Қатл

Қатл
158 views
31 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(34)

ҚАТЛ

Кейинги уч йил ичида Ўзбекистон ҳукумати газеталари “Эрк” партияси ҳақида жуда кўп фелъетон ва мақолалар эълон қилди. Уларнинг аксариятида муаллиф йўқ. Тўғрироғи, муаллиф ўз отини бошқа ном остига яширади. Юзини кўрсатмайди, ниқоб кияди. Уни тушуниш мумкин, у ҳукмни ижро қилувчи одам, холос.

Масалан, жаллод ҳам ҳукмни ижро қилар экан, юзига ниқоб кияди. Унга ниқоб кийишга рухсат берилган. Бу вазифанинг ижобидир.

Чунки у сиз билан олишаётгани йўқ, буйруқни бажараяпти, холос. Ҳатто у сизни ёмон ҳам кўрмайди, аммо қатл қилиш – унинг маслагидир. Бу иш учун унга маош тўлайдилар, бу маош билан у рўзғорини тебратади. Фақат унинг ниқобли муаллифлардан бир нечта фарқи бор. Биринчиси, жаллод ҳукмни ижро қилар экан, ниқобли муаллиф каби маҳкумни ҳақорат қилмайди. Чунки, маҳкумни ҳақорат қилиш уни қатл қилишдан тубанроқ иш, деб билади.

Иккинчи фарқи: қатл этар экан, у ниқобли муаллиф каби ўз ишидан ҳеч қачон лаззатланмайди. Бу ҳақда ёзилган бир шеър бор, ўқиб бераман:

Бу дунё гўзалдир, адолатли дунё бу дунё.
Энг хасис кимса ҳам кечалар ётиб,
Қийналар ўзининг хасислигидан.
Аблаҳнинг ҳам баъзан кимгадир
Чўзгиси келар ёрдам қўлини.
Ҳатто жаллод, ҳатто жаллоднинг
Йиғлагиси келар ёлғиз қолганда…

Ҳа, жаллод ўз ишидан лаззатланмайди, ҳатто у йиғлаши ҳам мумкин. Яъни, у бу нуқтада ниқобли муаллифдан олийжаноброқдир.

Бу олийжаноб кишининг ниқобли муаллифдан яна бир фарқи, эҳтимол, энг муҳим фарқи шудир-ки, у маҳкумни бир неча марта, такрор-такрор қатл қилмайди. Агар битта зарб билан битирмаса, унинг жаллодлик обрўси бир пул бўлиши мумкин.

Бизнинг ниқобли муаллифларимиз эса, “Эрк”ни ойда бир марта қатл майдонига чиқармоқдалар. Халқни ишдан қўйиб, бу майдонга тўпламоқдалар. Авваллари халқ тўпланарди. Текин томошага ишқибозлар ҳар ерда бор. Аммо ниқоб кийган жанобнинг болтаси шу қадар ўтмас эди-ки, биринчи намойишдаёқ шарманда бўлди.

Қатлни кечиктиришга мажбур бўлдилар. Иккинчи намойишга анча тайёрланишди. Аммо у ҳам муваффақиятсиз чиқди. Учинчи, тўртинчи ва бешинчи кўрсатувлар ҳам натижа бермагач, майдонга ҳеч ким тўпланмайдиган бўлди. Бу ҳукмдорларга унча ёқмади. Телевизордан намойиш қилишга буйруқ беришди ва яқинда телевизор экранида хушрўйгина бир йигитча пайдо бўлди. Энг қизиғи, бу муаллиф ниқобсиз чиқди. Янада қизиғи, унинг қўлига болта ҳеч ярашмас эди. У бир интеллигентга ва ёки ҳатто хореография мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган бир ёш балерунни эслатарди. Бу нозик қўлларга болтадан кўра кўпроқ елпиғич ярашган бўларди. Лекин елпиғич билан бировни қатл қилиб бўлмайди. Болта қатл жараёнининг асосий унсуридир.

Айниқса бизда. Бизда бу жабҳада ҳалигача янги технология жорий қилингани йўқ. Агар жорий қилинганда эди, нозик йигитлар қўпол, оғир, бунинг устига ўтмаслашиб қолган бу ибтидоий асбобни ишлатолмай, терга ботиб юрмасдилар.

Хуллас, қатл намойишининг телевизион варианти ҳам муваффақиятсиз якунланди. Маҳкум яна тирик қолди.

Навбатдаги намойиш пайтини эълон қилишмади. Балки яқинда эълон қилиб қоларлар. Лекин халқ бу навбатдаги кўрсатувга ҳам лоқайд қолиши аниқ. Халқ ортиқ “Эрк”ни ўлдириш мумкинлигига ишонмайди.

1995. Август.

(давоми бор)