Фаришталарни унутманг

Фаришталарни унутманг
108 views
10 February 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(44)

ФАРИШТАЛАРНИ УНУТМАНГ
(ёш шоирларга маслаҳат)

“Ҳижрат эркаклар учун вожиб”, дейдилар, аммо, тўғриси, мен Ўзбекистондан чиқиб кетишни орзу қилмаган эдим.

Турғунлик йилларида чоп этилган китобларимни варақлайман. Аксари шеърлар айрилиқ, уйқусизлик, видолашув, қўмсаш ҳақида. Аксари шеърлар ҳеч қачон уйидан чиқмаган одамнинг саёҳати ҳақида, ҳеч қачон йиғламаган одамнинг кўз ёшлари ҳақида ёзган шеърларидир.

Шеър табиатан англанмас бир нарсадир. Эски шеърларимни ўқиётиб, уларни англамайман:

Тобора оқарар бошидаги соч,
Тобора узоқлашар ундан,
Бошини силаган ул меҳрибон қўл.
Тобора узоқлашар,
Узоқ-узоқларда ҳилпирар
Ўзга бир давлатнинг байроғи каби.
(“Она билан хайрлашув”, 1981)

Бу шеърни мен бугун ёзишим керак эди. Агар у бугун ёзилганда эди, муболаға бўлмас эди. Лекин бу ва бунга ўхшаган матнлар 1981 йилда “муболаға ва тушунарсиз” деб топилган эди ва бу тўғри эди.

Ёки мана бу шеърга қаранг:

Сен ҳам ўша йўлдан кетдинг-а, болам,
Қайт, дедим, қайтмадинг, энди кеч, эвоҳ —
Ром этди сени ҳам лаънати оҳанг.
(шеър назарда тутилмоқда — М.С.)
Ром этди юртидан ҳайдалган арвоҳ
(Абдулҳамид Чўлпон назарда тутилади — М.С.)
Ахир, ўша йўлдан кетдинг-ку ахир,
Энди гуллар эмас, тикон босгайсан —
Сен ҳам арвоҳ янглиғ юргайсан фақир,
Ўз тилингни сен ҳам шифтга осгайсан.
Ўшал эски йўлдан кетдинг-а болам,
Қўрқмай тикилдинг-а қоронғи ғорга —
Эвоҳ, бошгинангни урарсан сен ҳам
Арвоҳ бошин урган ўша деворга!..
(“Онамнинг дегани”, 1985)

Бу сатрлар иссиқ уйда, турғунлик салтанатининг меваларини тановул қилиб, ёстиққа ёнбошлаган ҳолда битилгандир.

Улар очиқчасига иддаоли, ўз тақдирини Чўлпон тақдирига ўхшатишдан ҳам қайтмайдиган такаббурона руҳда ёзилгандир.Бундай хаёлпарастликнинг нақадар таҳликали эканлиги 1985 йилда хаёлимга ҳам келмаган эди.

Чунки фаришталар доимо уйғоқдирлар ва доимо сизнинг ёнингиздадир. Улар сизнинг ҳар бир ниятингизга, фикрингизга ва ҳатто ташбиҳингизга”омийн” деб юбориши ҳеч гап эмас. Буни асло унутмаслик керак.

Сизга бунинг яна бир исботини келтираман:

Ҳеч қачон ўлолмас
Асли ўлик бўлган китоблар.
Ҳиди ҳам чиқмайди жасадларидан
Китоб дўконига кирсангиз.
Ҳақиқий китоблар ўлиши мумкин,
Ҳидланиши мумкин
Ҳақиқий китобнинг жасади.
Шу сабаб уларни кўммаса бўлмас,
Ёндирмаса бўлмас шу сабаб.
(“Китоблар”, 1978)

Бу шеър ёзилганидан ўн беш йил кейин Ўзбекистонда ўз китобларимнинг ёндирилишини билганимда, бундай уйдирмани асло битмаган бўлардим. 1993 йили Қозоғистонда босилган “Давлат сирлари” китоби бу уйдирманинг қурбони бўлди. Шеърларимнинг мактаб программасидан чиқариб ташланиши, ҳатто таржималарим остига “М. Солиҳ” олиб ташланиб, “С. Мадаминов” қўйилишига ҳам юқоридаги уйдирма сабабдир.

Минг тўққиз юз саксон иккинчи йил биз дард нима эканини билмаган, такаббур ва ўзига ишонган жайдарилар эдик. Биз фожеа эмас, гўзаллик ахтардик дунёдан. Энди ўша саксон иккинчи йилда ёзилган уйдирмани қаранг:

Телефон жирингласа, титраб кетаман,
Эшик тақилласа, сапчиб тушаман —
Хабардан қўрқаман.
Қариндошим келса, қочиб кетаман,
Яширинаман оғайним келса —
Хабардан қўрқаман.
Почта қутиси ёнидан чопиб ўтаман,
Қайрилиб қарайман, биров чақирса —
Хабардан қўрқаман.
Йўқ, мен бу дунёнинг фожеа тўла
Кўзларига тик қаролмайман.
(“Қўрқоқ одам”)

Мен учун 93-94-йиллар худди шу шеърда тасвирланган воқеалар ичида кечди. Ўзбекистондан келаётган хабарларнинг
ҳаммаси фожеали ва уларни эшитишдан, ҳақиқатан ҳам зада бўлдим.

Худди шундай бўлишини билгандай, худди шу саксон иккида яна шу сатрларни уйдиришга тўғри келган экан:

Менга уйқу бермас жасоратнинг кўзи.
“Нега жисман, қўлинг озод бўлиб. Оёғинг соғ бўлиб, нега
жимсан?” дейди у менга тикилиб.
“Бу қўллар боғлиқ бўлиши мумкин эди”, дейди менинг қўлимни
кўрсатиб.
“Бу оёқларда кишан бўлиши мумкин эди-ку”, дейди у менинг
оёқларимга имо қилиб.
“Тўғри, – дейман, – сенинг тажрибанг бор, сен боғлиқ
қўлларни ҳам кўргансан, кишанли оёқларни ҳам. Лекин мендан
нима истайсан, Жасоратнинг кўзи!”
Бақирганим кор қилмайди, тепамдан кетмайди, тонггача
қадалиб туради Жасоратнинг кўзи.
(“Жасоратнинг кўзи”)

Бу жасоратнинг кўзи мени — юмшоқ ерда ўтириб, ширин емаклар ейишни севадиган бир одамни — тарбиялай олдими-
йўқми, ҳар ҳолда, 1993 йилнинг апрелида қўлимга кишан солиб ички ишлар вазирлиги ертўласига туширишганда, мен ўз уйдирмаларимга лойиқ бўлишга қаттиқ ҳаракат қилдим.

Турғунлик йилларида ҳам Ўзбекистонда цензура бор эди. Аммо цензорларнинг кўпчилиги бадиий адабиётни тафтиш қилар экан, уни тушунмаганга оларди ёки ҳақиқатан ҳам тушунмас эдилар. Хусусан, 70-йиллар шеъриятдаги фикрий юксалишда нафақат шоирларнинг, балки биз ҳеч қачон севмаган цензорларнинг ҳам ҳиссаси бордир.

Албатта, бу жараённи машруъ (легитим) бир ҳолда давом этишида, цензорлар каби, муҳтарам танқидчиларимизнинг ҳам хизматлари бор. Улар замонавий шеъриятни изоҳлар экан, ҳеч қачон шеърнинг социал моҳиятига тегинмас эдилар, тегинсалар ҳам юзаки тегинар ва ҳеч нарса бўлмагандай, ўқ илдиз четда қолиб, бошқа нарсалар ҳақида муноқаша этардилар.

Мен бу суҳбатимизда ўз шеърларимнинг таҳлили воситасида баъзи нарсаларни англатишни истардим ва буни нокамтарликка йўймангиз. Бу демак, ўзбек шеъриятида энг яхши уста менман, дегани эмас. Уста шоирлар, Худога шукр, бизда жуда кўп. Фақат одам ўзи ёзган нарсани бошқа бирининг ёзган матнига кўра яхши билади, яъни мен ўз шеърларимга бир техник қулайлик сифатида ёндошдим.

Гап цензура тўғрисида бўлди, ўша ҳақда битта шеърни ўқинг:

Унинг оғзи
Бир йил муддат билан тикилган эди.
Роппа-роса бир йилдан кейин
Суғуриб олишди
Унинг оғзидаги ипларни.
Ингради,
Қора терга тушди
Битиб қолган оғиз очилар экан.
Шунда у англади ўз сўзларининг
Бу даҳшатли ипга нисбатан
Нақадар оғриқсиз суғурилишини.
(“Муддатдан сўнг”, 1979)

Бу шеър 1979 йилда эмас, 1994 йилда ёзилганда эди, ҳамма тушунган бўлар эди. Чунки, етмиш тўққизинчи йиллари Ўзбекистонда “оғзи тикилган” (таъқиқланган) бирорта тирик шоир йўқ эди. Шунинг учун ҳам бу қабил шеърларни шеър шайдолари ва мунаққидларимиз тушунмади, чунки бу шеърлар уйдирма эди.

Мунаққидларимиз бундай шеърларни “бармоқдан сўриб олинган ребус”, дея атар экан, мутлақо ҳақли эдилар.

Иккинчи томондан, бу шеърлар бугун ёзилиши керак эди, чунки бугун Ўзбекистонда энг яхши шоирларимизниг “оғзи тикилгандир”, уларнинг оғзидан ипларни суғуриб олиш муддати ҳамон келгани йўқ.

Валлоҳ, бу уйдирманинг йиллар ўтиб, ҳақиқатга айланишини ўйламагандим. Ва энди ёш шоирларга дарҳол маслаҳат бергим келаяпти: асло уйдирманглар, чунки ёзганингизга фаришта “Омин!” деб юбориши мумкин. Агар уйдирмасликнинг иложини топмасанглар, майли, уйдирингиз, фақат хайрли нарсалар ҳақида уйдиринг.

Минг тўққиз юз саксон бешинчи йилда “Туркистон” калимаси муомалага кирмаган эди. Бугун нафақат кирди, балки “Туркистон” деган газета ҳам чиқа бошлади. Саксон бешинчи йилда “тинтув”, “сўроқ”, “қамчи”, “занжир” каби сўзларни фақат бадиий китоблардагина ўқирдик, бугун эса улар биз учун турмушда ишлатиладиган сўзлардир. Бугун ўзбек зиёлиларининг ватанпарварлари сўроқ қилинаяпти, калтакланаяпти, кишанга солинаяпти. Шунга қарамай, улар ўз қўлларидаги занжирларни шалдиратиб, зулм сукунатини бузишдан қўрқмаяптилар. Атрофдаги жим-жит дунёни уйғотишга ҳаракат қилаяптилар.

Ҳар сонияда юз бор тинтилган,
Юз бор сўроқланган шаппатдай диёр —
Сенми, ҳали кўкка интилган,
Сенми қоронғуда ахтарган зиё?!
Фаровон ҳаётдан ношукр банда,
Нон эмас, эрк ҳақида куйлаган сенми —
Ёмон отли бўлиб ҳаммага бунда,
Яна ҳамма ҳақида ўйлаган сенми?!
Сенми, тутиб қолган Адл қамчисин,
Сенми, ҳақ жазога ҳалақит берган —
Сенми, нишон олган кўзёш томчисин,
Сенми, ҳали ўша такаббур мерган?!
Сенми ҳамон бўйсунмаган бўйин,
Қақраган лабларнинг ол қаҳри — сенми?
Қуллар саҳросида кўтариб қуюн,
Ҳеч не кўрмагандай лол даҳрий — сенми?!
Соқчи уйқуда деб умид-ла боққан,
Қочишни кўзлаган сенми пиёда —
Бу оғир занжирни шалдиратмоққа
Журъат этган сенми жим-жит дунёда?!
А-ҳа, сенми?!
(“Туркистон”, 1985)

Энди баъзи шоирларнинг нега шеър ёзмай қўйганини тушунгандирсизлар. Фаришталар атрофида учиб-қўниб юрар экан, шеър уйдириш хатарли маслакдир.

Маслаҳатчи Муҳаммад Солиҳ.
1994 йил, июл.

(давоми бор)