Адолатсизлик олдида тенглик

Адолатсизлик олдида тенглик
151 views
26 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(28)

АДОЛАТСИЗЛИК ОЛДИДА ТЕНГЛИК

1993 йил ўзбек парламенти Ўзбекистон жумҳуриятининг Асосий Қонуни – Конститутсияни қабул қилди. Президент Каримов бу ҳужжатни “демократик” бўлиб кўринишини истади ва ҳужжат лойиҳаси, тасдиқдан аввал, хорижий экспертларга берилди.

Экспертлар лойиҳани асосан, ижобий баҳолади. Масалан, франсуз ҳуқуқшуносларининг Конститутсия ҳақидаги фикри барча газеталарда босилди. Ҳукумат ўз Конститутсиясини “дунёда энг демократик”, деб ташвиқот қилди.

Қабул қилинган ҳужжат ҳақиқатан ҳам собиқ Ўзбекистон СССР Конститутсияга нисбатан анча “демократик” эди. Унда демократик жамиятда яшаётган одам орзу қилиш мумкин бўлган барча ҳақ ва ҳуқуқлари кўрсатилгандир.

У ҳолда сиёсий мухолифат ўзбек ҳукуматидан нимани талаб қилмоқда? Ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги кескин зиддиятнинг сабаби нима?

Бу саволни ғарблик одам, яъни Конститутсия инсон ижтимоий ҳаётининг кўзгуси бўлган мамлакат фуқароси берса, унга жавоб бериш қийин. Чунки унга “қонун фақат қоғозда, ҳаётда йўқ”, десангиз ишонмайди.

Аммо бу саволни собиқ совет одами берса, унга жавоб бериш, тушунтириш мумкин. Чунки Конститутсия Совет Иттифоқи учун фақат парадларда киядиган кийим бўлиб, халқ иродасига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган матоҳ эканини у билади.

Тасаввур қилинг-ки, янги ўзбек Конститутсияси ҳатто парад учун ҳам кийилмайди. Йўлига бўлса ҳам, ҳеч ким қонунни пеш қилмайди. Зўравонлик очиқчасига ҳукм сурмоқда. Қонун тескари кийилган тўн каби. Инсонларнинг ҳаёти ҳам.

Бу янги Конститутсияда рухсат берилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар республика президенти тарафидан тасдиқлангандир. Ёки Конститутсияда таъқиқланган, фуқароларга қарши барча мутажовуз ҳаракатларга президент тарафидан рухсат берилгандир.

Конститутсия сензурани таъқиқлайди, аммо президент сезурага рухсат берибгина қолмай, уни янада кучайтиради. Конститутсия сўз эркинлигин ваъда қилади, президент эркинлик у ёқда турсин, бу ҳақда гапирганни турмага ташлайди.

Бугун жумҳуриятда бирорта мустақил нашр йўқ, бирорта телевизион канал ёки радио йўқдир. Сиёсий мухолифат ўз нашрини чет элда чиқараяпти ва бу газета ташкилотчиларини ҳукумат қамоққа олиб, уларга “давлат тўнтаришига уринди”, деган айб қўйилмоқда. Президент мустақил сўздан шу қадар қўрқадики, унга тузумни танқид қилган мухолиф – террорист, ҳар тарқатилган мустақил газета эса бомба бўлиб кўринаяпти.

Конститутсия фуқароларга виждон эркинлигини ваъда қилади, аммо Ўзбекистонда халқ ичида сал обрўси бўлган барча дин пешволари турмага ташланган, бошқалари эса, тазйиқ-таъқибдан чет элларга қочишга мажбур бўлгандир.

Бизнинг жамиятимизда – ким бўлишидан қатъи назар, ерлими, чет элликми – доимо хавф остидадир. Уни ҳар соатда ҳибсга олиб, ақлга сиғмайдиган жиноятларда айблашлари мумкин. Мен, ўзимга яқин бўлгани учун, сиёсий мухолифат ҳаётидан бир-икки мисол келтираман. Чунки Ўзбекистондаги қонунсизлик ўзининг “ёрқин” ифодасини топган жабҳа шу жабҳадир.

Ҳуқуқ органларининг ваколатлари. Бу ваколатлар худди уруш пайтидагидай ёки фавқулодда эълон қилинган мамлакатдаги каби кенгдир. Масалан, куппа-кундузи милитсия ҳеч қандай ордерсиз уйингизга бостириб кириши мумкин, у ерда тинтув ўтказиши мумкин. Ёки оддий милитсия сержанти кўчада тўхтатиб, паспорт ёки ҳамёнингизни мусодара қилиши ҳеч гап эмас. Албатта, у милитсия бўлимида паспортингизни қайтариб беради, лекин пулингизни қайтариб беришни унутиши мумкин. Бу ҳақда эслатсангиз, сизга шундай ўқрайиб қарашадики, қамоққа олинмаганингизга шукр қилиб, жуфтакни ростлаб қоласиз.

Прокурор хоҳлаган одамини хоҳлаган муддатгача ҳибсга олишга рухсат бериши мумкин. У бунинг учун овора бўлиб ордер ҳам ёзиб ўтирмайди. Қўнғироқ қилиб, ҳибсга олаверинг рухсат бердим, дейди ва иш тамом. Фуқароларнинг телефонини тинглаш одатдаги ишдир.

Телефондаги гаплар судда исбот сифатида бемалол ишлатилаверади. Ўтган йил республика президенти Олмониядан компютерлаштирилган телефон тинглагич ускуна сотиб олишга буйруқ берди. Бирданига кўплаб телефонларни тинглашга мўлжалланган бу замонавий ускуна бу йил ишга тушди. Энди фуқароларимизнинг интим ҳаёти тўла ҳукумат назорати остида кеча бошлайди.

МХХ ходимлари эски КГБ персоналига нисбатан икки баробар кўпайтирилди. Илгари айғоқчиларнинг районларда бўлимлари йўқ эди, энди районларда ҳам бу бўлим очилган. МХХнинг фаолияти, аввал мўлжаллангандек, юрт ташқарисида эмас, юрт ичкарисига йўналтирилди.

Бу идора уюшган жиноятчиларга ёки чет эл разведкасига қарши фаолият кўрсатаётгани йўқ, фақат сиёсий мухолифатга қарши курашиш билан машғул. Ўтган йили “Эрк” газетаси тиражини қўлга туширгани учун МХХ раиси Алиев “Жасорат” ордени билан тақдирланди.

Ҳуқуқ органлари, яъни, ички ишлар, миллий хавфсизлик ва прокуратура ходимлари энг кўп маош оладиган ижтимоий қатламдир. Улар режимни ушлаб турган кучлар бўлгани учун, президент биринчи навбатда уларнинг қорнини тўйдираяпти.

Айб қўйилиши. Мухолифатчиларни бирор айб эълон қилмай ҳам ҳибсга олаверадилр. Уларни дуч келган жойда – кўчада, уйда, ўқишда, кинода, ҳар ерда ушлашлари мумкин. Уларни ҳибсга олиш учун улар бирор бир ножўя ҳаракат қилиши шарт эмас, мухолифат аъзоси бўлса бас, шунинг ўзи етарли. Улар КГБ ва ИИВ ертўлаларида айб юкланмай туриб ҳафталаб, ойлаб ушлаб турилаверадилар. Бироқ, бирор айбга мажбуран иқрор қилиниши ва унинг қарорланиши учун ҳар куни сўроқ қилинадилар. Ва ниҳоят айб топилганидан кейин ҳам сўроқ, аввалгидай, оқловчисиз давом этаверади.

Шуниси қизиқ-ки, миршаблар бировни ҳибсга олишдан аввал, кўпинча, унга қандай айб қўйишни билмайдилар. Улар тепадан келган буйруқни бажаришади, холос ва ҳибсга олинган одамга йўл-йўлакай айб уйдиришга, айб тўқишга мажбур бўладилар. Масалан, ўтган йил охирида менинг укам Рашид Бекжонни ҳибсга олишди. У ҳеч қачон сиёсатга аралашмаган ва фақат менинг укам бўлгани учунгина ҳибсга олинди (Бизда шунақа, мухолифлар бутун оиласи билан жазолантирилади. Бунга мисоллар кўп). Рашид Бекжонни аввал “чўнтагидан ҳукуматга қарши варақа чиқди”, деб айблашди. Буни Хоразм телевидениесида эълон қилишди. Лекин уч кун ўтмай унга “наркотик билан қўлга тушди”, деган айб тақдилар. Миршаблар айбнинг сиёсий бўлишини истамади ва уч кун ўйлаб, “варақа” уйдирмасидан воз кечишди, “наркотик”ни тўқиб чиқаришди. Умуман, мухолифат аъзоларидан наркотик ва қурол топиш усули кенг тарқалган усулдир. Шу усул билан ёзувчи Мамадали Маҳмуд, “Эрк” аъзолари Юсуф Рўзимурод, Ғойибназар Қўшжон, шоир-ҳофиз Дадахон Ҳасан, шоир Мақсуд Бекжон ва бошқа кўплаб ўзга фикрли зиёлилар ҳибсга олинди. Айб уйдириш баъзан ақл бовар қилмас даражада қўпол шаклларда бўлади. Ўтган йили ёз ойи Олма-Отада қўлга тушган “Эрк” фаоли Юсуф Рўзимуроднинг (у “Эрк” газетини тарқатиш бўйича масъул эди) қотилликда айбланаётганини маълум қилишган эди. Рўзимурод айғоқчиларнинг қўлидан қочиб кетишга муваффақ бўлди, аммо улар “Эрк” газетаси билан боғлиқ яна иккита кишини – Мурод Жўраев ва Эркин Ашуровни ҳибсга олдилар. Бу икковига энди “давлатни тўнтаришга ҳаракат қилди”, деб айб юклашаяпти.

Уларни бултур июн ойида МХХ ертўласига ташлаган эдилар, ҳали ҳам судсиз, адвокатсиз ўша ерда ўтирибдилар. Бу бемаъни айбни исботлаш мақсадида уларнинг ёнига яна учта “Эрк” фаолларини ҳам қамаб қўйишибди. Бу учта киши ҳам газета тарқатишга алоқадор эди.

1992 йил шундай бемаъни айб билан “Эрк” партияси котиби профессор Отаназар Ориф ва партия фаоли Саловат Умрзоқ қамалган эдилар, лекин дунё жамоатчилигининг тазйиқи билан ҳукумат уларни турмадан чиқаришга мажбур бўлди.

Маҳбусларнинг аҳволи. Мухолифат аъзоларини МХХ ёки ИИВ ертўласига ташлайдилар. Уларни кўпинча қотиллар ёки мафиячилар ўтирган камерага ўтқазадилар. Мухолифатчилар қариндош-уруғи билан кўришмайди. Уларга озиқ-овқат олиб борилса, қабул қилинмайди. Мухолифатчилар айби нимада эканини ҳам, суд қачон бўлишини ҳам билмайдилар.

Суд жараёни. Мухолифатчилар устидан ўтказиладиган суднинг қайси куни бўлишини суд раиси ёки ҳайъат белгиламайди, бу кунни ҳукумат белгилайди. Унинг бошланиши ва бирдан тўхтатилиши ҳам ҳукуматга боғлиқ. Масалан, мамлакатга бирор чет эллик делегатсия келиб қолса, суд дарров тўхтатилади ва фақат меҳмонлар кетганидан кейингина давом этиши мумкин. Суд жараёнида залда бегона одам ёки журналист кўриниб қолса, суд раиси жараённи дарров тўхтатиши мумкин. Фақат бегона унсурларни залдан чиқаргандан сўнггина жараён давом эттирилади.

Мухолифатчиларни суд қилиш учун суд раислари алоҳида танланади. Уларни порахўрлик ва коррупсияда айбланганлар орасидан танлаб олишади, бундайлар бошлиққа яхши кўриниш ва унинг олдида ўзини бироз оқлаш учун бирон-бир “хавфлироқ” ишни олишга ҳаракат қиладилар. Баъзан шундай ишларни тепада “суянчиғи” бўлмаганлар бўйнига юклашади, бу усул, агар кейинроқ бир “ишкал” чиқиб, адолатсиз суд учун жавоб беришга тўғри келса, бутун масъулиятни ўша суд раиси зиммасига юклаш учун қулайдир.

Масалан, менинг укам Мақсуд Бекжоннинг хусусийлаштирилган уйи мусодара қилинганида, мусодара ҳақида ҳукм чиқарган Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани судяси Ҳакимов “тепа”да ҳомийси бўлмагани учун бундай “ҳаром” ишга уни “тепа”дагилар мажбур қилганини йиғламсираб: “Агар мен мусодара ҳақида ҳукм чиқармасам, ўзимга ёмон бўларди”, деб айтган. Менинг уйимни эса, ҳатто менинг иштирокимсиз мусодара қилиб қўяқолишди. Уйдаги нарсаларни кўчага улоқтириб ташлаб, болаларимни юк машинасида Қизилқум ўртасида жойлашган Тупроққала деган жойга сургун қилишди. Менинг уйимга эса, ўша куннинг ўзидаёқ КГБ ходими кўчиб ўтган.

Адвокат олиш ҳуқуқи. Бундай ҳуқуқ Конститутсияда бор-у фуқароларда йўқ. Яқинда Мурод Жўраев раҳбарлигида “Эрк”чилар гуруҳи устидан очилган суд жараёни пайтида айбланувчилардан учтасининг мутлақо адвокати йўқлигини суд мажлиси пайтидагина “пайқаб” қолишди. Маълум бўлишича, улар МХХ (миллий хавфсизлик хизмати) ертўласида олти ой ётиб, бирон марта ҳам адвокат кўришмаган, ҳатто бу ҳақда гап ҳам бўлмаган. Шундай қилиб, “хижолат”да қолган суд ҳайъати суд жараёнини тўхтатишга мажбур бўлди.

Маҳаллий адвокатлар, одатда, сиёсий мухолифат аъзоларини ўз ҳимоясига олишдан қўрқадилар, чунки агар у ўз бурчини ҳалол бажарадиган бўлса, унинг ўзи жиноятчига айланиб, қамалиши мумкин. Бунга уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, “Эрк” партияси аъзоси Сафар Бекжонни ҳимоя қилмоқчи бўлган адвокатнинг тақдирини мисол қилиб келтириш мумкин.

“Эрк” газетини тарқатганликда айбланиб қамоққа олинган ёзувчи Мамадали Маҳмудов Қозоғистондан адвокат чақиртиришларини илтимос қилган, аммо ҳукумат “чет элдан адвокат ёллаш”ларига йўл қўймаслигини маълум қилган.

Мухолифат аъзоларига адвокатни ҳукуматнинг ўзи тайинлайди. Суд материаллари бу адвокатнинг қўлига судга бир неча кун қолгандагина топширилади. Агар бу адвокат айбланувчи билан учрашишни талаб қилишга журъат этса, унга бундай имконият берилади. У ҳатто айбланувчи билан суҳбатлашиши ҳам мумкин, фақат у ҳукумат белгилаб берган қаттиқ чегаралар доирасидан чиқа олмайди.

Адвокат ҳеч қачон айбланувчи томонга қарши чиқмайди, фақат у аллақачон “исботланган” айбнинг “юмшатувчи тафсилотлари” ҳақида гапириши мумкин.

Гувоҳлар. Бу қанчалик кулгили кўринмасин, гувоҳлар ҳам ҳукумат томонидан тайинланади. Масалан, қўлга тушган бирон-бир ўғри ёки фирибгар савдо ходими бемалол “гувоҳ” ролини ижро этиши мумкин. Бундай “хизмати” эвазига у жазодан озод этилади. Баъзан “гувоҳлик”ни, узоқ қўрқитиш ва қийноқлардан сўнг “ўз айбига тавба қилган” айбланувчиларнинг ўзлари берадилар.

Сайланиш ҳуқуқи. Ўзбекистон Конститутсияси бўйича, бир марта судланган киши сайловларда ҳокимият органларига ўз номзодини қўя олмайди. Шунинг учун ҳам жумҳурият президенти халқ ичида танилган, келгуси сайловларда потенсиал хавф туғдириши мумкин бўлган барча мухолифат лидерларини қисқа муддат ичида суд қилиб, уларга тамға босишга ошиқди. Тан олиш керакки, президент Каримов ўз планини нормадан ошириб бажарди.

Декабр ойи охирида бўлиб ўтадиган парламент сайловларига қўйилган номзодларнинг ҳар бирини шахсан президентнинг ўзи тасдиқлаб берган. Шунинг учун ҳам сайлов натижаларида парламентдаги ўринларнинг 70 фойизи ҳокимият бошқарув органлари раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари эгалладилар.

“Ватан тараққиёти” деган қўғирчоқ партияга эса, президент 14та жой берди, холос. Шундай қилиб, янги парламент халқ вакилларидан эмас, ҳукумат вакилларидан иборат бўлиб қолди. Агар президентнинг ўзи ҳукумат эканини тан эътироф этадиган бўлсак, бу янги парламентни “президент парламенти” деб атайвериш мумкин.

Депутат дахлсизлиги. Депутатлар энг аввало қамаладилар ва бир қанча муддат қамоқда ётганларидан сўнг, депутатликдан “чақириб” олинадилар. Депутатлар Самандар Қўқон, Насрулло Сайид, Имом Файзилар айнан мана шу йўсинда, қамоқда ётганларида “чақириб” олинганлар. Ҳатто президентнинг бош маслаҳатчиси бўлган Мавлон Умрзоқов ҳам бундай қонунсизликдан қочиб қутулолмади.

Айбсизлик презумпсияси. Бундай сўзни ҳатто юристларимиз ҳам билишмайди. Ҳали Ўзбекистонда бундай термин, собиқ Иттифоқнинг бошқа жумҳуриятларидаги каби, удумга кирмаган. Токи, Ўзбекистонни бугунги режим бошқарар экан, бу термин удумга кирмайди. Энг даҳшатлиси шуки, одамлар аввалгидай иррационал бир ҳаёт билан яшай бошладилар. Тошкент кўчаларида юриб, жилмайган қиёфани кўриш қийин. Бундай оммавий тундликни фақат иқтисодий қийинчиликлар билан изоҳлаб бўлмайди. Жамиятимиздаги одамлар, худди Франс Кафка романларидаги каби, ўзларини бахтиёр жиноятчи каби гуноҳкор сеза бошлаганлар, аммо ҳеч ким ўзининг айби нимадалигини, нима учун қандайдир жазо олишдан қўрқаётганилигини ўзи ҳам изоҳлаб беролмайди.

Қонунсизлик олдидаги тенглик. Бундай қўрқув фақат оддий одамларни эмас, одамлар ичида сокин ва ўз ҳаётидан мамнун кўринадиган ҳукумат аъзоларини ҳам таъқиб этади.

Ҳукумат аъзолари, ҳуқуқ органларининг йирик мансабдорлари, давлат маслаҳатчилари ўзларининг президентга садоқати ҳақида тинимсиз гапирсалар-да, “Шеф”нинг уқувчан кайфиятидан, маккорларча қиладиган ҳаракатларидан қаттиқ қўрқиб яшашади, ўзларининг эртанги кунига ишонмайдилар. Улар ўзларининг худди собиқ витсе-президент Ш.Мирсаидов, К.Ражабовлар ёки собиқ вазирлар У.Абдураззоқов ва А.Қорабоевлар, шунингдек, жуда кўп амалдорлар сингари бир лаҳзада инкор этилишларига, оёқ остида қолишларига тайёр бўлиб яшайдилар. Кадрлар сиёсатидаги бундай принсипсизлик, шундоқ ҳам ишдан чиққан жумҳурият иқтисодини яна ҳам абгор қилувчи коррупсия ва порахўрликнинг ривожланишига хизмат қилмоқда.

Фақат бугунги кун билан яшаётган одамлар халқ мулкидан иложи борича кўпроқ юлиб қолишга ҳаракат қилиб, эртанги кун учун жавобгарликни бўйнига олишни истамаяптилар. Бу ҳолат президентнинг ўзининг ҳокимиятини барқарор қилиб қўймоқда – унинг волюнтаристик йўл билан ҳокимиятдан четлаштирилиши хавфини кучайтирмоқда. Яъни президент яратган қонунсизлик унинг ўзига бумеранг шаклида қайтиб келиши мумкин.

Соқчилар билан ўраб олинган президентнинг ҳам, таъқиқланган газетани ўқиётган талабанинг ҳам қонунсизлик олдидаги имкониятлари бир хилдир. Талаба таъқиқланган газетни ўқигани учун қамоққа тушиши хавфи остида, ўз халқини террор қилаётган президент эса, ҳар лаҳзада ҳокимиятдан ағдарилиши хавфи остида яшайди. У ҳолатда ҳам, бу ҳолатда ҳам қонун уларни ҳимоя қилмайди. Чунки бу мамлакатда қонунни ҳурмат қилишмайди.

Мухолифат. Ўзбекистонда сиёсий мухолифат доимо юқори сиёсий-маданий савияда ҳаракат қилиб келди. Биз ҳеч қачон ҳукуматдан мураккаб ўтиш жараёнида амалга ошириш мумкин бўлмаган нарсаларни амалга оширишни талаб қилмадик, доимо мамлакатдаги стабилликни чин дилдан қўллаб-қувватлаб келдик.

Чунки, ҳукуматдан биз талаб қилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни ижтимоий барқарорликсиз амалга ошириб бўлмаслигини яхши билардик.

Биз доимо жамиятдаги барқарорлик бузилмаслиги учун режим билан муроса қилиб келдик, ҳатто бу йўлда ўзимизнинг асосий ҳуқуқимиздан – митинг ва намойишлардан ҳам воз кечдик.

Мен ҳеч қачон коммунист бўлмаганман, аммо шу билан бирга коммунистларга ҳам алоҳида ирқ сифатида қарамаганман. Мен доим биз орзу қилган демократик давлатни қуришда коммунистлар ҳам қатнашиши мумкин, деб ҳисоблаганман. Мухолифатдаги партия раиси сифатида ҳаракатимиз ичида баъзан кўзга ташланиб қолган антикоммунистик жазавани бостиришга ҳаракат қилдим. Қизиғи шундаки, энг ашаддий антикоммунистлар айнан кечагина ўзларини энг ашаддий коммунист сифатида кўрсатган одамлар эди. Аммо биз бунга эътибор бериб ўтирмадик, ҳар хил сиёсий маданиятга эга бўлган одамларни нималарнидир ўрганишга, нималарнидир эса ўргатишга, хуллас, ҳаммамизни бир-биримизга боғлаб турувчи ришталарни излаб топишга ҳаракат қилдик. Биз совет империясининг интиҳоси бўсағасида турар эканмиз, шууримиз мустақиллик ҳақида тушлар кўра бошлаган эди. Аммо шу билан бирга, биз мустақиллик билан демократия бир нарса эмаслигини яхши англар эдик. Биз Москов зулмидан қутилиб, ўз зулмимизга тутилишимиз мумкинлигини ва бу зулмга ҳам қарши курашишимиз лозимлигини англар эдик. Шунга қарамай, биз мустақилликни демократиядан устун қўйдик.

“Эрк” партиясининг ўзи ҳам айнан мустақиллик ғояси атрофида ташкил топган эди. Худди ана шу ғоя бизни партиявий манфаатлардан воз кечиб, ҳукумат билан муроса қилишга ундади. 1990 йилнинг 20 июнида партиямиз ташаббуси билан Парламент мажлиси кун тартибига “Мустақиллик Декларацияси” киритилди. Декларатсия кўпчилик коммунистлар томонидан қўллаб-қувватланди ва Парламент уни қабул қилди. Аммо бу Декларатсия матбуотда эълон қилинар экан, ҳукумат раҳбарлари “мустақиллик” деган сўзни “суверенитет”га ўзгартиришди. Бу билан раҳбарият Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқи таркибида қолгани ҳақида Московга маълум қилди. Шунга қарамай, биз ҳукумат билан олиб борилаётган диалогни то ҳукумат бизга қарши очиқ ҳужумга ўтгунига қадар, давом эттирдик.

Афтидан, ҳукумат биздаги муросага бўлган интилишни – ожизликка, уни тушунишга қилган ҳарактларимизни эса қўрқоқликка йўйди. На сиёсий, ва иқтисодий ислоҳот ўтказилди. Аксинча, Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати даврида қаттиқ зарар кўрган эски коммунистик система қайтадан таъмирлана бошланди. 1992 йилнинг ўрталарига келиб, жумҳуриятдаги озми-кўпми либерал руҳда чиқаётган газетларнинг барчаси ёпилди, сензура икки марта кучайтирилди, мухолифат аъзолари очиқдан-очиқ калтаклана бошлади, улар халқ душманлари сифатида ҳар хил тўқима айблар билан қамала бошлади. Мени “Миллий Мажлис” тузганликда ва давлат тўнтариши қилишга уринганликда айблаб, Ички Ишлар вазирлиги ертўласига ташлашди ва тўрт кундан сўнг, шаҳардан чиқиб кетмаслик ҳақида мендан тилхат олиб, қамоқдан чиқаришди. Аммо мен шаҳардан чиқиб кетишга мажбур бўлдим.

Мен Ўзбекистондан ўзим истаганим учун эмас, партия аъзоларининг қаттиқ талаби туфайли чиқиб кетдим. Кетганимдан сўнг менга яна бир қанча жиноий ишларни тўнкамоқчи бўлишди, “ўғирланган тарихий танга” иши бўйича мени туҳмат қилишдан бош тортган “Эрк” партияси аъзоси Сафар Бекчонни қамоққа олишди.

Ҳукумат газетлари “Эрк”ни қоралаш кампаниясини бошлашди. “Эрк”ни ўз қўли остидаги партияга айлантириш учун ҳукумат “Эрк” раиси йўқлигидан фойдаланиб, партия раҳбариятини янгилашга қарор қилди ва қайта сайлов ўтказиш учун қурултойни ўтказишга рухсат берди. Ҳукумат режаси бўйича, катта ваъдалар билан ҳукумат томонга оғдириб олинган иккита профессоримиз партиянинг раҳбарларига айланиши лозим эди. Аммо қурултой уларнинг номзодини тасдиқламади. Ҳукумат мағлубиятга учради.

Қурултойдан сўнг унда сўзга чиққанларнинг ҳаммаси жазоландилар; баъзилари қамалди, баъзилари калтакланди, ишдан ҳайдалди. Мухолифатга қарши тазйиқ янада авжига минди. Ҳукуматнинг мухолифатга бўлган муносабати ўзгармаслигини кўриб, биз партия фаолиятини яширин тарзда давом эттиришга қарор бердик. Ячейкалардаги гуруҳларнинг иш услубини ўзгартирдик, яширин тарғибот-ташвиқот гуруҳлари тузиб, “Эрк” нашрини давом эттирдик.

Бугунга қадар “Эрк” газетининг 17 сони босмадан чиқиб, умумий нусхада 350.000 донага етди. Газетнинг ҳукумат томонидан қўлга туширилган иккинчи сонидан бошқа барча сонлари жумҳурият бўйлаб тарқатилди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг демократия-лаштириш тарғиботи битилган 20 мингдан ортиқроқ ҳар хил брошюралар ва бир неча минг аудио ва видео кассеталар тарқатилди.

“Эрк” газетини тарғибот қилганлари учун 1994 йил давомида партиянинг 53 аъзоси қамалди ва уларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам қамоқда сақланмоқда. Уларни ҳозир “давлат тўнтаришини тайёрлаганликда” айблашмоқда. Шунга қарамай, биз курашнинг ижтимоий базасини кенгайтира бордик. Бугун, анча иккиланишлардан сўнг, бизни дин аҳли ҳам қўллаб-қувватлай бошлади. Бу фақат бизнинг партиямиз ҳаётида эмас, бутун Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида из қолдирадиган муҳим фактордир.

Ҳаммага маълумки, Ўзбекистон раҳбарияти Ғарбни доим ислом фундаментализми билан қўрқитиб келган, бу ҳар қандай мухолифатни, жумладан, демократик мухолифатни ҳам йўқ қилиб ташлаш учун жуда қулай баҳона эди. Бизни қўллаб-қувватлар экан, дин аҳли ҳокимиятнинг ана шу баҳонасини йўққа чиқаради.

Бизни рус тилида гапирувчиларнинг маълум бир қисми ҳам қўллаб-қувватламоқда. 1991 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловлари чоғида русларнинг ҳаммаси тўла ҳозирги режимга овоз берган эди. Афтидан, давр демократик кучлар фойдасига ўзгараётганга ўхшайди.

Ниҳоят биз “Бирлик”чилар билан бирга ҳаракат қилиш ҳақида келишиб олдик. Улар Московда ҳаракатнинг Ишчи Қўмитасини ташкил қилишди ва биз биргаликда “Форум” газетини чиқара бошладик.

Сўнгги пайтларда ҳукумат ичидаги мухолифат ҳам кучая бошлади. Бу мухолифатдан биз бир неча билдиришлар олдик, улар бизга ўз ёрдамларини таклиф қилмоқда. Табиийки, биз ўз курашимизда бу кучдан ҳам фойдаланамиз.

Бугунги тузумга муқобил равишда биз нималарни таклиф қилмоқчимиз?

Мана, бир неча йилдирки, жамиятимиз антиленинизмни ўз бошидан кечирмоқда. Бу жараён ҳали тугагани йўқ, аммо у тобора ўз шаштини йўқотмоқда. Собиқ совет жумҳуриятларидаги иқтисодий вайронагарчиликлар ва ислоҳотларнинг сустлиги оммани яна коммунистик жаннат ҳақидаги орзуларга берилишга мажбур қилмоқда. Бу табиийдир, зеро, Ленин томонидан яратилган иқтисодий модел ва устқурма қулаганидан сўнг, ҳеч ким унинг ўрнини тўлдирадиган моделни яратолмади. Ва собиқ Иттифоқ ҳудидаги бугунги демократларни чуқур маслакли антиленинчилар деб бўлмайди, чунки улар ўзларининг ҳаракатлари билан бундан 75 йил муқаддам болшевикларнинг ҳокимиятга келишларига сабаб бўлган ижтимоий-сиёсий вазиятни қайта яратмоқдалар. Бизнинг антиленинчиларимиз Лениннинг ўз сотсиалистик давлатини қуриш учун аввало ўрта синфни йўқ қилганини унутиб қўйишганга ўхшайди. Бизнингча, демократ ислоҳотчилар ўз ишларини айнан мана шу нуқтадан бошлашлари лозим, яъни мавжуд иқтисодий ва интеллектуал потенсиални айнан ўрта синфни яратишга сафарбар этмоқлари керак. Моддий жиҳатдан давлатга қарам бўлмаган ўрта синф демократия ва эркинликнинг ягона гаровидир. Русия тажрибаси шуни кўрсатадики, асосий йўналишлари белгиланмаган бозор иқтисоди бир ҳовуч одамни ўта бойитиб, асосий оммани эса ўта қашшоқлаштириб қўяр экан. Бу икки гуруҳ ўртасида катта бўшлиқ ётибди. Мана шу бўшлиқни тўлдириши лозим бўлганлар эса, ўрта синфдир. Эркин бозорга суянган ва ўрта синфни шакллантиришга йўналган иқтисод яратмоқ керак. Яъни, давлат мулкини, колхоз ерларини хусусийлаштиришни тезлаштириш, ўрта ва кичик проектларга, агросаноатга ажратиладиган маблағ миқдорини ошириш, бу ислоҳотни ҳуқуқий асос билан таъминлаш лозим.

Албатта, аввало сиёсий ислоҳотлар ўтказмай туриб, бу ўзгаришларни ҳаётга тадбиқ этиб бўлмайди. Сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни тенг олиб бориш муҳим аҳамиятга эгадир. Сўз эркинлигисиз, эркин информатсия алмашиш имконсиз эркин бозорни яратиб бўлмайди. Эркин бозорсиз давлатга қарам бўлмаган ўрта синфни яратиш қийин. Ўрта синфсиз эса, демократик давлат қуришнинг имкони йўқ. Мана шунинг учун ҳам биз доим ўша “иқтисоднинг сиёсатдан устунлиги” ғоясига қарши чиқиб келганмиз.

Ўзбекистоннинг ривожланган, демократик давлатга айлантириш учун имкониятлар етарли. Бизда ерни хусусийлаштиришда Русиядаги каби муаммолар туғилмайди. Одамларимиз ердан бутунлай узилиб, бегоналашиб, ерга ишлов беришни унутиб қўйганлари йўқ. Уларда ҳали ҳам хусусий мулкчилик туйғуси тирик. Улар бозор нималигини яхши билишади, энг муҳими, меҳнатни севишади.

Ва ниҳоят, ислоҳотларни ўтказиш учун моддий база – етарли даражада табиий бойликларимиз бор.

Режим ўтказаётган тазйиқларга қарамай, биз келажакка ишонч билан қараймиз. Бугунги тузум ўз оғирлиги биланми, барибир бир куни охир-оқибат қулайди. Бу тузум ўрнига кимлар келиши эмас, янги ҳукуматнинг қандай йўл танлаши аҳамиятлидир. Биз сиёсий мухолифат сифатида демократик кучларнинг ғалабасига замин яратиш учун бел боғлаганмиз. Бунинг учун кенг омма онгини уйғотмоқ лозим. Биз ҳозир айнан ана шу билан машғулмиз.

1995. Январ

(давоми бор)