Элчилар йили

Элчилар йили
25 views
24 January 2017 - 8:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 137

(давоми)

Яна ўз сўзимизга келайлик. Юқоридаги оят Аллоҳдан келгани учун ўзларини масжид устунларига боғламиш етти кишининг тавбалари қабул бўлиб, барчалари бўшандилар.

Сўнгра улар келиб:

— Ё Расулаллоҳ, бунинг шукронаси учун бутун мол дунёмизни Худо йўлида садақа қилдик, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Бу тўғрида Аллоҳдан менга буйруқ йўқдур, — деб қабул қилмадилар.

Шу чоғда Аллоҳдан ваҳий келиб, ушбу оят тушди:

«Хуз мин амвалиҳим садақотан тутаҳҳируҳум ва тузаккийҳим ва салли алайҳим, инна салотака саканун лаҳум, валлоҳу самиъун алим».

Яъни, «Бу кишиларнинг молларидан садақа олгилким, уларни гуноҳларидан садақа поклайди. Хайр-баракаларини зиёда қилади. Уларга сен дуо қилғилким, сенинг дуойинг кўнгилларига ором бўлади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук сафаридан келгач, тинчлик билан Мадинада уч ойгача турдилар. Ҳижратнинг тўққизинчи йили зулқаъда ойининг охирларида Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқни шу йилги ҳожиларга амир қилиб, Маккатуллоҳга юбордилар. Чунки Иброҳим Ҳалилуллоҳнинг замонидан бошлаб хайрли ҳаж қилиш арабларга одат бўлган эди. Исломият бошлангандан кейин ҳам илгариги одатларича ҳаж қилишиб турдилар.

Лекин уларнинг қилган ҳажларида исломиятга тўғри келмайдиган ишлар кўп эди. Шундай бўлса ҳам Макка фатҳ бўлгунча Расулуллоҳ сабр қилиб, Макка шаҳри олингандан кейин бу ишни бажаришга Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқни буюрдилар. У киши ҳам уч юз аскар олиб Маккага юрди. Мана шу кунларда эрса Пайғамбаримизга ваҳий келиб, Тавба сураси нозил бўлди. Бу сурада келган бир неча оятнинг мазмунича мусулмонлар араб мушрикларидан бутунлай алоқани узишга ва ҳаққа бўйсунмаган мушриклар билан жиҳод қилишга буюрилмиш эди.

Бу сура бошида: «Аллоҳ ва Аллоҳнинг пайғамбари кофирлардан, мушриклардан безордур. Булар билан ҳеч қандай алоқа қилманглар. Мундан кейин ўртангларда ҳеч бир тўғрилик аҳднома, шартномалар тузилмасин», деган мазмунда оят келади.

Бундин сўнг Аллоҳнинг амри билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклардан бутун алоқани уздилар. Қаршилик қилувчиларга уруш очдилар. Ҳаққа бўйсунмаган мушриклар билан жиҳод қилмоққа, агар таслим бўлиб ҳақ йўлга кирмасалар, аларни ўлдурмакка буюрилмишдир. Мана шунинг учун бу сура бошида «Бисмиллаҳ» айтилмайди. Бошқа суралардек бошига «Бисмиллаҳ»ни ёзиб, тиловат қилганларида уни қўшиб ўқимайдилар. Агар «Бисмиллоҳ»ни бу сурага қўшиб бошласалар, бунинг мисоли, подшо бир кишини «Мен сенга кўп меҳрибонман, раҳмликман», деб туриб, кетидан уни ўлимга буюрганга ўхшайди. Бу эса ҳеч кимга келишмаган ишдур.

Шунинг учун ғозийлар қилич чопганларида «Аллоҳу акбар» садоси билан сўқиш майдонига кирадилар. Мол сўйган-да эса «Бисмиллоҳ, Аллоҳу акбар» деб бўғизлайдилар.

Чунки бу жойда «Роҳманир роҳийм» дейишнинг ўрни эмасдур. Балки қаҳр-ғазаб ўрни бўлиб, шунга лойиқ «Аллоҳу акбар» демак лозимдур.

Тавба сураси Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Маккага кетгандан сўнгра нозил бўлди. Бу суранинг келганидан, ундаги ҳукмларнинг қандайлигидан у кишининг хабари йўқ эди.

Аммо бу сурада келган Аллоҳ амрини Арабистон халқига англатиш лозим эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни бажаришга Ҳазрати Алини Абу Бакр Сиддиқ ортидан юбордилар. Унга қўшилиб Маккага боргач, халқ Арафотдан қайтиб Мино тоғига йиғилишган куни Тавба, сурасини ўқиб ҳажга келган барча мушрикларга мундаги ҳукмни англатмоғи лозим энди.

Шу билан Ҳазрати Али бу амрни олиб, Макка сари йўлга тушди. Расулуллоҳ ўзлари минадиган туяга уни миндирган эдилар. Ҳазрати Али шу юрганича Маккага яқин Арж деган жойга келганида, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиққа етиб келди. Анда Абу Бакр Сиддиқ ҳайронликдан:

— Меним устимга амир қилиб юбордиларми? — деб сўрадилар.

Ҳазрати Али:

— Йўқ, амир бўлиб келмадим, балки сиз билан биргалашиб Тавба сурасида келган оятларини ўқиб, унинг ҳукмини ҳажга йиғилган бутун мушрикларга англатгали келдим, — деди.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ назорати остида ҳаж амаллари ўтказилди. Қурбон байрамининг биринчи кунида бутун халқ Мино тоғига йиғилдилар. Шу чоғда Ҳазрати Али шайтонга тош отадиган жойга келиб, қалин халқ ичида Тавба сураси бошидан ўн уч оятни товушининг борича қичқириб ўқиди. Мунинг ҳукмини шу ердаги халққа англатди. Яна саҳобалар бир неча кишилар халқ ичида айланишиб юриб, Расулуллоҳнинг буйруқларини жарладилар:

— Бу йилдан бошлаб кофирлар ҳаж қила олмагайлар. Мусулмон бўлмаган кишиларнинг ҳажга келмоқлари ясоқ (бекор)дир.

Шундин сўнгра жоҳилият одатларича Байтуллоҳни яланғоч тавоф қилиш йўқдур. Расулуллоҳ билан қайси қабила аҳднома тузган бўлса, шундаги шартлар албатта сақланғусидур. Аҳдини бузган қабилаларга тўрт ой ўтгунча рухсатдур. Қайерда юрсалар тўсқинлик йўқдур. Мусулмонлардан ҳеч кимарса аларга тегмагай. Бу муддат ўтганчалик Исломга кирмасалар, уларнинг молларига, жонларига омонлик йўқдур. Бундан кейин Ҳарам масжидига мусулмонлардан бошқа ҳеч бир киши кира олмағай. Иймон келтирмаган кофирларга жаннат юзи ҳаромдур.

Мана шу ёрлиқни айтиб Ҳазрати Али, Ҳазрати Абу Ҳурайра бутун халқни оралаб юриб, жар чақирдилар. Буни англаган араб мушриклари Ҳазрати Алига қараб:

— Сизлар билан бизнинг орамиз ажради, қилич-найзадан бошқа иш қолмади, — деб тарқашдилар.

Ҳаж кунлари ўтгандан сўнгра Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Али ва бошқа саҳобалар Мадинага саломат келдилар.

Шу йилнинг зулқаъда ойида мадиналик мунофиқлар раиси Абдуллоҳ ибн Убай ўлди. Бу эрса шу ерлик Хазраж қабиласининг бош раиси эди. Расулуллоҳ Мадинага келмасдан илгари ерлик халқ бу кишини ўзларига подшо қилиб кўтармоқчи бўлиб иттифоқ қилишган эди. Шу орада Ислом воқеаси қўзғалиб, Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилиб келдилар. Бунинг иши тўхталиб, халқ кўнглидан кўтарилди. Унга атаб тайёрлашган тож-тахтлари бекор қолди. Мана шу сабабдан Расулуллоҳга бунинг ҳасади қўзғалмиш эди. Ҳасаддин чиқмиш душманлик ўти ўз эгасини куйдириб, кул қилмагунча ундан қутулиш йўқдур. Бу бахтсиз киши Худо ёндирган чироғни ўчирмоқчи бўлиб, Расулуллоҳга доим душманлик қилур эди.

Шундоғ бўлса ҳам улуғ ахлоққа эга бўлган Раҳматан лилоламин унга Аллоҳдан тавфиқ тилар эдилар. Азалий бахтсизлик уни ўраб олган экан, йиллаб олдида ёниб турган, ер-кўкни ёритган нури Муҳаммадийдан бу бечора заррачалик ҳам фойда ололмай, энг охири дунёдан иймонсиз ўтди. Бу сирнинг тагига ким етди?

Ҳақиқат сиррига ҳеч кимса етмас,
Шариат ушлаганлар йўлда қолмас.
Ҳасаддин сақла ўзни эй биродар,
Бу сўзни айтдилар барча Пайғамбар.
Ҳасад ўти жаҳаннам ўтидур бил,
Ани кўрмай десанг мундин ҳазар қил.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг зоҳирига қараб жанозасини ўқидилар.

Худодан гуноҳини тилаб, қабри устида дуо қилдилар. Бундан мақсадлари эрса, унинг ўғли Абдуллоҳнинг кўнглини кўтариш, уруғи Хазраж қабиласини хуш қилиш эди. Расулуллоҳнинг бу улуғ ахлоқлари шарофатидан бир неча мунофиқлар кўнгилларига иймон нури кириб гумонсираш балосидан қутулдилар. Шундоғ бўлса ҳам бундан кейин мунофиқликда юриб тавбасиз ўлган кишиларга жаноза ўқилса, қабрлари устида туриб дуо қилма деган амр бўлиб, Тавба сурасида шу оят келди:

«Ва ла тусалли ала аҳадин мота абадан ва ла тақум ала қобриҳи».

Маъноси: «Мунофиқлардан ўлганлар бўлса, уларнинг ҳеч бирига жаноза ўқима, қабри устига келиб турма», демакдур.

Шу оят тушгандан сўнгра мунофиқлардан ким ўлса, унга Расулуллоҳ жаноза ўқимас бўлдилар.

Қурайш қабиласи енгилиб, Макка шаҳри фатҳ бўлгандан кейиноқ Арабистон ўлкасида Ислом дини ривожлана бошлаган эди. Унинг устига Тавба сурасида келган Аллоҳнинг фармони бўйинча бу йилдан кейин Ислом динига кирмаган Арабистон мушриклари ҳажга кела олмайдиган, жоҳилият одатларича Байтуллоҳни зиёрат қила олмайдиган бўлдилар. Бу ёрлиқ бутун Арабистонга англангач, араблар Исломдан бошқа тўғри дин йўқлигини тушуниб, сел оққандек бўлишиб, Мадинага келгани турдилар. Узоқ-яқин Арабистон ўлкасида яшайдиган кўчманчи қабилалардан раислари бошлиқ элчилар келишга бошлади. Шу боис бу йилни ҳадис, тарих китобларида элчилар йили деб атадилар.

(давоми бор)