“Абу Сахий”га мол кирмагани боис нархлар кўтарилмоқда

“Абу Сахий”га мол кирмагани боис нархлар кўтарилмоқда
80 views
31 January 2017 - 17:24

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, сўнгги бир ҳафта орасида Тошкентдаги “Абу Сахий” улгуржи бозордаги товарлар нарх-навоси анча кўтарилган. Товар йўқлиги учун айрим дўконлар фаолиятини тўхтатган. Бунинг асосий сабаби, бозорда текширув кетаётганлиги ва “Абу Сахий” ширкати орқали хориждан юборилган молларнинг божхонада ушлаб турилгани билан изоҳланмоқда.

“Абу Сахий” бозорида 30 январь куни бўлган ва у ердаги шароит билан яқиндан танишган жиззахлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, бозорда сотиладиган молнинг камайганлиги сабаб, нарх-наво кўтарилган:

“Карго ишламагани учун Абу Сахийда кўп нарсалар нархи ошиб кетди. Бир ойдан буён товар келмагани сабаб, сотиш учун мол ҳам тугади. Айрим дўконлар эгалари солиқчилар ҳар куни топширишни талаб қиладиган 4,5 миллион нақд сўмни савдо қилолмагани учун ишламай ҳам қўйишди”, дейди тадбиркорлардан бири.

“Абу Сахий” бозорига Хитойдан мол олиб келадиган тадбиркорнинг айтишича, бозорга уч ҳафтадан буён мол киргани йўқ:

“Хитойдан юборилган молим Тошкентга етиб келганига 21 кун бўлди. Лекин, беришмаяпти. Божхонада ушлаб туришибди, экан. Бозорнинг катталаридан сўрасам, “шошмай туринг, февралда оласиз, сал текшир-текшир бўлиб турибди”, деяпти. Нархлар ҳам ошиб боряпти. Бозордан дўкон сотиб олмоқчи бўлган таниш тадбиркорлар ҳам бу ниятларини кейинга қолдирди, дейди тадбиркор.

Тошкентлик тадбиркор Шоира Содиқбекованинг айтишича, “Абу Сахий” бозорида ишлайдиган тадбиркор дугоналарининг хориждан юборилган товарлари ҳам ушлаб қолинган:

– Бозорда дўкони бор дугоналарим янги йил арафасида Туркиядан юк жўнатишган экан. Лекин ҳали ҳам олишмаган. Туркиядан сўрашса, жўнатганмиз, дейишар экан, бу ердан сўрашса, келмаган, дейишаркан. Ана шунақа қилиб, сарсон бўлиб юришибди. Булар бир-икки нафар эмас, жуда кўпчилик. Шунинг учун ҳам баъзилари тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлишяпти, – деди Шоира Содиқбекова.

ЎХҲ хабарлар бўлими