Кўзларимда товланма, очун…

Кўзларимда товланма, очун…
58 views
02 February 2017 - 7:00

Бек Мурод

Йиллар азоби

Тўқсонинчи йиллар шеърияти

Очун

Кўзларимда товланма, очун,
Жодулама, дилни бу қадар.
Мен биламан, сени инчинун,
Юзинг кулар, ичингда кадар.

Неча ботирларнинг бошини,
Қумга кўмган фоҳиша, тулсан.
Подшоларнинг тўкиб, ёшини,
Элантирган, бераҳм қулсан.

Бойқарога нозланган малак –
Оғу тутдинг, бода деб ногоҳ.
Тескарига айланди, фалак,
Мўминмирзо, бўғизланди, воҳ.

Насимийни оздириб йўлдан,
Товонидан дарё этдинг, қон,
Ғозлар учди, ишқнинг кўлидан,
Эшкакларсиз, қалқиди имон.

Фош этиб сўнг Мансур ҳолини,
Мўминларга айладинг, бадном.
Ол алвондек тўкиб қонини,
Қонга ёздинг, тўқсон тўққиз ном.

Толстойни юз йил аврадинг,
Бу дунёда, дея бахтни, нақд.
Мужда берди, қайтиб, овладинг,
Жилвасини, кўрсатганда Ҳақ.

Чингиз каби қонхўр дастида,
Мусулмонни этдинг, хор беҳад.
Яратган ҳам недир, қасдида,
Мазлумларга бермади мадад.

Шоҳ Машрабнинг оёқларидан,
Ечиб олдинг, чориқларини.
Сўнгра, тахтга ўтқаздинг бирдан,
У бутлади, ёриқларини.

“Осинг”, дея шоҳ этди ҳукм,
Ёлғондакам, сиёсат учун.
Вазирлари эди жуда шум,
Ўтказмадинг, имконни очун.

Тонгда туриб Маҳмуд Қатағон,
Шоҳ Машрабнинг билди, ўлганин.
Юрагига жойлаб, пушаймон,
Гум айладинг, уни ҳам ботин.

Улуғбекнинг олтин бошини,
Кўк қаъридан, уздирдинг, юлдуз.
Ўз ўғлининг зангли қиличи,
Ота бошин қонга қорди юз.

Кўзларимда товланма, очун,
Жодулама, дилни бу қадар.
Мен биламан, сени инчинун,
Юзинг кулар, ичингда кадар.

Мени ҳам тинч қўймайсан, ҳеч чоқ,
Фикри-ёдинг тузоқ ҳамиша.
Қўлларингда бор эгри ўроқ,
Қонли бошлар, сенга бир пеша.

* * *

(давоми бор)