Президентга берилган савол

Президентга берилган савол
14 views
03 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(иккинчи мақола)

ПРЕЗИДЕНТГА БЕРИЛГАН САВОЛ

Худди кечагидек эсимда. 1998 йил 26 декабрь куни соат 10.00 да бошланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг олтинчи сессиясида одатдагидек Президент маъруза қилиб бўлгач журналистлар билан учрашди. Ўша журналистлар орасида мен ҳам бор эдим. Касбий фаолиятим ва ҳаётий кузатувларимга кўра анчадан буён кўнглимга тугиб юрган бир қаламкаш сифатида шахсан мени ва менга ўхшаган юрагида қоим бўлиб турган, ич-ичимизни кемираётган хақли бир саволнинг жавобини шахсан юртбошининг ўзидан эшитиш иштиёқи менга тинчлик бермасди. Очиғи, қачонлардир учрашиб қолсам албатта, президентга шу саволни бераман, деб айтганимда аксарият устозларимиз бу фикримдан қайтаришга уринишган, бу ҳаётим учун хавфли эканлигини бот-бот уқтиришганди. Шунга карамай, менинг қайсар кўнглим бу насиҳатларга қулоқ солмади. Гўё Тангрим ичимга ўзининг ҳақиқат деб аталмиш нуридан бир парча ташлаб кўйгану, мен шу ўтнинг алангасида лов-лов ёнардим. Ҳақиқат, адолат мен учун ҳамма нарсадан-дўстларимнинг ўтинчи-ю устозларимнинг насиҳатларидан ҳам, ҳатто ҳаётимдан ҳам азизроқ ва улуғроқ бир тушунча эди. Менинг ҳақиқат ҳақидаги бу тушунчамни йиллар давомида ҳеч ким ва ҳеч нарса ўзгартиролмади, илло ўзгартиролмайди ҳам. Ана шундай қатъият ва шижоат билан президентга юзландим ва юрагимни ёққан ўша саволни бердим:

-Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич сиз халқ депутатлари Навоий ва айникса, Самарканд вилояти сессиясида “Эй, журналистлар сизлар нима учун ҳақиқатни ёзмайсизлар? Ҳақиқатни ёзишларинг учун сизларга ким халақит бераяпти, ким тазйиқ кўрсатаяпти, айтинглар менга” дегандингиз. Телевизорда буни кузата туриб, тўлқинланиб кетдим ва “Эҳ, қанийди, ҳозир ўша ерда мен бўлсайдим, мана шу саволни берардим” деган фикр хаёлимдан ўтганди. Ниятим холис эканки, бугун шунга имкон туғилди. Ислом Абдуғаниевич, мана радионинг Самарканд вилояти бўйича мухбири Шоди Мардиев, “Халқ сўзи” газетасининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири Пўлат Гадоевлар айнан сиз айтгандек ҳақиқатни ёзгани учун, ҳуқуқ-тартибот органларидаги камчилик, кирдикорларни фош қилгани учун ҳам айни дамда бу икки кекса журналист қамоқхонада ётибди. Шундай экан, биз ёшлар қандай қилиб ҳақиқатни, ёзишимиз мумкин? ”

Саволимга Президент шундай жавоб берганди:

-Аввало савол учун раҳмат! Энди кечаётган жараёнларни кузатадиган бўлсак, ҳозир турли тизимлар ўртасида ўзаро  кураш кетаяпти. Бунга табиий жараён деб караш керак. Сиз журналистик суриштирув ишларини олиб боринг, батафсил, яхшилаб ўрганинг ва уни менга юборинг. Албатта, мен ушбу хатни оламан. Шуни алоҳида айтишим керакки, журналистларни химоя қилиш билан бевосита боғлиқ қонун шахсан менинг ташаббусим билан қабул қилинган. Бу сизларнинг ортларингда мен турибман, сизларнинг ҳимоячиларингиз мана мен, яъни президент  деганидир. Шунинг учун қўрқмаслик керак.

Мен Президентнинг ана шу гапларига қаттиқ ишондим. Ўз касбий фаолиятим давомида жамиятимиздаги мавжуд катта-ю кичик муаммоларни бартараф этиш йўлида қўлимдан келганча курашдим. Бу йўлда бир журналистнинг кучи, билими, имконияти, ваколати ҳамда сабр-бардоши нимагаки етарли бўлса, бари-барини ишга солдим. Албатта, бу курашлар осон кечганича йўқ. Бунга жавобан менга ва оиламга нисбатан қилинган таъқибу тазйиқлар кун, ҳафта, ою йиллар сайин кучайса кучайиб бордики, бир дам тўхтагани йўқ. Алалоқибат менга нисбатан ҳеч қандай асосга эга бўлмаган туҳматлар уюштирилиб жиноий иш очилишигача бориб етди. Албатта, бундан кўзда тутилган мақсад мени узоқ муддатга панжара ортига ташлаб, ўша ернинг ўзида “тинчитиш”, шу йўл билан яна бир мустақил фикрли, танқидий кўз-қарашга эга бўлган журналистдан қутулиш бўлганлиги ўз-ўзидан ойдинлашиб қолди. “Ойдинлашиб қолди” деган иборани ишлатишимда ҳам етарлича асос бор. Каминага нисбатан қўлланилган қатор-қатор фитна санъати, туҳмат, иғво-бўҳтон “сценарий”ларини кейинги мақолаларимда ёритмокчиман.

Хозир эса мавзудан чалғимайлик-да, яна президентга берилган ўша саволга қайтайлик. Одатда журналистлар томонидан президентга бериладиган саволлар раҳбарият, махсус идоралар томонидан тайёрланиб, келишилиб қўйиларкан. Менинг бу анъанадан бехабар ҳолда  ташлаган саволим кўпчилик учун (эҳтимолки президентнинг ўзи учун ҳам) кутилмаган ҳол бўлди. Кимларнидир шошириб, кимларнидир эсанкиратиб, кимларнидир ҳовлиқтириб, ҳаттоки, баъзи бир раҳбарларимизнинг лабларига учуқ ҳам тошириб қўйди. Ўша дақиқадан бошлаб ҳурматли ҳамкасбларимизнинг аксарияти ўзини мендан олиб қоча бошлашди. “Тамом энди бу йигитни қамашади, йўқ қилишади. У эртасини ўйламай қалтис савол бериб қўйди, ўзига-ўзи жабр қилди, ҳей аттанг !…”деган шов-шувлару миш-мишлар анча пайтгача босилмади.

Хуллас, тасмага туширилган овозли ёзувни эфирга бериш мақсадида бош муҳарриримиз Мухтор Муродов билан маслаҳатлашиб турган вақтимизда телерадиокомпаниянинг ходимларидан бири – “чопар” Ғофур Жамолов ҳовлиқиб хонага кириб келди ва президентга берилган савол эфирга кетмаслиги хусусида “тепа”дан топшириқ олганлигини хабар килди. Шундай қилиб ўша “тасодифий” савол “тасодифан” эфирдан олиб ташланди. Бироқ, эфир юзини кўрмай қолган ўша савол-жавоб магнит тасмасига туширилган ҳолида ҳанузгача менинг шахсий архивимда сақланмокда.

Савол берган менману таҳликага тушиб қолган бошқалар. Ҳар куни эрталаб ишга келсам, мен билан ўзларидан-ўзлари салом-алик қилишга ҳам ҳайиқиб қолишган аксарият ҳамкасбларим менинг “йўқолиб қолмаётганимга” ҳайрон бўлиб қарашади, гўё. Ҳаттоки, баъзи бирлари “сиз тоштурмада эмасмисиз ёки ишингиз ҳали терговдами, ёхуд ишдан бўшашга ариза ёзиб, “Обходной” тўлдириб юрибсизми?” – деб сўраб қолишади. Ўзимни ноқулай, ҳис қилдим, ёлғизланиб қолгандай бўлдим. Аммо ич-ичимни ҳакикат нури ёритиб турарди. Руҳан тетик эдим.

Орадан маълум вақт ўтиб мен тилга олган икки журналист қамоқдан озод этилганлиги ҳақидаги хабар ёйилди. Бунга менинг саволим сабаб бўлдими ёки бошқа нарсами аниқ билмайман. Билганим шуки, иккала журналист камокдан чиққанидан кейингина  мендан ўзини олиб қочиб юрганлар қайтадан салом-аликни йўлга қўйишди, ҳатто баъзилари табриклашди ҳам. Нима бўлганда ҳам мен икки забардаст журналистнинг озодликка чиққанидан жуда қувондим. Ваҳоланки, камина на Пўлат Гадоев билан ва на Шоди Мардиев билан  шахсан таниш эмасдим. Улар билан ҳеч қачон юзма-юз учрашмаганман. Ҳар иккисини ҳам танқидий мақолалари, матбуотдаги ўткир фельетонлари орқали  ғойибона танирдим, холос. Бироқ, бу ҳақиқатга то ҳанузгача кимдир ишониб кимдир ишонмай юради. Эҳ-ҳе, бу савол-жавобнинг гирдида қанча сирлару қанча ошкорликлар, қанча ёлгонлару қанча ҳақиқатлар, қанча тафтишлару қанча тазйиқлар айланмади, дейсиз. Қизиғи, бир йилдан сўнг матбуотда “Пўлат Гадоев нега қамалди?” деган сарлавҳа остида мақола эълон қилиниб, журналистлар ўз ҳамкасбининг тақдирига бефарқликда, лоқайдликда, журъатсизликда айбланди.

Лекин бирон-бир мард чиқиб менинг худди шу мазмунда президентга савол берганимни айта олган эмас. Бу мақолани  бировлар “Чиндан ҳам президентга берилган саволдан бехабарлик оқибатида ёзилган”, деса, бошқа бировлар “Савол муаллифининг журъатини йўққа чикариш учун атайин қилинган бир уриниш” дея баҳоладилар. У ёғи энди Оллоҳга аён.

Нима бўлганда ҳам мен ўша саволни ўзимни кўз-кўз қилиш учун ёки қаҳрамонлик давоси билан ёхуд баъзи бировларнинг махсус кабинетда сиқувга олиб, таъна-ю пўписа қилганидек, “ўз амбициямни илгани суриш учун” ёки айримлар гумонсираб тахмин қилганидек “алохида буюртма асосида” хам берганим йўқ. Холис ниятда, қалб амри ила, эзгу мақсад билан азбаройи адолатсизлик қурбони бўлган икки ҳамкасбимнинг тақдирига ачинганим ва ҳақиқатнинг қарор топишини чин юракдан истаганим учун бергандим. Қолаверса, бу ҳатти-ҳаракатим ўсиб келаётган ёш авлоднинг, хусусан, ёш журналистларнинг журъатига журъат қўшишига катта умид билан қарагандим. Лекин, афсус…

(давоми бор)