак муболаға бўлмайди.

Бунга ўхшаш кўзбўямачиликни биз Каримов тизимидан ҳам кўрганмиз. Яъни кўплаб “ўзгаришлар” ва “рақамлар” фақат қоғозда қолиб кетаверган эди. Бир оғиз билан айтганда, фақат “дрижёр” ва “саҳна” ўзгарди, лекин “пъеса” ўзгармади.

Ҳолбуки, шунча вақт давомида Каримов “оркестрида” асосий “чолғучи” бўлган зулмкор бирданига демократга айланиб қолиши имконсиз. Зеро, унинг амалга ўтириш жараёнининг ўзи демократия, ёки лоақал ўзлари тузган қонунга бўлган муносабатни ифодаламайдими?

Зулм бир ҳил кўринишда бўлмаслигини кўпчилик унутиб қўйгандек гўё.  Чунки, баъзи “зиёлилар” ва уларнинг таъсиридаги оддий халқ Мирзиёевни Каримовга “ўхшамаган” сиёсат олиб боряпти деган фикрни илгари суришмоқда.

Афсуски, мана шундай “шукроний”лар таъсирида оддий халқ ҳам саробга ишониб бораяпти. Бу сароб ортида эса ватандошларни яна номаълум вақтгача “маънавий қуллик” кутиб турибди.

Каримов пайтида бўғилган сиёсий билим ўрнини Мирзиёев даврининг “олқишлаш” ғояси эгаллаб бораяпти. Халқ олқишлар билан қарши олаётган “ўзгаришлар” амалдаги тизимнинг оёқга туриб олиши учун сиёсий “ўйин” эканидан ҳабари йўқ.

Аввалги мақолаларда айтиб ўтганимдек, Мирзиёйев Каримовникидан ҳам чуққурроқ илдиз отган тоталитар тизимни қуриш билан банд. Бунга оддий мисол сифатида, куёвларини ўзи олиб бораётган сиёсат устунига айлантираётганини кўришимиз мумкин. Содда қилиб тушунтирганда ўзига яқин ва хайрихоҳ бўлган инсонларни мансаб курсисига ўтқазиш орқали ўз ҳокимиятининг келажагини таъминлаб беряпти.

У Каримовдан фарқли ўлароқ, ўзи қураётган тизимнинг энг кичик бўғинигача ўз одамларини, халқга намойишкорона холатда ”айбдор”лар ўрнига ўтқазмоқда. Халқ учун эса аввалги зулмкор ўрнига келаётган раҳбар ҳалоскордек кўриняпти. Албатта,  бунинг барчаси у олиб бораётган ахборот пропагандаси ва “зиёли” маддоҳлар ёрдамида. Сўз бошида айтиб ўтган тасмаларимиз ҳам ҳудди ана шу пропаганданинг бир бўлаги холос.

Юқорида айтилган гаплар исботи сифатида шуни айтиб ўтишим керакки, агар Мирзиёйев бази маддоҳлар бонг ураётгандек демократик сиёсат тарафдори бўлганда, аввало, у ҳокимятни куч билан эгаллаб олмаган, ўзи учун соғлом рақобат бўла оладиган мухолифатга тўсқинлик қилмаган ва халқга ҳақиқатни англаб етиши учун имкон берган ва ана шундан кейингина барча рақобатчи номзодларни адолатли сайловга чорлаган бўларди.

Бу ўринда, унинг ҳам 1991 йилдаги сайловда сиёсий “отаси” Каримов қилган ўйинни қилмаслиги кафолати сифатида, парламентдан мухолифатчилар учун тенг ўринлар берилиши, сайловолди ташвиқотларда барчага тенг имконият берилиши, бутун жараён очиқ шаффоф тарзда, халқаро кузатувчилар ҳамкорлигида амалга оширилиши, ҳар бир сайлов участкасида ҳар бир партиянинг ўз вакили иштирок этиши ва ниҳоят сайлов бюлетенларининг санаш жараёни халқга очиқ кўрсатилиши лозим эди.

Албатта, буларнинг биронтасини ҳам амалдаги тоталитар тизим истамайди, зеро хақиқатни англаган халқ олдида ўзлари ҳам жавоб беришларига тўғри келади. Чунки амалдаги тоталитар тизим сафини ашаддий порахўрлар, ўғрилар, зулмкорлар ва мансабпарастлар ташкил қилади.

Шундай экан, биз, эркин фикрли ёшлар, ёш мухолифатчилар сурункали равишда олиб борилаётган пропаганда “уруши” ва маддоҳлар даъватига қарши соғлом, ҳақиқат ва халқ дардини баён қила оладиган фикрлар билан курашишимиз керак. Улар қоғозда келтираётган далилларга қарши ҳаётдаги реаллик билан жавоб берайлик.

Албатта, бу йўлда биз анча сабрли бўлишимиз талаб этилади. Зеро, биз 74 йиллик иттифоқ зуғуми, 25 йиллик Каримов диктатураси остида бўлган халқга хақиқатни, реал ҳаётни секин асталик билан ҳаётий мисоллар билан тушунтиришимиз, халқ дардини нафақат очиқчасига баён қила олишимиз балки оптимал ечим топа олишимиз керак бўлади.

Фақатгина шунда халқга хақиқатни етказиб бера олишимиз, сафимизни эса теран фикрли ёшлар билан тўлдириб боришимиз, биздан аввалги ва ҳозирги авлод вакиллари истаётгандек жамият қура олишимиз мумкин бўлади.

Абдумалик Солиҳ