Реанимациядаги ҳукумат

Реанимациядаги ҳукумат
86 views
27 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(29)

РЕАНИМАЦИЯДАГИ ҲУКУМАТ

Ўзбекистонда парламент сайловлари дунё жамоатчилиги тарафидан демократик сайлов бўлмаганлигини эътироф этилгани сизга маълум. Бунинг асосий сабаби -сайловда мухолифат қатнашмади. Ҳукумат сайлов бюллетенига очиқдан-очиқ, ўзига тобе бўлган икки партияни киритди ва шу билан кўппартиявий сайлов манзарасини чизмоқчи бўлди.

1990 йилда сайланган парламентга ҳукуматга боғлиқ бўлмаган 30-40 та мустақил депутат киришга муваффақ бўлган эди. Янги парламент эса, 100 фойиз ҳукумат одамлари ва унинг тарафдорлари билан тўлдирилди. Бу парламент Ўзбекистон ҳукуматини анча хотиржам қилиши керак эди, чунки уни ўзига тобе одамлардан сайлаб, ҳокимият катта ютуққа эришди, яъни, ҳокимиятнинг уч шахобчаси ҳам ҳукуматнинг ўзиники бўлди.

Бундан кейин ҳукумат, ҳатто, ички сиёсатда демократиялаш, очиқ эшиклар сиёсати ҳақида ҳам гапириши мумкин эди ва бундай тактика тузумга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаган бўларди, балки дунё жамоатчилиги олдида президент Каримовнинг сиёсатини бироз оқлашга ҳам сабаб бўлган бўлар эди. Бу тактика нега тузумга таҳлика солмайди, чунки парламентда ҳам, ҳукуматда ҳам, суд ҳокимиятида ҳам И.Каримовнинг одамлари мавжуд, яъни у ерда мухолифатдан биронта киши йўқ. Шунинг учун фақат сўзда бўлса-да, демократия ва сўз эркинлиги, сиёсий эркинликлар ҳақида бир тезис билан ўртага чиққанда эди, ҳукумат анча ютган бўлар эди. Мантиқан бу тўғри тактик йўл бўларди.

АҚШда яқинда ўтган конференсияга келган ҳукумат вакиллари биз билан учрашдилар. У ерда баъзи гаплар бўлдики, гўё И.Каримов ўз ички сиёсатини яқинда ўзгартиради, парламентнинг биринчи сессиясида ўзи чиқиб гапирди, демократия, сўз эркинлиги, мухолифат ҳақ-ҳуқуқлари танилади, деган фикрлар билдирилди.

Биз бунга ишондик, чунки, агар президент ўз ҳокимиятини хавфсиз бир босқичда тутиб туришга интилса эди, ҳақиқатан шундай қилган бўлар эди. Мантиқан қараганда, шундай бўлиши тўғри бўлган бўларди. Чунки, юқорида айтганимиздек, бундай бир тактик йўл бугунги тузумни янада мустаҳкамлаган бўлар эди. Режим ҳатто бундай тактик йўлни қўллашдан кўрқди, шекилли. Устига-устак ҳукумат дунё жамоатчилиги олдида яна бир “қовун туширди”.

Биттаси етмаганидек, иккинчи бир қўғирчоқ партияни эълон қилди, бир кунда рўйхатдан ўтказиб, парламентда фракциясини тузди. Уни “Адолат социал демократик партияси” деган кулгили бир ном билан атади. Бу у ёқда турсин, парламентнинг I–сессиясига келайлик: Бу сессия президент Каримовга “абадий подшоҳлик” инъом этди десак, муболаға қилган бўлмаймиз. 26 мартда Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилгача узайтириладиган бўлди. У қарорни бизнинг янги парламентимиз қабул қилди. Референдум бўлар эмиш. Халқ овоз берар эмиш.

Биз совет даврида халққа қарши олинган бутун қарорлар халқ номидан берилганини биламиз. Бу сафар ҳам шундай бўлади. Парламент – ўзини халқ вакили деб атаган 250 киши – ҳеч иккиланмасдан, ўзини сайлаган халқни ҳам, ўзи қабул қилган Конститутсияни ҳам бир шахснинг оёғи остига ташлади. Уларни халқ сайлаганига одам ишонмайди. Агар сайлаганда эди, улар бу қарорга қарши чиққан бўлар, Конститутсияни ва демократияни, халқни ҳам бу зўравонликдан ҳимоя қилган бўларди. Йўқ, улар халқни зулм ва қашшоқликдан ҳимоя қилаётганлари йўқ, улар ўз ҳокимиятини халқдан ҳимоя қилмоқдалар. Дунёнинг бирор-бир маданий ўлкасида бундай ғаройиб парламентни учратмайсиз.

Референдумда президентнинг ваколатини узайтириш учун халқ овоз берармиш, лекин халқ ўз овозини Каримовга 1996 йилги президентлик сайловида ҳам бериши мумкин эди-ку. Нега ҳукумат сайловдан қўрқаяпти, сайловни четлаб ўтишга мажбур бўлаяпти? Чунки, 1996 йил сайловигача бироз вақт бор, йигирма олтинчи март эса, бурнимиз тагида. Унга бир ой қолди. “Фурсат ғанимат”, деган бўлса керак бизнинг ҳукуматимиз.

Халқ ҳозирча ҳукуматга очиқ норозилик кўрсатмаяпти, у ўз қашшоқлигидан нолимаяпти. “Унинг сабр-тоқатли халқ бўлганлигидан фойдаланишимиз керак, бунинг учун унинг жимлигидан фойдаланиб, унинг номидан овоз бериб, ҳокимиятни сақлаб қолиш керак”, деб ўйлади бизнинг ҳукуматимиз. Чунки 1996 йилда нима бўлишини ягона Оллоҳ билади. Иқтисоднинг 1996 йил яхшиланиб, халқнинг қаддини тиклашга ҳукуматнинг ўзи ишонмайди. Аксинча, аҳвол янада оғирлашиш эҳтимоли бор. 1996 йил сайловлари норозилик митингларига айланиши ва Каримов сайланмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳукумат ўзининг қўлбола парламентига референдум ўтказиш ҳақида буйруқ берди.

Албатта, 26 мартда Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилгача узайтирилади. Бунга шубҳа йўқ. Сайловни қандай ўтказишни, референдумни қандай ўтказишни бизнинг коммунистларимиз яхши биладилар ва ҳозирдан унинг натижалари маълумдир. Яна бир нарсага шубҳа йўқки, бу аксилмиллий парламент, бу аксимиллий қарор тарихимизнинг саҳифаларида мутлақо ифодасини топади ва ўзининг қақшатғич баҳосини олади.

Аммо бу бошқа мавзу. Фақат, бу парламент олган қарор мамлакатнинг тақдирига қандай таъсир ўтказади? Ижобийми? Салбийми? Албатта, бугунги бу қарорни олаётган кишилар “ижобий таъсир кўрсатади” деб айтадилар, агар шундай деб
айтмасалар, бундай қарорни олмаган бўлардилар. Лекин президентнинг ҳокимиятдаги ваколати узайтирилар экан, ўлаётган иқтисоднинг ҳам умрини узайтириш мумкинми? Бундан беш йил аввал ўрта синфга яқин, ўзига тўқ ижтимоий қатлам бор эди Ўзбекистонда. У бугун қаерга ғойиб бўлди? Бу қатлам ўртаҳолликдан тушди, у бугун бечораҳол ва гадодир.

Бундан беш йил аввал зиёлилар синфи бор эди. Унинг маоши дуруст еб, дуруст кийиб, оиласини тебратишга етар эди. Бугун бу синф қаерда? Бугун бу синф илмий ишини ташлаб, университетини ташлаб, институтини ташлаб кўчада олиб-сотарлик қилаяпти.

Бу давлат корхоналарида ишлаб чиқариш суръати 50%га тушиб кетган. Ўтган йили давлат корхоналарининг биронтаси планни бажаргани йўқ, 60 фойизга бажарган, холос. Хусусий сектор ҳам халққа ҳеч нарса бермади. Чунки ҳукуматнинг “бозор иқтисоди” деб атаган нарсаси аслида порахўрлик ва коррупсиянинг кучайган бир кўринишидир.

Совет даврида косаси оқармаган деҳқоннинг бугун косаси ҳам қолмади. У бугун уйига телевизор олиш учун эмас, бир қоп уноиш учун саҳардан шомгача қуллардай меҳнат қилмоқда. Бу қиш Ўзбекистон қишлоқларида кичик синф болалари мактабга бормади, чунки иссиқ кийим йўқ, кийим олиш учун оилада пул йўқ. Хўш, президентнинг ваколатини узайтириш халқни бу зулмат ва зиллатдан қутқарадими? Агар қуқарса, бу узайтириш учун биз ҳам қарсак чалган бўлардик. Бунга ишонинг. Афсуски, қутқаролмайди.

Бу ҳукумат қутқаришга қодир эмас, қодир бўлганда эди, олти йил давомида қутқарган бўлар эди. Халқимиз “қутқарармикан?” деб олти йил кутди. Лекин “қутқарувчи”нинг бутун ваъдалари пучга чиқди. Халқнинг яна олти йил кутишга сабр тоқати йўқ.

Яхшиси, ҳукуматимиз халқ ўрнига ўзини қутқарсин. Халқнинг осойишталигидан фойдаланиб, яхшиликча вазифасидан кетсин. Чунки, агар халқ кўчага чиқса, истеъфо бериш ҳам қийин бўлади, бунинг имконияти қолмайди. У пайтда тахтнинг орқасига яшириниб ҳам жон сақлаш қийин бўлади.

Март ойида ўтадиган референдум фақат мамлакат ичкарисида эмас, унинг ташқарисида ҳам салбий муносабат уйғотишига ҳеч ким шубҳа қилмасин. Ҳар ҳолда демократик тараққий этган давлатлар бир киши шахси устига қурилган Ўзбекистон режими каби бир режим билан алоқа қилишни истамаяжаклар. Бугун хориждан келган озгина кредит ҳам тўхтатилади, ярим очила бошлаган эшиклар ҳам беркитилади. У ҳолда олтинларимизни тарқатиб ҳам, эркин бозор йўлини очолмаймиз. Бизнин ўлкамиз изолятсияга тушади, иқтисод тамоман чўкади ва ижтимоий портлашлар каби даҳшатли фожеалар билан юзма-юз келамиз. Ўтказилажак референдум шунга олиб келиши мумкин, холос.

Мен Ўзбекистон ҳукуматининг қисматига ачинаман. Бу ҳукуматнинг ўз халқига хизмат қилиш имкони бор эди. Бу имконни унга олти йил давомида бериб қўйдик. Биз ҳам бу ҳукуматни фаолиятнинг бошланғич йилларида қўллаб-қувватлаган эдик. Мухолифатда бўлиб ҳам. Лекин ҳукумат бу истиқрордан, бу барқарорликдан фойдалана олмади. Навбатдаги олти йиллик ҳокимият у ҳукумат учун эмас. Олти кун, олти ҳафта, боринг-ки, олти ой бўлсин, аммо олти йил реаниматсияда ётиш ақлга сиғмайдиган гап. Бу ҳукуматнинг келажаги қоронғу бўлиб кўринаяпти бизга.

1995. Март.

(давоми бор)