Ҳалоллик ҳақида

Ҳалоллик ҳақида
86 views
03 February 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(37)

ҲАЛОЛЛИК ҲАҚИДА

Бугун Ўзбекистонда оддий фуқаронинг яшаш фалсафаси тахминан шундай: “Ҳалоллик бизнинг жамиятимизда қорин тўйғазмайди. Ҳалол одамларга боқинг, ҳаммаси қашшоқ. Менга ҳалолликни тарғиб қилиб, бошимни оғритманг”, дейди у.

Бу тушунча порахўр каззобнинг эмас, 300 сўм маош билан рўзғорини зўрға тебратаётган оддий одамнинг тушунчаси. Бу одам ўзи ҳалол бўлиши мумкин, аммо ҳалолликни оддий бир фазилат сифатида тушунмайди. Тушунмак у ёқда турсин, ҳалоллик одамга зарар келтириши мумкин, деб ўйлайди.

Коммунистик тузум ва унинг сарқити бўлган Ўзбекистон режими бизнинг инсонларинимизни шу аҳволга олиб келди.

Ҳадиси шарифда айтилишича Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Одамлардан тўғрилик ва ҳалоллик талаб қилишдан олдин, тўғри ва ҳалол жамият қуриш лозим” деган эканлар.

Бундай жамиятни биз ҳам қура оламизми? Бу савол Ўзбекистондаги сиёсий мухолифатнинг асосий саволидир. Мухолифат Ўзбекистонда адолатнинг тантанасини кўрмоқ истайди. Сиёсий тузум юксак ахлоқ ва маънавият тамалига қурилишини истайди.

Ўзбекистон ҳукумати беш йилдан бери халқнинг қорнини тўйғазиш кераклигини уқтирмоқда ва ҳеч тўйдира олмаяпти.

Ҳукумат иқтисодий ислоҳотлар ҳақида тинмай ваъз ўқимоқда, аммо ислоҳотдан асар ҳам йўқ. Бунинг сабаби нимада?

Бунинг сабабини ахлоқсиз ва маънавиятсиз тузумдан ахтармоқ лозим. Ўзи ўғри бўлган раҳбар қўл остида ишлайдиган маъмурга тўғриликни ўргата олмайди. Балиқ бошдан чирийди, деган гап бор.

Ўзбекистондаги мавжуд система бошдан чиригандир. Бу системада порахўрлик нормал яшаш шаклига, коррупсия ва маҳаллийчилик эса, давлат сиёсатига айлангандир. Бу сиёсатни олиб бораётган ҳукумат мухолифатни, “Эрк” Демократик партиясини ноқонуний йўллар билан топилган маблағ билан газета чиқармоқда, деб айблаяпти. “Эрк” партиясининг марказий газетини ҳам шу айбнома билан ёпди.

Мен “Эрк” партиясининг раиси сифатида шуни айтаман: “Эрк” партияси халқнинг иродаси билан тузилган партия ва шу кунгача оёқда туриб, курашаётган бўлса, газетасини чиқариб, ўз ғояларини тарқатаётган бўлса, яна ўша халқнинг ёрдами – партия хайрихоҳларининг кўмаги билан қилаяпти. Ҳукуматдан фарқли ўлароқ, “Эрк” партиясида порахўрлар йўқ, юлғичлар йўқ, халқнинг мулкини талон-тарож қилаётганлар йўқ.

Аксинча, “Эрк”чиларнинг ҳалол қозонган мулкларини ҳукумат мусодара этди. Хусусий мулкини ҳам, партия мулкини ҳам. Бу ҳукуматнинг ҳалоллик ҳақида, қонуний йўл билан пул топиш ҳақида гапиришга заррача маънавий ҳаққи йўқдир.

Советлар замонида Ўзбекистонда бир ўрта қатлам бор эди. Бу қатлам асосан зиёлилар, давлат маъмурларидан ташкил топган эди. Бугун бу қатлам ғойиб бўлди, ўрнида янги икки гуруҳ пайдо бўлди. Биринчиси давлат номенклатурасига оид бир ҳовуч тўралар ва уларнинг ёрдамида бизнес қилаётган бир ҳовуч бойваччалар. Бу гуруҳ ҳақиқатан бой, улар миллионлаб сўм эмас, миллионлаб долларларнинг соҳибларидирлар. Улар бу сарватни манглай тери билан эмас, давлат бойлигини сотишдаги махинатсиялар билан қўлга киритганлар.

Иккиинчи гуруҳга келсак, бу энг катта гуруҳдир. Бу гуруҳ қашшоқлар гуруҳидир. Қашшоқлар лашкари, йўқсиллар ўрдуси.

Йўқ, ўрду ҳам эмас, бу – бутун бир халқдир. Бу халқ ўзи етиштираётган пахта дунёга энг юксак баҳода сотилаётганини билмайди. Бу халқ Лондон биржасида ўзбек пахтасига қўйилган нархни ҳам ёки унинг Японияда қанчага сотилишидан ҳам хабари йўқ. У ўзи олаётган беш-олти доллар миқдоридаги маош билан зўрға кун кечиради. Ва бу олти доллар бор-йўғи уч кило пахта толасининг қиймати эканини айтсанг, ишонмайди. Ишонолмайди, чунки ўзбекнинг йилда бир ярим миллион тонналик пахта толасидан келадиган даромад -миллиардлар унинг ақлига сиғмайди. Ва бу миллиардлар қаерга кетаётганини ўйлашдан ҳам қўрқади.

Лекин буни ўйлайдиганлар, ўйлашдан қўрқмайдиганлар бор. Улар – умрида пахта даласига йўли тушмаган, аммо пахтани қандай сотишни биладиганлар. Уларнинг бу сотиш санъати билан қозонган пулига Ўзбекистоннинг битта вилояти аҳолисини бир йил боқса бўлади. Бу кимсалар Ўзбекистондаги сиёсий режимнинг устунларидир. Бу режимни ҳимоя қилаётган гуруҳ ўшалардир.

Баъзан, ҳукумат бир-иккита кичик колибрдаги порахўрни тутиб жазолайди, униинг жазоланганини халққа эълон қилади, буни хўжакўрсин учун қилади. Лекин “устунлар”га тегмайди. “Устунлар” тузум учун ҳаёт-мамот масаласидир.

Нормал жамиятда порахўрлик ва коррупсия иқтисодиётга катта зарба беради, уни бўҳронга олиб келади. Бизнинг жамиятда эса, порахўрлик ва коррупсия иқтисодиётни чалажон бўлса ҳам юритиб турган ягона фактордир. Бу парадоксми? Йўқ, парадокс эмас, чунки, порахўрлик ва коррупсия фактори бизнинг иқтисодимизни аллақачон чўктириб бўлган. Ва майдонда фақат ўзи қолган. Яъни, бутун иқтисодий муносабатлар порахўрлик ва коррупсия асосига қурилгандир. Ҳатто бугун Ўзбекистонни мақтаётган баъзи чет эллик бизнесменлар ҳам бу системани ўзлаштириб олганлар. Улар ўзбек халқининг мулкини ерли юлғичлар билан биргалашиб баҳам кўраяптилар ва албатта, “еган оғиз уялади” дегандек, мавжуд режимга мадҳ ўқимоқдалар.

Шубҳасиз, бу бизнеменлар аввалига қонун ва қоидаларга кўра ҳаракат қилишган, аммо ишлари юришмаган. Порахўрлик ва коррупсиянинг ягона қонун эканини кўрганлар ва бу системани қабул қилишга мажбур бўлишган. Лекин бу мажбурлик уларни оқлаш учун хизмат қилмаслиги керак. Чунки бу одамларнинг юртимизда олиб бораётган фаолияти халқимизга эмас, унинг танасига зулукдай ёпишиб олган каззобларга хизмат қилаяпти.

1995. Сентябр.

(давоми бор)