Айбни ўзгадан эмас, ўзингдан қидир

Айбни ўзгадан эмас, ўзингдан қидир
79 views
06 February 2017 - 10:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(бешинчи мақола)

АЙБНИ ЎЗГАДАН ЭМАС, ЎЗИНГДАН ҚИДИР

Дунёда шундай инсонлар борки, хоҳ ўқиш-ишда, кўча-кўйда, оилада ёки бирон бир юқорироқ мансаб-лавозимда бўлмасин, ўзини тутиши, юриш-туриши, хуш муомаласи билан кишиларнинг ҳавасини келтиради. Лекин шундай кимсалар ҳам борки, қадами етган жойни вайрона-харобага айлантириб, жамиятга, мамлакатга, миллатига  улкан зарар етказишади. “Хурмача” қилиқлари билан одамларнинг нафрати, қарғиши, ланъатига қолишади. Шундайлардан Оллоҳнинг ўзи асрасин…

2005 йилнинг май ойида Ўзбекистон миллий телерадиокаомпаниясига Алишер Ходжаев раис этиб тайинланди. У лавозимга келиб, радиодагилар билан атиги бир бор учрашди. Шу учрашув чоғида “Мен сизларнинг “холодильник”ларингизни тўлдиргани келганман ва албатта бу мақсадга эришамиз” деган катта ваъдани берди. Бу гапга компаниянинг содда ходимлари ишонишди. “Журналистларнинг косасини оқартириш ҳақида қайғурадиган раҳбар келди-ёв…” дея хурсанд  бўлишди. Шундан сўнг орадан  саккиз ярим йил ўтди. Бу вақт оралиғида раис  ходимлар билан номига бўлса-да учрашмаганини қўя турайлик, теле ва радио дастурларининг савиясини ошириш масаласи қанчалик уддаланаётганлиги ёки қай даражада бажарилаётганлиги билан мутлақо қизиққан эмас. Иш бутунлай бошқача-тескари тус олганлиги боис компаниядаги муҳит борган сайин ёмонлашиб, вазият мураккаблашиб, нормал ҳолат издан чиқа бошлади. У дастлабки фаолиятида ўзини ҳар томонлама жуда ҳам кенг миқёсли ўзгаришлар қилишга киришган мансабдор шахсдай кўрсатишга уриниб кўрди. Яъниким, радио уйи биносида таъмирлаш ишларини бошлаб юборди. Ариқнинг бошида туриб, ўзи ҳам қуруқ қолгани йўқ, албатта.  Ўз оиласи тугул, қудаси – /собиқ/ бош вазир  ўринбосари Абдулла Неъматович Арипов  учун ҳам  данғиллама уйлару дала ҳовлилар, кошоналар муҳайё қилинди. “Северо-восток”да эса кўплаб йирик супер-маркетлар қад кўтара бошлади. Дарвоқе, бу улкан лойиҳали қурилишларнинг соҳиби кимлиги оммага фош бўла бошлагач, эртага бошга бир бало ёғиб қолмасин учун бу супер-маркетларни бошқа кишиларнинг номига расмийлаштиришга ҳам улгурди.

“Холодильник”ларни тўлдириш борасидаги улкан ваъдалар нима бўлди, дея қизиқаётган бўлсангиз, айтай: чиндан ҳам “холодильник”лар тўлиб-тошиб, ҳатто деворлардан ҳам нарига ошиб кетди-ёв… Фақат… раис жаноблари, унинг оила аъзолари, қавму қариндошларию “хос хизматкорлари”, яъни югурдакларининг  “холодильник”лари! Журналистларнинг уйидаги музлатгичлар эса /агар бор бўлса/ ҳамон “музлатилган” – на янгиланди, на тўлдирилди…

Раис фақат қурилиш – таъмир ишлари билан кифояланиб қолгани йўқ. Миллий телерадиокомпанияда ўз мустақил сўзи-фикрига эга бўлган, ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиқаётганлар ва танқидий кўз-қарашларга эга бўлган ходимлар билан “особенно” шуғулланишга ҳам вақт топди. Радио биносидан ўпириб олинган қимматбаҳо металл-алюминийлар, олиб борилаётган таъмир-қурилишлардан ўзлаштирилаётган текин ашёлар, компания ҳисоб рақамидаги пулларни нақдлаштириш ортидан келаётган мўмайгина бойлик-даромад  кун сайин унинг кўзларига шира торттириб, қутуртириб бораётганди. Бундайин текин-томоқлик уни бутунлай инсоний қиёфадан чиқариб,  ўзини билмайдиган даражадаги тубанликка етаклади. Шунинг учун ҳам телерадиокомпания раиси ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан телевидения ходимлари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Омоновани бутунлай ишдан четлатишнинг турлича маккорлик ва айёрликка асосланган тубан йўлларини қидиришга киришди. Қарангки, устомон раҳбар буни ҳам қойилмақом қилиб бажарди. А.Ходжаевнинг айтишича, илгари у махсус хизматда  “тўққизинчи бўлим”ни бошқарган. Ўша ерда орттирган тажрибасию баъзи бир танишларини ишга солиш орқали бу вазифани киши билмас даражада хамирдан қил суғургандек осонгина амалга оширди. Яъни Президентга шикоят хати йўллаган икки журналист-ходимани нафақат жамоага, балки додига қулоқ солмаслиги учун ҳатто юрт раҳбарига ёмон кўрсатишнинг ҳам йўриғини топди. Икки журналистни ёмонотлиқ қилиш мақсадида тегишли органлардаги ҳамтовоқларига “буюртма”  бериб, қалбаки ҳужжатлар тайёрлатишнинг ҳам уддасидан чиқди. Шундан кейин Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидаги унга қуллуқ қилиб, ўтир деса ўтирадиган, тур деса турадиган ходимлардан иборат ҳайъат йиғилишини чақириб, бу икки ходимнинг масаласини кун тартибига қўйди. Мавжуд қонунчиликка бутунлай зид иш тутишдан хижолат ҳам чекмади, ҳайиқмади ҳам. Ваҳоланки, аввало “Ёшлар” канали касаба уюшмаси ёки компания касаба уюшмасининг умумий йиғилиши чақирилиб, ушбу масала муҳокама этилиши ва бу борадаги аниқ хулосалар олиниши керак эди…

Телерадиокомпания раҳбарининг шахсан ташаббуси билан ҳар иккала ходимга нисбатан ҳар-хил туҳматларнинг уюштирилиши авж олгандан авж олаверди. Қирқ нафар кишидан иборат ҳайъат аъзоларининг олдиндан А.Ходжаев томонидан пухта ўйланган режа асосида “тошотарлик”ка тайёрлантирилганлигини тушуниб олиш учун жуда катта ақл керак эмас, буни энг содда одам ҳам англай олади. Чунки, бутун бир компаниянинг умумий йиғилиши чақириладиган бўлса, унда қатнашиши мумкин бўлган юзлаб ходимларни икки журналистга қарши тайёрлашдан кўра, қирқ нафар ҳайъат аъзосини тайёрлаш янада осон ва жўн кечиши аниқ. Ана шу боисдан ҳам шундай йўл тутилган. Гўёки, уларни Ходжаев шахсан ўз қўли билан эмас, балки қирқ нафардан иборат ҳайъатнинг қўли, саъй-ҳаракати билан ишдан четлатилгандек кўрсатишнинг  ҳам ўзига хос сир-синоатлари, жиддий сабаблари бор. Негаки, бу воқеа шов-шувларга сабаб бўлса, бу  амалиётни  ўзи эмас, балки “нуфузли ҳайъат” амалга оширган, дея осонгина  қутулиш бош режа ва мақсад қилиб қўйилган…

…Хуллас ва ниҳоят, мана саккиз йилдан кўпроқ вақт  ўтиб, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси Алишер Ходжаев ўз ходимларига берган ваъдаси эсга тушиб қолдими ёки бу ваъдасини эслатадиган бирор жиддий сабаб бўлибми, 2013 йилнинг 10 июль куни соат 10.00 да ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Бу мулоқот чоғида дастлаб раиснинг ўзи қарийб икки соат маъруза қилди. Бу маъруза шунча йиллар мобайнида қилинган ишларнинг очиқ ҳисоботига айланиб кетди, гўё.  Иштирокчиларни “Раис шунчалик улкан хайрли ишларни амалга оширган экан-у, биз билмай юрган эканмиз-да”, деган ўй-хаёл чулғаб олган ва шу билан ҳеч қандай саволга ўрин қолмагандек туюлди. Раҳбарнинг виқор билан “менга саволлар борми”, деган сўзларини залда эшитиб ўтирганлар гоҳ ерга боқар, гоҳ  бир-бирларига кўз остидан қараш қилиб қўярди.

Очиқ мулоқотнинг қизиқ жойи шунда бўлдики, шунча вақтгача биронта ходимини қабул қилиш тугул, ўз қабулхонасига йўлатмаган Алишер Ходжаев ўз-ўзидан, ҳеч ким бу ҳақда сўрамаган бўлса ҳам: “Агар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова менинг қабулимга кирганларида эди, муаммоларини ҳал қилган бўлардим, ишдан кетишмасди, – деди ўта сурбетлик ва сиполик билан. – Сўнг тулкиларча давом этди: – Менинг уларга раҳмим келади, начора. Афсуски, улар ўзларига ўзлари жабр қилишди. Ҳар иккиси ҳам Ғарбнинг, Европанинг, хусусан, Америка Қўшма Штатлари ва Англияга ўхшаш давлатларнинг “Госсзаказ”ларини бажаришди. Мана, оқибати нима бўлди?… Шунинг учун бу каби “заказ”ларни бажаришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Акс ҳолда ким шундай йўл тутадиган бўлса, яъни ишхонанинг муаммоларини кўчага олиб чиқадиган бўлса, шундай кўргуликлар бошига тушиши аниқ.”

Ниҳояли ва кинояли бу гап  билан у менга ҳам қандайдир ишора бергандай бўлди, гўё. Раиснинг бу гапидан сўнг ўша йиғилишда ўтирганларнинг  баъзи бирларида “ўз ишидан мосуво бўлган бу икки ходим ҳақиқатдан ҳам қайсидир давлатнинг “буюртма”сини бажарган экан-да”, деган нотўғри фикр пайдо бўлгани шубҳасиз. А.Ходжаев жаноблари ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан журналистларнинг ҳатти-ҳаракатини қайсидир мамлакатнинг “Госзаказ”и дея талқин этиши ва буни бутун жамоатчиликнинг кўз ўнгида эълон қилишга нечоғли ҳақли эканлигининг ўзи бир савол. Бундай дейиш учун қанчалик асос-далил керак эканлигини ҳамда бу каби нозик ва  жиддий масалага ўта масъулият билан ёндошиш зарурлигини катта бир кампания – ЎзМТРКнинг раҳбари сифатида англаб етмагани эса яна бир иккинчи саволдир. Йўл қўйган катта хатоси ва кундан-кунга фош бўлиб бораётган камчилигу-кирдикорларини хаспўшлаш, бошқаларни вазиятга ҳақиқий баҳо беришдан чалғитиш учун кимларнидир айблашга ўтишдан ўзга чораси қолмаган чоғи раиснинг. Айбни бировдан, қайсидир давлат ёки минтақадан эмас, ҳар ким аввало ўзидан қидириши жоиз. Акс ҳолда Ходжаевча фикрлайдиганлар бир кунмас бир кун катта бир “қовун тушириб” қўйиб, минг бир пушаймон бўлишлари мумкин. Халқ бекорга айтмаган: “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир.” Йўқса,  бунинг жавоби оғир бўлажак.

21.02.2014 й.             

(давоми бор)