И.А.Каримовнинг “Cвобода” радиосига берган интервьюсига муносабат

И.А.Каримовнинг “Cвобода” радиосига берган интервьюсига муносабат
106 views
21 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(23)

И.А.КАРИМОВНИНГ “СВОБОДА” РАДИОСИГА БЕРГАН ИНТЕРВЬЮСИГА МУНОСАБАТ

Июн ойи охирларида Ўзбекистон прзиденти рус тилида эфирга чиқадиган “Свобода” радиосига бир интервю берди.

Интервю, одатдагидай, бошдан-оёқ коммунистик сафсатадан иборат бўлди. Президент Каримов ўз суҳбатида мухолифат ҳақда гапирар экан, фақат мукаммал жамиятлардагина мухолифат бўлиши мумкин, дейди. Демак, Туркманистонни ҳисобга олмаганда, барча собиқ совет жумҳуриятлари мукаммал жамият қуриб улгурган экан, чунки бу жумҳуриятларнинг ҳаммасида мухолифат бор. Бундай мантиқ кулгилидир.

Каримов яна ўзбекларнинг аллақандай ўзига хос зеҳнияти ҳақида гапиради, унинг фикрича, бу зеҳният кўппартиявийликни қабул қилмас эмиш.

Аслида, ўз минтақасида демократияга ҳозир бўлган бирор жамият бўлса, бу ўзбеклардир. Каримов худди шу ҳақиқатдан қўрқади. Аксинча, Ўзбекистонда демократияга ҳозир бўлмаганлар Ўзбекистон ҳукумати, биринчи навбатда, ҳукумат бошида турган Каримовдир.

Каримов тез-тез “президентлик сайловида 86% овоз билан ғолиб чиққанман” дея мақтаниб туради. Шу хусусда ҳам тўхталиб ўтишга тўғри келади. Сайловлар бутунлай очиқчасига сохта ўтказилди. Бу сохталаштиришларга бизда юзлаб эмас, минглаб далиллар мавжуд.

Сайловлар жараёнида “Эрк” партиясига сайловлар учун ажратилган маблағдан сариқ чақа ҳам берилмади. 40 кунлик сайловолди кампаниясида Каримов ўз рақибига бор-йўғи бир марта телевидение орқали чиқишга рухсат берди. Унда ҳам ўн беш минутлик кўрсатувдан уч минути сензури томонидан кесиб ташланди. Бу Каримовнинг ўзи телевидение орқали ҳар куни икки-уч соатдан маъруза ўқиган бир пайтда эди.

Муҳаммад Солиҳ сайловчилар билан учрашув ўтказиши керак бўлган жойларда электр тармоқлари узиб қўйилар ёки зал ремонт учун ёпиб қўйилар эди. Каримов рақибини ўз овозини қайтариб олишга кўндириш учун икки марта ўз одамларини юборди. Сайловлар ўтказилган куни овоз бериш қутиларини фақат Каримов одамлари назорат этишди ва улар кечаси билан “Эрк” учун овоз берилган бюллетенларни куйдириш билан машғул бўлишди. Шу боис сайловлар натижаси бир кун кечикиб эълон қилинди.

Ўзбекистонда “алтернатив сайловлар шу тахлит ўтказилди, Каримовнинг легитим ҳокимияти шундай қўлга киритилди. Шунга қарамасдан, бу сайлов коммунистик режим меросхўрларининг ҳақиқий башарасини фош эта олди, “Эрк” партияси сиймосида бу режимга қарши мухолифатнинг ҳам етарли дажада кенг ижтимоий базага эга эканлигини кўрсатиб берди.

30 декабр куни эрталаб република радиоси сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон этар экан, “Эрк” партияси 31%га яқин овоз тўплаганини билдирди. Бироқ бир ярим соатдан кейин радио ўз эълонини ўзгартиришга мажбур бўлди: “Эрк” учун тўпланган овозлар натижаси энди 15 %га тушириб эълон қилинди.

Қандай ўтказилмсин, президентлик сайловлари “Эрк” партияси билан ҳазиллашиб бўлмаслигини ва етарли демократик шароитда у шалвираган коммунистик гигант устидан осонгина ғалаба қилиши мумкинлигини кўрсатди. Ва барча кейинги воқеалар: “Эрк”чиларнинг репрессия ва сургунларга дучор этилиши, биринчи навбатда, режимнинг қўрқоқлиги, ҳукуматни қўлдан бой бериб қўйиш хавфи билан изоҳланади.

Каримов ўз чиқишларида “бир сирни ошкор этиб”, таъкиладики, гўё “Эрк” партиясининг ташкил топишида ва мухолифат газетасининг чоп этилида шахсан ўзи ёрдам берган эмиш. Бу ўринда жаноби президент, юмшоқ қилиб айтганда, шунчаки лоф урган, холос.

Барчага маълумки “Эрк” партияси рўйхатга олинишидан олдин, “Бирлик” халқ ҳаракати билан бир пайтда ташкил этилган эди. Партия ўз газетасини бир ярим йил мобайнида “Эрк” фаолларининг шахсий пулига сотиб олинган нусха кўчириш дастгоҳида нашр этилди. Газета ҳам ГКЧП воқеаларидан сўнг рўйхатга олинди. Чунки бу пайтда ГКЧПчиларга ҳамтовоқликда айланиб қолишдан қўрқиб кетган Каримов демократлар томонга ўтиб олган ва Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилишга мажбур бўлган эди. Шу тўлқинда у бизнинг газетамизни рўйхатга олишга рухсат берди. Бироқ у “Эрк” газетаси саҳифаларида айтилаётган ҳақиқатга узоқ чидай олмади ва бир йилдан кейин газетани ёпишга мажбур бўлди. Газета ёпилди ва унгинг бюджетидан 3,5 миллион рубл пул ва нашриёт тортиб олинди. Мусодара этилган партия мулки ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Каримов бизга ана шундай “ёрдам” берди. Бошқа бир сир: “Эрк” ташаббуси билан Демократик Форум ташкил этилган эди. Каримов Форумни тарқатиб юбориш шарти билан Муҳаммад Солиҳга ҳокимиятдан юксак лавозим таклиф қилди. Таклиф рад этилди ва шундан сўнг Каримов Солиҳ партиясини бутунлай йўқ қилишга бел боғлади. Бироқ ҳалигача буни уддалай олгани йўқ.

Каримов билан суҳбат қилган журналист Виталий Портников таъкидлайдики, “Эрк” партияси расман мавжуд эмас. У агар партия резиденсияга эга бўлмаса, партиянинг ўзи ҳам йўқ, деб ҳисоблайди. Аммо Каримов бундай ҳисобламайди. У шуни яхши биладики, “Эрк” унинг диктатураси билан юзма-юз оёқда турган ягона сиёсий ташкилотдир. Шу боис Каримов чиқишлари бутунлай “Эрк” партиясига қарши қаратилгандир. Сўнгги йил мобайнида ҳукумат газеталари саҳифаларида “Эрк” партиясига қарши ҳар ойда бир улкан туҳмат эълон қилиниб турибдики, уларда ёзилишича, “Эрк” республикада осойиталикни бузмоқда, унинг лидерлари ватан хоинлари ва улар давлатни бузиш билан шуғулланишмоқда.

“Эрк”чиларни ушлаш учун нафақат КГБ ва МВД, балки ГАИ ҳам оёққа қалққан. Бу ходимлар партия аъзоларини ахтариб нафақат Ўзбекистонда, балки, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонда ҳам изғиб юришибди. Каримов ўз айғоқчиларини ҳатто Истанбулга ҳам жўнатмоқда. Сўзимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун фақат яқиндагина ташриф буюрган “меҳмон”ларнинг исм-шарифларини қайд этиб ўтамиз: Виктор Бахутдинов ва Ураим Орипов.

Ярим йил ичида 50 дан ортиқ “Эрк”чилар қамоққа олинди ва улардан кўпчилиги ҳали ҳам турмада ўтиришибди. Каримов ҳатто болаларни-да, агарда улар “Эрк” партияси лидерларининг болалари бўлса, сургун қилишни бошлади. Каримов “Эрк”чиларнинг хусусийлаштирилган уйларини мусодара қилмоқда. Фақат мавжуд мухолифатгина диктаторнинг шу даражада ғазабини қўзғай олиш мумкин.

Ниҳоят, Каримов бугун Анқарага ўзи билан жуда муҳим бир ҳужжатни олиб келди. Бу – “жиноятчиларни ўз ҳукуматларига топшириш бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳақида”ги битимдир. Яъни, Каримов мухолифатчиларни олиб кетиш учун ўзи келган эди. Мавжуд бўлмаган партия лидерлари ортидан бундай изғишмайди. Туркиянинг Каримовга унинг рақибларини бермаганлиги эса, бошқа масала.

Аммо мухолифат Каримов режими билан Туркияда эмас, Ўзбекистонда кураш олиб бормоқда. Каримовнинг кечалари ухлолмай чиқишининг сабаби мана шундадир.

Каримовни даҳшатга солаётган энг асосий таҳлика шуки, “Эрк”ни халқ қўллаб-қувватлайди, ҳатто уни ҳокимиятдагилар ҳам қўллаб-қувватлашади.

Каримов тўрт йилдирки, мухолифатни иқтисодий дастурга эга эмасликда айблайди. У “Свобода”га берган интервюсида ҳам шу мавзуни четлаб ўтмади. “Эрк”нинг Иқтисодий дастури эса 1991 йилдаёқ, президентлик сайловлари сайловолди кампанияси даврида нашр этилган эди. Ўша пайтда уни эълон қилган газета (“Халқ сўзи”) муҳаррири кейничалик шу “қилмиши” учун ишидан бўшатилди.

1992 йилнинг июнида сензура худди шу дастурнинг кенгайтирилган нусхасини “Эрк” газетаси саҳифаларидан олиб ташлади. “Эрк” партияси ҳар доим дастурга эга бўлган, аксинча, Каримовнинг ўзи дастурсиздир. У фақат “беш тамойил”га эгадир ва халқни ана шу беш ғилдирак устида “ёруғ келажак”ка олиб бормоқчи. Бироқ у борган сари қоронғулашиб бормоқда. Чунки ғилдираклар бири иккинчисига тескари айланмоқда. Чунки сиёсий ҳаётни либераллаштирмасдан туриб, иқтисодни либераллаштириб бўлмайди.

Сиёсий ислоҳотларни тўхтатиб қўйиб, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмас. Чили ёки Жанубий Қорея моделларининг даври ўтиб бўлди. Ҳозирги замон сиёсий дунёси аллақачон бошқа динамизм, бошқа ритмда яшамоқда.

Сиёсатчи бу воқеликни англаб етиши керак. Агар англамаса, у кетишга маҳкумдир. Каримов эса тушунмайди ҳам, кетишни ҳам истамайди.

“Эрк”чилар ҳокимиятга талпинишаяпти”, дейди Каримов. Бундан англашиладики, ҳокимиятга талпиниш фақат Каримовга мумкин. Каримов бир фикрга сира кўника олмаяпти: барча сиёсий партиялар “ҳокимиятга талпинади” ва уларнинг бошқа мақсадлари йўқдир.

Бизнинг партия ҳам ҳокимиятга интилади. Чунки, биз мамлакатнинг мавжуд иқтисодий-интеллектуал қувватидан қандай фойдаланишни, ички ва ташқи сиёсатни қандай олиб боришни, қандай ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини яхши биламиз. Биз Каримов сингари тараққиёт моделларини ҳар ярим йилда ўзгартирмоқчи эмасмиз. Биз ўтиш даврларини босиб ўтган мамлакатларнинг тажрибаларига суянган ҳолда ўз моделимизни амалга оширамиз. Биз демократик жамият қуришни истаймиз.

Агарда ўрта синф, қўполроқ қилиб айтганда, буржуа бўлмаса, бундай жамиятни қуриб бўлмайди. Ўрта синф ҳокимиятга моддий қарам эмасдир. Бундай синф пайдо бўлиши учун иқтисодиётнинг аввали (приоритет) кичик лойиҳалар бўлиши керак, биринчи навбатда, кичик бизнесни ривожлантириш керак. Шошилинч ер илоҳотини ўтказиш керак. Бундай ислоҳотни ерни босқичма-босқич хусусийлаштириш йўли билан амалга ошириши лозим.

Биз бугунги кунда бўшлиқдан иборат давлат системасида яшаяпмиз. Иқтисодий ислоҳотлар билан биргаликда ҳокимият системасини яратиш керак. Шундай система (тизим) яратиш керакки, уни бир кишининг иродаси билан, гарчи у президент бўлса-да, ўзгартириш мумкин бўлмасин. Ҳатто уни ҳокимимятнинг бир шоҳобчаси иродаси билан ҳам, гарчи у парламент бўлса-да ўзгартириб бўлмасин. Яъни, токи бу тузум бир механизм каби ишласин. Бу замонавий давлат демакдир.

Ҳокимиятнинг бўлиниши шу тизимнинг ичида бўлиши керак, ташқарида эмас. Ҳокимиятсизликнинг сабабияти, биз собиқ совет республикаларида кузатганимиздек, айнан шу нарсада-ки, уларда ҳокимият шохобчалари тизим билан ўралмаган, мутлақо яланғочдир. Ҳар бир ҳокимият олий ҳокимият бўлишни истайди, у ҳолда қандай қилиб қонун олий бўла олади? Президент Каримов ислом фундаметализми ҳақида фикр юритар экан, ўзи билмаган ҳолда қанчалик “саводли” эканини кўрсатди. Унинг фикрига кўра “Ўзбекистон аҳолисининг 82 фоизи исломни тарғиб қилади”. Энди 20 миллион кишининг бир-бирига исломни тарғиб қилишини кўз олдингизга келтиринг. Каримов “тарғиб қилиш” ва “мансуб бўлиш” иборалари фарқига бормайди ва ҳеч ким бу тўғрида унга гапиришга ботинолмайди, шунинг учун у қандай истаса, шундай талқин қилинади: “мусулмонларнинг дини – ислом”.

Бундай иборани фақат яқиндагина дин ҳақида гапиришни ўрганган коммунист гапириши мумкин. Шунга қарамасдан, президентлик сайловлари вақтида айнан Каримов бир қанча диний гуруҳлар билан бўлган учрашувда, “Ўзбекистонда ислом давлати тузамиз”, деб ваъда берди. Албатта, диндор кишиларнинг овозини олиш учун.

Бизда бу мавзудаги Каримов маърузасининг видео ёзуви бор. Лекин биз бундай нопок ва найрангли ўйинлар ўйнамадик, гарчи бизнинг ҳам диндор кишиларнинг ёрдамига эҳтиёжимиз бўлса ҳам. Президент Каримов энди Тожикистон коммунистлари ва эронийлар ҳақида гапирмоқда. Хўш, бу коммунистларни қўллаган киши ким? Ким уларни қурол-яроғ ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган?

“Фундаментализм” президент Каримовнинг севиб қўлланадиган сўзи. У бу сўз билан Оврупонинг ишонувчан журналистларини қўрқитади. Аслида эса, Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг фундаментализмидан бошқа фундаментализм йўқдир. Тожикистон ҳақида гапирилар экан, Каримов демократ бўлиб қолади. У ҳатто қуролланган мухолифатга ҳам сайловга қатнашиш ҳуқуқини беришга тайёр. Лекин, Ўзбекистонда эса, бундай имкониятни кўрмайди. Чунки, мухолифатнинг нафақат қуроли йўқ, балки, кўппартиявийликка зеҳнияти ҳам йўқ.

Каримов бундан “хафа” бўладики, кечагина ашаддий бўлган коммунистлар, бугун ашаддий “Эрк”чи бўлаяпти. “Эрк” партияси лидери ҳеч қачон коммунист бўлган эмас, лекин “Эрк” сафига кирган коммунистлар бор. Улар партия аъзоларининг 10 фоизини ҳам ташкил қилмайди. Собиқ коммунистик фирқанинг бошлиғи Каримов эса, бир думалаб “халқчи демократ” бўлиб олди, коммунистик партия “халқ демократик партияси”га айланди. Лекин, бунинг учун ҳеч ким “хафа” бўлмайди.

Бугун Каримов стандартига Ўзбекистонда ҳамма кўникди. Ҳатто унга қўшни давлатлар, қолаверса Ғарб давлатлари ҳам кўникмоқда. Ўзбекистон президенти бир неча Ғарб давлатларига сафарга борди ва ерларда қилган чиқишларида ғарбликларга фақат ислом фундаментализми ҳақида гапириб, бунга қарши кураш ёлғиз унга нақадар оғир эканлигини тушунтирди. Ғарб сиёсатчилари унга хайрихоҳлик билан қарашди, аммо мулойимгина қилиб инсон ҳақлари ва демократик эркинлик ҳақида ҳам эслатиб қўйишни унутишмади. Фақат улардан ҳеч ким, “Ҳақиқатан ҳам у ерда ислом фундаментализми борми ёки бу диктатор режимини ниқоблаш учун баҳонами?” дея сўрамади. Афтидан, баъзи бирлари учун олтин ва нефтнинг баҳоси бу регионда яшаётган инсонларнинг ҳақларидан баҳолироқ эди.

Президент Каримовнинг бошқа бир асоси эса, Ўзбекистондаги сиёсий вазият. Буни у дунё олдидаги ўзининг буюк хизмати деб билади ва ҳар доим, “Агар мен Ўзбекистондаги мухолифатларни йўқ қилмаганимда ва қаттиқ режим ўрнатмаганимда, бизда ҳам Тожикистондаги каби қонли воқеалар бўлган бўлар эди”, – деб мақтанади. Фақат бир нарсани сўрагинг келади. Нима учун мисол қилиб Қозоғистон ёки Қирғизистонни олиш мумкин эмас. Ваҳоланки, у ерларда қаттиқ режим ҳам йўқ, мухолифатга тазйиқ ҳам йўқ ва Оллоҳга шукр, қон ҳам тўкилгани йўқ. Агар Тожикистонда қон тўкишлар тўхтатилса, унда Каримов халқни нима деб алдар экан? Нима бўлганда ҳам ўйлаш мумкинки, Каримов ўзи севган образ – Тожикистондаги қонли воқеаларни йўқотишни истмайди. Чунки, агар уни йўқотса, ўзининг диктаторлик режимини яширишга ҳеч бир ниқоб қолмайди.

Ўзбекистон жумҳуриятидаги барқарор сиёсий вазиятни президентнинг хизмати, деб қараш нотўғридир, балки бу ўзбек халқининг сабр-бардошлилиги ва мухолифатнинг сиёсий онглилиги ва маданиятли эканлигидир. Мухолифат дастлабки фаолиятданоқ, барқарорлик тарафдори бўлди, ҳар хил радикал курашлар йўлларига кирмади, чунки, ҳокимиятдан талаб қилинган реформаларни фақатгина тинч сиёсий вазиятда амалга ошириш мумкин эди. Аммо бу тактикадан фойдаланган режим мухолифатни қиришга қарор қилди, барқарорлик реформалар учун эмас, балки эски тартибни ўрнатишга хизмат қилди. Бунга жавобан мухолифат радикал йўлларга ўтишни бошлади. 1993 йилда эса “Эрк” партияси мавжуд режимга қарши яширин кураш йўлига ўтди.

Қанчалик оғир вазиятларда бўлмасин, “Эрк” партияси амалда бўлган Конститутсия ва Ўзбекистон қонунларига қатъий амал қилиб келмоқда. Афсуски, Конститутсия ва қонунлар фақат мухолифат учун ёзилганга ўхшайди. Каримов ва унинг тузуми учун эмас.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларининг очиқчасига қонунларни қўпол равишда бузишлари ҳатто ҳокимиятдагиларни ҳам роҳатсиз қила бошлади. Бундан кўринаяптики, Каримов мамлакатни мухолифатдан тозалаш билан бирга, унинг сиёсатидан норози бўлган раҳбарларни ҳам йўқ қилиш учун охиригача курашга бел боғлаганга ўхшайди. Кеча унинг энг яқин сафдошлари бўлганларнинг кўпчилиги устидан жиноий иш қўзғатилган ёки кузатув остида. Ҳатто уларнинг баъзилар “дом-дараксиз йўқолаяпти” ёки “қочишаяпти”. Шундай қилиб “темир қўл” кучсизланаяпти ва шундай кун келади-ки, бу қўл бизнинг халқимиз орзу қилган ОЗОДЛИКни қайта топширишга мажбур бўлади. Худо хоҳласа, бу кунлар яқиндир.

1994. Сентябр.

(давоми бор)