Шикоятдан қўрқаётганлар

Шикоятдан қўрқаётганлар
49 views
05 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(тўртинчи мақола)

ШИКОЯТДАН   ҚЎРҚАЁТГАНЛАР

Чамаси 2005 йилнинг ёз ойлари эди. Ўзини Зулайҳо деб таништирган бир аёл арз-дод билан “Ўзбекистон” телерадиоканали радиосининг сиёсий ва хуқуқий-маърифий эшиттиришлар студиясига мурожаат қилди. Унинг айтишича, Андижондаги “Жаҳон” бозоридан 27 миллион сўмлик товарини Тошкентга олиб келаётганида пойтахтга кираверишдаги Бектемир туман постида ЙҲҲПХ ходимлари томонидан юк ортилган автомашина тўхтатилган ва бу Вазирлар Маҳкамасининг 154 сонли қарорига кўра, ноқонуний ҳатти-ҳаракат эканлигини уқтиришиб, барча буюмларни олиб қўйишган. Шу куни бу постда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари шу қарор ижроси бўйича навбатчи-масъул бўлишган. Масъуллар ушбу товарларни расмийлаштириш учун  Бектемир туман давлат солиқ инспекциясига олиб боришган. Гўёки, у ерда аёлдан тушунтириш хати олишган ва товарларнинг расмийлаштирилганлиги айтилиб, далолатномага имзо қўйдиришган. Аёл ҳақиқатдан ҳам олиб келинаётган буюмларнинг ноқонуний эканлигини тўлалилича тан олган ва бунга иқрор бўлган. Шу ўртада бошқа бир аёл пайдо бўлиб Зулайҳога беш юз АҚШ долларига товарингни олиб бераман деб унинг ишончига кирган. Ўша кечанинг ўзида аёл уйига бориб, қўшниларидан ялиниб-ёлвориб шунча миқдордаги маблағни олиб,  “ўртакаш” аёлга  берган. Бир оз вақт ўтиб қарасаки, ҳеч бир натижа бўлмаган. Жуда кўп идораларнинг эшигини қоқишга тўғри келган. Миллий хавфсизлик хизматига ҳам борган. Бунинг ҳам фойдаси бўлавермагач, кимнингдир маслаҳати билан радиога келган. \Бу ҳақдаги маълумотларнинг барчасини шикоятчи ўз аризасида янада батафсилроқ баён этган.

Аёл бор товарларидан маҳрум бўлганлигининг асл сабабини тушуниб, бу ноқонуний ҳаракатининг оқибати эканлигини тўла англаб етган ва бундан пушаймон бўлган ҳамда ушбу юкларнинг солиқ инспекциясида қонун доирасида расмийлаштирилганлигига ҳам ишонч ҳосил қилган. Энди буёғи нима бўлса бўлди. Буюмларнинг ҳаммаси давлатнинг ҳисобига мусодара қилингандан кейин болалар уйига, интернатларга, етим-есирларга тарқатиб берилган бўлиши керак, шу томони менга бироз бўлса-да таскин беради, деган хаёл билан юради. Шундай ўй билан гарангсираб юрган кунларнинг бирида не кўз билан кўрсинки, бировлардан олинган қарз ҳисобига олиб келинган товарлари ўзгалар томонидан “ипподром” буюм бозорининг расталарида сотилаяпти!? Аввалига ишонқирамагандай бўлди-ю, лекин ушбу товарларнинг ҳар бирига шахсан ўзи қўйган белгиларнинг мавжудлигини кўриб, сотувга чиқарилган бу буюмларнинг бари  ўзиники эканлигига аниқ ишонч ҳосил қилди. Ана шуниси унга қаттиқ алам қилди ва бу нарсанинг тагига етишга онт ичди. Ўзининг олиб келган товарларини сотаётган кимсадан уни қаердан олганлигини сўраса, уни кимлардир келтириб берганлигини айтади-ю, лекин унинг аниқ ким ва қачон олиб келганлигини айтмайди. Бир томони шунча миллионлик юкидан мосуво бўлган, иккинчи томондан ва уни олиб бераман деб ваъда қилган аёлнинг макрига учраб, беш юз АҚШ доллари миқдорида қарзга ботган Зулайҳо ахийри ҳуқуқ-тартибот органларининг, хусусан, ички ишлар ходимларининг кирдикорларини фош қилишга бел боғлайди.  Айрим қонун посбонларининг ўзлари қўл урган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни ва бу кийим-кечакларнинг савдо-сотиғи билан шуғулланаётган аёлнинг ёлғончилигини матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали оммага билдиришга киришади. Ундаги  шижоатни кўриб менда ҳам ушбу жумбоқли масаланинг охиригача етиш иштиёқи  кучайди. Чунки бу ерда жуда ҳам қизиқ ва ғаройиб деталлар мавжудлиги менинг диққатимни ўзига тортди.

Дастлаб журналистик суриштирув ишларини Тошкент шаҳар Бектемир тумани давлат солиқ инспекциясидан бошладим. Инспекциянинг навбатчи қисмидаги ходим ҳақиқатдан ҳам шаҳар ички ишлар бошқармаси коррупцияга қарши кураш бўлимидагилар ЙҲҲЙПХ постида бўлган тунда Зулайхо исмли аёлни товарлари ортилган “тико” машинаси билан келтирганлигини айтди. Айни вақтнинг ўзида улар билан биргаликда далолатнома тузилган бўлса-да, ушбу товарлар туман солиқ  инспекциясидан рўйхатдан ўтказилмаганлигини ҳам тасдиқлади. Навбатчи қисмдаги ходимдан ўзини таништиришни сўраганимда “ака бизга тинчлик керак, сизга бу ҳақда гапирмадим ва сиз эшитмадингиз” деб қўя қолди. Эртага ИИБчилар томонидан бунинг учун унга кутилмаган муаммолар туғдирилиши мумкинлигини дарҳол тушундим. Тошкент шаҳар ИИБсига бу ҳақда маълумот олиш учун қилган уринишларим бекор кетди. Лекин айнан шу шикоят юзасидан ИИВлигига қилган мурожаатимдан сўнг бевосита ушбу бошқарманинг ишини назорат қиладиган бошлиқ масаланинг жиддийлигини ҳис қилди шекилли, бу билан шахсан ўзи шуғулланишини ва менга жавобини айтишни маълум қилди. Кута бошладим. Орадан ярим соатлар ўтди, чамаси… Ўйиннинг қизиғи шундан кейин бошланди…

Ўша куннинг ўзида ҳали тушликкача бирмунча вақт борлигига қарамасдан бирдан иш кабинетимдаги телефон жиринглаб қолди. Телефон гўшагини кўтаришим биланоқ “Ассалому-алайкум, Нарзулла ака, яхшимисиз? Мен президент аппаратининг матбуот хизматидан Тўлқин Пўлатовман. Сизда зарур бир маслаҳатли ишим бор эди” деб қолди.

-Майли, нима қилиш лозим, боришим керакми? – дедим.     Шунда у: “Йўқ, мен ўзим кечроқ соат олтиларда ўтаман, фақат қўлингизга тушган шикоят хатини регистрация қилмай туринг”, – деди. Ҳақиқатдан ҳам кечки пайт соат 18.00да Ўзбекистон радиосининг сквердаги биноси ёнига келиб менга қўнғироқ қилди, мен тушиб бордим. Ташқарида мени дастлаб радио бўйича режим ва хавфсизлик хизмати бўйича ходим Коир кутиб олди ва менинг кимнидир қидираётганлигимни билгандек, мен қараган томонга у ҳам аланглаб  қарай бошлади. Президент аппаратидан келган машинанинг ёнида турган йигитга кўзим тушиши биланоқ йигит мен томонга кела бошлади. Шунда бирдан режим хизмати ходими Коир югуриб бориб у билан мендан олдин кўриша кетди.  Афтидан, менга “нега бу кишини овора қилиб юрибсиз?” деган ишорани англатмоқчидай бўлди. Мен Тўлқинни телефон орқали гаплашганда танимаган бўлсам-да, уни кўришим биланоқ танидим, албатта. Уни “Ёшлар” телеканалининг “Давр” информацион дастурида кўргандим.  Биз кўришиб, салом-алик қилиб бўлгунимизча, махсус хизмат йўриқчиси ўз-ўзидан ғойиб бўлди.

Шунда Тўлқин Пўлатов менга кулимсираб боқар экан, “Ака, сизга ёзилган аризадаги ИИБ бўлимидаги ходимлардан бири, уларнинг ўша тундаги навбатчилар раҳбари менинг жияним бўлади, шунинг учун ушбу шикоятни расмийлаштирмай қўяқолинг. Шу куни улар бир ахмоқлик қилиб қўйишибди. Нима бўлганда ҳам ёшлик қилган-да” деб қолди.

– Хўш, мен бу аризани ўрганмадим ҳам дейлик, эртага нима бўлишини биласизми? – дедим. Қолаверса, Тўлқин, жиянингиз у аёлнинг пулга чаққанда қанча миқдордаги товарларини давлат ҳисобига кирим қилмасдан ўзининг чўнтагига уриб юборганлигидан хабарингиз бўлса керак. Ахир, аёлнинг бир-икки эмас, тўртта фарзанди бор экан. Тирикчилик йўлида ўша норасидаларни боқаман деб шу аҳволга тушиб қолган.

Тўлқин шу заҳотиёқ менинг ёнимда жиянига қўнғироқ қилиб: “Бахтиёр, нима қилиб қўйган бўлсанг, ҳаммасини тўғирла, товарларни ўз эгасига қайтар, тушундингми?”- дея гапни қисқа қилди. Кейин менга юзланиб, “мана ёнингизда жиян билан гаплашдим, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади”, деб сўз бергандай бўлди. Шу аснода бўлиб ўтган суҳбатни шикоят ёзган аёлга тушунтиргандим, у ҳам хотиржам бўлди. Мен ҳам бунга ишондим.  Орадан бир ҳафта ўтди. Ҳа, айтмоқчи, бу орада Тўлқиннинг ўша жияни Бахтиёр  “Мен радионинг ёнидаман, бир дақиқага чиқасизми?” деб қолди. Чиқдим, гаплашсам, осмондан келиб гап бошлади. “Менинг вақтим йўқ, бугун кечда ҳам рейдга чиқишим керак, шикоятчи аёл хоҳласа икки минг АҚШ доллари бераман, холос. Хоҳламаса ўзи билади” дея дағ-даға қила бошлади. Мен унга:  “Ука, мен сиз билан савдолашаётганим йўқ. Сиз шунча миқдордаги буюмларни расмийлаштирмасдан олиб бозорда соттирганлигингиз жиноят эканлигини ва бунинг охири нима бўлишини биласизми?” – дедим-у, балога қолдим. “Бор ҳамманг, қўлларингдан келганини қилмайсанларми, икки минг бераман дедим, вассалом” деди-ю, жўнаб кетди.  Хуллас, ҳеч қандай натижа бўлавермади. Шундан сўнг бу ҳолни Бахтиёрнинг тоғаси бўлмиш – президент аппаратидаги Тўлқин Пўлатовга ҳам, ИИВлигидаги масъул шахсга ҳам айтганимда, уларнинг иккиси ҳам бу машмаша жонига тегиб кетганлигини айтишди. Ҳаттоки, ИИВлигидаги бошқарма бошлиғи “Менга деса, ана,  ёнингизда – республика прокуратурасига бериб юборинг, биратўла улардан қутуламиз” деди жиддий оҳангда. Бу томонда эса шикоят ёзган аёл менга “Сиз улар томонга ўтиб кетдингизми, суриштирув ишлари олиб бормай қўйдингизми?” дея эътироз билдира бошлади.  Сўнг  Зулайҳо опага ушбу шикоят хатини тўғри республика прокуратурасининг умумий назорат бошқармасига олиб бориб топширишини маслаҳат бердим ва шундан кейин ҳам бирор бир натижа бўлмаса,  ҳеч бир идора томонидан ушбу аризага реакция бўлмаётганлиги хусусида радиода жиддий бир эшиттириш қилишимизни тушунтирдим. Мен бу аёлга ўз билганимча  оддий бир йўналиш бердим, холос.

Ҳақиқий тўс-тўполон шундан кейин авжига чиқди. Буни қарангки, Бош прокуратура ушбу шикоят аризасини ўз жойида кўриб чиқиш ва ҳал этиб, тегишли чора кўриш учун Тошкент шаҳар Бектемир тумани прокуратурасига юборган. Бунинг натижасида Тошкент шаҳар ИИБсининг бир қатор ходимлари пайтавасига қурт тушган. Аризачидан эса уларнинг ҳатти-ҳаракати борасида кўрсатмалар ола бошланган. Бундай ҳолдан ўша тунда постда навбатчилик қилган ИИБ ходимларининг барчаси типирчилаб, ўзларининг барча “канал”ларини ишга солиш ҳаракатига тушган. Худди шу ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, телерадиокомпания раисининг ўринбосари режим ва хавфсизлик хизмати раҳбари Баҳром Ўтанов ҳам худди шу “канал”ларга туташ эканлиги аён бўлиб қолди.  У ўз командаси билан  ишга киришиб, энг аввал каминага нисбатан кундан-кунга турли кўринишдаги босим ва кузатиш ишларини кучайтира бошлади. Хуллас, коррупцион занжир ўзининг навбатдаги амалиётини бажаришга киришди.

Аввалига  ўзини Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан юборилган бир элчиман, деб таништирган бир йигит: “Агар ўша опа, яъни Зулайҳо ёзган аризаси ва берган кўрсатмаларини Бектемир тумани прокуратурасидан икки соатнинг ичида қайтариб олмайдиган бўлса, сизни ҳозирнинг ўзида қўлингизга кишан уриб, тегишли жойга олиб кетамиз, кейин у ёғи нима бўлишини жуда яхши биласиз…” – дея пўписа қилиб кетди. Ишхонамда бир соатлар чамаси бошим қотиб турганида телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олишим билан битта нотаниш овоз: “Бир соат вақтинг қолди, эсдан чиқмасин” деб бирдан гўшакни қўйди. Хайриятки, телефон аппаратида рақамларни аниқлаш имкони бор эди, ушбу қўнғироқнинг Тошкент шаҳар ИИБсидан бўлаётганлигини аниқладим.

Бир ёқдан эса АТСда ишлаётган бир укамиз “Ака, Баҳром Ўтановнинг малайлари сизнинг телефонингизни бир неча кундан буён тинглаяпти ва сизнинг линиянгиз махсус ёзиб олинадиган ускунага уланган, шунингдек, радио бўйича режим ва хавфсизлик хизматининг радио бўйича масъул ходими Расулов Хуршид сизнинг хонангиздаги телефон аппарати билан ҳам қизиқмоқда” дея шипшиди. Шундан сўнг бир кун ҳам ўтмасдан Радио уйининг бош муҳандиси Козим хонамдаги телефон аппаратини топширишим лозимлигини, бу ўша Хуршиднинг топшириғи эканлигини айтди. Хуршидга бу ҳақда айтсам, “мен нима қилай, шундай буйруқ бўлган” дея ўзини оқлашга уринди. Бу буйруқ ким томонидан бўлганлигини айтмайди. Бош муҳандис Козим эса “Тўғрисини айтадиган бўлсам, бунинг орқасида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари Баҳром Ўтанов турибди. Бу масалани ўша одам ҳал қилади, менга шахсан унинг ўзи топшириқ берди, ишонмасангиз бориб сўранг”, деди.

Охири, “Ўтанов ҳал қиларкан-да” деган ўй билан тўғри унинг кабинетига кириб бориб муаммони айтдим. Бироқ у “ким айтди, мени телефон билан шуғулланади деб” дея тутоқиб кетди. “Буни менга бош муҳандис Козим айтди”, деганимни биламан, режим хизмати раҳбари ўзини тутолмай, бирдан Козимга қўнғироқ қилиб: “Қачон мен сенларга телефонни олиб қўйинглар дедим, қачондан буён мен телефон билан шуғулланадиган бўлиб қолдим,” деб ўшқирди ва қўпол сўзлар билан уни ҳақоратлай кетди. Сўнг менга “шу ёлғончиларнинг гапига ишониб юрибсизми?” дегандай  қараш қилди. Мен содда бундай қарашга ишонибман. Радиога қайтиб борганимни биламан, шундоққина остонада мени яна бош муҳандис кутиб олиб: “Ака, сиз Ўтановнинг кабинетидан чиқиб кетишингиз биланоқ у менга яна қўнғироқ қилиб, “унинг хонасидаги телефон аппаратини қандай қилиб бўлса-да олиб қўйиб, менга бу ҳақда ҳисобот берасан”,  деб телефон трубкасини қўйиб қўйди”, деди. Мен яна дарҳол ортимга қайтиб иккиюзламачи  Баҳромнинг ёнига бордим. У кўзимга бақрайиб туриб: “Ака мен нима қилай, шунақа тартиб – мумкин эмас экан” деди. Бироқ бу ҳақдаги буйруқни ким берганлигини айтолмасдан каловланди.

Айни шу кунларда менга  ва оиламга, айниқса, вояга етмаган болаларимга нисбатан йўлда, кўча-кўйда, мактаб ва боғчасида  ички ишлар тизимидаги баъзи ходимлар ва улар ёллаган кимсалар томонидан қаттиқ таъқиб-тазйиқлар бўлаётганлигини ва бундан биз жабр тортаётганлигимизни ҳамда бунинг оқибати жиддий бўлиши мумкинлигини Ўтановга тушунтиришга ҳарчанд уринмай, у буни тушунишни истамади. Ҳаттоки, у мени бундай пайтда телерадиокомпаниянинг ходими сифатида ҳам ҳимоя қила олмаслигини айтди. Менга ва оиламга, хусусан, болаларимга нисбатан бўлаётган таъқиблар хусусида республика миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратурасига қилган мурожаатларимдан сўнг бу ҳужумлар бироз босилгандай бўлди.

Дарвоқе, ана шу талотўплар орасида ўзларига қўзғатилган жиноят ишини қандай қилиб бўлмасин ёпиш тараддудига тушиб, югуриб қолган Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари ариза муаллифининг йўқотилган суммаси ўрнини қоплаб, ўзлаштирилган барча маблағни эгасига қайтариб берган. Бундан хурсанд бўлган шикоят хати муаллифи каминага ва телерадиокомпанияга қўнғироқ орқали ўз миннатдорчилигини билдирди.

Мен ўшанда бир нарсага амин бўлдим: Бизнинг жамиятда шикоят ёзишдан ҳам, шикоятни ўрганишдан ҳам ва шикоятнинг ўрганилишидан ҳам қўрқадиганлар талайгина экан. Шикоят ёзишдан қўрқадиганлар вақти ва уринишлари бесамар кетишини, ўзларига баттар душман орттиришини ўйлаб қўрқадилар. Шикоятни ўрганишдан қўрқадиганлар даъвогар томон ҳақми ёки жавобгар томонми, аниқлагунча боши қотгани етмагандай, ҳам  ғарлигу ўғирлик ва ҳам пешгирлик қиладиганларнинг уюшган тўдаси таъқибларига, тазйиқу тажовузларига дучор бўлиб, ўзининг ва оиласининг ҳаётини хавф остига қўйиши муқаррарлигидан қўрқишади. Шикоятнинг ўрганилишидан қўрқадиганлар эса, калаванинг учи алалоқибат ўзларига келиб тўхташидан, жамиятда юз бераётган қонунбузарликларнинг авж олишига аввало ўзлари, яъни чуқур илдиз отиб кетган коррупцион занжир сабабчи эканлиги фош бўлиб қолишидан, агар фош бўлиб қолса, ўзларининг-да катта-катта жиноятлари очилиб, даласига текинга оқизиб қўйилган моддий дарёнинг “суви қуриб“ қолишидан қўрқишади. Шу боис жон-жаҳдлари билан  бирлашиб, бор имкониятларини ишга солиб, шикоят ёзувчини ёки шикоят ўрганувчини, умуман, ҳақиқат излагувчининг ўзини “қора” қилишга, ҳатто гумдон қилишга киришишади.

Бу ҳолат бориб-бориб жамиятнинг ич-ичидан емирилишига ва алалоқибат унинг ҳалокат сари юз буришига сабабчи бўлади.    Миллатнинг эртаси хусусида  ана шундай чуқур ва оғир мулоҳазаларга борар экансан, ўз-ўзидан яна шу ҳақли савол юзага сизиб чиқади: юртни, халқни жар ёқасига яқинлаштираётган  бу  иллатларни бартараф этишнинг, наҳотки, ҳеч бир иложи топилмаса?  Мамлакатни ким, кимлар бошқараяпти?..

(давоми бор)