Ўзбек дипломатияси

Ўзбек дипломатияси
87 views
30 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(33)

ЎЗБЕК ДИПЛОМАТИЯСИ

Янги давлат учун ички иқтисодий масалалар қанчалик муҳим бўлса, ташқи алоқаларни йўлга қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат, аммо Ўзбекистон ҳукумати бу ҳақиқатни жуда кеч тушуниб етмоқда. Буни тасбит қилиш учун махсус анализ ўтказиш шарт эмас. Кейинги тўрт йил ичида ташқи ишлар вазири тўрт марта ўзгарди. Бундай қўнимсизлик ва беқарорлик ташқи сиёсатдаги ноаниқлик, субутсизлик мевасидир. Қолаверса, вазирларнинг аксарияти профессионал дипломат эмас эди, бу ўз навбатида ташқи алоқаларимизни сифатсиз ва самарасиз қилди.

Элчиларимизнинг чет элдаги энг жиддий фаолияти – қўлида ўзбек мухолифатининг рўйхати, шуларни мамлакатингиздан қувинг, дея масъул идораларга бош урганидир. Бундай, жўн примитив фаолият, ўзбек дипломатиясининг, демак-ки, Ўзбекистон давлатининг орўсига фақат зарар етказади.

Лекин, тан олиш керак, яқинда Ташқи ишлар вазири қилиб тайинланган жаноб Комилов ишининг кўзини биладиганга ўхшайди. Унинг кейинги ойларда қилган чет эл сафарлари кутилган самарани бермаса ҳам, сиёсий давраларда Ўзбекистон дипломатияси бошига профессионал бир шахс келганлиги айтилмоқда. Албатта, вазир учун бу профессионалликнинг ўзи етмайди. Унга том маънода вазирлик ваколати ҳам керак. Бу дегани – вазир ўзига топширилган жабҳа чегараларида мустақил ҳаракат қила олиши, вазиятга қараб мустақил қарор олиш салоҳиятига эга бўлиши лозим. Битта фикр айтиш ёки бир баёнот бериш учун Тошкентга қўнғироқ қилишга мажбур бўлмаслиги керак.

Масалан, мен битта элчимизни биламан. У бирор-бир конференсия ёки мажлисга таклиф қилинса, албатта Тошкентдан рухсат сўрайди. Бу дипломатия тарихида ҳеч кўрилмаган ҳолдир.Вазир бўлсин, элчи бўлсин, давлат ўз кадрига ишониши керак. Агар ишонмаса, уни вазифага тайинламагани маъқул.

Мен вазирни ҳам, элчиларни ҳам чет эл шароитида кўп кўрдим ва бир нарсанинг шоҳиди бўлдим: улар инсон билан мулоқот қилар экан, кўзларида хадик ва андиша ғилтиллаб туради. Нутқ қилар экан, фақат Тошкент ёзиб, тасдиқдан ўтказиб келган қоғозни ўқийди ва саволларга жавоб беришдан қочишади. Мен бу инсонларни асло қўрқоқликда айблаётганим йўқ. Мен бу инсонларга ҳукумат тарафидан берилган инструксиянинг нақадар бачкана эканлигини айтмоқчиман. Ваҳоланки, дипломат учун битта инструксия бор бу – ўз давлатининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва бу давлатга садоқат. Шу майдон ичида дипломат мутлақо эркин ҳаракат қилиши зарур. Агар дипломатга бу эркинлик берилмаса, ундан давлатга ҳеч қандай фойда йўқ. Шу ўринда битта воқеани эслатмоқчиман. Яқинда ташқи ишлар вазири Эронга борди ва у ерда кутилмаган баёнот берди. Баёнотдан маълум бўлди-ки, Ўзбекистон Эрон билан дўстона алоқаларни ўрнатишни истар экан.

Ўзбекистон Эронга қарши қўйилган Америка эмбаргосини қўллаб-қувватламас экан. Бундай баёнотдан дунё жамоатчилиги ҳайрон бўлди. Чунки Ўзбекистон президенти бир неча ой давомида Американинг Эронга қўйган эмбаргосини қўллаб келаётган эди. Бу эмбаргони Туркистон жумҳуриятларида фақат битта Ўзбекистон қўллагани анча шов-шув бўлди ва бу тактика Ўзбекистон президентининг Америкага расмий даъват этилишига эришиши учун қилингани ҳам ҳеч кимга сир эмас эди. Комиловнинг Эронда қилган сўнгги баёноти эса, Ўзбекистон ҳукуматининг бу хусусдаги позитсияси 180 даража тескари ўзгарганини кўрсатди. Эроннинг дўстлигини қозондикми? Менимча йўқ.

Бундан уч ой олдин Эронни ёмонлаб, Американинг этагини тутганимизда бизга қанчалик ишонмаган бўлсалар, бугун Эрон ёнига ўтиб, Америкага хўмраяр эканмиз, бизга шунчалик ишонмайдилар. Сиёсат дегани ўйин бўлиши мумкин, аммо бу ўйиннинг ҳам ўз принсиплари бор. Принсипсиз сиёсатчилар бу жабҳада ҳурмат қозонишлари қийин.

Эронда берилган баёнот, албатта, вазир Комиловнинг ташаббуси билан бўлгани йўқ. Бу баёнот ва ундан олдинги берилган баёнотларнинг ҳаммаси ҳалигача ўз йўлини топмаган давлат сиёсатидир.

Америкадан расмий даъват ололмагани учун унга нисбатан муносабатни 180 даражага ўзгартириш давлатимизга ҳам, давлат одамига ҳам ярашмайдиган бир иш. Аслида, сиёсат учун муайян бир гуруҳ ёки битта шахсни айбдор қилиб кўрсатиш қийин. Бу муваффақиятсизликлар тамалида совет даврининг асорати ётибди. Совет Иттифоқи таркибида экан, Ўзбекистонда бирор марта ҳам профессионал сиёсатчи етишиб чиқмади. Чиқолмас ҳам эди, чунки сиёсат билан шуғулланиш мумкин эмас эди. Ягона бир партия бор эди, у ҳам партия эмас, давлат структураси вазифасини бажарар эди. Сиёсатчилар саноқли эди. Политбюро аъзоларинигина сиёсатчи дейиш мумкин эди.

Жумҳурият раҳбарлари эса, доимо маъмур статусида фаолият кўрсатардилар. Бу раҳбарлар аввал комсомолда, кейин Марказқўмда ишлаб, партия секретарлигигача кўтарилар, аммо сиёсатга аралашмас ва шунинг учун ҳам улар Московдан олинган буйруқни бажарадиган хушбичим маъмурлар эди. Бу хушбичим одамлар ўша ўтирган жойида ўтиришибди, лекин ҳанузгача сиёсатни ўргана олишмади. Тезроқ ўргансалар яхши бўлар эди, чунки уларнинг қобилиятсизлиги учун товонни халқ тўламоқда.

Уларнинг уқувсизлиги, узоқни кўролмаслиги мамлакатимизнинг уфқларини торайтирмоқда, истиқболдаги фаровонликка раҳна солмоқда.

1995. Август.

(давоми бор)