Ўзбек миллиятчилиги

Ўзбек миллиятчилиги
33 views
02 February 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(36)

ЎЗБЕК МИЛЛИЯТЧИЛИГИ

Миллиятчилик нима, деган саволга қисқа жавоб бериш мумкин: миллиятчилик муайян бир миллатнинг ўзини ҳимоя қилиш рефлексидир. Унинг шовинизм билан аралаштириш нотўғри, чунки шовинизм бир миллатнинг бошқа миллатлардан устунлигини даъво қилади. Миллиятчилик бундай устунликка қарши кўрсатилган реаксиядир. Фақат шу маънодагина миллиятчилик бир халқнинг тарихида мусбат рол ўйнаши мумкин.

Масалан, мустамлакада яшаб, ўз озодлигига интилаётган улус учун миллиятчилик қувват манбаидир. Туркистон халқларининг аввал чор Русияси, кейин болшевиклар ҳокимиятига қарши кўтарган исёнлари ўша қувватдан озиқлангандир.

Миллиятчилик совет даврида ҳам у ёки бу шаклда давом этди. Йигирманчи йиллар босмачилик ҳаракатлари бостирилгандан сўнг, сиёсий-ижтимоий ҳаётда бир сукунат чўкди ва миллий ғоя ҳаракат шаклидан фикр шаклига чекинди. Янада аниқроғи, бу ғоя адабиёт ва санъат ўртугини кийди. Бу ўртук орқасида ифодаланган фикрлар у қадар шаффоф бўлмаса-да, халқнинг ўқимишли қатлами бу фикрлар моҳиятини дарров англай оларди. Масалан, иккинчи жаҳон уруши даврида раҳматли Мақсуд Шайхзода ёзган тарихий драмалар билвосита миллий ғояларни ифодаларди.

Бу асарлар халқни немис фашистларига қарши курашга илҳомлантириш учун, буюртма билан ёзилган бўлса ҳам, уларда мустамлакачиларга қарши курашган ўзимизнинг тарихий қаҳрамонлар кўрсатилган эди. Шунингдек, ўзини совет шоири деб танитишни севадиган Ғофур Ғулом шеърларида ҳам, менинг оғам рус, дея ҳайқирган Миртемир асарларида ҳам миллиятчилик унсурларини кўриш мумкин.

Ҳали-ҳали эсимда, 1970 йилда “Тирик сатрлар” деган бир китоб нашр этилди. Бу китобда Абдулҳамид Сулаймон Чўлпоннинг ҳам бир туркум шеърлари босилган эди. Китоб чиққандан сўнг тиражи мусодара қилинди. Китобга тартиб берган адабиётшунос домламиз Озод Шарафиддин жазоланди. Аммо китобнинг бир неча юз нусхаси босмахонаданми ёки нашриётданми Тошкентга тарқаб улгурганди. Биз, ёш талабалар, бу китобнинг номаълум соҳибларини роса ахтарган эдик. Ва, уларни топганимизда, бу китобнинг эгалари бизга энг омадли кишилар бўлиб кўринган эди.

Кейинчалик бу китобдан олинган кўчирмалар қўлёзма ҳолида барча зиёлилар орасида тарқалгани ҳаммага маълум.

Яъни, мавжуд тузум миллий ғояларнинг халқ орасида ёйилишига асло тўсиқ бўлолмас эди.

Академик Иброҳим Мўминов тарафидан “Темур тузуклари” китобига ёзилган сўзбоши, албатта-ки, миллий ғояларни ташир эди. Ҳамид Сулаймоновнинг изтироб тўла фаолиятлари, академиклар Ҳабиб Абдуллаев ва Восил Қобуловларнинг ўзбек зиёлисининг табиий фанлардаги ўрнини мустаҳкалаш учун кўрсатган фидокорликлари ёки тасвирий санъатда Чингиз Аҳмар ва унинг шогирдлари яратган асарлари -ҳаммаси ўзбек халқининг миллий мужодаласи эди.

Миллий туйғуни авайлаш, миллий урф-одатларни сақлаб қолишда динимизнинг роли ҳам бор. Баъзилар динни миллийликка қарши қўядилар, бу нотўғридир. Миллат Оллоҳу таоло яратган зумрадир, уммат эса, миллатларнинг диний биродарлик ичида жипслашувидир. Дин миллатни йўқ қилмайди, аксинча, уни йўқ бўлиб кетишдан асрайди.

IX-X асрларда ислом динини қабул қилишга улгурмаган жуда кўп турк қабилалари ўзининг турклигини йўқотган эдилар. Масалан, Хитой билан ёнма-ён яшаган турклар хитойликка айланди, Волга дарёси соҳилида яшаган турклар славян бўлиб кетишди. Бунинг акси ўлароқ, худди ўша ҳудудларда яшаган, аммо мусулмонликни қабул қилган турк қабилалари ўзларининг миллий кимликларини асраб қолди.

Бугун Хитой ҳудудида жойлашган Шарқий Туркистон аҳолиси – бошқирдлар ёки Кавказда яшаган болқор, қорачой, қумиқлар ҳам бу ҳақиқатнинг ифодасидир. Хуллас, миллий туйғунинг яшовчанлиги маълум даражада диний эътиқодга ҳам боғлиқдир.

Аммо миллий ғоя шаклланган консепт сифатида, асосан, ёзма адабиётда кўринди. Жадидлар ҳаракатидан кейин бу консепт режали равишда тарғиб қилинишдан тўхтаган бўлса ҳам, у стихияли яшашда давом этди.

Олтмишинчи йиллар ўзбек шеъриятида Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Чўлпон Эргаш, Рауф Парфи, Омон Матчон, Абдулла Шер каби ўнлаб шоирларнинг шу ғоя билан ийланган асарлари мавжуд. Улар бу ғояни баъзи коммунистик шиорларга қориштириб ёзишди, аммо шеърхон бу асарлардан ўзига керагини топиб олиш даражасида закий эди. Бу асарлар орасида энг машҳури Эркин Воҳиднинг етмишинчи йилларда ёзилган “Ўзбегим” шеъри бўлди. Янглишмасам, бу шеър юзасидан Эркин акани бир неча марта КГБга ҳам чақиришган эди.

Етмишинчи йилларда Тилак Жўра, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Сулаймон Раҳмон каби янги шоирлар чиқди. Уларнинг асарларида миллиятчилик руҳи янада бўртиброқ кўрина бошлади.

Бу руҳ ўзбек насрида ҳам аҳён-аҳёнда йилтиллаб турди. Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидаги бош қаҳрамон руслар билан бўлган жангда шаҳид бўлди. Ёки саксонинчи йилларда “Шарқ юлдузи” журналида босилган Мамадали Маҳмуднинг “Ўлмас қоялар” романи ёки Зоҳир Аъламнинг “Биринчи намоз” ҳикояси – ҳаммаси миллий туйғу билан суғорилган асарлар эди.

Миллиятчиликнинг қўпол кўриниши 1968 йил Тошкентда “Пахтакор” стадионида юз берди. “Пахтакор” бир рус гуруҳи билан ўйнар экан, томошабинлар бир зумда ўзбек ва русга айланди ва оммавий ур-йиқит бошланди. Бу воқеани тасодифий бир жанжал деб бўлмайди. Олтмишинчи йиллар Совет Иттифоқи ижтимоий ҳаётида нисбатан либерал бир ҳаво пайдо бўлган эди. Ва мустамлакада яшаётган халқлар анча жонланиб, бироз бўлсада эгик бошни кўтаришга мойиллик кўрсата бошлаган эдилар.

Олтмишинчи йилларни хотирлар экан, шоир Чўлпон Эргаш ўз дўстлари билан миллий руҳдаги варақаларни қайси йўл билан кўпайтириб, тарқатганликларини ҳикоя қиларди. Бу шоир етмишинчи йилларда ҳам ўзининг романтик хаёлларидан воз кечмаганди. У шундай дерди: “Мен бир куни кекса бир чол бўлсам-да, уйимга мустамлакачиларга қарши курашаётган эрксевар йигитлар келиб, мендан бошпана сўрашса, мен уларни яширсам”, дея орзу қиларди. Оллоҳга шукр, Чўлпон Эргаш кексаймасдан туриб, совет империяси қулади. Энди эрксевар йигитлар рус миршабларидан эмас, ўзбек миршабларидан қочиб юришибди.

Шунга ҳам шукр, бу кунларга етишдик.

Етмишинчи йилларда Совет Иттифоқининг ич сиёсати 60-йилларга нисбатан анча қаттиқланди. Хрушёв томонидан қораланган сталинчилик тамойиллари қайтадан жонлана бошлади.

Юзлаб либерал тушунчали рус зиёлилари қамоққа олинди ёки чет элга чиқариб юборилдилар. Уларга “ватан хоини” ёки “халқ душмани” тамғалари босилди. Бу “хоинлар”нинг ичида энг машҳурлари Солженитсин ва академик Сахаров эдилар. Бу воқеалар Русияда дисседентлик ҳаракатини бошлаб берди.

Дисседентлар таъқиқланган китобларни кўпайтириб тарқатар, қамоқдаги ҳур фикрли маҳбусларнинг аҳволи ва инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида дунёга хабар берардилар. Бундай бир ҳаракат Ўзбекистонда вужудга келмади. Буни ўзбек зиёлиларининг журъатсизлиги билан изоҳлаш нотўғри бўларди. Бунинг объектив тарихий сабаблари бор эди. Ўзбек зиёлиси учун биринчи планда аввалгидай миллий масалалар турарди. Унинг учун миллат ҳуррияти фикр ҳурриятидан, миллат ҳақ-ҳуқуқи инсон ҳақ-ҳуқуқларидан устун турарди. Чунки, ўзбек зиёлиси рус зиёлиси каби фақат тоталитар давлатдагина эмас, ҳам тоталитар, ҳам мустамлака қилинган бир давлатда яшар эди. Бу хусусият ҳақида ҳали батафсилроқ гаплашамиз.

Етмишинчи йиллар ўзбек адабиёти, хусусан, ўзбек шеърияти янги бир босқичга кирди. Публицистик, очиқ шакллар ўрнини мураккаб образлардан тўқилган паранжи шакллар олди. Бу ҳодисани ўша даврда шеъриятда метафоризм, деб атагандик. Метафоризм етмишинчи йиллар бошида кучайган сиёсий-ижтимоий тазйиққа қарши адабиёт тарафидан қўйилган ҳимоя қалқони эди. Адабиёт жонли ҳодисадир. У ҳамма замонларда ўз мавжудиятини асраган, чунки ҳар бир замон шароитида яшаш шаклларини топа билгандир. Шу маънода, 70-йиллар шеъриятининг ўзини ҳимоя қилиш қалқони метафоризм эди.

Метафора, яъни ташбеҳ, миллий ғояни соф адабий восита билан айтиш имкониятини кенгайтирди. Олтмишинчи йиллар адабиётига хос “қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит” усули ортиқ удумдан чиқа бошлади. Янги шеърият тўғридан-тўғри келинга қараб сўзлашни маъқул топди. Албатта, бу янги шеъриятнинг тилини тушуниш учун ўқувчидан маълум тайёргарлик талаб қилинар эди. Бундан андишаланган танқид бир ора шов-шув ҳам кўтарди. Лекин, кутилганидек, қийинчилик чиқмади, ўқувчи бу шеъриятни қабул қилиш учун тайёрлигини ҳаялламай кўрсатди.

Янги шеърият тезда оммавийлашди.

Саксонинчи йилларга келиб, бу шеъриятнинг метофористик қобиғи секин-аста чатнай бошлади. Чунки, ижтимоий-сиёсий ҳаётда бир чатнаш бор эди. 1985 йил январ ойида бир гуруҳ ёш шоирлар Ўзбекистон Марказий Қўмитаси котибининг аксилмиллий сиёсатидан норози бўлиб, Политбюрога мактуб ёзишди. Оқибатда мактуб ташкилотларининг китоблари чиқишдан тўхтатилди, ўзлари таъқиб остига олинди. Аммо муз эрий бошлаганди, 1985 йилнинг апрелида Совет Иттифоқининг янги раҳбари Горбачев тузумни қайта қуриш кераклигини эълон қилди. Шу даврдан бошлаб ўзбек адабиёти ўзининг пистирмасидан чиқди ва халққа тўғри йўналди. Юқорида айтганимиздек, миллий ғоя етмиш йил давомида, асосан, адабиётда яшаб келган эди ва энди биринчи миллий ҳаракатларнинг ёзувчилар уюшмасида пайдо бўлиши ҳам тасодифий эмас эди.

Ҳа, ёзувчилар “қайта қуриш” даврида сиёсатга бевосита аралашдилар. Мажозий шеърлар ўрнини долзарб мақолалар, роман ўрнини публисистика олди. Бу фаоллик баъзи давраларнинг ғашини келтира бошлади. “Ёзувчимисан, романингни ёз, пахта монокултурасини нима қиласан” ёки “шоирмисан, шеърингни ёз, сиёсат билан нима ишинг бор”, қабилида дашномлар янграй бошлади. Лекин ёзувчилар ўз миллати учун бир тарихий фурсат келганини ва бундан фойдаланмаслик, дашномлардан чўчиб жим туриш хиёнат эканлигини англаган эдилар. Қайта қуриш кампанияси ёзувчилар учун фикрдан ҳаракатга ўтиш имкониятини туғдирди. Бу ўтиш яшин тезлигида юз берди, чунки ўтиш учун тамал ҳозир эди. Бу тамал жадидлар адабиётидан тортиб, 70-йиллар метафористларигача бўлган узун муддатли миллий тарбия эди. Ёзувчилар уюшмасида тузилган илк сиёсий ташкилот “Бирлик”нинг асосчилари ўша тарбия билан қуролланган эди.

“Бирлик” том маънода миллий ҳаракат перспективаси билан қурилган эди. Ўша дарда Русияда пайдо бўлган сиёсий ташкилотлар демократия, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари каби шиорлар билан чиқдилар. Улар учун миллий мустақиллик ҳадаф бўлмаган ва бўлолмас ҳам эди. Чунки, Русия бошқа бир мамлакат мустамлакаси эмас, балки ўзи мустамлакачи давлат эди.

Бу нозик фарқни “Бирлик” халқ ҳаракати раҳбариятидаги баъзи коммунистлар вақтида англай олмади. Улар Москов муҳитини Ўзбекистонда ҳам яратиш мумкинлигига ишонар эдилар. Шу боис, улар Ўзбекистонни Совет Иттифоқи ичидагина демократияга эришиши мумкинлигини тарғиб қилишди. Бу тутум, албатта, московликларга маъқул келарди. Зотан, Русиядаги сиёсий спектрнинг соғ қаноти бўлмиш демократлар ҳам, сўл қаноти бўлмиш коммунистлар ва шовинистлар ҳам Совет Иттифоқининг бўлиниб кетишини истамас эдилар.

Мен бунга 1990 йил баҳорида Ёзувчилар Уюшмасига меҳмон бўлиб келган рус депутатлари Ковядяев ва Шабат билан бўлган суҳбатда яна бир карра амин бўлдим. Бугун ҳам Русиянинг Чеченистонга нисбатан юргизаётган сиёсати бошида қайта қуриш йилларининг демократи Сергей Шахрай каби шахслар турибди. Бу шахслар Русиядаги рус бўлмаган элатлар келажагини доим буюк давлатчилик позитсиясидан туриб баҳолаган ва баҳолаяпти. Буюк давлатчилик ғояси рус демократлари билан рус шовинистларини бирлаштирадиган муҳим ва эътибордан қочирмаслик керак бўлган нуқтадир. Лекин 88-89 йилларда Русиядаги сиёсий ҳаракатларнинг бу ўзига хос хусусиятини кўпчилик илғаб олмади.

Жумҳуриятлардаги сиёсий гуруҳлар Москов демократларига тақлид эта бошладилар. Аммо бу тақлид узоқ давом этмади. Бу тақлиддан биринчи бўлиб Болтиқбўйи сиёсий ҳаракатлари воз кечди ва ўз ўлкаларининг мустақиллиги учун фаолиятга ўтдилар.

Ўзбекистонда ҳам мустақиллик ғояси биринчи планга чиқди, аммо, юқорида айтганимиздек, “Бирлик” коммунистлари бу ғояни қабул қилишга тайёр эмасдилар. Ҳатто бир сафар “Бирлик”нинг мажлисида битта русни чақиришиб, унинг тили билан “Бирлик”ни миллатчилар эгаллаб олмоқчи”, дея дод-вой солдилар. Бу воқеадан сўнг миллий даъво тарафдорлари “Бирлик” ҳаракатидан айрилиб, “Эрк” партиясини тузишди. Бу партиянинг програм ҳужжатида миллий мустақиллик ғояси илк бор очиқ ўртага қўйилди.

1990 йил 20 июнда эса, “Эрк” партияси ташаббуси билан Ўзбекистон Парламенти Ўзбекистоннинг “Мустақиллик Декларацияси”ни қабул қилди. Бу ҳодиса, авваламбор, ўзбек халқининг, қолаверса, ўзбек миллиятчиларининг муҳим ғалабаси эди. Бугун Ўзбекистондаги ҳокимият бу ғалабани камситиб кўрсатишга уринса ҳам, унинг аҳамиятини камайтира олмайди.

Вақт келади, бу воқеа тарих томонидан одил баҳоланажакдир. Чунки бу ғалаба, тепадан ҳадя қилинмаган ва бевосита халқнинг ўз иродаси билан эришилган ғалабаси эди.

1995. Август.

(давоми бор)