Бугун Ўзбекистонда нима қилиш керак?

Бугун Ўзбекистонда нима қилиш керак?
63 views
12 February 2017 - 4:00

БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
(“Озодлик” радиоси мухбири саволларига жавоб)

Мухбир: Ўзини Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан “конструктив мухолифат ташкилоти” деб эълон қилган “ЭРК” демократик партияси ва Сизнинг Ўзбекистондаги мавжуд аҳвол хусусидаги танқидий мулоҳазаларингиз тингловчиларга маълум. Аммо “конструктив мухолифат” сифатида “ЭРК” Партияси ва унинг лидери, яъни Сиз, 1997 йилда Ўзбекистонда мавжуд вазиятни яхшилаш борасида қандай ишларни амалга ошириш керак, деб ҳисоблайсиз?

Агар мумкин бўлса, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий ва хавфсизлик соҳасида қилиниши керак, деб ўйлаганингиз ишларга қисқа, аммо алоҳида тўхталсангиз.

Муҳаммад Солиҳ: Агар Ўзбекистон ҳукумати ўзининг сўнгги баёнотларида билдиргандек, 97-йилни ўзгариш йили қилмоқчи бўлса, бизнинг фикримизча, биринчи навбатда шу ишларни амалга ошириши керак бўлади:

Ички сиёсатда:

1 – модда. 1992 йилдан бери таъқиқланиб келаётган сиёсий партия ва ташкилотларни расман тан олиш, уларга конституцион ҳуқуқларини қайтариб бериб, фаолиятларига қўйилган тўсиқларни бартараф қилиш, сургундаги сиёсий мухолифат вакиллари ва дин арбобларини мамлакатга қайтариш, уларнинг поймол қилинган ҳуқуқларини тиклаш, кейинги 4 йил ичида сиёсий ва идеологик сабаблар билан қамоққа ташланган сиёсат ва дин одамларини озод қилиш ва уларнинг бутун фуқаролик ҳуқуқларини тиклаш;

2 – модда. Цензурани таъқиқлаш, сўз ва матбуот эркинлигини амалга ошириш. Мустақил газета, журнал таъсис этиш ва чоп қилиш ҳуқуқи, мустақил телевизион канал ва радио қуриш ҳуқуқи берилиши лозим. Бугунги мавжуд газета ва журналларнинг ҳаммаси давлатникидир, уларнинг ҳаммаси давлат дотацияси билан яшаяпти. Бу газеталарнинг биттасини “Расмий газета” деб аташ мумкин ва бу газета ҳукумат органи бўлиб, унинг ижро фаолиятини ёритиши, унинг қарорномаларини эълон қиладиган минбар бўлиши мумкин. Иккинчи бир газетани Олий мажлис органи сифатида қолдириш мумкин. Бу газета қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятини ёритган бўларди. Қолган бутун газеталар хусусийлаштириши, яъни фуқаро ёки ташкилотларга сотилиши лозим. Бугунги қўғирчоқ партиялар чиқараётган ҳеч бир газетага давлат ёрдам бермаслиги керак. Бу нашрлар партиянинг ўз маблағи ҳисобига чиқарилиши лозим. Матбуот устидан яккаҳокимлик қилаётган Госкомиздат деган паразит ташкилотни бутунлай бекор
қилиш керак.

3 – модда. Ўлкада демократик институтларнинг яратилиши учун сўзда эмас, амалда имкон яратиш. Яъни бутун жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, жамиятлар, клуб ва тўгараклар, вақфлар, профсоюзлар, қисқаси, давлат ташкилоти саналмаган барча қурилишларни конституцион ҳуқуқлар билан таъминлаш керак. Уларнинг эркин фаолиятини қонун воситаси билан мустаҳкам кафолатлаш лозим. Шундай кафолатлансинки, уларнинг ишига ҳукумат ҳеч бир баҳона билан аралаша олмасин. Шу маънода, бугунги мавжуд профсоюз ташкилотини тарқатиб юбориш ва унинг базасида эркин ишчи синдикатлари тузиш керак.

4 – модда. Суд ва тергов муассасаларини давлат назоратидан озод қилиш ва уларнинг эркинлигини қонун асосида ва амалда кафолатлаш. Бу тадбир олинмас экан, фуқароларнинг нафақат шахсий ҳаётида, балки ижтимоий, сиёсий ва ҳатто иқтисодий ҳаётида ҳам ҳеч қачон адолат қарор топмайди.

5 – модда. Совет паспорт системасини бекор қилиш лозим, фуқароларнинг чет элларга чиқиши ва чет элдан мамлакатга кириши қонун-қоидаларини қулайлаштириш, бу соҳага миллий хавфсизлик қўмитасининг аралашувига чек қўйиш ва ҳаказо. Бу ҳаммаси ўлкамизда қилиниши керак бўлган сиёсий ўзгаришлар, тузум ислоҳотининг бошланғичи ва энг зарур нуқталаридир.

Иқтисодий соҳада зудлик билан олинадиган тадбирлар:

Модда 1. Давлат ўзининг бозор устидан назоратидан зудлик билан воз кечиш керак. Бозорни сўзда эмас, амалда либераллаштириш керак. Товарнинг мамлакатга эркин кириб, эркин чиқишини таъминлаш зарур.

Модда 2. Валютанинг конвертациясини бир сония ҳам тўхтатмаслик лозим. Сизга маълум, бугун Ўзбекистонда конвертация тўхтатилгани сабабли жуда кўп чет эл ширкатлари ўлкамизни тарк этмоқда.

Модда 3. Ўлкамизда чет эллик иш одамлари таклиф қилаётган катта-кичик бутун сармоя лойиҳалари очиқ муҳокама қилиниши лозим ва бу соҳани бир ҳовуч порахўр ва мафиоз кимсалардан қутқариш керак.

Модда 4. Ўзбекистон иқтисоди фақат хом-ашё ҳисобига яшайдиган чалажон бир иқтисод ролидан чиқиши керак. Бизнинг фахримиз саналган пахтамиз ҳам, олтин ва бошқа қимматбахо қазилма бойликларимиз ҳаммаси хом ашёдир ва уларнинг бизнинг иқтисодимизга трансформацияси доим мустамлакачилар томонидан амалга оширилган. Бугун сиёсий мустақилликка эришдик, аммо вазият ўзгармади. Нега? Чунки пахта ёки бошқа бойликларимиз бугун ҳам хом ашё сифатида сотилмоқда, чунки бундай сотишдан ўн-ўн беш вазир, ўн-ўн беш ҳоким, ўн-ўн беш мафиоз фойда кўрмоқда, миллионлаб долларни швейцар банкларига қўймоқда, халқ эса совет давридагидан беш баттар аҳволда забунлик ва йўқсиллик ичида азоб чекмоқда. Халқни бу сафолатдан, иқтисодни бўҳрондан чиқармоқчи бўлсак, хом ашё сотишдан воз кечиб, ҳаялламай тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тамалларини қўйишимиз лозим. Бунинг учун иқтисодимизнинг оғир саноат ва пахта монокультураси томон йўналган ориентациясини ўзгартириб, уни кичик ва ўрта ҳажмдаги завод ва фабрикаларнинг қурилиши томонга буриш лозим. Бу кичик ва ўрта саноат корхоналари шаҳардаги каби, қишлоқларда ҳам кенг миқёсда қурила бошлаши лозим. Бу завод ва фабрика соҳибларига илк босқичда давлат моддий ёрдам кўрсатиши керак. Улар оёққа туриб олгунга қадар солиқдан озод қилиниши ва ҳаказо имтиёзларга эга бўлиши лозим.

Ўзбекистонда халқ бугун икки синфга ажралгандир: ишчи – деҳқон ва интеллегенция синфига эмас, қашшоқлар ва бойлар синфига. Қашшоқлар аҳоли нуфузининг 95 фоизини ташкил қилса, бойлар 5 фоизини ташкил қилади. Ўртаҳоллар синфи йўқ, ўрта синф йўқ. Бу ижтимоий адолатсизлик мавжуд истиқрорни мувозанатсиз бир ҳолатга олиб келади ва жамият доим портлашга ҳозир бочканинг устида ўтиргандек яшайди. Мувозанат – йўқсиллар ва бойлар ўртасидаги бўшлиқ тўлгандагина вужудга келиши мумкин. Бу бўшлиқни фақат ўртаҳоллар синфи тўлдира олади. Биз юқорида зикр этган иқтисод ориентацияси, ўрта ва кичик корхоналари соҳибларини етиштиради. Бу етишган ўртаҳол инсонлар биз қуришни орзу этаётган демократик жамиятнинг тамали бўлажакдир, ўртаҳоллар, сиёсий термин билан айтсак, ўрта синф. Бу синфнинг кичик фабрикаси ёки дўкони бор, у давлатга фақат солиқ тўлайди, қолган бутун даромади хусусий бойлигидир. Бу синф одамни сайловда сотиб олиш мумкин эмас, бу одамга ҳеч ким “Менга овоз бермасанг, ишдан ҳайдаймиз”, ҳам дея олмайди, чунки иш соҳиби унинг ўзи. Бу одам моддий жиҳатдан давлатга қарам бўлмагани каби, алоҳида шахсга ҳам қарам бўлмаган кишидир. Бу киши биз кўришни орзу қилаётган ҳур кишининг ибтидосидир. Демак, бу киши демократик жамиятнинг марказий унсуридир, демократия таъминоти ва кафолатидир.

Мухбир: Аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, 1996 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати республикада унга қадар мухолифат ва Ғарб кузатувчилари таъкидлаб келган муаммолар мавжудлигини очиқ тан олди. Ва эндиликда Ўзбекистон раҳбарияти демократик ислоҳотларни жадаллаштириш, эркин матбуот яратиш ва уни рағбатлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа шу каби фундаментал ўзгаришларни амалга ошириш борасида қарори қатъий эканини таъкидламоқда. Шу пайтга қадар Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида орқага сурилган бу ислоҳотлар, бугун айни шу мақсадда олдинги планга ўтмоқда. Ана шундай янги шароитда, яъни мухолифат ва Ўзбекистон ҳукумати ўз олдиларига қўйган мақсад ва вазифалар кесишган нуқтада, уларнинг ўзаро муросага келишлари ва ушбу муштарак мақсад йўлида конструктив мулоқот ҳамда ҳамкорлик қилишларига умид борми?

Муҳаммад Солиҳ: Сизнинг саволингиз жуда гўзал савол, тўғрироғи, унда баён қилинаётган ишлар жуда ажойиб ишлар. Агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар олдинги планга ўтган бўлса, Ўзбекистон раҳбарияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби фундаментал ўзгаришларни амалга ошириш учун қатъий қарор қилган бўлса, бундан ҳам қувончлироқ нарса бўлиши мумкинми? Лекин бу ишларнинг бошланганини билдирадиган бирорта белги, бирорта далил борми? Бошланмаса ҳам, бошланмоқчи дея умид берувчи бирор ҳаракат борми, Сиз бу ҳаракатни сезаяпсизми? Агар сезган бўлсангиз, дарров менга ўхшаганларга кўрсатинг, токи бирга қувонайлик, дўппимизни бирга осмонга отайлик.

Ҳа, агар бу ҳаракатни кўрсак, агар жамиятимизнинг бу ҳалокат нуқтасидан бир қадам нарироқ силжиётганини кўрсайдик, биз, мухолифат вакиллари, буни биринчилардан бўлиб тан олган бўлар ва ҳукумат сиёсатини қўллаган бўлардик. Чунки тинчлик ва истиқрорни фақат ҳукумат эмас, биз ҳам истаймиз. Чунки миллатимизга фақат ҳукумат эмас, биз ҳам ёмонни раво кўрмаймиз.

Сиз, мана, Ўзбекистон ҳукумати 1996 йилдан бошлаб ўлкадаги мавжуд сиёсий муаммоларни очиқ тан олди, дедингиз. Хўп, тан олди ҳам дейлик, аммо бу муаммоларни ечиш учун у конкрет нима иш қилди?

Беш-олтита сиёсий маҳбусни озод қилди, дейишингиз мумкин, лекин бу маҳбуслар Ўзбекистон президентининг Америка сафари арафасида атайлаб, хўжакўрсинга озод қилинди ва бу озодликка чиққан маҳбусларнинг ҳеч бири ҳанузгача ҳақиқий маънода озод эмас: улар ҳанузгача ҳокимият тарафидан таъқиб қилинмоқда. Уларнинг ҳаммаси ишсиз ва яшаб турган жойини тарк этиш ҳуқуқидан маҳрумдирлар. Масалан, менинг укам Рашид Бегжон турмадан чиққанига 8 ой бўлди, унга ҳанузгача паспорт берилгани йўқ. Агар паспорт берсалар ҳам, унга вилоятдан чиқиш изни берилмаслиги аниқ.

Ўша қўштирноқ ичида озод қилинган сиёсий маҳбуслардан Сафар Бекжон яқинда хавфсизлик ходимлари тарафидан ваҳшийларча калтакланди. Озод қилинган сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмуднинг изида ҳам доим одам бор ва ҳаказо.

Сиёсий мухолифатнинг умумий аҳволига келсак, мухолиф партиялардан ҳеч бири ва бу партияларнинг ҳеч бир аъзоси очиқ фаолият кўрсатаётгани йўқ. Улар 1992 йил таъқиқланган ва шу таъқиқланганича турибди.

Сиз эркин матбуот яратиш ва уни рағбатлантириш хусусида Ўзбекистон раҳбарияти бир иш қилмоқчи, дедингиз. Бугун ташқарида босилиб, Ўзбекистонга олиб кирилаётган мухолифат нашрлари Ўзбекистоннинг ўзида босилмагунча, бизда эркин матбуот бўлмайди. Ҳур фикр цензура қилинар экан, ҳур фикрни айтган шахс таъқиб қилинар экан, эркин матбуот ҳақида гапириш асло мумкин эмас.

Хабарингиз бўлса керак, Ўзбекистонда давлатга оид бўлган яна бир газета ташкил қилинди. Унга “Ҳуррият” дея жуда гўзал ном қўйишибди. Унинг тагига “мустақил газета” деб ёзилгани эса, одамни ҳам кулдиради, ҳам йиғлатади. Майли, бу газетани танқид қилмайлик – яхши ният ёрти мол, дейдилар. Бу «ҳуррият» сўзини ўқиб, бу “мустақил газета” иборасини ўқиб, фаришталар омин деб юборса, не ажаб? Омин десалар, бас, биз ҳурриятга ҳам, газеталарнинг мустақиллигига ҳам дарров эришамиз, иншоОллоҳ.

Энди ҳукумат билан мухолифатнинг муҳтамал ҳамкорлигига келайлик. Агар ҳукумат суҳбатимиз бошида орзу қилинган шаклда ўзгариш ясаса, бундай ҳукумат билан мулоқот қилиш биз учун уят эмас, шараф бўлар эди. Бундай ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаш бизнинг ватанпарварлик бурчимиз ва фуқаролик вазифамиз бўларди. Агар мўъжиза юз бериб, бу ўзгаришлар бошланса эди, биз кабилар Франкфуртда эмас, Тошкентда жавлон уриб, ўз миллатига хизмат қилган бўлар ва бундан бахтиёр бўларди.

Мухбир: Ҳукумат ва мухолифат муносабатидан, мухолифат ичидаги вазиятга ўтсак. Сиз 1992 йилда ташкил этилган ва ўз олдига Ўзбекистондаги демократик кучларни бирлаштиришни мақсад қилиб қўйган “Ўзбекистон Демократик Форуми” ташаббускори ва унинг раиси эдингиз. Ўшанда, Форум ўз мақсадига охиригача эриша олмади ва Ўзбекистон демократик кучлари, афсуски, бирлашиш эмас, балки ажралиш, ичдан бўлиниш йўлидан кетди. Ўтгандаги хатоларни сарҳисоб қилиб, бугун яна шу вазифани кун тартибига қўйиш пайти келмадимикин? Ва агар бугун ана шу ҳаракат қайта бошланса, унинг ўтгандагидан фарқли натижа беришига ишонасизми? Йўқ бўлса, нега?

Муҳаммад Солиҳ: 1992 йилда тузилган “Демократик кучлар Форуми”ни ташкил қилган тамал, таъбир жоиз бўлса, унинг умуртқа поғонаси, бугун ҳам ҳаётий фаолиятини давом этмоқда. Ўша пайтда Форумга кирган ташкилотлрнинг деярли ҳаммаси билан алоқамиз давом этмоқда.

Демократик Форум сиёсий мухолифатнинг жумҳурият иқтисодини ривожлантириш программаси устида иш бошлаган эди. Бу программани тайёрлаш учун 27 та юксак малакали иқтисодчи профессионаллар, фан докторлари жалб қилинган эди. Олимларимиз ғайрат ва илҳом билан иш бошладилар. Бу одамлар “ЭРК” Партияси аъзоси эмасдилар. Улар ўз миллати ва мамлакатига хизмат қилиш учун қулай иқлим, ижодий атмосфера ахтариб юрган зиёлилар эди ва бу иқлим атмосферини бизнинг ташкилотда кўрдилар ва бизнинг программамизни қабул қилдилар. Бошланган бу иш ҳукумат доираларини қўрқитди. Нега қўрқитганини ҳануз тушунолмайман. Ҳар ҳолда, Демократик Форумнинг 1992 йил апрел ойида ўтган иккинчи мажлисидан кейин “ЭРК” Партиясига қарши репрессив сиёсат очиқчасига юритила бошлади ва сиз айтгандек, Демократик Форум ўз мақсадига эриша олмади. Бу нуқтада шуни ҳам айтиш лозимки, Демократик Форум фақат мухолифатни бирлаштиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйгани йўқ эди. Бу бирлашган кучлар айни замонда мамлакат ривожига ўзининг альтернатив ғоялари билан ёрдам беришга қодир сиёсий гуруҳ эканини ҳам исбот қилиши керак эди. Афсуски, буни исбот қилишга улгурмадик. Лекин Ўзбекистонда сиёсий вазият бироз юмшаса, бас, бу кучлар бир зумда тўпланажак ва ишни қолган еридан давом эттиражакдир.

Мухбир: Бугун Ўзбекистон ҳукумати ва мухолифати бир нарсани – республикада демократик, эркин жамият қуриш ғоясини таъкидлаётган айни пайтда, ўз номидан “тарихлар тўқилиб, ҳукмлар ўқилаётган” халқнинг буларга муносабати ноаён. Демократия “олабўжи” қилиб кўрсатилганда ҳам у “миқ” этмади (деярли!) ва бугун бунинг акси гапирила бошлаганда ҳам, у жим. Ўз тақдирига ана шундай лоқайд ва масъулиятсиз бир халқ билан бирор жиддий ўзгаришлар қилиш мумкинлигига ишонасизми? Ёки Ўзбекистон тақдири уни бошқарадиганларнинг инсофига боғлиқ бўлиб қолаверадими?

Муҳаммад Солиҳ: Халқнинг ўз тақдирига лоқайдлигининг сабаблари, албатта, кўп. Бу сабабларнинг энг муҳим иккитасини кўрсатиш мумкин. Биринчиси, моддий сабабдир. Қорни оч одам ўзининг инсоний қадр-қимматини эмас, оч қорнини тўйғазишни ўйлайди. Бу, афсуски, аччиқ ҳақиқатдир.

Лоқайдликнинг иккинчи муҳим сабаби маънавий сабабдир. Халқимиз 100 йил давомида эътиқодсизликка ўргатилди, онгига атеизм сингдирилди. Оллоҳга инонмаган инсон моддий қийинчиликларга таҳаммул этолмайди, сабр қилолмайди, ўз инсоний ғурурини топташ ҳисобига бўлса ҳам, тезроқ қорнини тўйғазишга ҳаракат қилади.

Демак, халқнинг ижтимоий фаоллиги, биринчидан, унинг иймонига, иккинчидан, иқтисодий аҳволига боғлиқ экан. Етишиб келаётган авлод шу перспективада тарбияланиши лозим. Ўшанда биз ўз тақдирига лойиқ халқ категориясидан чиқиб, шуурли ва кучли миллат савиясига юксалишимиз мумкин. Оллоҳ ҳаммамизни бу кунларни кўришни насиб этсин.

(22.01.1997)

(46)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (145-151-саҳифалар)

(давоми бор)