Иймон ақлга, шайтон нафсга йўлбошчидур

Иймон ақлга, шайтон нафсга йўлбошчидур
25 views
21 January 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 136

(давоми)

 

Юқорида қиссалари ўтган шу уч кишидан бошқа мадиналик саҳобалардан яна ўн икки киши узрсиз, рухсатсиз бу ғазотга чиқмасдан Мадинада қолишган эди. Булардан етти киши Расулуллоҳ билан қандай кўришишларини билиша олмай, охири ўзларини масжид устунларига боғлашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга кўзлари тушди эрса: «Анавилар кимлар?» деб сўрадилар.

— Ё Расулаллоҳ, Абу Лубоба ва унинг йўлдошларидур. Сиз билан сафарга чиқолмай қолганлари учун пушаймон бўлишиб, масжид устунларига ўзларини боғлабдурлар. Аллоҳдан гуноҳларини сўраб, сиздан афв ўтинадилар, — дейишди.

Анда Расулуллоҳ:

— Қасам қилурманким, уларни Аллоҳ ўзи бўшатмагунча, мен бўшатмайдурман. Келтирган узрларини қабул қилмайдурман. Чунки улар дунё, роҳатини мени суҳбатимдан ортиқроқ кўрдилар. Мўминлар билан ғазотга чиқишдан бош тортдилар, — дедилар.

Расулуллоҳ сўзлари уларга етгач, қаттиқ қайғуришиб:

— Аллоҳ гуноҳимизни кечиб, ўзи бўшатмагунча ҳеч вақт биз ҳам ўзимизни бўшатмаймиз, шу боғланганимизча Аллоҳдан умид қилиб турамиз, — деб айтишди.

Сўнгра улар ҳақида Аллоҳ таолодан бу оят келди:

«Ва ахарунаътарафу бизунубиҳим халату амалан солиҳан ва ахара саййиан асаллоҳу ан ятуба алайҳим инналлоҳа ғафурур-роҳим».

Яъни, «Улардан бошқалари ҳам қилган гуноҳларига иқрор бўлишиб ўкиндилар, яхшилик ишлари ҳам бор эди, бу ёмон ишни ҳам қилдилар, ёрлақовчи раҳмлик меҳрибон Худо буларнинг ҳам гуноҳларини кечиргусидир».

Танбеҳ (эслатма): Киши бир гуноҳ ишни қилгандан кейин, унинг ёмонлиғини кўнгли сезиб пушаймон бўлар экан, албатта бу иш мўминликнинг белгисидур. Чунки дилида иймони бор киши бир гуноҳни қилиб қўйса, ортидан унга пушаймон қилиши аниқдур.

Аллоҳ сақласин, ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам парвойига келмаса, унинг ёмонлигини кўнгли сезмай, балки ундан лаззатланса, бундай одамнинг кўнглига иймон нури асло кирмагандур, ёки кирган бўлса ҳам у чироғ ўчганлигининг очиқ аломатидур.

Худо ёрлақаб бу балодин қутулмас эрса, бундай киши бир куни чексиз қийновга қолишида ҳеч гумон йўқдур. Ақл олдида ёмон билан яхшининг, албатта, чегараси бўлиши керак. Лекин нафс—шайтоннинг олдида унинг чегараси йўқдур. Иймон ақлга, шайтон нафсга йўлбошчидур. Ҳақиқатда эса, инсон ақли ҳеч вақт ёмон йўлга юргиси келмайди.

Чунки инсон ақли ҳар бир зиёнлик нарсадан уни қайтариб тургувчи Худо томонидан қўйилган анинг қоровулидир. Энди бу қоровул ўз эрки, куч-қудрати, қуввати ўзи билан турган тақдирдагина унга топширилган вазифани бажара олади. Агар бу қоровул шайтонга енгилиб, бу уни етаклаб олур экан, у ҳолда бутун ишлар тескарисига айланади. Соғни телба, ҳушёрни маст етаклаганидек бўлади. Йўқ эса асли яратилишда нафснинг билагини Аллоҳ таоло ақлга топширган эди. Чунки соғ одам бошламаса, телба киши қандай йўл топиб юра олгай? Агар ақлга нафс йўлбошчилик қилса, ҳар иккови ҳам ҳалок бўлади.

Энди ақлнинг эркин бўлиши, унинг ўз кучи, ўз сифати билан бузилмай туриши учун Аллоҳ таоло томонидан юборилган диннинг қонунларига итоат қилиш, албатта, лозимдур. Агар шундай бўлмас экан, ақл ойнаси занг боғлаб ўз сафосидан ажраб, ҳақни ботилдан, ёмонни яхшидан фарқ қилолмайди. Агар бу иккови ўз чегарасидан чиқмаган бўлсалар, ул ҳолда ҳеч вақт бир-бирларидан ажрамайдилар. Балки шариат ақлни, ақл шариатни ҳар ишда тасдиқлайди.

(давоми бор)