Халқ фактори

Халқ фактори
40 views
07 February 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(41)

ХАЛҚ ФАКТОРИ

Шўролар ҳокимияти “халқ” сўзини жуда яхши кўрарди ва уни ўз мафкурасида кенг қўлланарди. Бу ҳокимият, авваламбор, ўзини “халқ ҳокимияти” деб атарди. Бу ҳокимият тепасида турганлар ҳақида “халқ билан ҳамнафас”, “халқнинг қалбига қулоқ тутди”, “халқнинг орзусини ифода этди” каби иборалар ишлатиларди. Ҳокимиятнинг моддий тамалини яратувчи ижтимоий гуруҳлар “халқ қаҳрамонлари”, “халқ фидоийлари” унвонлари билан тақдирланарди. Бу ҳокимиятни тарғиб қилувчиларга эса, “халқ ёзувчилари” “халқ артистлари” ва ҳоказо ёрлиқлар ёпиштириларди.

Халқ калимаси ҳокимиятга таҳликали туюлган гуруҳларни нейтрализатсия қилиш учун ҳам ишлатиларди. Масалан: “халқини сотганлар”, “халқ юз ўгирганлар” ва энг кўп қўлланиладигани “халқ душманлари” ибораси.

“Халқ” калимасини бу қадар суистеъм қилган бирор бир сиёсий тузум бўлмаса керак. Айни пайтда шу хаққа қарши жиноий иш қилган бошқа тузум ҳам йўқдир. Эски совет жумуриятларидаги янги қурилган ҳокимиятлар тепасида ўша тузум таҳсилини олган кишилар ўтиришибди. Бу кишиларнинг халқ ҳақидаги тушунчасини минбарлардан эмас, кичик давраларда, зиёфатларда эшитсангиз, уларнинг халққа бўлган ҳақиқий муносабатини биласиз. “Халқми, халқ бир пода, говронни кўтариб, қайси тарафни кўрсатсанг, шу тарафга юради”, дейишади улар.

Ҳайҳот, уларнинг гапида жон бор. Шўролар истибдоди ва 75 йиллик ижтимоий сукунат халқ факторини деярли йўққа чиқарди. Давлат биринчи ланга чиқди. Халқ давлат учун бор эди, давлат халқ учун қурилмаган эди. Иккинчи жаҳон урушига қадар совет маъмурлари “Сотсиалистик давлатимиз учун ўлимга ҳам тайёрман”, дея онт ичардилар. Уруш бошланар экан, “Ватан учун ўлиш” урфга кира бошлади. Албатта, муайян “ватан” эмас, яна “сотсиалистик ватан” учун ўлиш лозим эди. “Сотсиалистик ватан” образи урушдан сўнг ҳам, Сталин ўлимидан кейин ҳам сиёсий демагогиянинг асосий ташбеҳларидан бири бўлишда давом этди.

70-йилларга келиб, вазият бироз ўзгарди. Ортиқ халқ ҳам, унинг йўлбошчилари ҳам бу иборадан чарчагани сезила бошлади. Бу босқични биз “турғунлик йиллари”, деб атаган эдик.

Бу йилларнинг турғун оқимида ўртага чиққан бир ҳақиқат шу эди-ки, совет давлатида “совет халқи” деган бир халқ йўқ экан. Турли маданият ва зеҳниятларга соҳиб, турли тилларда гаплашган этнос ва миллатлар зўрлик билан бир жамият томи остга тўрланган экан. Бу ямоқлардан таркиб топган жамиятни асло йўқ дейиш мумкин эмас эди. Ҳар бир миллий ирода ва миллий зеҳният ташаккулидир. Совет тузуми ўз жамиятига бу зеҳниятни ҳам, бу иродани ҳам беролмади, беролмас эди.

Баъзилар Совет давлатининг органик бир жамият эканлигини исбот қилиш учун АҚШни мисол келтиришади: АҚШда ҳам турли миллатлар бор, аммо давлат ўлароқ ҳамон яшаяпти, дейдилар. Аслида, бу нуқтада катта фарқ бор. Америкада, ҳиндулардан ташқари, бирорта этник гуруҳ ерли эмас эди, ҳаммаси бошқа қитъалардан келган кўчманчилар эди. Бу кўчманчилар иродаси билан, хоҳиш-истаги билан американ халқи дунёга келди. Уларни ҳеч ким зўрлаб бир жамият томи остига тўпламади. Совет давлати қурган жамият эса тамомила зўрлик билан тўпланган халқлардан ташкил топди. Бу халқлар ҳеч қаерга кўчиб бормади, улар ўз ватанларида яшаётган эдилар, улар истило этилди, холос.

Совет халқи ҳақиқатан ҳам мажҳул бир борлиқ эди. Юзга яқин этник гуруҳлардан иборат бу халқнинг ҳеч бир гуруҳи, шу жумладан руслар ҳам, миллий иродага эга эмас эдилар. Бу ироданинг йўқлиги советлар диктатурасининг 70 йиллар давомида осойишта яшашига имкон яратди.

Чор ҳукумати ҳам истилочи эди, аммо у турли халқлардан бир миллат яратишга уринмади, шунинг учун ҳам унинг тасарруфида бўлганларда аҳён-аҳёнда миллий исёнлар кўтарилиб турарди. Бу ҳукумат йиқилиб, ўрнига болшевиклар келганда Туркистонлик миллиятчилар ўз давлатимизни қуриш пайти келди, деб ўйладилар. Жадидлар фаолияти авж олди. Босмачилар ҳаракати бошланди. Бу қўзғолиш халқ факторини майдонга чиқарди.

Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир.

дер экан, бу асло муболаға эмас эди. Шу “халқ” деб аталган, аммо шу кунгача мажҳул кўринган бу хилқатнинг қўзғала бошлаганини ўз кўзи билан кўраётган эди. Бу қўзғалиш узоқ давом этмади. Исён бостирилди ва халқ такрор 70 йиллик летаргик уйқуга ғарқ бўлди. Халқ такрор фалон милёнлик аҳолига айланди, нуфузга айланди. Унинг умуртқа поғонаси бўлмиш миллий ирода вужудидан суғуриб олинган эди. Аммо вужуд тирик эди, тирик вужуд бўшлиқни севмайди ва суғуриб олинган умуртқа ўрнида албатта нимадир пайдо бўлиши шарт эди. Бу “пайдо бўлаётган” нарса бугун бизнинг яна халқ бўлиш истагимиздир, миллий давлат қуриш истагимиздир. Фақат бундай давлат қуриш учун диктаторлик типидаги бир ҳукумат етарли эмас. Бу иш учун халқнинг ўзи керак, ҳатто биринчи ўринда халқ керак. Умуртқа поғонаси соғлом, уйқудан тўла уйғонган, яъни чинакамига халқ бўлишни истаётган, бир халқ керак. Шундай бир халқ бўлсинким, токи унинг раҳбарлари бу халқни пода демасинлар. Шундай халқ-ки, шоирлар унга “қачон халқ бўласан, эй, сен оломон”, дея ҳайқирмасинлар. Шундай бир халқ-ки, унинг устида ўтирганлар ундан қўрқсин уни алдашдан, унга хиёнат этишдан, унинг мулкини ўғирлашдан қўрқсин. Шундай бир халқ-ки, ҳеч кимнинг устига ўтирмасин, ўз давлатини ўзи қурсин ва ўзи қурган давлатни ўзига хизмат қилдирсин. Шундай бир халқ-ки, ўз ҳукуматини ўзи сайласин ва бу ҳукумат унга содиқ бўлмаса, шу заҳоти уни ўзгартирсин.

Явни шундай халқ-ки, ўз эрки ўз қўлида бўлсин. Акс ҳолда, бу шоқин-суроннинг ҳеч маъниси йўқдир. Акс ҳолда, “истиқлол” дея ҳайқираётган одамлар аянчлидир. Акс ҳолда, халқимиз уйғонди деганимиз ёлғондир. Акс ҳолда, бир шоиримиз айтгандай, бир оломонмиз, раҳбаримиз айтгандай, бир подамиз. Ва асло халқ эмасмиз.

II

Халқ – миллий ирода ва миллий зеҳният ташаккулидир дедик. Миллий ирода – халқ ўз ҳуқуқларини таниши демакдир.

Ўз ҳуқуқларини талаб этиш, уларни ҳимоя қилиш иродасидир. Бундай иродага соҳиб халқ ҳар қандай диктатурага қарши кураша олади. Бундай халқ ўзи истаган давлатни, ўзи истаган жамиятни қуриши мумкин. Бу жамиятни демократик деймизми, фуқаролар жамияти деймизми, фарқи йўқ, етар-ки, у халқнинг ўз иродаси билан қурилган бўлсин.

Бизнинг халқимиз бунга тайёрми? Бу савол яна ўша советлардан мерос қолган “халқ” тушунчасини эсга олади. Бу саволга бизнинг раҳбарлар дипломатик қилиб “халқимиз демократияга тайёр эмас”, деб жавоб берадилар. Улар очиқдан-очиқ “бу халқ пода” демайдилар, аммо шунга имо қиладилар.

Бу раҳбарлардан “хўш, бу халқнинг демократияга тайёр эмаслигини қаердан била қолдинг?”, деб ҳеч ким сўрамайди. “Бу халққа демократия бериб кўрдингми-ки, бундай хулоса чиқарасан?”, деб ҳеч ким сўрамайди. Аслида, қайта қуриш йиллари бу раҳбарлар ўз халқининг демократияга тайёр эканлигини кўрди ва бундай қўрқиб кетдилар. Уларнинг юрагига қўрқув тушди, чунки агар демократик жараён давом этса, улар ўз тахтларида бир йил ҳам ўтира олмасдилар.

Тахтадаги умрини чўзиш учун улар демократияни олабўжи кўрсатиши керак эди. демократия тартибсизлик, жанжал, урушга олиб келади, дея ташвиқот юрита бошладилар. Мисол сифатида Тожикистон, Кавказ ва бошқа жумҳуриятлардаги воқеаларни кўрсатдилар. Аммо мисол сифатида Болтиқбўйи жумҳуриятлари, Русия, ёки қўшни Қирғизистон кўрсатилмади. Чунки бу мамлакатларда демократик жараён давом этса-да, ҳеч қандай уруш, ҳеч қандай ғавғо йўқ эди.

Демократияга қарши ташвиқот айни пайтда унинг тарфдорларига ҳам қаратилди. Ҳалқни кўниктириш учун ташвиқот босқичма-босқич олиб борилди. Демократия тарафдорлари биринчи босқичда юмшоқ қилиб “тўполончилар” деб аталди, кейин “экстремистлар” номини олди ва ниҳоят, уларга “террористлар ва давлат тўнтарувчилари” деган тамға урилди. Уларга қарши чоралар ҳам босқичма-босқич амалга оширилди. Улар аввал ишдан ҳайдалди, сўнгра қамоққа олиндилар.

Қайта қуриш даврида бир неча йил эркин нафас олган жамоат яна ўз қобиғига ўралиб олди. Кўчаларда, уйларда, чойхоналарда, ҳатто телефон суҳбатларида ҳам қўрқув ҳоким бўла бошлади.

Деҳқончасига айтганда, от айланиб яна қозиғини топди, бузоқнинг чопгани яна сомонхонагача бўлди. Ҳокимият ўзининг синалган бошқарув усулини қайтадан ишга солди. Бу тоталитар тузумнинг классик усули – оммавий қўрқув яратиш ва унинг даражасинимуайян юксакликда ушлаб туриш.

Оврупода бир ибора бор, “Ҳар бир халқ ўз йўлбошчисига лойиқ”, деган ибора. Бу фалсафага таяниб, ғарблик баъзи кузатувчилар Туркистон жумҳуриятларидаги вазиятни табиий ҳол сифатида баҳолайдилар. Халқ зулмга қарши ҳеч нарса демаяпти, демак зулм бу халқ учун нормал яшаш атмосферасидир, демоқчи бўлади улар. Бу жумҳуриятлардаги инсон ҳақларига муносабат стандартлари ҳам шунга яраша. Лес-Анжелесда политсия тарафидан калтакланган бир безорининг инсоний ҳуқуқлари Фарғона шаҳрида милитсионер тарафдан калтакланган мухолифатчи депутат ҳуқуқларидан устундир. Инсон ҳуқуқлари муаммоси баъзи давлатлар учун ўзининг иқтисодий-сиёсий манфаатларига уйғун келсагина касб этади. Лекин бошқа бир аччиқ ҳақиқат ҳам бор: ҳеч бир халқ бошқа бир халқ ёрдамида ҳурриятга эришолмайди. Истаймизми, истамаймизми, ҳақиқатан ҳам “ҳар бир халқ ўзи яшаётган тузумга лойиқдир”. Агар у бошқасига лойиқман деб иддао қилса, бунинг учун овоз чиқариши керак. Бу овоз чиқмас экан, ҳеч ким қайрилиб қарамайди.

Бизнинг халқимиз бу овозни чиқаришга қодир. Бу потенсиални биз қайта қуриш йилларида кўрдик. Энг илғор ғоялар, ҳатто сиёсий мустақиллик каби радикал ғоя ҳам халқимиз юрагида жаранглаб акс-садо берган эди. Етмиш фоизи қишлоқда яшайдиган бу халқ етмиши % шаҳарда яшайдиган болтиқбўйи халқларининг сиёсий фаоллигини намойиш қилган эди. Бу фаолликнинг рамзи ўлароқ сиёсий мухолифат майдонга чиқди. Унинг программа ва принсиплари энг юксак маданий савияда ўртага қўйилди.

Мухолифат дунё сиёсатида қабул қилинган энг прогрессив қоидалар билан иш кўрди. Мамлакатдаги истиқрорни, барқарорликни ҳимоя қилди, ҳукумат билан муроса йўлларини ахтарди ва ҳар доим миллий манфаатни ўз манфаатидан устун қўйди. Албатта, мухолифат бугун бир халқни тамсил этолмайди, аммо у халқ шуурида кечаётган ўзгаришларнинг мухаққақ тамсилчисидир. Бу ўзгаришлар жараёни хали тўхтагани йўқ, сукунат қобиғи остида давом этаяпти. Бугунги биз кўриб турган ижтимоий паришонлик пардаси албатта йиртилажакдир. Бу пардани демократияга тайёр бўлган халқ ҳурриятга лойиқ бўлган миллат йиртажакдир.

Турмада ўтирган кишига “сен озодликка тайёрмисан?” деб сўрамайдилар. Чунки бу савол бемаънидир. Бу “сен яшашга тайёрмисан?”, деган савол каби бемаънидир. 90- йиллар бошида Ўзбекистонда жуда кўплаб жамиятлар, марказлар, клуб ва тўгараклар очила бошлаган эди. Булар ҳукумат қарори билан эмас, ўз-ўзидан пайдо бўла бошлаганди. Уларга ҳукуматнинг қаршилик кўрсатмагани етарли эди, маблағни ҳам, техник воситаларни ҳам ўзлари ярата бошлаган эдилар.

Бу кичик ташкилотлар муҳтамал демократик институтнинг илк хужайралари эди. Улар биз қуришимиз керак бўлган фуқаролар жамиятининг тамал тошлари бўлиши керак эди. Уларнинг пайдо бўлиши халқимизнинг демократияга тайёрлигининг яна бир муждасидир. Бу ташкилотлар бугун тамомила йўқ қилинди ва ўрнига % боғлиқ бўлган, совет типидаги ташкилотлар қурилди. Энди тўрт девор орасида турган халқдан “сен демократияга тайёрмисан?”, деб сўрамоқдалар. Бу масхарадан бошқа нарса эмас. Хўш, халқ ўзининг масхара қилинаётганини биладими?

Афсуски, билмайди. Агар билсайди, ҳукуматнинг ҳолига маймунлар йиғлаган бўларди. Халқ бутунлай информатсион бўшлиқ ичида яшаяпти. Унинг ҳеч нарсадан хабари йўқ. У миллионлаб тонна пахта етиштириб, нега яланғоч яшаётганини тушунмайди. Эрталабдан кечгача меҳнат қилса ҳам, ҳеч қорни тўймаётганининг сабабини билмайди. Мухолифатчиларнинг нега қамоққа олинаётгани, диндорларнинг нега қувғин қилинаётганидан хабари йўқ. Чунки, хабарлашма йўқ, воқеаларни холис таҳлил қиладиган манба йўқ. Ҳукумат газеталари ва телевидениеси на жумҳуриятнинг иқтисодий аҳволи ҳақида, на сиёсий, на-да ижтимоий ҳаёти тўғрисида гапиради. Улар асосан мустақиллик шарофати билан бўлаётган чет эл алоқалари, олди қочди воқеалар ва мустақиллик душманлари ҳақида гапиради.

Мухолифат нашрлари бу хабарлашма бўшлиғида камлик қиляпти. Бу нашрлар кенг халқ оммасига етиб бормаяпти, бунга ҳукумат жон-жаҳди билан тўсқинлик қилмоқда. Фақат чет эл матбуотидан сизган айрим узуқ-юлуқ хабарларни эшитиб, жумҳуриятда нималар бўлаётганини тахмин қилиш мумкин. Бу тахминни пахта даласидаги деҳқонлари эмас, зиёлилар қилиши мумкин. Агар улар ҳам зиёлиликдан воз кечмаган бўлса, бугунги моддий қийинчиликлардан безиб, тужжорликка ўтиб олмаган бўлса.

Қайта қуриш даврида бутун СССРда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам миллий ҳаракатни бошлаб берган ижтимоий гуруҳ зиёлилар эди. Миллий ҳаракат деганда фақат сиёсий ташкилотларни назарда тутиш нотўғри бўлади. Юқорида айтганимиз давлатдан мустақил тузилган бутун жамиятлар ва ҳатто маданий-маиший марказлар ҳам бу ҳаракатнинг парчаси эди.

Академияда, университетларда, илмий текшириш институтларида ўтказилган турли симпозиумлар, радио-телевидениедаги мусоҳабалар, газет-журналларда босилган шеър ва мақолалар – ҳаммаси миллий ҳаракатнинг кўринишлари эди. Бу симпозиумлар, мажлис ва баҳсларда, бу мақолалар ва шеърларда юз йил давомида таъқиқланган миллий маърузалар журъатли бир шаклда ўртага қўйилди. Ҳатто қайта қуришгача коммунизм маддоҳи сифатида танилган ёзувчилар, олим ва рассомлар ҳам миллий руҳда нутқлар ўқий бошлади. Ҳа, ҳатто коммунистлар ҳам миллиятчи бўлдилар.

Нима десангиз денг, улар халқ деганимиз хилқатнинг вакиллари эди. Ким бўлса бўлсин – коммунистми, антикоммунистми – ҳаммаси шу миллатнинг фарзандларни эди ва, инонаман-ки, улардан ҳеч бири била туриб, бу миллатга ёмонлик исташлари мумкин эмас эди. Халқда бир озодлик руҳи бор эди, ҳамма шу руҳ қанотида учар эди. У пайтларда бу халқни “демократияга тайёр эмас”, деб ҳеч ким айта олмас эди.

Мен бир воқеани эслайман. 1988 йил ҳукумат газеталари камина ҳақида фош қилувчи бир фелетон эълон қилди. Фелетон чиққан кун эрталаб Ёзувчилар Уюшмасида мени бир гуруҳ ёшлар гулдаста билан кутиб олишди. Улар менга ҳамдардлик билдиришмади, аксинча, табриклашди. Чунки ортиқ инсонлар ўзгарган эди. Улар ҳар бир воқеага ўз муносабатини очиқ, қўрқмасдан билдиришга ўрганган эдилар. Бу одамлар энди демократияга тайёр эмас эмиш.

Албатта, бир ҳақли савол туғилади: бу миллий ҳаракатнинг авангардлари бўлмиш зиёлилар бугун қаерда? Нега уларнинг овозлари чиқмаяпти? Овозлари чиқмаяпти, чунки мамлакатда мавжуд тузумни мақтаб чиқарилган овозгина машрудир. Бошқа овоз ғайримашрудир, ноқонунийдир. Шу боис, зиёлиларнинг аксарияти сукут сақлаяпти. Сукут сақлаш конститутсияда таъқиқланмаган. Бу оғир кунларда ҳукуматни мақтамай, сукут сақлаш ҳам бир қаҳрамонликдир.

Бугун зиёлиларни шартли равишда уч идеологик гуруҳга ажратиш мумкин: 1.Мухолифатчилар, 2.Тарафсизлар 3. Ҳукумат тарафдорлари.

Иккинчи гуруҳ, яъни тарафсизлар бугун халққа энг яқин боғланган гуруҳдир. Биринчи гуруҳда бу имкон чегараланган, сабаби маълум, ҳокимият мухолифатни халқдан узоқлаштиришга уринади. Учинчи гуруҳ, яъни ҳукумат тарафдори зиёлилар эса халққа яқинлаша олмайдилар, чунки ҳукуматга бўлган халқ нафратининг эпкини ўзига тегишидан қўрқадилар.

Аммо бир кун музлар эриса-да, баҳор келса, бу учта гуруҳ бир онда бирлашадилар. Худди 1985нинг баҳоридаги каби. Улар ҳеч қачон бир-бирига душман бўлмаганлигини айтадилар, фақат “замон оғир эди”, дейдилар. Албатта-ки, бу “оғир замонда” энг кўп қурбон берган мухолифатчилар бўлади, аммо ҳеч ким буни бир-бирининг юзига солмайди, чунки ҳар учала гуруҳ ҳам ўз йўлларини ўзлари танлаган эдилар. Фақат ҳали баҳор келмади, ҳозир қиш, қишда қилинадиган ишлар кўп. Бу ишларни асосий иккита гуруҳ -тарафсиз ва мухолифатдагилар бажариши керак. Улар халқни оёққа қалқтира олмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, уни тонгда ухламасликка даъват қилишлари лозим. Буни нега мен қилишим керак, деманг, буни айнан сиз қилишингиз керак, чунки сиз зиёлисиз. Яъни зиё тарқатадиган одам.

“Халқ – бир оломон”, дея ёзғиргандан ҳеч дарса чиқмайди. Уни оломонликдан қутқариш учун нимадир қилиш керак. Майли, кичкина иш бўлсин, аммо иш бўлсин. Мухолифатнинг устидан кулманг, у ҳам қўлидан келганини қиляпти. Келмаганини албатта, қилолмайди.

Бир мулла бир жоҳилга намоз қилишни ўргатмоқчи бўлибди. Узоқ меҳнат қилиб, унга намозни ўргатибди, аммо таҳорат қилишни ўргатолмабди. Ва уни ташлаб кетибди. Бир куни бошқа бир мулла келиб, унга таъна қилибди: “сен қанақа мулласан ўзи, фалончига намозни ўргатибсану, таҳоратни ўргатмабсан”, дебди. Шунда биринчи мулла унга “мен бу одамга намозни ўргатдим, энди сен унга таҳоратни ўргат!”, дебди.

Бу ҳикоят бизга намуна бўлиши мумкин. Биз энди уйғонаётган халқмиз, уйқусираб, янглиш ҳаракатлар қилиб юборсак, маъзур тутасиз. Фақат уйғонаётган халқнинг зиёлиси, ўз халқидан бир-икки сония олдин уйғонса яхши бўларди. Унинг
олдинроқ уйғонгани албатта, баъзиларни безовта қилиши мумкин. Лекин кимнидир безовта қилмаслик учун уйғoнган ҳолда ётишда давом этиш гуноҳдир. Бу ибодатнинг заволидир. Зотан, чиққан қуёш ухлаб ётган бирорта мусулмонни кўрмаслиги керак, дейдилар.

Ҳақиқий мусулмон доим зиёлидир. Ҳақиқий зиёли – доим халқпарвардир. Яшасин зиёлилар! Яшасин ўз зиёлиларини кутаётган халқ!

1995. Ноябр

(давоми бор)