Эрон шоҳи Хисравга юборилган нома

Эрон шоҳи Хисравга юборилган нома
226 views
02 February 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 140

(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

ЭРОН ШОҲИ ХИСРАВГА ЮБОРИЛГАН НОМА

Эрон подшоси Хисравга қуйидаги нома ёзилмишдир:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Мин Муҳаммадин расулиллоҳи ила Кисро азийми Форс. Саломун ала манит-табаъал худа. Ва амана биллаҳи ва расулиҳи ва шаҳида анла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу ва Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу, адъука бидиаятиллаҳи, Фаинний ана расулуллоҳи илан носи каффатан лиунзира ман кана ҳайян ва яҳиққул қовлу алал кафирийна. Аслим таслам, Фаин абайта фаалайка исмул мажуси айиллазина ҳум атбаъукум».

Маъноси: «Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Форс улуғи Кисрога. Ҳақ йўлини қабул қилиб, Аллоҳга ва пайғамбарига иймон келтирган кишига салом. Сени Аллоҳнинг чақириғи Ислом динига чақирурман. Бутун инсонларга Тангри томонидан юборилган ҳақ пайғамбардурман. Аллоҳнинг азоби кофирларга бўлур. Ислом динини қабул қил, саломат қолурсан. Агар қабул қилмас эрсанг, бутун форс халқининг гуноҳини кўтарурсан».

Бу номани Кисрога (Хисравга) етказмоқни Абдуллоҳ ибн Ҳузайфага топширдилар. Бу киши подшонинг пойтахтига келтириб, номани Хисравга топшурдилар. Уни ўқитиб эшитмоқчи бўлди. Қараса нома бошига «Расулуллоҳ» сўзи ёзилмиш экан. Буни кўргач, унинг ғазаби қўзғалиб: «Араб қулларидан чиққан бир киши нечук ўз номини менинг номимдан илгари келтиргай?!» деб, номани парча-парча қилди. Бу номани элтган Абдуллоҳ ибн Ҳузайфани подшо саройидан ҳайдаб чиқаздилар. У киши эрса бу адабсизликни кўриб, саройдан чиқиши билан туяларига миниб йўлга тушди.

Хисравнинг ғазаби босилгандан сўнгра қилган ишига пушаймон бўлиб, Абдуллоҳни топиб келтирмакка буюрди. Лекин уни ҳеч жойдан тополмадилар.

Абдуллоҳ Мадинага саломат келиб, бўлган воқеани Расулуллоҳга етказди. Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: — «Хисрав ўз подшоҳлигини йиртмушдир», дедилар.

Яна бу қилган адабсизлигига қаноат қилмасдан, ўзига қарашлик Яман волийи Малик Бозонга буйруқ хат ёзди. У вақтда Яман ўлкаси ҳам Эрон подшосига қарар эди. Хат мазмуни қуйидагичадур:

«Бозонга маълум бўлгайки, Маккада Қурайш қабиласидан бир киши пайғамбарлик даъвосини қилиб чиқмишдур. Сен унинг устига аскар билан бориб, уни бу сўздан қайтиб тавба қилмоққа таклиф қил. Таклифингни қабул қилса кўп яхши, қабул қилмас эрса, бошини кесиб келтир ёки ўзини боғлаб бу ерга келтир. Ул менинг қулим бўлатуриб, ўз ўрнини танимай, адабсизлик билан менга хат ёзмишдур».

Бу буйруқ Бозонга етгач, хат келтирган Хисрав элчисига ўз яқинларидан икки кишини қўшиб Расулуллоҳга юборди. Булар Ямандан чиқиб Макка яқинида Тойиф шаҳрига келдилар. У ердин англашиб, Мадинага келишди. Расулуллоҳ билан кўришгандан сўнгра:

— Подшолар подшоси Хисрав Парвиз Яман подшоси Малик Бозонга сени юборсин деб буйруқ бермишдур. Малик Бозон эрса сени подшо олдига элтмак учун бизни юборди. Агар қаршилик қилсанг ўзинг ҳалок бўлурсан ва қавмингни ҳалок қилурсан, устингга кучлик қўшинлар юбориб, эл-юртинг оёқ остида қолиб бутунлай хароб бўлур, — дедилар.

Бу кишилар Эрон одатича соқолларини қирдирган, мурутларини шопдек ўстирган кишилар эди. Расулуллоҳ буларни шундай қиёфада кўриб жиркандилар.

Сўнгра алардан:

— Вой, сизларга ким бу ишни қилмоққа буюрди?»— деб сўрадилар. Алар:

— Бизни Раббимиз буюрди, — дейишдилар. Подшоҳимиз дейиш ўрнига ани раббимиз деб атадилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Сизларнинг раббингиз шу ишга буюрмиш эрса, лекин менинг Раббим соқолимни қўйишга, мурутимни олишга буюрмишдир. Энди бу кунча қайтинглар, эртага келиб мендан жавоб олинглар, — деб аларни қайтардилар.

Эртаси куни Расулуллоҳ қошига қайтиб келдилар эрса, аларга:

— Аллоҳдан менга ваҳий келди. Менинг Раббим сизларнинг раббингларни фалон ой, фалон кечада ўлдирмоқчи бўлди, — дедилар.

Сўнгра шу мазмунда Яман волийси Малик Бозонга хат ёзиб бердилар. Хатни олиб элчилар Малик Бозон ҳузурига келишди. Хатни ўқиб кўриб, ундаги хабарни билгач, Малик Бозон:

— Агар бу киши аниқ пайғамбар бўлса, бу айтган хабари албатта тўғри чиққай. Йўқ эрса унинг чорасини кўргаймиз, — деб Эрон хабарини кутиб турди.

Кўп ўтмай, Эрондан хат келди. Нақ Расулуллоҳ айтган ой, кунларда Хисрав подшо ўғли Шервия тарафидан ўлдирилмиш эди. Хатнинг мазмуни шундай эди:

«Малик Бозонга маълум бўлгайки, отам Хисравни давлат арбоблари маслаҳати билан ўлдирдим. Чунки форс халқини жонидан тўйғазди, бошчиларини ўлдирди, аларнинг яхшилари тарқалиб ҳар ёққа қочдилар. Бу хатни олишинг билан ўз халқингдан мен учун байъат олурсан. Пайғамбарлик даъвосини қилиб чиққан киши ҳақида Хисрав сенга буйруқ бермиш эди. Мендан хат боргунча уни ўрнидан қўзғатма».

Бу мўжизани кўриб Малик Бозон бутун оиласи билан ва аркон давлатлари билан ғойибона иймон келтириб, Расулуллоҳга элчи юборди. Пайғамбаримиз айтганларидек, Эрон давлати Ҳазрати Умар замонларида мунқариз бўлди. Аларнинг мол-дунё, хазиналарига, бутун мамлакатларига мусулмонлар эга бўлдилар.

(давоми бор)