Томи тешик ҳукумат

Томи тешик ҳукумат
182 views
23 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(25)

ТОМИ ТЕШИК ҲУКУМАТ

Тошкентдан келаётган хабарларни эшитган одам “Ўзбекистонга нима бўлди ўзи?” дея хитоб қилади. Ўзбекистонга ҳеч нарса бўлгани йўқ, фақат Ўзбекистон ҳукуматига бир нарса бўлганга ўхшайди. Тўғрироғи, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг репрессив сиёсатида янги бир жабҳа очгани тобора аён бўлиб бормоқда.

Президент Каримов қатор вилоятлар ҳокимларини ишдан бўшатар экан, биз унга эътибор бермаган эдик. Баъзи ҳокимлар ўз тахтида икки йил ҳам ўтирмай бўшатилди, аммо буни Каримовнинг кадрлар сиёсатининг беқарорлигига йўйган эдик.

Лекин, кейинги воқеалар – Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Аваз Мухторов ва Учкўприк райони ҳокимининг қочиб кетиши, хусусан, Каримовнинг энг яқин кишиси ҳисобланган давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг ишдан четлатилиб, қамоққа олингани кўпчиликни шошириб қўйди. Мавлон Умрзоқов президент девонида мафкура ишларига масъул бўлишига қарамай, асосан, кадрлар танлаш ва уларни тайинлаш билан шуғулланар эди.

Умрзоқов ишдан четлатилар экан, тайинланган 32та давлат маъмури ҳам ишдан бўшатилди. Бу воқеа Каримовнинг ҳукумат аъзолари ичида ҳам “тозалаш” ишларини бошлаганлигига биринчи далолат эди.

Мавлон Умрзоқов давлат маъмуригина эмас, балки, халқ депутати ҳам эди. Уни қамоққа олиш учун Олий Кенгаш иккиланмай ва дарҳол розилик берди. Умрзоқов пора олганликда айбланаётган эмиш. Лекин Ўзбекистон ҳукуматида пора олмайдиган бирорта маъмури йўқдир, буни нафақат ўзбек халқи, балки Ўзбекистонда икки-уч йил яшаган чет элликлар ҳам билишади.

Давлат тизимлари коррупсия ва порахўрлик ботқоғига ботган, буни президент Каримовнинг ўзи ҳам билади, лекин бу ботқоқдан чиқиш йўлларини ахтармайди. Ахтаришни ҳам истамайди, чунки бу йўл биттадир – эски тузумдан воз кечиш, янги адолатли тузум қуриш йўлидир. Лекин президент Каримов бу йўлни танласа, ҳокимият қўлдан кетиши муқаррар ва шунинг учун ҳам эски тузумни жон-жаҳди билан ҳимоя қилаяпти, оқибатда эса, халқ қашшоқлиги давом этмоқда.

Мавзуга қайтайлик. Хўш, Умрзоқов пора олишда оригинал эмас экан, нега фақат уни қамоққа олишди? Бунинг тагида бошқа гап йўқми? Бор. Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукуматида бугун қутблашма жараёни кетаяпти. Вилоят ва ҳудудлар билан белгиланган қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик жараёни бугун авжига чиққандир. Бу жараённи шахсан Каримовнинг ўзи тезлаштирмоқда. Шундай қилса, ҳамма бир-биридан қўрқади, ҳамма бир-бирининг устидан ёзади. Умрзоқов ўша сирли жараённинг қурбонларидан бири, холос.

Биз олган сўнгги хабар буни бир қадар исботлайди: яқинда Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев ҳам ишдан четлатилиб, устидан жиноий иш очилган. У ҳам Умрзоқовга ўхшаб, Президент саройига яқин одамлардан ҳисобланарди. Норасмий ахборотларга кўра, Вазирлар маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков ҳам тафтиш қилинаётган эмиш.

Хуллас, президент Каримов ўз ҳукумати ичида ҳам янги жабҳа очгани аниқдир. Ва, шубҳасиз, бу сиёсат шундоқ ҳам заиф ҳукуматни янада пароканда қилади. Бу ўз навбатида давлат тизимида саботаж таҳликасини янада кучайтиради.

Ишлаб чиқариш суръати янада пасаяди, халқнинг моддий аҳволи янада ночорлашади. Каримов эса ўз ҳукуматининг ҳилвираб турган томини милиция ва КГБ кучлари билан тутиб туришга ҳаракат қилиб, бу органларни янада кучайтиришга мажбур бўлади. Норозилиги кун сайин ошаётган халққа зулмини янада қаттиқроқ ўтказа бошлайди ва… бир куни халқнинг сабр косаси тўлади, бу аксилмиллий режим қулайди.

Бир сўз билан айтганда, бугун президент Каримов қилаётган ҳар бир иш, ҳатто порахўрларни жазолаш каби адолатли иш ҳам унинг ўзига қарши натижа бераяпти. Нега шундай? Чунки, адолат дегани тенглик деганидир. Ўнта ўғри бўлса, иккитасини жазолаб, саккизтасига мукофот берсангиз, бу адолат эмас, адолатсизлик бўлади.

Порахўрлкни йўқ қилиш учун иккита порахўрни қамаш кифоя қилмайди. Уни йўқ қилиш учун адолатсиз тузумни йўқ қилиш зарур, қонунлар устивор бўлган давлат қуриш лозим. Бу ҳақиқатни президент Каримов тушунмайди, лекин у тушунадиган пайтлар ҳам келади, бунга шубҳамиз йўқдир.

1994. Сентябр.

(давоми бор)