Ҳар бир оқсоқ Темур бўлавермайди

Ҳар бир оқсоқ Темур бўлавермайди
68 views
28 January 2017 - 6:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(30)

ҲАР БИР ОҚСОҚ ТЕМУР БЎЛАВЕРМАЙДИ

Мартда ўтадиган референдум ҳақида гапиришдан олдин бир саволга жавоб бериш керак. Умуман, ўзбек халқи президентнинг ваколатини нимага узайтириши керак? Президентнинг олти йиллик ҳокимияти халққа нима бердики, бу ҳокимиятни яна беш йилга узайтирсин. Олти йил ичида президент халқнинг бирини икки қилдими? Йўқ. Том тескариси бўлди -олти йил давомида халқнинг икки бир бўлди, бири эса тамоман йўқ бўлди. Халқ қашшоқ бўлди.

Сиёсий ва маънавий соҳаларда ҳам аҳвол беш баттар. Беш йил аввал халқ бошини кўтариб, ўзини бошқа ҳур халқлар қаторида ҳис эта бошлаган бу миллатнинг бугун боши яна эгилди. Халқ шунинг учун узайтириши керакми, президент ваколатини?

Баъзилар иқтисодий аҳвол оғир, аммо президент Ўзбекистонда тинчликни сақлаяпти, дейишади. Кечирасиз, тинчликни президент эмас, сабрли ўзбек халқи сақлаяпти. Шундай экан, президент ўзининг ваколатини узайтириш жасорат ва журъатини қаердан олди? Буни журъат деймиз, чунки бу референдум фақат ўлка қонунларини ва ўлка халқини писанд қилмаслик эмас, балки бутун дунё жамоатчилигини писанд қилмай, унга қарши майдон ўқиш демакдир. Бунинг сабаблари бор, албатта.

Биласиз, кейинги тўрт йил давомида дунё жамоатчилигининг бутун диққати Русиядаги истиқрорсизликка, Чеченистондаги урушга қаратилди ва ҳануз қаратилмоқда. Бу шовқин-сурондан энг аввал президент Каримов фойдаланди. Бу шовқин-сурон пардаси орқасида у апил-тапил бир қўғирчоқ парламент сайлади, мухолифатни сайловга киритмади, бунинг ўрнига 150 кишилик бир қўлбола партия ясаб, ўша куниёқ парламентда унинг фраксиясини тузди.

Шу ерда эслатиб ўтай: бизнинг партиямиз тузилган пайтда биздан 3000 кишининг рўйхатини талаб қилишган эди ва ҳар бир кишини ҳақиқатан шу партияга аъзоми, йўқми, текшириб кўришган эди. Бугун эса, 150 кишилик партия тузиб, парламентга киритишяпти. Дунё, албатта, бу нарсаларга эътибор бермади, чунки Чеченистон билан машғул эди.

Бундан жасоратланган, журъатланган Каримов энди ўзининг энг буюк орзусини амалга оширмоқчи. Бу орзуни 26 мартда реферндум рўёбга чиқариши керак ва рўёбга чиқади ҳам. Каримовнинг асосий мақсади, биз ўйлаётгандек, 2000 йилгача президент бўлиш эмас, агар бу мақсад бўлганда эди, 1996 йилда ўтиши керак бўлган сайловда такрор сайланиб, 2000 йилгача бемалол ҳукмини сурган бўларди. Гап шундаки, агар Каримов 1996 да сайлов ўтказса ва қозонса, икки муддат президентлик қилган бўларди. Бу дегани – қонун бўйича учинчи марта президентликка сайланолмайди, шунинг учун ҳам Конститутсияни айланиб ўтиш керак ва айланиб ўтаяпти ҳам. Яъни сайловсиз ўтган ўн йил бир муддат қилиб кўрсатилмоқчи ва 2000 йилда гўё иккинчи марта “сайланади”.

Хулоса: референдумдан мақсад – 2000 гача эмас, 2005 йилгача тахтда ўтиришдир. Бизнинг раҳбар шунақа. Ёзувчи А.Қаҳҳор айтганидек, “қичийдиган жойини беш йил олдин қашиб қўядилар”. Агар президент Каримов ўз мақсадига эришса, демак, ўзбеклар 2005 йилгача ҳуррият ва демократияни орзу қилишмаса ҳам бўлади. Бу демак, яна 10 йил ўз миллатининг озодлигини истаган ватанпарварлар “Ватан хоини” деб эълон қилинадилар, турмаларга ташланадилар. Яна 10 йил халқ очлик ва қашшоқлик ичида яшашда давом этади. Яна 10 йил нон эмас, ёлғон ваъдалар ва сафсата билан қорин тўйдиради. Мен сал ошириб юбордим, шекилли, яна 10 йил халқ бу разолатга чидолмайди, унинг чидашига на моддий, на маънавий асоси бор.

Бугун қишлоқларда ўзбеклар бир халта ун учун жиққа-мушт бўлаяптилар, эртага бир парча нон учун жиққа-мушт бўлишлари турган гап. Чунки, Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсати эртага ҳам ўзгармайди: Иқтисод хасталиги давом этаверади, демак, қашшоқлик ҳам давом этади; порахўрлик давом этади, ҳақсизлик давом этади ва халқ, ҳатто ўзбекдай сабрли халқ ҳам бунга чидашини тасаввур қилолмайман. Бу мамлакат ичидаги фактор.

Унинг ташқарисидаги фактор ҳам бу чизилган манзарадан яхши бўлмайди. Дунёда очилмаган, изолятсия қилинган бир давлатнинг бугунги халқаро жамоадан бирор-бир ёрдам олиши қийин. Ташқаридан ёрдамсиз Ўзбекистон ўз иқтисодини ҳеч қачон кўтаролмайди. Табиий бойликларимиз бор, аммо уларни реализатсия қилиш учун бизга технология керак, кредит керак.

Булар фақат ривожланган давлатлар ёрдами билангина бўлиши мумкин. Аммо бу ривожланган давлатлар ёрдам беришдан олдин бизга инсон ҳақлари, жамиятни демократиялаш ва бозор иқтисодини вужудга келтириш каби шартларни қўймоқда. Бу шартларни бажаришга Ўзбекистон ҳукумати қодир эмас, буни уч-тўрт йил ичида кўрсатди. Бугун дунё банки Ўзбекистонга ёрдам берди, лекин президентимиз ўзини референдумда 2000 йилгача “монарх” эълон қилганидан кейин бу ёрдамларнинг такрорланишига мен ишонмайман. Шунинг учун ҳам бугунги ўзбек ҳукуматининг келажагини йўқ деб биламан.

Бундан тўрт йил аввал президент Каримов ёзувчилар билан учрашар экан, самимий бир оҳангда оёғи оғриётганидан шикоят қилган эди. Шунда бир ёзувчи нозик ҳазил қилди: “Самарқанддан чиққан ҳокимларнинг ҳаммаси оёқдан шикоят қилганлар”. Бу билан президентни АмирТемурга қиёс қилди ўша ёзувчимиз. Бу хушомад Каримовга ёқиб тушди. Аммо ўша пайтда президентнинг бу ҳазилга ишониб, референдум чақиришини ва ўзини 2000-чи йилгача подшоҳ эълон қилишини биз тасаввур қилмаган эдик.

Мана, ҳазил оқибати. Лекин, президентга яна бир ҳазилни айтиш керак: Ҳар бир оёғи оқсаган киш ҳам Оқсоқ Темур бўлавермайди.

1995. Март.

(давоми бор)