Конституция муқаддасми?

Конституция муқаддасми?
19 views
23 January 2017 - 19:43

Интернет сайтларидаги хабарларга қараганда, 20 январь куни охирги 8 йил Америка Қўшма Штатлари Президенти бўлган Барак Обама, Президентлик муддати тугагач “Оқ уйни” тарк этган. Тарк этганда ҳам ёруғ юз билан тарк этди.

Чунки у, диндорларни террористлар, Экстримистлар дея, ноҳақ айбловлар билан қамоқхоналарга ташлатмади. Мухолиф партияларни “Бузғунчилар” дея йўқ қилмади. У, амалдаги ҳукуматга танқидий фикрда бўлган газета ва журналларни ёптириб ташламади. У, сайловларда яраб қолар деган мақсадда, бир талай чўнтак партияларни яратмади. Унинг президентлик даврида миллионлаб америкаликлар иш излаб ўзга давлатларга чиқиб кетмадилар.

Барак Обамани қизлари пора, ўғирланган пуллар ҳисобидан дунёнинг турли бурчакларидан ўзлари учун кошоналар сотиб олмадилар. Миллиардлаб долларларни офшор зоналарга ўтказиб яширмадилар.

Ҳақли савол туғилади. Наҳотки Барак Обама президентлик даврида хатоларга йўл қўймаган бўлса? Хато қилган бўлиши мумкин. Чунки Америкадай улкан, қудратли бир давлатни бошқариш унчалик осон иш эмас. Фикримча унинг, халқи учун қилган хизмати, йўл қўйган хатоларидан кўпроқ бўлди деб ўйлайман. Акс ҳолда у иккинчи муддат президентликка сайланмаган бўларди.

Ёзганларимни охирида, ёддан кўтарилай деган бир ҳақиқатни ёзиб нуқта қўймоқчиман. Ҳақиқат шуки, Америка халқи ўз Конституциясига юксак ҳурмат билан, муқаддас бир тушунча билан қарайди. Хусусан Барак Обама ҳам. Шунинг учун ҳам у, Конституцияни оёқ ости қилмади Ўзига мослаб тез тез ўзгартиришлар киритмади. Энг муҳими Президантлик курсисида ўлгунимча қоламан деб баҳоналар изламади. Конституцияда кўрсатилган икки муддат 8 йил Президент бўлдида кетди.

Мирзо Равшан
2017 йил январь