Яхши кўринишнинг йўли

Яхши кўринишнинг йўли
30 views
29 January 2017 - 6:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(31)

ЯХШИ КЎРИНИШНИНГ ЙЎЛИ

Июн ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Америкага борди. Унинг асосий вазифаси – Клинтон ҳукуматининг Ўзбекистонга бўлган муносабатини юмшатиш ва президент Каримовни Америкага расмий даъват этишини илтимос қилиш.

Лекин америкаликлар бундай илтимосни қондирмадилар. Асосий сабаб ўлароқ, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бутунлай бузилиши ва бундай ҳолнинг бугунгача давом этаётгани кўрсатилди.

Бундан уч йил олдин президент Каримов “Биз мустақил давлатмиз. Нима бизга Америка!” қабилидаги бир кайфиятда сиёсат юргизарди. Иқтисодий аҳвол оғирлашгани сари фақат Америка эмас, балки бутун Ғарб давлатлари билан алоқани яхшилаш, уларнинг технологик, моддий ёрдамларидан фойдаланиш зарурлигини Каримовнинг ўзи англай бошлади, шекилли, Ўрта Осиё лидерлари орасида битта ўзи Американинг Эронга қўйган эмбаргосини қўллаб чиқди.

Кейин эса, Америка мудофаа вазири Уилям Пери билан кўришди. Унга ислом фундаментализмига қарши курашда астойдил ҳаракат қилажагини билдирди, Ўзбекистонни ислом фундаментализми қаршисидаги асосий тўғон, дея баҳолади. Жаноб Пери бу астойдил истакдан, албатта, хурсанд бўлиб қайтди ва эҳтимол, унинг берган рапорти таъсирида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири биринчи марта Америка давлат котиби томонидан расмий қабул қилинди.

Президентимизнинг бу тактикаси тўғри тактика бўлиб чиқди. Айни пайтда, бу тактика асос мақсадга эришиш учун етарли эмаслиги ҳам аён бўлди. Каримовнинг асос мақсади эса – Ўзбекистонни Ғарб давлатларига бир демократик ўлка қилиб кўрсатиш ва ўзини Америка ҳукумати томонидан расмий қабул қилдириш эди. Бу, рўёбга чиқмади. Америка Ўзбекистон президентини расмий қабул қилишни истамади. Бу муаммо Туркиянинг бош вазири Ўзбекистонга сафари чоғида ҳам ўртага қўйилди. Президентимиз учун ҳатто Ўзбекистонга Туркия тарафидан берилган 100 миллион доллар кредит ҳам у қадар муҳим кўринмади. Бошқа шартномалар ҳам техник бир муаммо сифатида иккинчи планга ўтди.

Биринчи планга яна ўша Ғарб давлат-ларининг Ўзбекистонга муносабати ва Каримовнинг Америкада қабул қилиниши асосий муаммо бўлиб ўртага чиқди. Бош вазир Тансу Чиллар Ғарбга Ўзбекистонни англатишга ваъда берди, албатта.

Билмайман, Тансу хоним буни қандай амалга оширмоқчи, чунки Туркиянинг ўз муаммолари ошиб-тошиб ётибди. Ғарб давлатларининг инсон ҳуқуқлари масаласида Туркияга нисбатан бир қанча иддаолари бор ва бу шу кунгача Овропарламент минбарларидан айтиб келинди ва бугун ҳам айтилаяпти. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига келсак, бу шу қадар оғир масала-ки, бизга хайрихоҳ дўстларнинг илтимослари билан ҳам ўраб-чирмаладиган кичик нарса эмас.

Аслида, президент Каримов Ғарбга яхши кўриниш учун бу қадар мураккаб, бу қадар оғир дипломатик шаклни танлашга эҳтиёжи йўқ эди. Ғарбнинг ёрдамини олиш учун Эронни ўзимизга душман қилиш ҳам шарт эмас эди. Ислом фундаментализмини ўйлаб чиқариш, бу ўйлаб чиқарилган нарсага қарши курашиш ҳам шарт эмас эди. Ғарбнинг кўнглини олиш учун сиёсий маҳбусларни озод қилиш, мухолифат қувғинини тўхтатиш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини қайтариб бериш, сензурани бекор қилиш каби масалалар ҳал қилиниши керак, холос. Агар президент Каримов бу ички муаммоларни ҳал қилса, унинг устидан ҳеч ким кулмайди, аксинча, демократик лидер ўлароқ дунёга танилади ва бугун талпинаётган Ғарб ҳам қучоқ очиб кутиб олиши мумкин. Ва албатта, Ўзбекистонга сармоя ҳам келади. Чунки, Ўзбекистоннинг иқтисодий потенсиали катта бир ўлка, яъни, Ғарбга яхши кўринишнинг йўли шу қадар осондир.

1995. Июл.

(давоми бор)