Фарз

Фарз
78 views
01 February 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(35)

ФАРЗ

Тилимизда “уйғониш” деган бир калима бор. Бу сўз билан номланган шеърлар кўп. Шулардан биттасини ўқиб бераман.

Сўзларни яратиб
Уларга бўйсунамиз бир куни.
Ҳар кимнинг бўйнида осилиб турар
Маълум ҳарфлардан ташкилланган сўз.
Дейлик, “Тошмат!”, деб чақирсалар
уйғонмайман мен.
Уйғонмайман “Аҳмад!”, деб бақирсалар ҳам.
Исмимни билмаса момоқалдироқ,
Уйғота олмайди мени ҳеч қачон
Ўйлаб кўринг энди, қанчалар қийин
Бутун халқни уйғотмоқчи бўлган даҳога.

Бу етмишинчи йилларда миллий тушунчалар билан яшаган бир ёш авлоднинг изтиробли ўйларидир. Бу авлод совет даврида келиб-кетган адабиёт вакиллари ичида энг максималист ва энг хаёлпараст бир авлод эди. Бу ёш авлодлар дунёнинг яхши томонга ўзгаришига ишонар эдилар. Инсон табиати яхшиликка мойилдир, ёмонлик эса сунъийдир, дея ўйлардилар.

Шунингдек, жасорат, тўғрилик, фидойилик, садоқат каби ижобий фазилатлар ҳам инсон характеридаги табиий унсурлардир, қўрқоқлик, ёлғончилик, хиёнат эса унинг табиатига бегона, деб хаёл қилардилар.

Лекин йиллар ўтиб, бу романтик авлод аччиқ бир ҳақиқатни кўрди. Яхшилик инсон табиатига қанчалик уйғун келса, ёмонлик ҳам шунчалик уйғун келиши мумкин экан. Демак, фидойилик ва садоқат, жасорат ва тўғрисўзлик доим ҳам ғолиб келавермас экан, хиёнат ва қўрқоқлик, ёлғон в олчоқлик ҳам ҳоким бўлиши, ҳатто узоқ ҳоким бўлиши мумкин экан.

Бу ҳиссий дунёқараш етмишинчи йиллар ўзбек шеъриятининг тамали бўлди. Шу маънода 70-йиллар шеъриятини миллий-руҳоний шеъриятнинг ибтидоси деса бўлади. Олтмишинчи йилларда кузатилган баёнчилик ва жўн символизм бироз орқага чекинди ва шеърият юқорида эслатганимиз тамалга таяниб, ўзига янги ифода шаклларини ахтара бошлади. Топилган шаклларни ҳар ким ўзича йўримлади, биров “ғарбга тақлид” деди, бошқа бириси “ўзига хос шеърият” деди. Лекин профессионал танқид бу янги оқимни том маънода изоҳлаб беролмади. Чунки танқид ўзининг таҳлил объектидан орқада қолган эди. “Орқада қолди” иборасини мен қўштирноқ ичида айтаяпман, чунки бу орқада қолишнинг объектив сабаблари бор эди.

Менимча, танқид бу янги оқимни таҳлил қилишга жасорат қилолмади, десак тўғри бўлади. Агар бунга жасорат қилса эди, танқид бу янги шеъриятдаги мавжуд тузумга зид миллий-руҳоний кайфиятни фош қилишга мажбур бўларди. Бу эса, муҳаққақ равишда сензуранинг кучайишига олиб келар ва ўша пайтда босилган қатор шеърий китоблар таъқиқланган бўларди.

Масалан, биз Рауф Парфининг китобларини умуман ўқий олмасдик. Ҳатто Абдулла Ориповнинг ҳам баъзи шеърлари чиқмай қолган бўларди. Эркин Воҳидов, Омон Матчон, Миразиз Аъзам, Чўлпон Эргаш каби шоирлар ҳам сензура тазйиқига учрадилар. 70-йиллар авлоди мансубларининг эса нафақат китоблари, балки ўзлари ҳам кўчага чиқолмай қолган бўлардилар.

Қизиғи шундаки, бугун 70-80 йилларда босилган миллий-руҳоний шеърларнинг остига қўйилган сана, йил ишоратларини олиб ташлаб, янги шеър сифатида чоп этсалар, улар бугун ҳам таъқиқланган бўлур эди. Чунки бу шеърлардаги миллий-руҳоний кайфият бугунги тузумга ҳам қарши бўлиб қолаверади. Чунки, зулм ва зўравонлик бугун ҳам давом этмоқда. Бу шеърлар аввал Москов зулмига қарши турган бўлса, бугун ўзимиздан чиққан зулмга қарши саф тортиб турибди.

Эҳтимол, бу шеърларнинг эгалари бугун ўша 70-йиллар хаёлпарастлигидан воз кечган бўлишлари мумкин. Эҳтимол, тўғри сўз ва фидоий бўлиш нақадар таҳликали эканини бошдан кечириб, тўғри сўзликдан ҳам, фидойиликдан ҳам безиган бўлишлари мумкин. Эҳтимол, улар ҳали ҳам ўз идеалларидан воз кечмагандирлар, эҳтимол, ўз сўзларини очиқ бўлмаса ҳам, кимсасиз хонада хонтахтага кўксини бериб қоғозга тўкаётгандирлар.

Нима бўлганда ҳам, бир нарса аниқ. Халқ яшар экан, унинг қалб ифодаси бўлмиш шеърият ҳам яшайверади. Ҳеч қандай зулм, ҳеч қандай қатағон уни жимликка маҳкум этолмайди. Халқ бор экан, унинг тезроқ уйғонишини истаётган, уйғотиш шаклларини ахтараётган, фидоий йигит-қизлар ҳамиша мавжуддир.

Ватанни севиш, ўз миллатини севиш фавқулодда бир ҳодиса эмасдир. Бу севги ўзини англаган ҳар бир инсон учун яшаш шакли, нафас олиш шаклидир. Бу ватан, бу миллат ҳуррияти учун, унинг бахт-саодати учун мужодала қилиш, курашиш қаҳрамонлик ҳисобланади. Бу йўлда азият чекиш, хўрланиш, ҳақоратланиш ҳам ватанни севган одам учун нормал ҳодисадир. Ва бундай одам ўз бошига тушган балолардан нолимайди, чунки мужодала қоидаси шу.

Шеър тили билан айтганда:

Аёл учун ўлмоқ қаҳрамонликдир,
Ватан учун ўлмоқ эса фарз.

Ўзбекистонда шоир дўстларимга, менинг азиз ва муҳтарам биродарларимга мурожаат қилмоқчиман. Илтимос, хаёлпарастликдан воз кечманг. Халқимиз сиз каби хаёлпарастларга бугун кечагидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Хаёл қилишда давом этинг, халқимизнинг уйғонишини орзу қилинг, уни уйғотиш ҳақида орзу қилингиз. Ва иншооллоҳ, уйғонажак.

Қанчалик оғир бўлмасин, истеъдодингизни, қаламангизни зулмга хизмат эттирманг. Зулмга мадҳиялар ўқиманг.

Сиз зулм олдида бош эгмасангиз бўлди, халқ ҳам бу зулмга бош эгмаяжак. Чунки, сиз бу халқ юрагига энг яқин кишиларсиз.

Буни унутмасликларингизни сўрайман.

1995. Август.

(давоми бор)