Яна бир хасталик

Яна бир хасталик
183 views
24 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(26)

ЯНА БИР ХАСТАЛИК

Эски замонлардан бизга қолган яна бир чиркин “мерос” – маҳаллийчиликдир. Совет ҳукумати ўзининг колониал сиёсатини амалга ошириш учун маҳаллийчилик факторидан ҳам унумли фойдаланди. Масалан, Ўзбекистонда ҳукумат бошлиғи Тошкентдан бўлса, Парламент раиси водийдан, Бош прокурор Самарқанддан, Олий суд раиси яна бир бошқа минтақадан тайинланар ва шу билан гўё адолат ўрнатилган бўлар эди. Аслида, бу факторга урғу берилиши, бошқарув лавозимларининг бу қадар очиқ тақсимланиши маҳаллийчиликни йўқ қилишга эмас, унинг ролини янада кучайтиришга хизмат қилар эди.

Бу сиёсат бир бутун миллий давлат тушунчасини инкор қилгани каби, бир этник гуруҳга мансуб халқни ҳам ичдан парчалашга йўналтирилган сиёсат эди. Етмиш йиллик шўролар даврида бизнинг раҳбарларимиз бу сиёсатга қарши туриш у ёқда турсин, уни янада мустаҳкамлашга ёрдам бердилар. Чунки, уларнинг аксариятида миллий ғурур йўқ эди, шуури бўлганлар ҳам умум тазйиқ остида ўз иродасини кўрсата олмадилар.

Миллий шуур соҳиблари, миллий давлат тушунчасини ташиган гуруҳлар 20-30 йилларда тамомила тор-мор этилди.

Миллий давлат идеологлари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Муҳаммаджон Тинишбоев, Мустафо Чўқай, Абдурауф Фитрат, Мунаввар қори, Абдулҳамид Чўлпон ва ўнлаб бошқа туркистонлик зиёлилар бирин-кетин йўқ қилинди. Уларнинг ҳаммаси 1900 йилларда бошланган жадидлар ҳаракатининг намояндалари эди.

Бу ҳаракатлар хонликларга бўлинган Туркистоннинг яхлит бир давлат сифатида кўришни орзу қилган идеалистлар ҳаракати бўлиб, улар чор Русиянинг 1860 йиллардан бошланган Туркистон истилоси тарихини яхши билар эдилар.

Маълумки, руслар аввал Қўқон, кейин Бухоро ва Хива хонликларини босиб олдилар. Руслар Қўқонга ҳужум қилар экан, Бухоро амири томоша қилиб турди, Бухорога ҳужум қилинганда, Хива хони қараб турди. Бу сиёсий жоҳиллик ва калтабинликнинг сабаби ҳам миллий шуурнинг шаклланмаганлигидан.

Жадидлар миллатни бу хасталикдан қутқариш учун майдонга чиққан эдилар. Уларнинг ташаббуси билан 1917 йил охирида Қўқон мухторияти қурилди. Бу Туркистонда давлат барпо қилиш йўлида ташланган биринчи одим эди.

Афсуски, мухторият узоқ яшамади. 1918 йил Лениннинг буйруғи билан Оренбургдан бир полк аскар Қўқонга қараб юрди. Тошкентдан юборилган русларнинг бир гарнизони ва армани дашноқлар ҳам Қўқонга келди. Қўқон қонга ботирилди. Уч кеча-кундуз давом этган жангда Қўқон аҳолисининг учдан иккиси қириб ташланди.

Бугун биз мустақилликка эришган бўлсак, йўлимиз ойдин бўлса, бу ойдинлик миллат нима, давлат нима билмай, Москов тарафидан тахтга ўтқазилган коммунистларнинг сафсаталари эмас, ўша Қўқонда жон берган шаҳидларнинг порлоқ қонидан ойдиндир.

Шуниси диққатга сазоворки, Қўқон Мухторияти ҳукумати раҳбарларидан бири ўзбек бўлса, иккинчиси қозоқ, учинчиси
қирғиз эди ва бу қавм айрилигига ҳеч бир шаклда аҳамият берилмаган эди. Чунки, Мухторият қурувчиларида бўлинмас давлат, бўлинмас улус тушунчаси бор эди.

Бугун Ўзбекистон ҳукуматида мансаб учун кетаётган жанг, қавмлар у ёқда турсин, маҳаллалар ўртасида кетаяпти. Давлат бошлиғи қайси маҳалладан бўлса, бошқарувдаги муҳим нуқталар ҳам ўша маҳалладан чиққан маъмурларга топшириляпти.

Порахўрлик ва коррупсия мамлакатимиз учун қанчалик офат бўлса, идорадаги маҳаллийчилик ҳам шунчалик офатдир. Давлат бошлиғи бу “ёнғин”ни ўчиришни истамайди, аксинча Москов тажрибасини давом эттириб, оловга мой қуйиб туради. Дейлик Самарқандга бориб, “тошкентликлар”ни ёмонлайди, Тошкентга келиб “водийликларни” қоралайди. “Ҳаммангиз бир миллат фарзандларисиз”, дея қучоқ очиб, маъмурни давлат манфаати йўлида ишлатиш ўрнига, улар орасига мунтазам низо уруғини сочади. Бу ишни давлатга қарши бир диверсант-қўпорувчи қилса, таажжубланмайсан, аммо буни давлат бошлиғи қилса, у мантиқсиз кўринади. Лекин, бунда мантиқ бор; раҳбаримиз ўз атрофидаги арбобларни доимий қўрқув ва шубҳа ичида ушлаб туриш учун уларни бир-бирига рақиб кўрсатиши керак.

Шунда улар бир-бири билан машғул бўлади ва унга қарши бош кўтаролмайдилар. Бу усулни президент Каримов ўйлаб чиқаргани йўқ, бу усул юқорида эслатганимиздек, эскидан қолган сарқит. Аммо ҳурматли президентимиз маҳаллийчиликни энг юқори чўққига олиб чиқди. Оқибатда, жуда кўп қобилиятли кадрлар ишдан бўшатилди, кўпчилиги Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетишди.

Бугун Ўзбекистонда ишлаб чиқариш унумдорлиги 50 фойизга пасайган бўлса, бу фақат маҳсулот етишмаганлиги ёки бошқа техник сабаблардан эмас, балки кадрларнинг парокандалигидан ҳамдир.

Ишлаётган маъмурлар ҳам ўз вазифаларига масъулият билан қарамайди, чунки, эртага бўлмаса, индинга ишдан ҳайдалиш эҳтимолини ўйлайдилар. “Бугун борман, эртага йўқ”, деган тушунча билан фурсатдан фойдаланиб қолишни, чўнтакни тўлдиришни ўйлайди ва порахўрликка ўтади.

Маҳаллийчилик биз учун, мустақилликка эришиб, янги давлат қуришни истаётган бир халқ учун хавфли касалликлардан биридир.

Маҳаллийчилик ўзини танимаслик, ўз миллати тарихини билмаслик, бир сўз билан айтганда, ижтимоий-маданий жоҳилликдир. Бу ҳақиқатни бизнинг зиёлиларимиз халққа англатмоқлари керак.

Бугун ҳамма “миллий мафкура” ҳақида гапиради. Агар сиз шундай мафкура яратмоқчи бўлсангиз, аввало ичингиздаги маҳаллийчиликни йўқ қилинг. Ўзингизни фалонча маҳалланинг вакили эмас, буюк бир миллат фарзанди ўлароқ ҳис этинг.

Бу хусусда яна бир ҳақиқатни айтиш керак, деб ўйлаймиз. Маҳаллийчилик фақат ҳукуматга теккан касаллик эмас.

Унинг “вирус”лари кейинги йилларда туғилган демократик ҳаракатларда ҳам бўртиб кўринди. Мисол сифатида “Бирлик” ҳаракатини келтириш мумкин. Унинг қулаш сабаблари бир-нечта, аммо энг асосий сабабларидан бири маҳаллийчилик бўлди. Миллий шуури йўқ, фаолларни “шаҳарлик” ва “қишлоқлик” категорияларига ажратадиган бир ҳовуч тор пешонали кишилар ҳаракатга йўналиш берди ва у қулади. Бу хусусият маҳаллийчиликни йўқ қилиш бир куннинг иши эмаслигини кўрсатади. Бу хасталикдан қутилишнинг йўли – инсонларимизда миллий шуур уйғотишдир.

Советлар ҳокимияти ёзиб берган тарихни бир четга улоқтириб, ҳақиқий тарихимизни ёзмоқ ва уни халқимизга ўқитмоқ лозим. Уни ўқиган халқ ўзининг миллий мансубиятидан уят эмас, ғурур туймоғи керак. Зотан, ғурурланишга арзигулик бир тарихимиз бор. Дунёнинг энг илғор халқлари ўрганса арзийдиган давлатчилик анъаналаримиз бор, миллий идеалларимиз бор. Аммо, буларни, аввало, ўзимиз билишимиз керак. Шундагина биз маҳаллийчилик каби жоҳилликдан қутулишимиз мумкин.

1994. Ноябр.

(давоми бор)