“Хориж радиосига интервью берманг!…”

“Хориж радиосига интервью берманг!…”
116 views
04 February 2017 - 10:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(учинчи мақола)

“ХОРИЖ  РАДИОСИГА ИНТЕРВЬЮ БЕРМАНГ!…”

Бугун дунё мамлакатлари, миллатлар, халқларини бир-бирига янада яқинлаштирадиган, турли жабҳалардаги интеграцион жараёнларини янада тезлаштирадиган ва бу борадаги алоқаларни ҳар жиҳатдан кенгайтиришга хизмат қиладиган ягона ахборот маконининг мавжудлиги бир томондан ижобий  ва иккинчи томондан эса салбийлик касб этаётганлигини инкор этиб бўлмайди. Шу маънода айтиш мумкинки, ана шундай майдон бор экан, биз ундан ўзимизни айро тутишимиз мумкин эмас ёки ундан ўзимизни ҳеч вақт иҳоталай олмаймиз. Худди шунинг учун ҳам бу каби глобал ва мураккаб жараёнда аниқ мақсад сари интилиш ва дадил илдамлаш шунчаки бир жўн, осон иш эмас. Бу борадаги саъй-ҳаракатларда доимо фаол бўлиш билан бирга олдинда юрмоқ лозим. Бир қадам ортда қолдингми, бир муддат кечикиб вақтни бой бердингми, тамом, тараққиётга хизмат қиладиган муҳим жиҳатлардан узилиб, кўп нарсани бой бериб қўйишинг мумкин. Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, қозонда нима қайнаётганлигини билиш шарт. Акс ҳолда жамият кўп нарсалардан мосуво бўлиб қолиши ва кейинроқ унинг ўрнини тўлдиришга бўлган ҳамма уриниш бесамар кетиши, эртага кеч қолган бўлиши ҳамда сўнгги пушаймон – ўзига душман бўлиб қолиши мумкин.

Бугун Ўзбекистонда худди  шундай мураккаб ҳолатнинг юзага қалқиб чиқаётганлигини ва борган сари бу борадаги умумвазиятнинг янада таранглашиб-танглашиб бораётганлигини кузатиш қийин эмас. Вужудга келган бундай қалтисликни давлат раҳбарининг ўзи ҳам бир қатор чиқишларида “Биз ҳар қандай туб бурилиш-ўзгаришларга тайёр туришимиз керак”, “Бизни жиддий синовлар кутмоқда”, “Эски қолипдаги раҳбарлардан воз кечиш вақти келди” деб айтган гап-сўзларидан очиқ-ойдин тан олиб турганлигини кўришимиз мумкин.

Юқорида таъкидлаганидек, аслида бутун бир бошли республикани информацион макондан узиб қўйишга уринишлик,  ОАВнинг эркинлиги фақат қоғоздаги қонундагина мавжудлиги, ҳур ва мустақил фикрнинг бўғилиши ва умуман, жамиятнинг мутлақ ёпиқлиги  шу каби таҳликаларга сабаб бўлмоқда. Ҳаттоки, юрт ичкариси ва ташқи дунё саҳнида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан оддийгина муносабат билдирилишнинг ўзига ҳам жиддий монелик кўрсатилиши ва қаттиқ таъқиб-тазйиқлар исканжасига олиниб, огоҳлантиришлар берилиши алалоқибат  қандайин хавотирларга олиб келиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи  рўй-рост  намоён қилиб турибди.

Каминанинг “Озодлик”, “Би-Би-Си”, “Америка овози” радиоларининг мухбирлари билан килган мулоқотларим баъзи бировларга ёқмаётганлигини билиб ва буни ич-ичимдан ҳис қилиб юрган кунларимнинг бирида “Ўзбекистон” телерадиоканали директори ўринбосари Ёқубова Султонпошша мени хонасига чақириб: “Нарзулла сиздан илтимос, шу хориж радиоларига берадиган интервьюларингизга бундан кейин нуқта қўйсангиз, бу жуда кўп шов-шувларга сабаб бўлаяпти. Ўзингиз тўғри тушунасиз, қолаверса, бу давлат телерадиоси. Агар  хориж радиоларига интервью  беришни тўхтатсангиз, ҳаммаси яхши бўлади. Мана бу дискни олинг-да, бунга сара эшиттиришларингиздан бир нечтасини кўчириб, “Олтин калам” кўрик танловига топширинг” деб қолди. Мен директор ўринбосарига шу онда жавоб қилиб, бунақанги шарт билан келиша олмаслигимни, қандайдир-қанчадир пул эвазига бериладиган “Олтин қалам” учун ўз виждонимни сотмаслигимни ва ОАВда, хусусан, телерадиокомпания тизимида қандай камчиликлар бўладиган бўлса, бу ҳақда очиқ-ойдин гапиришда давом этишимни айтгандим.

Раҳбарнинг қабулида қачонки бўлмайин, у  ҳар гал эшиттиришларимни шу танловга топширишимни, қолган хужжатларни эса ўзи тахлаб беришини ва бунинг учун чет эл радиолари билан бўлаётган мулоқотларимни бас қилишим кераклигини қайта-қайта такрорларди. Лекин барибир мен ўша илк бор айтган қароримда қатъий туриб олдим. Ҳаттоки, директор муовини ўзига яқин ходимлардан бири орқали рафиқамдан мени суриштирган. Яъни “бу одам кимнинг гапига кириши-кўниши мумкин”, деган суриштирув ишлари ҳам олиб борилган. Хуллас, у ҳарчанд уринмасин ўз мақсадига эриша олмади. Бу орада мен яна бир маротаба хориж радиосига интервью беришга улгурдим. Шундан сўнг менга нисбатан бўлган муносабат бутунлай тескари тус ола бошлади. Яъни менинг ҳар бир қадамим ўлчанадиган, ким билан учрашишим, қаёққа боришим зимдан кузатиладиган бўлиб қолди. Бундан ташқари, телерадиокомпания режим ва хавфсизлик  хизмати ходимлари, хусусан, радио бўйича масъул бўлган шахс Расулов Хуршид ҳаттоки мен хонамда телефон оркали кимлар билан гаплашаётганлигим билан ҳам қизиқадиган, кўпинча  коридорда юриб у ёқдан бу ёққа ўтиш баҳонасида хонамга бот-бот назар ташлайдиган бўлиб қолди.

Бу ҳам етмаганидек, “Ўзбекистон” телерадиоканали ходимларининг ҳар бири  ўз ҳисобидан  хизмат хоналарининг қулфи учун  дубликат – калит ясатиб, режим хизмати  ходимига топшириш лозимлиги хусусида директор ўринбосарига топшириқ берилган. Шундоқ ҳам ўзининг ойлик маошини вақтида ололмаётган, яъники пластик карточкасига туширолмаётган, карточкадаги пулини нақдлаштираолмаётган бир пайтда журналистлардан қўшимча калит ясатиш учун бир ярим минг сум, яна алламбало майда-чуйдалар учун “арзимаган фалон сўм” талаб қилинишига изоҳнинг ҳожати  бўлмаса керак. Бола-чақанинг ризқини қийишга мажбур қилинган телерадиоканал ходимлари ишдан уйларига қайтганларидан сўнг режим масъули  ишхонада қолиб, туни билан бўш қолган кабинетларда   тафтиш ишлари олиб бориши ва бу билан “гапга кирмайдиган” журналистларни тақим остига бостиришга уринишлари  авжлангандан авжланиб бораверди. Эрталаб ишга келган ходимлар иш кабинетларига тунда кимлар кирган ва қандай фитналарни, “тузоқ”ларни тайёрлаб қўйган бўлиши мумкинлигидан ҳадиксирай бошладилар. Ҳақиқатдан ҳам баъзи ҳолатларда хоналарнинг эшиги очилмай қолиши, калитнинг қулфга тушмаслиги, айрим вақтда эса эшиклар бутунлай очиқ қолганлигидан ҳайратланардик. Бир гал бош муҳаррирлардан бирининг хонасида шундоққина столнинг устида заҳира ўқ-дорилари билан пистолет-тўппончанинг қолиб кетганлиги жуда катта шов-шувга сабаб бўлганди. Демак, бунданкўринадики, режим хизмати ходими “тунги рейд”ларини бир ўзи эмас, балки бинони қўриқлайдиган милиция ходимлари билан биргаликда ўтказган.

Чунки,  ўша стол устида қолиб кетган тўппонча ишхона қўриқчилари бўлган ички ишлар ходимлариники эканлиги фош бўлиб қолди. Шундай қилиб, ҳар бир хона бўйлаб ярим кечалари олиб бориладиган тинтув-текширув амалиёти ошкор бўлди-қолди. Бундай фаолиятга қўл урганлар бошда бир талвасага тушиб қолгандай бўлди-ю, аммо бора-бора ёпиқлик қозон ёпиғлигича қолишига кўзлари етгач, хотиржам тортишди. Ундан кейин нима бўлди дейсизми? Нима бўларди, журналистлар журъатидан айрилган, қанотлари қайрилганлигига тўла ишонч ҳосил қилингач,   бирин-кетин эшикларнинг қулфи тез-тез ишдан чиқадиган, эшиклар кўпроқ бузиладиган ва уларнинг ўрнига режим хизматининг “махсус” топшириғига кўра эски, шалоғи чиққан қулфлар ўрнатиладиган бўлди. Ишга келиш-кетиш жараёнини назоратга олиш иши фақатгина алоҳида сараланган ходимларга нисбатан олиб борилиши йўлга қўйилди. Шу тахлитдаги кузатувдан безган ходимлар нима ҳам қилиши мумкин. Сабр, тоқат қилишдан ўзга чоралари ҳам йўқ. Шу ерда бир умр меҳнат қилиб ўз оиласи, бола-чақасини бир амаллаб боқиб юрган ишидан айрилиб қолиши мумкинлигидан чўчишади, улар.

Шу тариқа сиқувга олиниб, кучли босим остида фаолият кўрсатаётган журналистлар қандай қилиб ўзининг мустақил фикрларини эркин ифода эта олсинлар ва қандай қилиб жаҳон оммавий ахборот воситалари билан мулоқотга кириша олсинлар? Чет эл матбуоти билан алоқа ва ҳамкорлик килиш ҳуқуқидан маҳрум этилаётган ижодкорлар қандай қилиб дунё ахборот майдонидан ўз ўринларини топа олиши мумкин? Бу улкан сўроққа ким жавоб бераркин, ким?..

23.01.2014 йил.

(давоми бор)