Ғолибшернинг мағлубияти

Ғолибшернинг мағлубияти
15 views
07 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(олтинчи мақола)

 ҒОЛИБШЕРНИНГ МАҒЛУБИЯТИ

Ўз командаси билан келган ҳар қандай раҳбар албатта, аввало  ўринбосарларига ишонади ва уларга таяниб иш кўради.

Ғолибшер Зияев миллий телерадиокомпания раисининг маънавият ишлари бўйича биринчи муовини бўлиб ишга келганди. Мафкуравий ишлар масаласида унинг олдига тушадигани йўқ. Бу  борада у ҳар қандай “манаман” деган кишини ҳам ўтирғизиб турғизади.  Унинг ёнида ҳеч ким ип эшолмай қолаётганлиги ҳақида компания миқёсида шов-шув. Биров ундай дейди, биров бундай… Ҳар куни бўлмаса-да, кун ора телевиденияда йиғин, мажлисбозлик, сиёсий ўқув кучайтирилгандан кучайиб, зўрайгандан зўрайиб бораётганлиги барчанинг ҳайратини ошириб борарди.

Бир кун олдин радиодаги каналлар раҳбарларига ҳам  махсус топшириқ бўлган шекилли, худди шу “сиёсий билимдон”нинг келиб қайсидир номи номаълум қарор бўйича йиғин ўтказилиши эълон қилинди. Ҳамма бир-биридан қизиқсиниб сўрайди: “Қайси қарор бўйича, нимани сўрар экан, ўзи?” Бу ҳақда деярли ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. У бўлди, бу бўлди-ю, лекин мавзу нима эканлиги, қандай масала кўтарилиши барибир ноъмалумлигича қолаверди. Бу ҳол кўпчиликнинг ҳижолат бўлишига, баъзи бировларннинг эса ўзини қаерга қўйишини билмай қолишигача сабаб  бўлди.

Эртаси куни. Интизор бўлиб кутилган  йиғилиш соат 12.00 да бошланди. Учрашувдан мақсад нима эканлигини билолмай, ўтирганларнинг хуноби ошиб турарди. Қараши, умуман, турқи ўта совуқ бу биринчи муовиннинг юзидан мақсадини унча-бунчага очиқламайдиган кўринарди. У йиғилганларга нописандлик билан кўз югуртириб чиқаркан, салом-алик йўқ, ҳол сўрашиш йўқ, ҳе йўқ – бе йўқ осмондан тараша тушгандай  даб-дурустдан  “Ким ўқиб келди?” – деб қолса бўладими. Ҳамма жим. Мум тишлагандек. Залдагиларнинг “Нимани, қайсини” деган пичир-пичирини эшитиб қолди чамамда,  Ғолибшер Зиёев дарҳол “Қарор”ни!” деди. Яна кимлардир “Қайси бири экан?”, деса, бошқаси “Миллий ғоя билан боғлиқ қарорни айтаяпти, шекилли” дейди. Ҳамманинг боши гаранг. Шу пайт шартта ўрнимдан турдим-да:

“Юзлаб қарор-фармонлар бор, сиз қай бирини сўраяпсиз?” –  дея сўрадим. Орқа ўриндиқдагилардан бири “Ҳар ҳолда маънавият, миллий мафкура билан боғлиқ бўлиши керак” деган ишорани қилди. “Агар ундай бўлса, айни шу йўналишда жорий йилнинг ўзида иккита қарор қабул қилинди, уларнинг қайси бири сўралаяпти?” – дедим.

“Иккаласини ҳам, агар билсангиз бошланг”, – асабий оҳангда сўз қотди раис муовини. Қарорнинг биринчисини бошдан-оёқ асосий йўналиши ва мазмунини айтиб бўлиб иккинчисига ўтганимда у:  “Биринчисини  бошқатдан сарлавҳасидан тортиб охиригача сўзма-сўз тўлиқ ёд айтиб беринг”, – деди. “Ахир, мазмунини гапириб бердим-ку, бунинг қанчалик аҳамияти бор?” – дедим унинг бу қадар терслашаётганлигидан мен ҳам  қайсарлигим тутиб. У айнан шу қарор талабларидан келиб чиқиб қандай амалий ишларга қўл урганлигимни сўрай кетди. Мен ҳам бўш келмасдан, ҳали бу қарорлар қабул қилинмасдан аввалроқ, яъни беш-олти ой илгари унда кўзда тутилганидек, айрим масала-мавзу бўйича худди шу йўсиндаги эшиттиришларни бошлаганлигимни айтдим.

Бу борадаги жавоблару, қилинган амалий ишлардан гўё мутлақо қониқмаган ўринбосар жаҳл отига минди-ю, “Бўлди, етар, ҳамманг жим ўтирларинг-да, мени эшитларинг!” – деди заҳрини сочиб. Унинг бу ҳаракатини ҳадик билан кузатиб турганлар “Энди нима қиларкин, қарорни аниқ-тиниқ қилиб тушунтириб берса керак”, деган хаёлда эди. Бироқ, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг маънавият ишлари бўйича биринчи ўринбосари Ғолибшер Зиёев газетада эълон қилинган “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги президентнинг қарорини зўрға ҳижжалаб ўқий бошлади. Ўқишни эплай олмай хуноби чиқа бошлаган муовиннинг асаби янада таранглашиб, қарорнинг қай бир жойидаги фалсафа деган сўзни “фаслафа” дея талаффуз қилганида кўпчилик бехосдан кулиб юборди. Шундан сўнг ҳангома бошланди.

Ҳамма унинг ушбу ҳужжат ҳақида гапириб, тўғри йўналиш бериш у ёқда турсин, ҳаттоки, қарорни эплаб ўқиб беролмаётганидан ҳайрон эди. Бу ажиб ҳолат шу жойнинг ўзида аввалига чўчиб турган кичик жамоа ўртасида ўзаро тортишув-муҳокаманинг бошланиб кетишига туртки бўлди. Муовин қарадики, ғала-ғовур бошланиб кетди. Ўзининг масхара бўлаётганидан баттар ғазаб отига миниб, қизариб-бўзариб: “Керак бўлса, ҳамманг ўзинг ўқиб оласан!” – дея  ўшқирди-да, қўлидаги газетани зарда билан столга би-и–р уриб,  жуфтакни ростлади. Бу мажлис таассуротлари узоқ вақт давомида бутун жамоанинг ёдида сақланиб қолди ва турли хил гап-сўзларнинг урчишига сабаб бўлди.

Шундай бўлишига қарамасдан, Ғолибшер Зиёевнинг телерадиокомпания бўйлаб маънавий-мафкуравий тарғиботни кучайтириш иштиёқи борган сари ортиб бораётганлиги ва бу ҳолат кўпчиликнинг энсасини қотираётганлигини ҳам ҳис этиш қийин эмас эди. Ҳақиқатдан ҳам бу жараён тобора аланга ола бошлади. Бу ҳаракат радиодан ўтиб, телевиденияда янада кенг қулоч ёза бошлади. Иложи борича кўпроқ ходимларни тўплаб, ҳеч бўлмаганда икки кунда бир шундай сиёсий тадбир ўтказиб туриш урфга айлантирилди.

– Қачон қараманг, гуррос-гуррос кишилар шоша-пиша мажлислар зали томон югуриб қолишади,  – дейди тележурналистлардан бири. – Ҳа, қаёққа шошаяпсизлар, тинчликми, десангиз, муҳим мажлисга, деб қўйишади.  Бир кун “қани, шу йиғинга мен ҳам бориб кўрай-чи, нима гап бўларкин”, деган мақсадда  қизиқиб бордим. Уч соат давом этган бу учрашувдан зерикиб кетиб, “мен ҳам бир гапирсам бўладими?” – дея сўз сўрасам, ўша муовин рухсат берди. Шунда: “Мен бу мажлисни бир пайтлар тўртта чаламулланинг масжидда ўтириб олиб, бу ерга кириш-чиқишда аввал чап оёқдаги калишни ечиб-кийиш керакми ёки ўнг оёқдагисини, деган оддий бир масалани ойлаб қилган муҳокамасига ўхшатдим”,  десам, Зиёев менга қараб “Тушунарли ука, ўтиринг”, деган ишорани қилди. Маърузасини давом эттирган муовин бирпасдан сўнг туриб-туриб мени кўрсатиб “Шу укамизнинг ҳозиргина муқаддас китобимиздан келтирган иқтибослари жуда тўғри,” деди қаддини ғоз тутиб. Ана холос! Бу билан “ўта кучли маънавиятчи”нинг  муқаддас Китобимиз – Каломуллоҳдаги оятлар хусусида ҳам тушунчаси йўқ эканлиги, оят билан ҳадиснинг, ҳадис билан ҳикоятнинг фарқига бормаслиги барчага ошкор бўлиб қолди, – дея хулоса қилади  ўша тележурналист.

Ғ.Зиёев радиода яна бир шунга ўхшаш кенгроқ йиғин ўтказиш учун келганида мулоқот бошланмасдан асаби қақшай бошлади. Нима қилишини билмай, радионинг “Ахборот”ида ишлайдиган Ш.Тўлагановни ёнидаги одам билан сал овоз чиқариб икки оғиз гаплашгани учун ҳамманинг кўз ўнгида намойишкорона изза қилиб, мажлисдан ҳайдаб чиқарди. Тўлаганов ҳам анойи эмас, “Хап, саними…” дея тишини қайраб, йиғиндан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Кунлардан бир кун ЎзМТРК раҳбарининг маънавият ишлари бўйича биринчи ўринбосари Ғ.Зиёев Қорақалпоғистон республикаси телерадиокомпанияси ходимларини аттестациядан ўтказиш топшириғи билан у ерга сафарга боради. Унинг “синов”идан деярли ҳеч ким ўтмайди. Аксарият ходимлар ишсиз қоладилар. Шунда ўша ердаги раҳбар ходимлардан бирининг “Энди ким билан ишлайсиз?” деган саволига Ғолибшер шундай жавоб беради: “Керак бўлса, сенларнинг ўрнингга Тошкентдан ўзбекларни олиб келиб ишлатаман!”. Шундан сўнг ходимлар синовда миллатчиликка йўл қўйилаётганлиги борасида арз қилишиб Жўқорғи Кенгесга чиқишади. Кенгес раиси эса ўз навбатида бу талабни Тошкентга етказади. Ана шундай кейин уни ўша куниёқ  кечга Вазирлар Маҳкамасига чақиришиб, аризасини ёздиришади. Маънавиятдан бутунлай узоқ, на  маънавий, на сиёсий билимга эга, на  ходимлар билан тўғри-нормал муомала-мулоқотга кириша оладиган кадрнинг телерадиокомпаниядай маданият ўчоғига биринчи муовин бўлиб келиши кишининг ақли ёки тасаввурига сиғмайди. Бироқ, телерадиокомпаниянинг айни пайтдаги раиси Алишер Ходжаевнинг “шарофати” билан жамоа ана шундай “ғаройиб” муовинни кўришга ҳам “муваффақ бўлди.” Шу аҳволдаги мутлақо саводсиз кадрнинг ишлаб кетиши бу даргоҳ учун қанча пулга тушган экан?

Қизиғи, бир пайт интернет саҳифаларининг бирида Ғолибшернинг мағлуб “шер”га айланганлиги ҳақида хабар пайдо бўлиб қолди. Худди шу нарсани кўпчилик мени ёзган бўлса керак, деган шубҳада юришди.  Кейинроқ билсак, ўзининг айтиб беришича, буни мажлисдан ҳайдаб чиқарилган аламзада Тўлаганов Шарофиддин   “ахборот”даги   баъзи дўстлари билан биргаликда ёзишиб, ўзларини панага олиш мақсадида тахаллус билан эълон қилишган экан.

Ўшанда радионинг “Ахборот” муҳарририяти бош муҳаррири, “Ғолибшернинг мағлуб “шер”га айланиши”дан кўнгли таскин топганлардан бири Анвар Абдувалиев раис муовини Ғ.Зиёевнинг нафақат саводсизлиги билан, балки телевиденияда кўп йиллар меҳнат қилган, катта тажрибага эга Қўзибой Ҳакимовнинг умрига зомин бўлган шахс эканлиги билан ҳам “машҳур”лигини қаҳр-ғазаб ила таъкидлаганди. Бу билан унинг қотилликка қўл урганлиги, лекин шундай бўлса-да очиқда юриши ажабланарли эканлигини алоҳида урғулаганди ва: “Бу “алоқа”дан чиққан  раис А. Ходжаев билан унинг етаклаб келган командаси ижоддан, маънавиятдан мутлақо йироқ, улар жамоадаги муҳитни булғашаяпти, бу “монтёр”лардан қачон қутуларканмиз, ана шундай чаласаводлар бундай муқаддас даргоҳга қандай қилиб раҳбарлик лавозимларига келиб қолишаяпти?” дея афсус-надомат билан қайта-қайта ёзғирганди. Бироқ, худди шу Анвар Абдувалиев кейинчалик… майли, бу ҳақда кейинги мақолаларнинг бирида албатта айтаман!

27.02.2014 й.

(давоми бор)