Ҳабашистон подшоси Нажошийга юборилган нома

Ҳабашистон подшоси Нажошийга юборилган нома
35 views
05 February 2017 - 8:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 141
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

ҲАБАШИСТОН ПОДШОСИ НАЖОШИЙГА ЮБОРИЛГАН НОМА

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Мин Муҳаммадин расулиллоҳи илан Нажоший маликил Ҳабашати. Саламун анта. Фаинний аҳмаду илайкаллоҳуллазий ла илаҳа иллаллоҳу Ҳувал маликул Қуддусус саломул мўминул муҳаймину ва ашҳаду анна Исабна Маряма руҳуллоҳи ва калиматуҳу алқоҳо ила Марямал бутулит-таййибатил ҳасинати. Фаҳамалат биъисо ҳамалатҳу мин руҳиҳи ва нафҳиҳи кама холақо адама биядиҳи. Ва инний адъука важунудака илаллоҳи ваҳдаҳу ла шарика лаҳу вал мувалата ала тоатиҳи ва ан татбаъани ва туъқина биллазий жааний. Фаинний расулуллоҳи ва инний адъука ва жунудака иллаллоҳи ъазза ва жалла ва қод баллағту ва насаҳту. Вассалому ала миниттабаъал худа».

Маъноси: «Аллоҳнинг элчиси Муҳаммадан Ҳабаш подшоси Нажошийга! Саломатмусан, мен Аллоҳга ҳамд айтурман. Аллоҳдан ўзга яратган йўқдур, ҳақиқий подшо Улдир. Ҳар бир камчиликдан, айб бўлғудек нарсалардан покдир. Бандаларни барча офатлардан асрагувчи Аллоҳдир. Яна гувоҳлик бераман, Исо алайҳиссалом Марям ўғли Руҳуллоҳдур. «Кун» («Пайдо бўл!» демак) калимасини покдомон, обида, зоҳида, ибодатлик Марямга ташлаган сўнгида Исога ҳомила бўлмишдур. Исо Аллоҳнинг руҳи, Аллоҳнинг калимасидур. Одам алайҳиссаломни Аллоҳ қудрати билан яратганидек, Исони ҳам Аллоҳ қудрати билан яратмишдур. Энди мен сени шериги йўқ, ўхшаши йўқ ягона Аллоҳга иймон келтирмакка, доим унинг итоатида бўлмакка чақираман. Мен Аллоҳнинг ҳақ пайғамбаридурман. Сени ва сенинг аскарларингни Аллоҳга ундайман. Аллоҳ амрини сизларга етказдим. Борлиқ насиҳатимни қилдим. Ҳақ йўлига эргашган кишиларга салом».

Сўнгра бу номани Амр ибн Умайя деган саҳобага бериб, Ҳабаш подшоси Нажошийга етказгил, деб буюрдилар. Амр ибн Умайя Ҳабашистонга бориб, номани Нажошийга топширгач, подшо уни кўзига суртиб, дарров тахтдан тушди. Қуруқ ер устига ўлтириб шаҳодат айтиб, Ислом динига кирди. Сўнгра номани неча қат ипак рахтларга ўраб, фил суягидан ясалган қутига солиб, хазиначига топширди. Аларга:

«Агар бу нома бизнинг қўлимизда бу янглиғ ҳурмат билан сақланар экан, Ҳабашистондан яхшилик ҳеч вақт узилмагай» дедилар. Сўнгра Расулуллоҳга шу номани ёзиб, жавоб қайтарди:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ила Муҳаммадин расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллам минан-Нажошийил ашам. Ассалому алайка ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу. Я набийяллоҳиллазий ла илаҳа илла ҳуваллазий ҳадани лил-ислом. Амма баъд, фақод балағаний китобука я Расулаллоҳ. Фама закарта фи амри Иса алайҳиссалам фавараббис-самои вал арзи инна Иса алайҳиссалам ла язиду ала ма закарта. Ва қод қоррабна ибна аммика ва ашабаҳи фа ашҳадус-содиқон ва мусаддиқон иннака расулуллоҳи ва қод бояъту ибна амика ва асламту ала ядиҳи лиллаҳи Раббил оламин».

Номанинг таржимаси будир:

«Аллоҳнинг элчиси Муҳаммадга Нажошийдан салом! Аллоҳнинг раҳмат ва баракотлари сизга бўлсин, эй Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари. Аллоҳдан ўзга Яратгувчи йўқдур. У ёлғиз Аллоҳдур. Шундайин Аллоҳга, Ислом динига мени ҳидоят қилди. Юбормиш номангиз менга етди. Исо ҳақида айтган сўзингиз эрса, ер-осмонни яратган Аллоҳ ҳаққи, Исонинг яратилиши сиз дегандекдур, ҳеч бошқа эмасдур. Амакингиз ўғли ва унинг йўлдошларини ўзимга яқин қилдим. Ростлик билан гувоҳлик бераман, сиз Аллоҳ юборган пайғамбардурсиз, сизга байъат қилдим. Амакингиз ўғли қўлида Ислом динига кирдим, унга ҳам байъат қилдим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу номани ўқиб эшитгач, шу сўзни ёздилар:

«Ҳабаш халқи сизларга тегмагунча уларга тегманглар, уларни ўз ҳолига қўйинглар».

Шунинг учун Ислом аскари футуҳот даврларида ҳам Ҳабашистонга қадам қўймадилар.

Мусулмонлар билан ҳабаш халқи орасида қонлик уруш бўлгани тарихда ҳам кўп кўринмади. Расулуллоҳ замонларида нома юбориб динга даъват қилинган подшолардан номани ўқиб кўриши билан дарров иймон келтирган киши шу Нажоший бўлди. Мундан бошқаларига бу давлат насиб бўлмади. Шунинг сабаби билан Ҳабашистонда Ислом дини тарқалиб қолди. Шу кунгачалик у ерда Ислом дини давом этиб келмоқда.

(давоми бор)