Фикр эркинлиги ва қонунлар

Фикр эркинлиги ва қонунлар
30 views
05 February 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(39)

ФИКР ЭРКИНЛИГИ ВА ҚОНУНЛАР

Ўн саккизинчи асрда франсуз маърифатчиларидан бири шундай деб ёзган экан: “Мен сизни ёмон кўраман, мен сиздан нафратланаман, аммо сиз ўз фикрингизни эркин айтишинигиз учун иен бошимни кундага қўйишга ҳам тайёрман”.

Бу сўзлар бугунги Ғарб демократиясининг тамалини ташкил қилади. Фикр ва тушунча эркинлиги, улар қандай бўлишидан қатъий назар, ҳар бир инсон зотига Оллоҳ томонидан берилган ҳақдир. Тушунча эркинлиги чекланиши мумкинми? Масалан, порнография, ирқчилик, миллатлар ўртасида адоватни тарғиб қилиш Ғарб давлатларида таъқиқланади.

Ўзбекистон Конститутсиясида ҳам бир талай ҳуқуқ ва таъқиқлар бор, аммо уларнинг мазмуни ва ҳаётдаги ижроси Ғарб демократик системасига мутлақо бегонадир. Масалан, Ўзбекистон Конститутсиянинг VII-боб, 29-моддасида шундай ёзилади: “Хар ким истаган ахборотини олиш, уни тарқатиш ҳуқуқига эга, аммо мавжуд тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”. Бугун “Эрк” партиясининг газети шу модда бўйича таъқиқланган. Ҳукумат шу моддага асосланиб, жуда кўп “Эрк” тарғиботчиларини қамоққа олди, қувғин қилди.

Хўш, “Эрк” нашрларида Ўзбекистондаги мавжуд тузумга қарши ахборот бор эдими? Бунга жавоб беришдан олдин Ўзбекистонда тузум борми, деган саволга ҳам жавоб бериш керак. Тузумларнинг, асосан, учта шаклини биламиз: демократик тузум, қироллик (монархия) тузуми, теократик (динга асосланган) тузум.

Ўзбекистондаги тузум булардан қайсинисига киради, бу ягона Оллоҳ билади. Бу тузумни демократик деб бўлмайди, чунки уни “демос” (халқ) бошқараётгани йўқ. Бу тузумни теократик дейиш мумкин эмас, чунки у динга қаршидир. Бу тузумни қироллик тузуми деб ҳам бўлмайди, чунки қироллар ҳам қонун бўйича иш кўради, аммо Ўзбекистонда қонун билан иш кўрадиган бирорта давлат идораси йўқ. Демак, Ўзбекистонда умуман тузум йўқ. Унинг ўрнида анархия бор. Анархияни ҳимоя қилаётган одамлар анархист дейилади.

Демократик давлатларда анахистлар дунёнинг ҳеч бир мамлакатида ҳокимият тепасига келолгани йўқ, чунки, дунёнинг ҳеч бир халқи ўз ўлкасида анархия ҳоким бўлишини истамайди. Агар шундай бир таҳлика бўлса, унга қарши кураша бошлайди.

“Эрк” партияси Ўзбекистондаги тузумга қарши эмас, у ердаги анархияга қарши курашаяпти. Унинг газетидаги мақолалар мамлакатдаги қонунсизлик, зўравонлик, адолатсизлик ва зулмни фош қилувчи мақолалардир. Лекин шу ҳолда ҳам, биз бу зўравонлар ҳокимиятини ағдариб ташлашга даъват қилаётганимиз йўқ, чунки бу йўл бизнинг принсипларимизга бегонадир. Фақат бу нуқтада диққатга молик бир нарса бор. “Инсон ҳуқуқлари декларатсияси”нинг кириш қисмида шундай деб ёзилади: “… инсон ҳақ-ҳуқуқи қонун ҳукми билан шунинг учун ҳам ҳимоя қилиш керакки, токи одам зулм ва зўравонликка қарши энг охирги чора сифатида исёнга бош урмасин”.

Бу сўзларнинг маъниси шу-ки, ҳар қандай тузумда одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини аввал қонун асосида талаб қиладилар.

Агар тузумда қонун бўлмаса, бу қонунни ўзлари яратишга уриниб кўришади. Агар тузум бунга қаршилик қилса, одамлар янги тузум қуриш учун кураш бошлайдилар.

1991 йилда Наманганда тузилган “Адолат” уюшмаси қонунни ўзи яратмоқчи бўлди. Тобора авж олаётган ўғрилик, порахўрлик, адолатсизликка қарши маҳаллий ҳокимият чора кўрмагани, чора кўриш у ёқда турсин, ҳокимиятнинг ўзи бу қонунсизлик ичида яшаб, уни рағбатлантиргани учун, Наманган аҳолиси ўз “Адолат”ини тузди. Шунга яқин мазмундаги ташкилотни 1992 йил Тошкентда ҳам тузмоқчи бўлишди. Уни “Миллий мажлис” деб аташди. Бу ташкилот, унинг программасига кўра, машруъ (легитим) Олий Кенгашга қонун лойиҳаларини тайёрлашга ёрдам бериши керак эди.

Ҳар иккала ташкилот ҳам қонунсизлик ва зўравонликдан безган одамларнинг ўзларича қонун яратиш йўлида кўрсатган ташаббуслари эди. Ҳар иккала ташкилот ҳам Англия ёки Франсияда қонундан ташқари саналиши мумкин бўлган ташкилотлар эди. Аммо Ўзбекистонда бу ташкилотларни қонундан ташқари ҳисоблаш мумкин эмас, чунки Ўзбекистонда юқорида айтганимиздек, қонуннинг ўзи йўқ. Айтмоқчиман-ки, агар Ўзбекистон давлати бундай ташкилотларнинг пайдо бўлишини истамаса, у ўз фуқароларини ҳимоя қилиши лозим бўлади. Шундай ҳимоя қилиши керакки, фуқаролар бошқа жойдан ҳимоя ахтармасин, шундай адолатли бўлиши керак-ки фуқаролар адолатни ўзлари яратишга уринмасинлар.

Хўш, бизнинг давлатимиз ундан ҳимоя ва адолат истаган бу одамларнинг истагини қондирдими, уларга сўраганини бердими? Берди. Киши бошига беш, ўн йил қамоқ жазоси берди. Давлатнинг қўлига тушмаганлар эса, юртдан ташқарига кетдилар. Энди бу одамларга демократия ҳақида гапириб кўринг, сиздан кулишади.

Улар энди ҳукуматдан демократия ҳам¸ қонун ҳам талаб қилишмайди. Чунки бунинг фойдасизлигини билишади. Шунингдек, қонунни ўзлари яратишни ҳам истамайди. Чунки бунинг ҳам фойдасиз эканини кўрдилар. Энди бу одамлар ўз ўлкаларида тинч ва роҳат-фароғатда яшаш учун ўзларини ҳимоя қилишга қодир, адолатли бир давлат қуришни орзу қиладилар. Улар мавжуд тузумни ўзгартирмай, бундай давлат қуриш мумкин эмас, деб ўйлашади.

Бу одамлар тўрт йил аввал фақат маҳаллий ҳокимиятга қарши чиқдилар. Сал кейинроқ, ҳукуматга қарши норозилик билдира бошладилар. Бугун эса, улар нафақат ҳукумат, балки давлатга, тузумга қаршидирлар. Энди бу одамлардан “тузумни қандай ўзгартирмоқчисизлар, демократик йўл биланми ёки зўрлик йўли биланми?”, деб сўраш кулгили бўларди.

Бу икки ҳаракат мисолида кўрилган норозилик босқичлари Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқаросига тутқазган исён нарвонидир. Мухолифатнинг радикаллашувидан ўпкалаётган ҳукумат ўзининг сўқир сиёсати етиштирган мевани тановвул қилаяпти. Бу мева заққум каби аччиқдир, аммо ҳукуматнинг оғзи таъм билмайди, шекилли. Фарғонада диндорларга қарши бошланган қувғин ҳукуматнинг ич сиёсати ҳали-вери ўзгармаслигидан дарак бермоқда. Биз олган маълумотларга кўра, водийда олтмишдан ортиқ дин олими ёки диндор ҳибсга олинган.

Бундан ҳам ёмони, одамларнинг уйига бостириб кирилиб, диний китоблар мусодара қилинмоқда, фикр ва эътиқод эркинлигига очиқдан-очиқ мудоҳала этилмоқда. Эҳтимол, ҳукумат бу ҳаракати билан Қуръони каримни топтаяпман, ислом фундаментализмига қарши курашаяпман, демоқчи ва Ғарб давлатларига яхши кўринмоқчидир? Ғарб бизнинг ҳукуматимиз ўйлаганчалик содда бўлмаса керак. Қурони Каримни топташ қийин, чунки у юксаклардадир. Ҳукумат топтаётган бўлса, ўзи қабул қилган Конститутсияни топтаяпти. Бу ҳужжатнинг VII-боб, 31-моддасида шундай дейилади: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга”.

Диний китобларни халқдан тортиб олиш воқеалари сўнгги етмиш йил ичида фақат Сталин даврида бўлган. Кейинги раҳбарлар, қанчалик диктатор бўлмасин, бунга журъат қилишмаган эди. Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари бу журъатни қаердан олди?

Албатта, бу зўравонлик, биринчи навбатда, халқимизнинг ўз ҳуқуқларини билмаганига таянади. Қолаверса, бу хил зўравонликка нисбатан Ғарбдаги демократик жамоатнинг анъанавий лоқайдлиги фактори ҳам бор.

Айниқса, зўравонлик динга қарши қаратилса, Ғарб давлатлари жуда эҳтиёткор бўлиб қолишади ваа иложи борича, сасини чиқармайдилар. Фарғонада юритилаётган репрессияга қарши шу кунгача “Амнести интернейшнл” ташкилотигина ўз норозилигини билдирди, холос.

Агар биз самимий бўлсак, инсон ҳуқуқларини мафкура ва сиёсатнинг устида тутишимиз лозим. “Ислом фундаментализми” ёки шунга ўхшаган “изм”ларнинг ҳақиқатни яширишига изн бермаслигимиз керак. Чунки диндор ҳам инсондир, унинг ҳам инсоний ҳуқуқлари бор. Ғарб ўзининг “ислом” қўрқувидан, ниҳоят, қутилиши керак. Америкалик сиёсатшунос Грам Фуллер айтгани каби, “… халқлар демократия истайдилар. Мусулмонлар ҳам демократия истайдилар… Мавзуни “Ислом ва демократия”, деб эмас, “мусулмонлар ва демократия” шаклида ўртага қўйсак, демократия ва исломнинг уйғунлигини таъминлаш мумкинлигини кўрасиз”.2

1995. Октябр.

(давоми бор)

2Туркияда чиқадиган “Hurriyer” газетаси 18.04.95 сони