Баҳрайн подшоси Мунзир ибн Совийга юборилган нома

Баҳрайн подшоси Мунзир ибн Совийга юборилган нома
25 views
11 February 2017 - 8:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 143
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

БАҲРАЙН ПОДШОСИ МУНЗИР ИБН СОВИЙГА ЮБОРИЛГАН НОМА

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Саломун анта. Фаинний аҳмаду илайкаллоҳа, аллазий ла илаҳа илла ҳува. Аммо баъд, фаинна ман салло салатана вастақбала қиблатана ва акмала забийҳатана фазалика муслимун лаҳу зимматуллоҳи ва зимматур-расули, ман аҳабба золика минал мажуси фаиннаҳу омана ва ман аба фаинна алайҳил-жизята, фааслим».

Маъноси: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Саломатмисан. Ёлғиз Аллоҳгагина ҳамд-сано айтурман ва У мақташга лойиқдур. Бундан сўнгра ҳар кимарса бизлардек намоз ўтаса, қибламизга юзини қаратса, биз бўғизлаган ҳайвонларни еса, ул киши мусулмондур. Аллоҳнинг аҳди, пайғамбарининг омони ул кишига бўлғай, яъни унинг мол-жонига ҳеч ким тега олмагай. Араблардан бошқалар яхши кўриб бу динга кирсалар, мол-жонларига алар ҳам омон топгайлар. Агар қаршилик қилиб, иймон келтирмас эканлар, аларга жизя қўйилгай. Ислом динига киргил, азобдан қутулурсан».

Пайғамбаримиз: «Бу номани аталмиш кишига еткургил», деб, Ало ибн Ҳазрам исмлик саҳобага топширдилар. Ул киши эрса Мунзир ибн Совийга еткурди. Номани ўқиб кўриб мазмунига тушунгандан сўнгра, дарҳол иймон келтириб, бу номани ёзди:

«Аммо баъд, я Расулаллоҳи. Фаинний қораъту китобака ала аҳлил Баҳрайни. Фаминҳум ман аҳаббал Ислама ва аъжабаҳу ва даҳала фиҳи ва минҳум ман кариҳаҳу ва биарзи мажусун ва яҳуду фа аҳдис илайя фи залика амрака».

Маъноси: «Саломдан сўнгра, ё Расулаллоҳ, сизнинг номангизни Баҳрайн халқига ўқиб бердим. Баъзилари бу динни яхши кўриб иймон келтирдилар, баъзилари эрса бундан юз ўгирдилар. Бу ерда яҳудий, мажусий, оташпараст кофирлар бордур. Булар ҳақида қандоқ иш қилишга буюрасиз, бизга шуни билдиргайсиз».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нома келгач, жавобига ёздилар:

— Ёлғиз Аллоҳга ҳамд-сано айтурман ва гувоҳлик берурман барча оламни яратгувчи ёлғиз Аллоҳдур. Муҳаммад эса Аллоҳнинг қули ва анинг элчисидур. Сўнгра шулки, Аллоҳни сенинг ёдингга солурман. Ҳар ким яхшилик қилур эрса, анинг яхшилиги ўзига қайтгай. Юборган элчиларимга ким итоат қилиб бўйсунса, менга бўйсунгандек бўлур. Ким аларга яхшилик қилса, менга яхшилик қилмишдур. Юборган элчиларим қайтгач, сенинг яхши сифатларингни айтдилар. Қариндошларинг тўғрисида айтган сўзингни қабул қилдим, мусулмон бўлган кишилар қайси ҳолда Исломга кирган бўлсалар, ўшал ҳол узра қолсинлар. Яъни, аларнинг молу дунёлари, илгари олган хотинлари ўз қўлларида бўлсин, аларга ҳеч ким тегмасин. Илгари қилган гуноҳларини кечирдим. Узрларини сен ҳам қабул қил. Агар адолатликда турар бўлсанг, амирлигинг узоқ вақтгача қолур, ўрнинг ўзгартирилмас. Яҳудий ёки мажусий динида қолгувчилар бўлса, аларга жизя қўйиб, солиқ олурмиз».

(давоми бор)