Режим юмшаяптими?

Режим юмшаяптими?
76 views
25 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(27)

РЕЖИМ ЮМШАЯПТИМИ?

Иккинчи ноябр куни бир гуруҳ сиёсий маҳбуслар президент Каримов фармони билан турмадан озод қилиндилар.

“Каримов режими юмшаяптими?” деган савол туғилади.

Бундан икки ой аввал Ўзбекистон ташқи ишлар вазири тамсилчилигида Америкага кичик бир ҳайъат келди. Бу ҳайъат Америка билан алоқаларни яхшилаш ва президент Каримовнинг Америка ҳукумати томонидан қабул қилинишини таъминлаши керак эди.

Лекин Америка ҳукумати бунга рўйхуш кўрсатмади, чунки Ўзбекистондаги сиёсий мухолифатга бўлаётган тазйиқ-таъқиблар, инсон ҳуқуқларини топташ каби воқеалар Ўзбекистон ҳукуматининг обрўсини тушириб қўйган эди. Энди президент Каримов йўқотилган обрўни тиклаш пайига тушди. Бешта сиёсий маҳбусни озод қилиб, Америка ва бошқа демократик ўлкаларга яхши кўринмоқчи. Бу истак билан юритилаётган тактика фақат сиёсий маҳбусларни ўз ичига олмай, балки сиёсий муҳожирларни ҳам қамрамоқда.

Яқинда мен Америкадан бошпана сўраган собиқ элчимиз Муҳаммадбобур Маликов билан телефонда гаплашдим.

Унинг айтишича, Америкада яшаётган бир муҳожир Абдуманноп Пўлатов собиқ элчига телефон қилган ва ундан “Каримовга қарши курашни тўхтатиш”ини илтимос қилган. Бундан кўриниб турибдики, ўзбек ҳукумати сиёсий муҳожирлар билан ҳам яширин мулоқот олиб бораяпти ва сезиларли муваффақиятларга эришаяпти ҳам.

“Бирлик” ҳаракати номидан гапириб, “Эрк”ка туҳмат тошларини отаётган баъзи “демократлар”нинг ҳатти-ҳаракатлари ҳам бежизга ўхшамайди.

Аммо Каримов беш-олти сиёсий маҳбусни озод қилиб, беш-олти муҳожирнинг бошини силаб, ўзини Ғарбга демократ қилиб кўрсатаман деса, хато қилади. Бунга ишонтириш учун Каримов ўз сиёсатини тамалда ўзгартириши керак. Халққа барча сиёсий ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларини бериши лозим. Фақат беш-олти киши эмас, қамоқхоналарда ётган барча сиёсий маҳбуслар ва бугун суд қилинаётган “Эрк” аъзолари ҳам озод қилиниши лозим.

Озод қилар экан, “улар ўз қилмишига пушаймон бўлди”, дея фармон чиқариш кулгилидир. Чунки “Эрк”чилар Отаназар Ориф, Иномжон Турсун, Саловат Умрзоқ ва “Бирлик”чилар Пўлат Охунов ва Носир Зокирларнинг ҳеч қандай қилмиши йўқ. Улар жиноятчи эмас, ўз халқининг озодлиги учун курашаётган инсонлардир.

1994. Ноябр.

(давоми бор)