Рум подшоси Қайсарга юборилган нома

Рум подшоси Қайсарга юборилган нома
30 views
30 January 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 139

(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

РУМ ПОДШОСИ ҚАЙСАРГА ЮБОРИЛГАН НОМА

Рум подшосининг оти Ҳирақл, лақаби Қайсар эди. Расулуллоҳ айтдилар:

— Бу номани Рум подшоси Қайсарга ким етказиб топширур, унга Аллоҳ таоло жаннат ато қилғай.

Буни англагач, саҳобалардан Диҳятил Калбий деган киши:

— Ё Расулаллоҳ, мен топширурман, — деб ўрнидан турди.

Номани олиб ҳазрати Диҳя йўлга тушди. Араб еридан ўтиб Шом тупроғидаги Бусро шаҳрига етди. Бу шаҳарнинг ҳокими эрса Ғассон қабиласининг раиси Ҳорис деган киши эди. Номани кўриб, мақсадга тушунгандан кейин, ҳазрати Диҳяга йўлбошчи қилиб Адий ибн Ҳотамни қўшди. Булар биргалашиб Шом шаҳрига келдилар. Шу кунларда Қайсар ўз пойтахти Қунстантиния шаҳридан Дамашқ шаҳрига келмиш эди. Бу ердин Қуддуси шариф зиёратига бормоқчи эди. Мана шу кунда номани еткуриб келди.

Қарасалар, Қайсар аркон давлатлари билан ибодат маросимларини ўтказиш учун Шом шаҳрининг катта калисосига (черковига) шу куни келмоқчи экандур. Буни англаб ҳазрати Диҳя дарҳол шу жойга ҳозир бўлди. Лекин у жойдаги кишилар Диҳяга айтдилар:

— Подшога нома беришнинг тартиби бордур. Қачон Қайсарга кўзинг тушди эрса, дарҳол ерга бош қўйиб, унга сажда қилурсан. Қачон у бош кўтаришга рухсат қилур экан, бош кўтариб номани топширурсан. Агар шундоқ бўлмас экан, номанг қабул қилинмагай.

Анда ҳазрати Диҳя:

— Мен бу ишни ҳеч вақт қила олмагайман, чунки Аллоҳдан ўзгага сажда қилмоқ Ислом динида йўқдур,— деди.

Шу билан ҳайрон бўлиб турган чоғда бир киши келиб айтди:

— Сенга бир тадбир ўргатай, бу шулдурки, қайси жойга Қайсар келди эса, шу жойга бир минбар келтириб қургайлар, ул минбар устида Инжил ўқиб, ваъз айтгай. Агар номани шу минбар зинасига чиқариб қўя олсанг, у жойга қўйилган номага ҳеч ким тега олмагай, Қайсар минбарга чиқар чоғида номани ўзи олиб ўқигай, ўқигандан сўнгра, нома келтирган кишини ўзи чақиргай, бу тўғрида одат шулдур, — деди.

Ҳазрати Диҳя бу маслаҳатни хуш кўриб, қурилган минбар устига номани чиқариб қўйди. Сўнгра Қайсар келиб ваъз айтмоқ учун минбарга чиқар вақтида зинага қўйилган номага кўзи тушди. Номани олиб, очиб қараса, арабча хат билан ёзилмиш экандур.

Дарҳол тилмоч чақириб, буюрдиким: «Нома юборувчининг ўз қавмидан келган кишилар бор эрса, дарҳол уларни келтиринглар. Бу тўғрида алар оғзидан сўз сўраб эшитгайман», деди.

Шу кунларда Абу Суфён бошлиқ бир неча Қурайш раислари тижорат учун Шом шаҳрига келишган эди. Дарҳол аларни Қайсар ҳузурига келтирдилар. Қарасалар, Қайсар бошига тож кийган, шон-шавкати билан аркон давлатлари атрофини ўраган ҳолда ўлтирибдур. Ўз одатлари бўйинча унга таъзим қилдилар. Сўнгра Қайсар таржимон орқалик «Пайғамбарлик даъвосини қилган кишига сизлардан кимнинг насаби яқинроқ?» деб сўради.

Анда Абу Суфён:

— Бу ўлтирган кишилар ичида Муҳаммадга меним насабим ҳаммадан яқинроқдур. Чунки Абдул Маноф деган киши ҳар икковимизнинг тўртинчи бобомиздур. У билан биз бир отанинг болаларидурмиз, — деди.

Қайсар бу сўзни англагандан сўнгра Абу Суфённи чорлаб, ўзининг олдига яқин ўлтирғизди, қолганларини эрса унинг орқасига турғизди. Сўнгра:

— Абу Суфённи олдимга келтириб, унинг ортига сизларни қўйишимнинг сабаби шулдурки, мен бу кишидан пайғамбарлик даъвосини қилиб, нома юборган одам тўғрисида сўз сўрамоқчиман. Агар Абу Суфён рост гапирса, ани тасдиқ қилурсиз, агар бу ҳақда ёлғончилик қилса, орқадан туриб ёлғонлигини ишорат билан билдирурсиз, — деди.

Шу тадбир билан Абу Суфённи рост сўзлатмоқчи бўлди. Агар шундай қилмай, уни бошқалар билан бирга ўтқизиб, Расулуллоҳ ҳақида ундан сўз сўрар бўлса, у ёлғон айтганда ҳам, анинг йўлдошлари ёлғон айтдинг дейишдан уялур эдилар. Агар орқада турсалар, ишорат билан билдиришлари мумкин эди. Чунки у замон араблари ҳам ёлғон гапиришни катта айблардан ҳисоблар эди. Айниқса, буларнинг раислари обрўйларига зарба етишидан сақланишиб, ёлғондан жуда қўрқар эдилар. Шунинг учун Абу Суфён: «Халқ ичида менинг ёлғон сўзлаганим тарқалиб кетишидан қўрқмасам эди, Қайсар Муҳаммад ҳақида мендан сўз сўраганида, бир неча ёлғон сўзларни айтмоқчи эдим. Лекин ёлғон айтишдан уялганим учун, анинг ҳақида нима сўраса, ростини гапирдим», деди. Шу билан Қайсар Абу Суфёндан Расулуллоҳ тўғрисида тубандаги сўзларни сўрашга киришди.

Қайсар:

— Араб ичида бу кишининг насаби қандайдур?

Абу Суфён:

— Ул бизнинг олий насаблик кишимиздир.

Қайсар:

— Мундин бошқа ичингларда илгари ўтганлардан пайғамбарлик даъвосини қилиб чиққан киши бўлганмиди?

Абу Суфён:

— Шу кунгача араблардан бундай даъво қилган киши чиқмаган эди.

Қайсар:

— Бу сўзни айтмасдан илгари кишиларга унинг ёлғон гапирганини билганмисиз?

Абу Суфён:

— Кишига ёлғон гапирганини кўрмаган эдик, илгаридан чин сўзлик эди.

Қайсар:

— Ўтган ота-боболари ичида бирортаси подшоҳ бўлганмиди?

Абу Суфён:

— Йўқ, унинг оталари ичида подшоҳ бўлган киши йўқдур.

Қайсар:

— Унинг ақли қандайдур?

Абу Суфён:

— Ақли айб қилғудек эмас, етарликдур.

Қайсар:

— Унинг динини қабул қилгувчилар кўпинча қайси хилдаги одамлардур?

Абу Суфён:

— Унинг тобелари эса кўпроқ фақир-мискин, камбағал кишилардур. Аммо юрт бошлиқлари, қабила раислари, обрўлик бой кишиларимиз унга эргашмадилар.

Қайсар:

— Унинг динига кирувчилар кўпаяётирмилар, уларнинг ривожлари қандайдур?

Абу Суфён:

— Кундан-кунга ўсиб, ривожланаётир.

Қайсар:

— Анинг динига киргандан сўнгра, уни ёқтирмасдан диндан қайтган кишилар ҳам борми?

Абу Суфён:

— Йўқдур, мундоқ кишини кўрмадик.

Қайсар:

— Қилғон аҳдига вафо қилғайму ёки хиёнати борму?

Абу Суфён:

— Аҳдини бузмас, ваъдага вафо қилур.

Қайсар:

— Ораларингда уруш бўлдими? Агар бўлган бўлса, қандоқ бўлди?

Абу Суфён:

— Урушларимиз гезаклашди. Бадр сўқишида алар енгдилар. Уҳуд урушида биз енгдик.

Қайсар:

— Муҳаммад халқни қайси ишга буюради?

Абу Суфён:

— Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилмоққа, ҳеч ишда унга шерик қўшмасга буюриб, ота-боболаримиз ибодат қилиб келган бутлардан қайтаради. Садақа, закот бермакка, намоз ўқимоққа, ваъдага вафо қилмоққа, омонатга хиёнат қилмасга, ёлғон сўзламасликка, бузуқ ишлардан сақланишга амр этадур, — деди.

Шу билан Қайсар сўрашни тўхтатиб, яна сўзнинг бошидан тушди. Тилмоч орқали Абу Суфёнга қараб айтди:

— Унинг насабини сандин сўраган эрдим, ўзинг насаблик кишидур деб иқрор бўлдинг. Ўтган пайғамбарлар ҳам шунга ўхшаш насаблик кишилардан чиққанлар. Яна сендан, илгари кейин ичинглардан шундоқ сўзни айтган киши чиққан эдими, деб сўрасам, мундоқ одам чиқмаган деб жавоб бердинг. Агар шундай сўз айтган бошқа биров ҳам сизлардин чиққан бўлса эди, ўтмишдаги биров сўзига эргашиб юрган бир кишига ўхшайди, деб ўйлар эдим. Кишига ёлғон сўзлаганму десам, сен йўқ дединг. Энди, одамга ёлғон сўзламаган киши, Аллоҳга қандай ёлғон сўзлайди? Ўтган ота-боболарининг ичида подшоҳ бўлган киши бор эдими, деб сўрасам, сен йўқ деб жавоб бердинг. Агар боболаридан подшоҳ ўтган бирор киши бўлса эди, анда мен ота мулкини қайтармоққа ҳийла қилиб юрган кишига ўхшайди, деб айтар эдим. Яна мен, унга эргашганлар юқори даража кишиларми ёки камбағал, фақирларми, деб сўрасам, кўпинча унинг тобелари фақир кишилардур, дединг. Ўтган пайғамбарларга ҳам дастлаб тобе бўлгувчилар фақирлардан бўлган. Давлатлик кишилар эрса такаббур бўлиб, ҳақликни алар тездан қабул қилмагайлар. Яна сендан унга иймон келтиргувчилар кундан-кунга кўпаймоқдаларми, деб сўрадим, кўпаймоқдалар, дединг. Шунга ўхшаш иймон бошлангандан кейин кўпайиш устида бўлиб, охири тамомига етиб тўхтагай. Унга иймон келтириб динга кирувчилардан қайтган кишилар борми, деб сўрадим. Унинг динидан қайтган кишини кўрмадим, дединг. Ҳа, шундоқ бўлур. Агар иймон нури киши кўнглига кириб уни ёритур эрса, анинг муҳаббати юрак ичидан жой олгай. Ундоқ диндан қайтиб ҳеч киши чиқмагай. Ўртангларда бўлган уруш қандай ўтди, деб сўрадим. Биринчида у енгди, иккинчисида биз енгдик, дединг. Шунга ўхшаш пайғамбарларга ҳам синаш учун бу каби воқеалар бўлади. Душманларни гоҳида енгадилар, гоҳида алардан енгилгайлар, лекин охири ҳақ юзага чиққай. Чин мўминлар ёлғон мўминлардан ажралиб тургайлар. У киши халқни нима иш қилишга буюради, деб сўрадим. Ул киши намоз ўқимоққа, закот бермоққа, ваъдага вафо қилмоққа, ёлғон гапирмасликка, бузуқчиликдин сақланишга буюради, дединг. Мана бу ишлар эрса пайғамбарлик сифатларидур. Энди билдим, у киши Аллоҳ юборган пайғамбардур. Шундай пайғамбарнинг чиқишини ўзим аввалдан ҳам билар эдим. Лекин араб халқи — сизлардан бўлишини гумон қилмаган эдим. Шу айтган сўзларинг агар рост бўлур экан, қадам босиб турган шу жойларимга ҳам бир куни эга бўлғусидир. Агар унга иймон келтирганимда омон қолишимга кўзим етса эди, ҳозирдаёқ иймон келтирган бўлур эдим. Энди шу ишни қилур бўлсам, подшоҳлигимни олиб, ўзимни ўлдиргайлар. Кошки у киши олдига саломат ета олсам, таҳорат суви қуйиб, оёқларини ювгай эдим,— деди.

Аммо Рум подшоси очиқ равишда иймон келтиришга журъат қила олмади. Сўнгра номани олиб ўқимоққа буюрди. Бу нома эса шундай ёзилмиш эди:

Бисмиллоҳир раҳманир роҳийм.

«Мин Муҳаммадин Абдиллоҳ ва расулиҳи ила Хирақла азиймир Рум. Саломун ала маниттабаъал Худо. Аммо баъду фаинний адъука бидиъаятил ислом. Аслим таслам. Йуътикаллоҳу ажрака марратайни. Фаин таваллайта фаиннама аълайка исмул арисиййина. Ва я аҳлал Китоби таъалав ила калиматин саваин байнана ва байнакум алла наъбуда иллаллоҳа вала нушрика биҳи шайъан вала яттахиза баъзуна баъзан арбабан мин дуниллаҳи, фаин таваллав фақулушҳаду бианна муслимуна».

Маъноси: «Аллоҳнинг қули ва анинг пайғамбари Муҳаммаддан Румнинг улуғ Ҳирақлига, ҳақ йўл топганларга салом. Мундин сўнгра шулки, мен сени Ислом динини қабул қилмоққа чақираман. Мусулмон бўл, саломат бўлурсан. Икки қават ажр олурсан. Агар қабул қилмас экансан, сенга қарашлик бутун халқнинг гуноҳи устингга тушади. Эй Китоб аҳллари, келинглар, бу яхши сўзга, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик. Бошқа нарсани унга шерик этмайлик, Аллоҳдан ўзгани тангри деб танимайлик. Агар бу сўздан юз ўгирсанглар, гувоҳ бўлинглар, бизлар Ислом динини қабул қилдик».

Қайсар таржимони бу муборак номани бошлаб ўқиган чоғда, унинг иниси олдида қилич тутиб турган эди. Бирданига унинг ғазаби қўзғалиб, номани йиртиб ташламоққа қўл солди. Таржимон қўлидан номани тортиб олиб, йиртмоқчи бўлди. Қайсар инисини бу ишдан қайтариб тўхтатди. Сўнгра:

— Нега сенинг ғазабинг келди? — деб ундан сўради.

Анда ул айтди:

— Биринчиси шулдирки, ул киши ўз номини сенинг номингдан илгари ёзмишдир. Иккинчиси эрса, Ҳирақл деб отингни айтиб, Рум подшоси демабдур.

Анда Ҳирақл:

— Ҳой мажнун, аҳмоқ! Шундоқ аҳамиятлик номани ўқиб тушунмасдан туриб, йиртиб ташлар эрсанг, ҳолинг на бўлгай эрди? Бу сўзда ғазаб қилғудек иш йўқдур. Агар ул Худо тарафидан юборилмиш пайғамбар бўлса, отини олдин ёзмоққа ҳақлидур. Агар номада мени Рум подшоси демаган бўлса, яна тўғри ёзмишдир. Чунки барчанинг подшоси аларни яратгувчи бир Аллоҳдир. Мен эрсам, Рум халқининг бошчиси эрурман. Аллоҳ хоҳлар экан, аларни менга бўйсундирур. Агар хоҳламаса, бутун халқ менга қарши чиққайлар. Форс халқининг подшосига халқни мусаллат қилган эди, ўз подшосини ўлдирдилар. Агар менга ҳам аларни Аллоҳ мусаллат қилса, ўз фуқароларим мени ҳам ўлдиргайлар, — деб шу янглиғ сўзлар билан инисини қайтарди.

Сўнгра ўз қавмига қараб айтди:

— Барчаларингиз билурмисиз, қиёмат олдида охирзамон пайғамбари чиққай деб, Исо алайҳиссалом башорат бермиш эди. Бу сўз эрса муқаддас китобларимизда ёзилмишдир. Бу пайғамбар Шом тупроғидан чиққайму деб умид қилган эдик, начорадурки, Аллоҳ таоло бу давлатни бошқаларга бермишдур.

Расулуллоҳ замонларида Рум билан Эрон орасида икки марта уруш бўлди. Биринчисида румликлар енгишиб, иккинчисида эронийлар енгдилар. Рум тупроғидан аларни ҳайдаб чиқаздилар. Мана шунинг шукронаси учун Қуддус шарифни пиёда бориб зиёрат қилғайман деб аҳд қилди. Шу аҳдига вафо қилмоқ учун Ҳимс шаҳридан чиқмоқчи бўлди. Ора йўлга гиламлар тўшаб, гули райҳонлар сочиб ани зийнатладилар. Қайсар давлат арбоблари билан пиёда юрганича Қуддус шаҳрига етди. Зиёратлари адо топгач, барчалари яна Ҳимс шаҳрига келди. Бу жойда Қайсарнинг улуғ бир саройи бор эди. Давлат арбоблари, аскар бошлиқлари шу жойга ҳозир бўлсинлар, деб буюрди. Барчалари саройга кириб ўлтургандан кейин унинг эшигини қулфлатди. Сўнгра Қайсар бу йиғилган халққа қараб:

— Эй Рум элининг улуғлари! Мен эрсам ушбу нома юборган киши Муҳаммадга иймон келтириб, анинг динига кирдим. Келажакда бизнинг яхшилигимизни бу ишда кўрдим. Энди сизлар ҳам иймон келтириб, шу пайғамбарнинг динига киринглар. Агар шундай қилар экансиз, ҳукуматимиз қўлдан кетмагай. Ва Исо алайҳиссалом аҳдини бузмаган бўлурмиз, — деди.

Бу сўзни Қайсар айтиши билан йўлбарсни кўрганда қўрқиб қочган ҳайвонлар каби бутун халқ сарой эшигига келиб тиқилдилар. Қарасалар, эшикларга қулф солинмишдир. Яна орқаларига қайтиб Қайсарни ўлдириш қасдида унинг саройини ўраб олиб:

Бизни насроният динидан чиқариб, ваҳший арабийларга қул қилмоқчи бўлибдур, буни ўлдириб тезроқ қутилайлик, — деб унга қаттиқ норозилик билдирдилар.

Бу ҳолни кўриб Қайсарнинг умиди алардин узилди. Сўзни ўзгартириб, дарҳол уларга киши юборди:

Мен сизларни синаб кўрмак учун бу сўзларни айтган эдим. Динингларда қандай туришингларни тажриба қилдим. Насроният динини сақлашда сизларга энди аниқ ишондим, — деди.

Анинг бу сўзига розилик билдириб, ҳаммалари унга сажда қилиб қайтдилар. Сўнгра алардан умиди узилгач, Расулуллоҳ номаларига жавоб ёзиб, бирмунча ҳадялар билан юборди.

Номанинг мазмуни шулдур: «Мен Ислом динини қабул қилдим, лекин буни изҳор қилмоққа ожиздурман».

Бунинг номаси Расулуллоҳ олдиларида ўқилди. Анда Расулуллоҳ: «Дунё давлатини қизғаниб охират давлатидан қуруқ қолмишдур. Исломни қабул қилдим, деган сўзи ёлғондур», дедилар.

Лекин Расулуллоҳнинг номаларини ҳурматлаб сақлади. Элчилари ҳазрати Диҳяни бек иззат қилиб, кўп ҳадялар бериб узатди. Шунинг баракотидурки, Рум подшоҳлигининг қолдиқлари узоқ йиллар давом этиб келмоқдадур.

Шарқий Рум ўлкасидан ҳукуматлари узилган бўлса ҳам, Ғарбий Рум Италияда шу кунгача сақланиб келди. Лекин Қайсар ўз оғзидан Ислом динини қабул қилдим деган бўлса ҳам, Расулуллоҳ уни ёлғончи қилдилар. Шундоқ бўлиб, бу улуғ неъматдан бенасиб қолди. Ўз гуноҳининг устига, номада ёзилгандек бутун Рум халқининг гуноҳини кўтарди. Бақоси йўқ фоний дунёнинг подшолигини аяб, абадий саодатдан ажради.

(давоми бор)