Сафарда-да қадамингни ўлчайдилар

Сафарда-да қадамингни ўлчайдилар
58 views
08 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(еттинчи мақола)

САФАРДА-ДА ҚАДАМИНГНИ ЎЛЧАЙДИЛАР

2009 йилнинг куз ойлари эди. Сурхондарё вилоятига бир неча кунлик ижодий сафарга борадиган бўлдим. Ҳали Термиз шаҳрига етиб бормасимдан мендан олдин Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг режим ва хавфсизлик хизмати ходими Расулов Хуршид ва  унинг югурдакларидан бири ўша ерда экан. “Ҳа, энди улар ҳам ўзларининг иши билан келгандир-да”, деган хаёлга бордим ўшанда.

Вилоятда беш кун мобайнида сафар режасини бажариш ва уни ниҳоясига етказиш учун шу даражада ишга шўнғиб кетибманки, Тошкентга қандай етиб келганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Тўғриси, баъзи ҳолларда борган жойларимизда қайси ташкилот, корхонанинг тижорий эшиттиришларга эҳтиёжи бўлса, ўзаро шартнома қилинади. Албатта, барчаси иккала томоннинг ҳам розилиги билан қонун доирасида амалга оширилади. Лекин, бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди. Чунки кейинги пайтларда кўпгина корхоналарнинг иқтисодий аҳволи оғирлашиб-танглашиб бормоқда. Шу боисдан вилоят ҳокимлиги мутасаддилари мендан шундай шартномалар бланкаси бўлса, ташлаб кетишимни ва кейинроқ маслаҳатлашилиб қўнғироқ қилишларини айтишганди. Пойтахтга қайтишимдан олдин вилоят ҳокимининг ўринбосари Жўра Сафаров билан ҳам бу ҳақда гаплашгандим. У кишига мен бу мажбурий эмас, агар зарурат бўлса қўнғироқ қилишларини, бўлмайдиган бўлса ҳам бундан ҳеч кимнинг хафа бўлишга ҳаққи йўқлигини айтгандим. Бу гапни ўша инсон тўғри қабул қилганлигига менда ҳеч қандай шубҳа  йўқ. Иккимизнинг орамизда бўлган гап шу. Бошқа бирон бир  илтимос ёки баъзилар гумонсираганидек заррача таъмага ишора ҳам бўлгани йўқ. Бори ҳам шу.

Орадан анча вақт ўтиб кетди. Бу шартнома масаласи ҳаттоки ёдимдан кўтарилиб кетибди. Бир куни ўша вилоят ҳокими ўринбосарининг ўзи қўнғироқ қилиб қолди. “Сизда зарур бир гапим бор. Айнан ҳозир ушбу телефонда бу ҳақда ҳеч нарсани айта олмайман. Уй телефонингизни берсангиз кечроқ бошқа телефондан қўнғироқ қиламан” деб қолди. Нима зарур гап экан, деб дарҳол уй телефонимнинг рақамини бердим. Бу инсоннинг шоша-пиша айтган сирли гаплари мени таажжубга солди. Шу алфозда нима гап экан, деб, кечгача ўйланиб юрдим.

Кечроқ хонадонимизнинг телефони жиринглаб қолди. Гўшакни олсам, ўша кишининг ўзлари – Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Жўра Сафаров. Яна бир бора ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, ҳа, айтомқчи, нима гаплар, ака, -дедим. У киши “Нарзулла, биласизми, сиз Тошкентга қайтганингиздан сўнг мени Сурхондарё вилоят миллий хавфсизлик хизмати бошқармасига чақиришавериб ҳоли-жонимга қўйишмаяпти. Шу десангиз, кеча-кундуз менинг ва оила аъзоларимнинг тинчлиги бузилган, барчамизнинг ҳаловатимиз йўқолган. Нима қилишимизни билмай гаранг бўлиб қолганмиз. Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг орқасида ишхонангизнинг режим хизмати ходимлари турганлиги хусусидаги аниқ маълумотлар менга етиб келди. Сиз билан алоҳида шуғулланишаётган экан, тинчликми ўзи?” деб қолди.

Мен эса бу ҳолдан ҳайрон бўлиб “Тинчлик ака, ҳаммаси жойида, ҳеч гап йўқ. Сизни айнан нима деб безовта қилишаяпти?” мазмунидаги саволни бердим. У киши бунга жавобан:  “Улар мендан: “Сиз журналист билан нима ҳақда гаплашдингиз? У сизга нима деди? Қанақанги шартнома туздингиз?  Қанча пул сўради ва қанча бердингиз?” дея сўрайвериб бир ҳафтадан бери олиб бориб олиб келишаяпти. Тоза қийнаб юборишди Мен эса олди-берди у ёқда турсин, ҳали шартнома ҳам имзолангани йўқ-ку, дея унга ҳаттоки биз томонимиздан муҳр қўйилмаган шартнома бланкасини ҳам кўрсатдим.

Бу хизмат ходимларининг қўяётган қаттиқ талаби шу бўлаяптики, мен сизга катта миқдордаги маблағ, яъни фалон сумма бердим деб ёзиб беришим ва бу борада улар билан ҳамкорлик қилишим керак эмиш. Уларга мен бунақанги ифлос ишларга қўл урмаслигимни очиқ-ойдин айтдим. Агар шуни бажармасангиз ишингиздан айриласиз, дейишди. Ишдан айрилсам, айриламан, лекин бировга туҳмат қилиб виждонимга қарши иш қилмайман, деб рўй-рост айтдим. Мендан хафа бўлманг-у, ука, сизнинг орқангиздан улар конкрет тушишган. Мен-ку ўзим яхши билмайдиган сиздек бир холис журналистнинг устидан бўҳтондан иборат ариза хати ёзмаганим учун нари борса ишдан ҳайдаларман. Балки бошқа кўйларга ҳам солишар.

Лекин мен ёзмаганим билан булар эртага бошқа бировларни топиб,  устингиздан бўҳтон уюштиришлари аниқ. Чунки, зиғирдай шахсий манфаати учун бир бегуноҳ одамга туҳмат ёғдириб, жувонмарг қилиш даражасигача борадиган пасткашлар ҳар доим, ҳамма жойда топилади. Менинг сизга ҳам холис яхшилигим, ҳам насиҳатим шуки, ўзингизни эҳтиёт қилинг, жудаям эҳтиёт қилинг!”.

Телефон орқали келаётган бу овозлар титраб-титраб келарди. Шунда шартта: “Жўра ака, улар сизга ўзларининг кимлиги, исми-шарифини айтиб таништирдими? Агар таништирган бўлса, айтинг”, – дедим. Вилоят ҳокимининг ўринбосари эса: “Йўқ, айтолмайман, қўйинг ука, кейин мени улар умуман тинч қўйишмайди. Менга ёки оиламгами, албатта бирон бир нарсани уюштиришади. Мана, сиз  бўлган гаплардан хабардор бўлинг, деб ҳаммасини айтиб бераяпман. Худди шунинг учун ҳам ишдан кетишим янада тезлашиб кетса ажабмас. Улар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Фақат жудаям ҳушёр бўлинг, ука,  вояга етмаган бир этак фарзандларингиз бор экан, деб эшитдим. Уларни ҳам ўзингизни ҳам  асранг, эҳтиёт бўлинглар, огоҳ бўлинглар!” – дея мен билан хайр-хўшлашди.

Ҳақиқатдан ҳам кўп вақт ўтмасдан Жўра ака Сафаров менга қарши фалон сўм талаб қилди ёки олди деб ёзиб бермаганлиги учун  қаттиқ қистовга олинган. Бу тазйиқлардан безиб кетган Жўра ака  вилоят ҳокимининг ўринбосарлигидан ўз аризасига кўра кетган. Бу ҳақдаги гапларни у киши билан ишлаган бошқа бир мутахассисдан  эшитдим. Шундан сўнг ўшанда вилоят миллий хавфсизлик хизматидан кимлар у кишини сўроқ қилганлигини сўрасам энди қўрқмасдан айтиб бера олармикин деган мақсадда бир неча маротаба Жўра акани изладим. Афсуски, тополмадим. Фақат бир нарса аён бўлдики, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси режим ва хавфсизлик хизмати ходими Расулов Хуршид ва унинг “қулоғи” бежизга мендан олдин Сурхондарё вилоятига “сафар”га отланмаган экан. Ана шундан кейин бу хизмат ходимлари томонидан кузатув ва назоратнинг бошқа бир усуллари ишга солина бошлади. Бу ҳақда энди кейингиларида…

05.03.2014 й.

(давоми бор)