Адолатга бўлган ташналик…

Адолатга бўлган ташналик…
59 views
06 February 2017 - 19:57

Йиллар – шамолларда учган япроқлар каби учиб ўтиб кетаётир ҳаётимиздан. Ҳар кун – маълумотлар оқими. Ҳар йил – таълимотлар тақвими. Ҳар бир кун, ҳар бир йилдан ўзимизга яраша ахбор ва сабоқ оларак, олдинга қадам ташлаймиз.

Эзгу ҳаракатлардан мамнунлик ҳиссини туямиз. Лекин, бугун – дунё тараққий этаётган бир асрда баъзи мамлакатлардаги акс манзаралар – вайроналиклар, хароботлар, Ватанларидан айро тушаётган халқларнинг тақдири қалби ичра виждони тирик бўлган ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди…

Яна бир янги йилнинг дастлабки ойини ортга ташладик… Ўтган йилларимизга бот-бот назар ташлар эканмиз, беихтиёр дунёни ларзага солган Сурия фожеалари хаёлга келаверади…

Ҳар қандай урушнинг зоҳирий кўринишлари қирғинбаротлар, вайроналар, қанча одамнинг ҳалок бўлганлиги билан намоён бўлади. Аммо урушнинг ички фожеаларини эса фақат бу ваҳшат ичида яшаганлар, қақшаганларгина биладилар, чуқур ҳис қиладилар.

… 6-7 ёшлардаги қизалоқнинг саволларга худди ҳаёт тажрибасига эга бўлган катта ёшли инсонлар каби жиддийлик, ўта вазминлик билан: ”…Шоколадни, буғдой нонини кўрмаганимга кўп вақтлар бўлди. Гўштни ҳам… Дўконлар вайрон бўлган… Одамлар оч… Аммо сабр қилаяптилар… Бу оғир кунлар Аллоҳнинг бизга юборган синов, имтиҳонидир… Маржумакдан нон пишириб еяпмиз бувим иккимиз… Аллоҳ бизга қўли кирланмаган инсонлар воситасида тоза таом, буғдой нони етказади бир куни… Аммо унгача ўлсам ҳам золимнинг қўлидан нон емайман, ҳатто ушоғини ҳам оғзимга солмайман!” – дея салмоқли-салмоқли жавоб қайтаришларига қараб туриб, уруш ва адолатсизлик ҳатто болаларни ҳам нақадар тез улғайтириб қўйганлигига амин бўласан. Шугина мурғак қалбларнинг мусаффо қонларида оқаётган ҳикмат, ҳақиқат, соф бир иймон; умри бино бўлиб фитнакорлигу салтанат, маишату машваратдан бошқа нарсани билмай ўтиб кетаётган баъзи бир “катта”ларнинг ҳиссиз-шафқатсиз юрагида топилмаётганлигига ачинасан киши.

…2015 йили Туркиядаги Эге денгизи соҳилига тўлқинлар чиқариб ташлаган муҳожир болакай – Айлан воқеаси бутун дунёнинг бағрини тилиб, шафқатини ўртага чиқарган, кўпгина давлатлар қочқинларга нисбатан эшикларини кенг очгандек бўлган эди. Тезда халқаро анжуманлар уюштирилиб, муҳожирларга нисбатан бағрикенг, марҳаматли бўлиш борасида келишувлар бўлаётганлиги ҳақида бонг урилганди. Катта рақамлардан баҳс этилди – баъзи мамлакатлар юз минглаб, ҳатто бир миллионга қадар муҳожир-қочоқларни қабул қилишга тайёр эканликлари ҳақидаги хабарлар янгради. Бундай ташаббуслар кўплаб муҳожирларнинг қалбида умидворлик ҳиссини уйғотганди. Аммо бу ҳаракат негадир бирдан сустлашиб, тўхтаб қолди. Аксарият давлатлар ўз сўзларининг амалиётига келганда оқсаб қолдилар. Нега? Не ҳол юз бердики, ҳаял ўтмай мусулмон мамлакатларидаги жабрдийдаларнинг юзларига яна эшикларини кимлардир таққиллатиб, кимлардир секингина ёпиб қўйдилар?… Бу ҳақда ҳеч ким ҳеч қандай тушунтириш бермади. Ташаббускор давлат раҳбарлари ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам бу мавзуга очиқлик киритишмади, қумга синган сув каби бирданига жимиб қолишди негадир… Сабаб?…

Жаҳон ОАВ ёйинлаган хабарларга таяниладиган бўлса, ҳозирга келиб бутун дунё бўйлаб қочқинлар сони бир неча ўн миллионларни ташкил этади. Қочқинларнинг аксарияти, йилларки, қақшатқич савашларни бошидан кечираётган Сурия, Афғонистон ва Ироқдан эканликлари айтилади.

Бироқ, тинчлик ниқоби остида яшаётган баъзи мамлакатлардаги адолатсизликлар, зулмлар, диний ва сиёсий-ҳуқуқий чекловлар туфайли ҳам қочқинлар сони ортиб бормоқда…

Ўз Ватанидан қувғин қилинаётган ё-да Ватани, халқининг келажаги учун қайғуриб, ҳақиқатни сўзлашга журъат этгани сабаб зиндону зуғумлар билан қўрқитилган, ҳаётини, динини-иймонини асраб қолиш учун ҳижратга юз тутган оилаларнинг, саргардонлиги, маънавий ва руҳий жароҳатлари – кўнглининг ўйиқларига ҳеч нарса мукаммал малҳам бўла олмайди…

Oxfam ташкилоти бултур ёйинлаган маълумотга кўра, дунё аҳолисининг 1 фоизи эгалик қилувчи бойлик ер юзининг қолган 99 фоиз аҳолиси даромадига тенг экан. Шундай бир паллада Мадая(Сурия)да қамалда қолган ўн минглаб одам очликдан ўлмаслик учун, ҳатто, дарахтларнинг япроқларини ейиш даражасига борганлиги ҳақида даҳшатли хабар сайёранинг қулоғига урилди…

…Дунёнинг найрангини қаранг: аслида очларни эмас, тўқларни тўйдириш қийин бўлаётганга ўхшайди…

Credit Suisse тадқиқотларига таяналидиган бўлса, 2000-2009 йиллар орасида дунё аҳолисининг атиги 1% ини ташкил қилувчи бу бойларнинг даромади – бойлик даражаси тушиб борган. Аммо, 2009 йилдан бошлаб бу рақам яна кўтарила бошлаган.

Бироқ, ниманинг ҳисобига?…

Қайдадир умид чечаклари бўлмиш болаларнинг дунёга тўя-тўя яшаши тўла таъмин этилмас экан, айни кунларда қирқ йилдан буён саҳрода қолаётган оилалар – замонавий ҳаётдан узилганларнинг ҳалқаро ёрдамлардан ҳам умиди узилаётган, Жазоир жанубий-ғарбидаги саҳрода ўн минглаб қочқинлар саҳро қумларини “баклашка”ларга тўлдириб, жон сақлаш учун ўзларига “уй” қуришга тиришаётган, Сурия ва Иордания ўртасидаги бетараф ҳудудда тиқилиб қолган саксон минг одам чодирларда ночор ҳаёт кечираётган экан, дунё бойларининг “шарафи”-ю, бойликларининг қадри нимага тенг?…

…Илоҳий қоидаларга жоҳилларча оёқ қўяётган бир тўп нафс бандалари гоҳ сиёсат номидан, гоҳ дин номидан “имзо” чекмаяптиларми адолатсизликлар, зулмлар, қирғинбаротларга?..

Бу даҳшатли манзаралар фонида оғир аҳволда қолган халқларнинг мусибатидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишни кўзлаётган, азиз жонларини ажал гирдобидан олиб қочаётган жонларнинг ҳақлари бўлган осори атиқалар, қимматбаҳо буюмлару санъат асарларини тергилаб олиб чиқиб кетиб, соққага чевираётган майдакаш “аттор”лар ҳам кўзга ташланиб қолаётганлиги – оламнинг бўйи қай томонга оғиб, товони қай томонга шиддат билан тойиб кетаётганлигига ишорат бераркан, шуурингни хавотирли ўйлар чулғаб олади…

Ҳануз қаердадир болалар ўлаяпти – очликдан, хасталикдан, зулмдан, савашдан, бошпанасизликдан… Чунки, ҳануз қаерлардадир хунрезликлар, тахт талошишлар, зулмлар, адолатсизликлар тўхтагани йўқ… Бу ва бунга ўхшаш минглаб оғриқли манзаралар дунёнинг юзсизлигини юзига ураётган мактуботлар-ҳужжатлар бўлиб кираётир тарихга…

Сиёсатдонлар эса, одатдагидек адолат, ҳақиқат, тинчлик ва тенглик ҳақида бонг ураётирлар…

Аммо, ҳинд мутафаккири Ваҳидиддин Хон таъкидлаганидек: “Сувга бўлган ташналик сув борлигига далолат қилганидек, адолатга бўлган ташналик ҳам, адолат борлигига далолат қилиши керак!!!”

ШАМСИЯ

Манба: facebook.com