Ҳазрати Навоийни ўқиб…

Ҳазрати Навоийни ўқиб…
21 views
09 February 2017 - 22:58

ҲАЗРАТ НАВОИЙНИ ЎҚИБ…
(Туркум)

Куйдиму топдим кўнгилни, ўтға солғондин бу иш,
Ё кўнгилдиндур менга ё кўнглим олғондин бу иш…

Алишер НАВОИЙ

1.
Оҳ, мен бунчалар суйдим-а,
Оҳ, мен бунчаларам суйдим.
Дамингдан ўт тушди бир-бир,
То товоним қадар куйдим.

Қоришдим ўт, чўғу кулга,
Ки ёноғинг сочиб шуъла.
Шарҳ этарга умр етмас,
Бу не куйдир, не ашула?…

Ҳуснинг хаёл этганим кез,
Девона бўлдим қолдим тез.
Юзингнинг улуғлигига
Тикилдим қилмайин парҳез.

Ажал наққошидек хушрўй,
Келдинг ифор сочиб -хушбўй.
Ибодатга нўноқ ошиқ
Қулинг ҳолин сўрмагин, қўй!…

О, шаҳидинг бўлсам, кошки,
Қўлингдан ишқ – бода ичиб.
Икки жаҳонимдан кечиб,
Бир сандин ўргилсам кошки…

Оҳ, мен бунчалар суйдим-а,
Оҳ, мен бунчаларки суйдим.
Дамингдан ўт тушди бир-бир,
Неки борим бирла куйдим…

2.
Фасоҳат истарам мен ҳам,
Фаросат истарам мен ҳам.
Фаҳминг ила фаҳмлантир,
Фароғат истарам мен ҳам.

Ошиқма ошиқ эрканман,
Ошиққаним “шарофати”:
Ғаддор дунё еди маним
Нозиклигим, зарофатим…

Кўркам кўнглимдин айрилдим…
Энди излай қаерлардин.
Тополмадим тўкис зотни
Фановий бу сайрлардин.

Икки дарё орасинда
Қарор топдим Ниллар киби.
Дарёлантир юрагимни,
Кенгфеъл эт комиллар киби.

Ҳимматларинг дилимга сол,
Ҳикматларинг тилимга сол.
Олгин мани омиликдин,
Саодатли билимга сол!

Фасоҳат истарам мен ҳам,
Фароғат истарам мен ҳам.
Фаҳмлантир, фаҳминг ила,
Фароғат истарам мен ҳам!…

3.
Нағмалар тузди торим,
Куйга айланди борим.
Эврила қўй, озорим,
Бир енгил тортаюрсан.

Синггигин ич-ичима,
Кундузима, кечима.
Сиғмай қолсанг бичима,
Ташга йўл тортаюрсан.

Эй, НУР, зўр ишқимсан сан,
Дилдаги кўшкимсан сан.
Муаттар мушкимсан сан,
Дилга дил тортаюрсан.

Топган зўр топувчим-ай,
Интилиб чопувчим-ай,
Ўлсам, кўз ёпувчим-ай,
Кўзга мил тортаюрсан!

Эй Нур, зўр ишқимсан сан!..

4.
Гадолар дўст тутмас гадони,
Адолар тушунмас адони…
Шу оддий – мураккаб савдони
Ечмакка тафаккур заифдур…

Омонат Умрга бир дунё
Орзулар… – гоҳ рўёб, гоҳ рўё.
Ким -масрур, ким-маҳзун, ким-гўё
Абадий саифдур, саифдур…

Маънларга маъни не маънодин,
Ки бемор узилди Синодин…
Биносиз ақлга Бинодин
Сўз айтмак хайфдур, хайфдур…

5.
Ёрлиғимдан ёрланар дил,
Борлиғимдан борланар дил.
Хушвақтлиғдан дарёланар,
Ғашликлардан торланар дил.

Турланади фасллардай,
Аслзода, асллардай.
Ашк ёмғиридин покланиб,
Ашк тўкмасам, гар сил*лардай…

Оғир-оғир оғринади,
Билмам, нени соғинади.
Талпинар Сабр тоғина,
Гоҳ кўнглимға тоғ энади…

Ларзон-ларзон зорланар дил,
Юклар босса, зўрланар дил.
Гоҳо уммонданам сокин,
Гоҳ тажангдур, ўрланар дил.

Орланар дил нолишлардан,
Ўзни бадга солишлардан.
Ҳурлардай ҳур ҳаёт истаб,
Гоҳ уятга қолишлардан.

Хорланар хор аҳволидин,
Дорланар Мансур ҳолидин.
Ишқ заққумидин ўлса гар,
Тирилгай шул Ишқ болидин!

Ёрима ёрмен – дил сабаб,
Борлиқда бормен – дил сабаб.
Кимики зор этдим, яна
Кимгаки зормен – дил сабаб!

Ёрлиғимдан ёрланар дил,
Борлиғимдан борланар дил…

6.
Нодонлик даштида нодон бир кас эдим,
Қанча кўп дўст тутдим, шунча озор чекдим.
Оқил ғанимлар-ла курашга ҳад урдим,
Бу зарблардан озор яна ҳазор чекдим…

Синградим, жонимни ситди ситамлар, ваҳ,
Халойиқ, кўр, турфа ҳаводис аромен.
Сипқориб алам суйини, сурдим қадам,
Ғарам-ғарам ғамлар аро ғамсаромен.

Қанча кўп йўл юрдим, шунча юк орттирдим,
Кўнглим, кўзим тўлди-тошди, дайро бўлдим.
Бўйро бўлдим, оқдим ашки анҳорларда,
Қирғоқда қолди томошо – айро бўлдим…

Саноқсиз санги маломат уйдилар – тоғ,
Мардона кетдим, гар эрди дард ларзона.
Озоршунослар олдидан олисладим,
Оғринмасликни билдим, – бўлдим фарзона…

7.
Дашти саҳросидан кетяпман сархуш,
Кўксимда килкиллаб борар ишқи май.
Ашким дарёлари ураётир жўш,
Чашми қароғимга тўлқини сиғмай…

Зулфи шароридан йўқдир қарорим,
Он сори йўл солдим йўлларда ҳориб.
Машаққат дарсида бўлиб ман толиб,
Синалди сабриму севгиму орим…

Қайтмасмен, гарчи Ишқ йўли хатардур,
Гарчи олис Ёрнинг васли, жамоли.
Тортганлар айтадур: заҳмат баттардур,
Кўнглима заррача етмас малоли…

Ажаб сир-синоат, ҳикматлар кўрдим,
Суймасам – надомат, суйсам – маломат.
Хислатлар… хислатлар… хислатлар кўрдим,
Барибир, суйганлар – соҳиб каромат!

Ошиқлар… Чин, Рум, Шом, Ажам юртидин,
Бири вайрон, бири ҳашам юртидин.
Ўтдилар дунёга довруғ таратиб,
Асрлар ақлини ҳайрон қаратиб!

Билдирур бу ҳолнинг ҳолу хабарин
Кўнгилни Каъба деб кетган одамлар.
Аларнинг изларин излаб, изиллаб,
Борурман; гоҳ тез, гоҳ аста қадамлаб…

Дашти саҳросидан ўтяпман сархуш,
Кўксимда килкиллаб борар ишқи май…

8.
Дағи Ишқ базмида кўнглумни очдим,
Дағи Ишқ тирноғи тилди юзумни.
Дағи Ишқ лабиға қонимни сочдим,
Дағи Ишқ ҳийласи ўйди кўзумни.
Дағи ич-ичимда Ишқ ақл йиғмас,
Дағи балолари ботар ичимға.
Дағи дил даллидур, асрора сиғмас,
Дағи Дунё бичган бичимға…
Дағи Ишқ тиконин жонимға экдим,
Дағи бу қийноқлар гуллади ғужғон.
Дағи майсасимон майинроқ тегдим,
Дағи кўз гирдиға қадалди мужгон!
Дағи адаштирди, адашдим дағи,
Дағи-да сабримдан синди синиқлар…
Дағи бу жаранг, ҳууув, синмағондағи,
Дағи синмағон бир сасдай тиниқман!
Дағи тил тиллашиб, тонмади Ишқдан,
Дағи дил диллашиб, ўчдур Васлға.
Дағи баҳор келди, мастман қўшиқдан,
Дағи яшнаб кўчдим асл Фаслға!
Дағи ёниқ-ёниқ боқдим оламға,
Дағи шаҳдли-шаҳдли отдим қадамлар.
Дағи шаштли-шаштли куч бор жоламда,
Дағи Одам этди мени Одамлар!
Дағи Ишқ пойиға ўзумни отдим,
Дағи сурма янглиғ кўзга сурилдим.
Дағи ашк баҳрида ўзни йўқотдим,
Дағи Ишқдин ўлдум, дағи тирилдим!…

2007 йил.

ШАМСИЯ ХУДОЙНАЗАРОВА
*сил – оғир касаллик