Жилов кимнинг қўлида?

Жилов кимнинг қўлида?
35 views
02 February 2017 - 0:18

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?”
(Биринчи мақола)

ЖИЛОВ КИМНИНГ ҚЎЛИДА?

Бугун Ўзбекистондаги вазиятни четдан туриб кузатган киши бу давлатнинг эгаси бор, уни кимдир, яъни президент бошкараяпти, деб ўйлаши шубҳасиз. Аслида ҳам шундайми? Афсуски, ундай эмас. Чунки менинг бошимдан ўтган воқеа-ҳодисалар натижасида ҳокимият тизимида фош бўлган баъзи бир ҳолатлар буни ҳар жиҳатдан тасдиқлайди. Сабаби мен ва оиламга нисбатан 2012 йилдан бошланган таъқиб ва тазйиқлар доирасининг янада кучайиб ва кенгайиб бориши боис ушбу ҳатти-ҳаракатларни ўрганишларини сўраб адолатни юзага чиқариш мақсадида қилган шикоятларимдан бирон-бир жўяли натижа бўлмагандан сўнг шундай хулосага келдим ва бу хусусда алоҳида кейинги чиқишларимда батафсил тўхталаман.

Айниқса, бугунги кунда президент Ислом Каримов томонидан ишониб юқори лавозимга тайинланган мансабдор шахсларнинг жамиятда кейинги вақтларда пайдо бўлган баъзи бир пулдор-қаллобларнинг, яъни ноқонуний, жиноий йўл билан бойиб ўзича ўзини “тадбиркорман” деб юрган кимсаларнинг қўлида қўғирчоққа айланиб қолганлиги бутун бир жамиятни таназзулга юз тутишига сабаб бўлаяпти, десак асло муболага бўлмайди. Бунга жуда кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Энг ёмони ва унинг хавфли томони бу каби бошбошдоқликлар ижтимоий-сиёсий ҳаётда адолатсизликнинг илдиз отиши ва борган сари шу аснода мавжуд вазиятнинг мавҳумлашиши-кескинлашишга туртки бўлмокда.

Энди бу борадаги фикримизни тасдиқлаши мумкин бўлган аниқ-тиниқ деталларга таянилган далилларга мурожаат қиламиз.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Ходжаевнинг  ушбу лавозимга тайинланиши биланоқ бу йўсинда у дарҳол узининг мустақил фикри ва дунёқарашига эга бўлган, ўз ҳак-ҳуқуқини талаб қиладиган журналистлар ва умуман, ана шундай ходимларга қаратилган таъқиб-тазйиқи, ҳатто, айтиш мумкинки,  даҳшатли террорининг бир қисми сифатида намоён бўлган ҳатти-ҳаракатлар 2013 йилда бутунлай бир бошқача қиёфада бўй кўрсата бошлади. Яъни миллий телрадиокомпаниянинг режим ва хавфсизлик хизмати орқали шу тизимда ишлаётганларни ёллаш ҳамда уларга берилган махсус топшириқ асносида юқорида таъкидлаганимиздек, ўз кўз-қарашлари, хусусан, танқидий нуқтаи-назарига эга бўлганларга нисбатан турли фитна-ю, буҳтонларни уюштиришнинг янгича усулига ўтилди. Кимгадир бу усул танишдай, эскича бўлиб туюлиши мумкин.

Лекин нима бўлганда ҳам журналистни журналистга қарши ёллаш ва ёлланган шахснинг овоз ёзиш ускуналари билан таъминланган ҳолда фаолият олиб бориш вазифаси юкланганлиги ва энг қизиги, бу кимсанинг аёл киши эканлиги ажабланарлидир. Чунки, у бир эмас, балки биратўла икки нафар журналистга нисбатан айни шу йуналишда иш олиб борган.  Унинг бу борадаги  уринишлари, қилмишлари бирма-бир фош бўлиб колишига қарамасдан ва бундан телерадиокомпания раҳбари шахсан А.Ходжаевнинг хабардор бўлатуриб унга нисбатан ҳеч қандай реакция қилинмаганлигининг ўзи бу каби ҳаракатнинг  ортида шахсан раиснинг ўзи турганлиги ва бу амалиёт бевосита у томонидан уюштирилганлигига жиддий ишора ва буни руй-рост тасдиқлайдиган яққол далилдир. Ҳозир асосий гап бу хақда эмас. Энг муҳим жиҳат, яъни гап шундаки, фош этилиши билан кўлга киритилган аудиоёзувларнинг маъно-мазмунида эканлигига асосий диққатингизни қаратмоқчимиз.

Яна шунга алоҳида урғу бериш жоизки, ушбу ёзувларнинг барчаси “Ўзбкистон” телерадиоканалининг радиодаги мухбирлар тармоғининг монтажхонасидан топилганлиги ва унда жуда кўплаб кишиларнинг овозлари ёзиб олинганлиги хамда унинг давлатга қарашли компаниянинг ўзидаги компьютерлардан чиққанлиги ҳам ҳар қандай кишини янада сергаклантиради.

Албатта, сиз ушбу ёзувнинг ким томонидан не машаккатлар-у, не устамонликлар билан диктафонга туширилганлиги билан жуда ҳам қизиқишингиз табиий. Бу борадаги фаолиятнинг ҳадисини олган ва буюртмани кўнгилдагидек, бекаму-кўст бажарган ҳамда бу каби кенг миқёсли амалиёти билан республикада танилган шахс бу “Ўзбекистон” телерадиоканалининг радиодаги Қорақалпогистон ва вилоятлар мухбирлар тармоғининг масъул ходимларидан бири Собира Бўлдиевадир. Бу хоним шу борадаги севимли машғулотида нафақат компания раиси Алишер Ходжаевнинг буюртмасини бажаради, балки ундан ташқари, мустақил равишда ўзининг оиласи, опа-сингилллари, бутун қариндош-уруғлари билан ҳам бўлиб ўтган суҳбат-мулоқотларни ёзмасдан туролмайди. Айниқса, ўзининг айтиши ва билдиришича, ўта бой-пулдор, миллиардер-катта акаси Бўлдиев Мустафони “чув” тушириш учун уни ҳар бир сўзининг бир мисқолини ҳам қолдирмасдан овоз ёзиш ускунасига туширади.

Энди асосий масаладан чалғимасакда, Бўлдиева Собиранинг турмуш ўртоги Рўзиев Сулаймон билан биргаликда акаси Бўлдиев Мустафонинг уйида бўлиб ўтган ўзаро суҳбат ёзиб олинган биздаги мавжуд 5310475 рақамли ёзувни тинглаган хар қандай инсон “ўзбекистон дея номланган давлатни ким бошкараяпти ўзи, бу юртнинг эгаси борми-йўқми” деган фикрга ҳеч иккиланмасдан бориши шубҳасиздир. Сабаби, Собиранинг акаси Мустафонинг баралла ва ишонч билан айтган сўзларига қараганда, у Ўзбекистонда “любой” ишни қила олиш қудратига эга. У хоҳласа тўғри кетаётган ишни бутунлай тескарисига айлантириб юбориши мумкин экан. Унга мамлакат ичкарисида ҳар кандай ишни “аъло” даражада бажара олиш ҳеч қандай муаммо эмас. Истаган одамининг тақдирини истаган томонига, яъни хоҳ яхши, хоҳ ёмон томонга, албатта, ҳуқуқ-тартибот органлари ёрдамида буриб юбориш унинг учун чўт эмас. Агар ҳақиқатдан ҳам бойликлар ҳалол йўл, машаққатли меҳнат, пешона тери билан топилганида эди, бунчалик даражада катта гапирмаган бўларди.

Чунки, Бўлдиев Мустафо ушбу ёзиб олинган суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Қодиров Рашитжон Ҳамидовичга унинг одамлари орқали қанча миқдордаги доллар-пора берганлиги ва улар билан қанақанги ишларни олиб бориши, икки марта судланган куёви Неъматов Улуғбекни терговдаги ишини қанақанги йўллар билан тинчитганлиги, Тошкент шаҳрининг собиқ прокурори Мелис Наимов билан ўттиз минг долларлик қанақанги “сделка”ларни амалга оширганлиги, Республика Миллий Хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг Тошкент шахар прокурорининг биринчи ўринбосари Мираълам Мирзаев билан қай даражадаги қариндошчилик ришталари мавжудлиги хамда уларнинг кимлар билан алоқалари борлиги, бундан ташкари, унинг йўлига тўғаноқ бўлишга уринган бухоролик Рўзиев Анварни ва Бафоқулнинг укаси Исоқулни қай аҳволга солганлиги ва ҳаттоки, унинг Украина мафияси билан ҳам қанчалик алоқага эга эканлиги ва шунинг учун ҳам унинг қўлидан жуда кўплаб ишлар келишини мароқ билан гапириб бериши мамлакатни кимлар бошқараяпти, деган катта саволни ўз-ўзидан ўртага ташлайди. Хўш, шундай экан, бугун мамлакатни ким, кимлар бошқараяпти? “Любой” иш қўлидан келадиган ва бу борада ўзининг пулига ишониб юрган, қандайдир мафиялар билан алоқам бор дея, мақтаниб юрган Бўлдиев Мустафога ўхшаганларми? Ёки президент ишониб қўйган ва ҳар қандай ишни тескарисига айлантириб юборадиган баъзи пулдор-қаллобларнинг қўлида қўғирчоққа айланиб улгурган мансабдор шахсларми?

Бу ҳақдаги барча материаллар факт-далил-дисклар билан Ўзбекистон Республикаси Президентига, миллий хавфсизлик кенгашига, бош вазирга, бош прокурорга, миллий хавфсизлик хизмати раисига, ички ишлар вазирига юборилган. Бироқ бирон-бир жўяли жавоб ҳам, реакция ҳам бўлган эмас. Фақат қайсидир инстанцияга юборилганлиги хусусидаги икки қатордан иборат жавоб хатидан бошқа ҳеч вақо йўқ. Тегишли идораларга юборилган хатларнинг деярли барчаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисига келиб тушган. Худди шу ҳолатнинг ўзи мамлакатда коррупцион доиранинг нақадар кенгайганлиги ва унинг ҳаддан ташқари чуқур илдиз отганлигининг кўрсаткичи ҳамда далолатидир.

16.01.2014 йил.

(давоми бор)