Изсиз йўқолган миллиардлар

Изсиз йўқолган миллиардлар
29 views
11 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўнинчи мақола)

ИЗСИЗ ЙЎҚОЛГАН МИЛЛИАРДЛАР

Нафс балосига йўлиққан кишини ўргимчак ёки балиқ тўрига тушиб ёинки, чирмовиққа чирмалиб қолган ўлжага ўхшатиш мумкин. Чунки у энди ўзини тутиб берган “макон”дан чиқиб кета олмайди. Нега деганда, бундайин касалга йўлиққанлар ҳаётнинг асл маъно-мазмуни фақат шундангина иборат деб ўйлайдилар. Фақат ва фақат шундай тарзда фикр юритадилар. Алалоқибат нима бўлиши мумкинлиги уларни мутлақо қизиқтирмайди. Бу каби ҳаракатнинг қанақанги натижа билан тугашини ҳаттоки, тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Бир кун келиб бу борадаги қилмишлари учун жавоб бериши, жавобгарликка тортилиши муқаррар эканлиги эса хаёлига ҳам келмайди.

Не ажабки, бу каби нафс балосига йўлиққан ва шу тахлитда фикрлайдиганлар сафини МХХдан чиққан-зобит, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси жаноб Алишер Ходжаев ҳам тўлдириб турибди. Бунга барча асос ва далиллар етарли. Сабаб у компанияга раҳбар бўлиб келибдики, бирон бир ходим ҳеч бўлмаганда бирон маротаба ойлик маошини вақтида олиш “бахти”га мушарраф бўлган эмас. Қўйингки, 2005 йил май ойидан компанияга раис бўлиб келгандан буён у аҳли жамоа билан 2013 йилнинг 10 июлигача номига бўлсада учрашмаган, бир марта ҳам сизлар кимсизлар, нима муаммоларингиз бор деб-ку, умуман сўрамаган. У раҳбар бўлиб келиши муносабати билан ўз вақтида берилаётган мукофот пуллари ҳам бутунлай изсиз йўқ бўлди. Транспорт, овқатланиш, даволаниш, картошка, тижорат, маошга қўшимча ҳар ойда мукофот пулларининг 70 фоиздан 100 фоизгача берилишига чек қўйилди ва шу  аснода бу турдаги рағбатлантирувлар ҳам ўз-ўзидан таг-туби билан йўқотилди. Шунча маблағ қаёққа равона бўлганлиги ҳали аста-секин бўй кўрсата бошлайди.Авваллари буларнинг бари бор-мавжуд эди ва жамоа бундан жуда мамнун эди.

Бу ҳам етмаганидек, телерадиокомпания каналларининг ҳисоб рақамини ўзининг соҳасига дахлдор ‘алоқабанк’ига ўтказди-ю, ҳамманинг ҳузур-ҳаловатини қочирди-қўйди. Ўз командасининг, яъни МТРК-аппаратининг, яъни маъмуриятнинг ҳисоб рақамини эса ‘асакабанк’дан очирди. Ҳамма ёппасига пластик карточкага ўтказилгандан кейин эса аҳвол бундан-да баттарлаша бошлади. Нақд пулни олиш бошида тузукдай эди-ю, лекин секин-аста бу борадаги аҳвол ҳам мураккаблашиш томон юз бурди. Кейинроқ эса пулни карточкага вақтида тушириш ҳам муаммога айланиб қолди. Қизиғи, маблағ карточкага тушса, нақд пул йўқ, кассада нақд пул бор пайтида карточкада пул бўлмайди. Чунки пластик картадаги маблағни ходимлар рўзғор-эҳтиёж учун ишлатиб юборган бўладилар-да. Худдиким, бу каби найрангбозликнинг барчаси, ҳисоб-китобиЎзМТРК раҳбарияти томонидан олдиндан пухта ўйлаб ташкил қилингандек.

Илгарилари ходимларнинг талаблари, таклиф ва ташаббуслари ҳамда муаммоларини атрофлича кўриб чиқиб ўрганиш, керак бўлса қўллаб-қувватлаш, ҳал этиш борасида бироз бўлса-да таъсири бўлган касаба уюшмасининг-ку “алоқа”чиларга қўшиб юборилганидан сўнг овози бутунлай ўчди, тўғрироғи ўчирилди. Бу даргоҳда ишлаётганлар муҳим саналар, ҳатто журналистларнинг касб байрамларида бериладиган мукофот пулларидан ҳам алақачон мосуво бўлишган. А.Ходжаев деганлари шунчалик “ютарман ва қотарман” эканки, энди туғилган гўдакнинг икки ёшигача берилиши зарур бўлган сут пулига ҳам кўз олайтирди ва бундан ҳам уларни маҳрум қилди. Унинг шу қилғиликлари Алишер эмас, балки АлиШАР эканлигига катта ишорат бериб турибди.

 Бу Юҳо чақалоқларнинг сут пулигина  эмас, ҳар янги йил олдидан 12 ёшгача бўлган болалар учун бериладиган совғаларни ҳам заррача хижолат чекмай, “қилт” этмай “ютиб” юбора олишлигини ҳам очиқнамойиш этиб қўйди. Чунки уч йилдан буён болаларнинг янги йил совғаси берилмасдан сувда чўкмас, ўтда куймас очкўз ва очофатнинг нафсини қондиришга йўналтирилаяпти.

Гапнинг индаллоси айтиладиган бўлса, Алишербойнинг битмай қолаётган қандайдир, нечанчидир супермаркетига ва яна қайсидир жазманининг яна неча қаватлидир қасрини тезроқ битириш учун шу болаларнинг нафақа пули ҳисобига қанақадир қурилиш материаллари сотиб олиш янада муҳимроқ деган қарорга келинибди. Шу талон-тарожлик, ўмариш-ўзлаштириш ва айниқса, харомхўрлик билан жамғараётган маблағларини ўзи-ку қилт этмай ютаётганлигига шубҳа йўқ. Бу касофатнинг ушбу харом луқмаларни  бутун оиласи, бола-чақасига ҳам едираётганлиги ва бунинг оқибати нима билан тугаши ҳақида бирор бир тасаввурга ҳам эга  эмаслиги янада ачинарли ва бу унинг катта фожиасидир.

Халқимизда “Очофатдан қоч, – офат!” деган нақл бор. Чиндан ҳам бу очофат офатларнинг энгулканларидан бири экан. Ундан  ё қочиб қутуладилар, ё… Бу нафси ҳакалак отган раисдан қочиб қутулишсалар-ку хўпи-хўп. Аммо унинг “тирноқ”лари бутун мамлакат бўйлаб ёйилган баҳайбат, темир чангалидан қочиб қутула олмай, алдовлар, фитналар қурбони бўлиб, билиб-билмасдан бу ҳийлакорнинг қаллобликларига шерик бўлиб, унга ишониб, “чув” тушганлар  ва минг-минг афсус билан айтиш, таъкидлаш жоизки,  ҳатто  бу “чув” тушиш оқибатида  ноиложу ночор қолганликларидан юрак хуружига учраб, нари-бериси билан бир соат ичида у дунёга равона бўлганлари ҳам бор. (Бу ҳақда алоҳида мақола ҳозирланмоқда.)

Хуллас, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимлари  ойлик маошларини ўз вақтида пластик карточкаларга туширолмайдилар, бунинг устига нақд пулларни ҳам олиш жиддий муаммога айланиб бораяпти. Кўпнинг кўз ўнгида кўпнинг ҳақи, ҳатто болаларнинг ҳам ризқини бемалол паққос тушириб,  ҳеч нарса кўрмагандай, ҳеч нарса билмагандай юрган бу офатнинг ўзи тўйса ҳам кўзи тўймаяпти.

Ўз маошини вақтида ололмаётган ходимлар бу борада бухгалтериядан аниқ жавоб олишолмагач, тўғридан-тўғри “алоқа” банкига қўнғироқ қила бошлайди. Жумладан, камина ҳам ушбу банкнинг нақд пул билан шуғулланадиган бўлимига қўнғироқ қилиб “қачон бизнинг “Ўзбекистон” телерадиоканалига нақд пул жўнатасизлар?” дейишимни биламан, банк ходимларидан бири ”Ўзи бу телерадиокомпания деган ташкилотнақд пулга тўядими-йўқми?” деган жавобни эшитдим. “Ие, қачон биз нақд пул олибмиз?” десам, у яна менга “Кечагина компаниянингиз иккита машинада беш миллиарддан ошиқ, олти миллиардга яқин нақд пул олиб кетди-ку” деганида ҳангу-манг бўлиб қолдим. ЎзМТРК учун банкдан шунча миқдордаги пуллар олинса-да, аммо  телерадиокомпания ходимлари қўлига келиб тушмасдан, бошқа томонларга “адашиб”, “изсиз йўқолаётган” бу нақдлаштирилган миллиардларнинг сирли  манзили қай ер-у, қай жой бўлганлигини я-я-яхшилаб излаган одам топмасдан қолмас…

22.03.2014 й.

(давоми бор)