Қурилишдаги қаллобликлар

Қурилишдаги қаллобликлар
30 views
12 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн биринчи мақола)

ҚУРИЛИШДАГИ ҚАЛЛОБЛИКЛАР

Қурилишдан мақсад нима? Албатта, аввало меъморчиликнинг замонавий талабларига мос равишда биноларни барпо этиш орқали бунёдкорлик ишларига қўл уриш. Шу аснода қайси бир жабҳа, соҳада бўлмасин етарли шарт-шароит ва қулайликларни вужудга келтириш. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида ҳам 2005 йилда раис бўлиб келган ва олғирликда намуна бўла олган, пировардида номи  бутун дунёга маълум-у машҳур, янада аниқроғи ДОСТОН бўлган  Алишер Ходжаев ана шундай саъй-ҳаракатларни амалга оширди, гўё. Айниқса, бу киши ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган журналистларни бировларнинг қўли билан бирёқли қилишнинг ҳадисини олганлиги билан ҳам кейинги пайтларда янада таниқли кимсага айланиб бормоқда.

Дастлаб у радио уйи биносининг ташқи қиёфасини ўзгартириш-бузишга киришиб, унга бир амаллаб қамоқхона-зоналарнинг ранг-тусини бериб янгилагандай бўлди. Асосан ижодкорлар, техниклар ўтирадиган, эшиттиришлар бевосита эфирга узатиладиган студиялар жойлашган бинонинг ҳам сиртқи қисми “аква” қилинди. Унинг ички қисми ҳам таъмирлангандай бўлди-ю, лекин ташқаридан бирон киши келиб кўрса бу бино бугун-эртага бўлмаса ҳам яқин ўратада қуласа керак деган хулосага келиши аниқ. Биз ходимлар бундай фикрга кела олмаймиз. Чунки бошқача фикрлаш мумкин эмас.

Қолаверса, бу деворларнинг ёрилган-ўпирилган жойларини кўравериб кўзларимиз ҳам пишиб, ҳам кўники-и-иб кетган. Ҳа, айтмоқчи, ҳар йили таъмирлашга уринишлар, ўша дарз кетган жойлар беркитилгандай, сувалгандай, номига нималардир қилингандай бўлади. Лекин бир ойга бормасдан яна эски аҳволига қайтади-қўяди. Олдин қандай хароба бўлган бўлса, яна ўша ҳолига тушади. Сабаб бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар “бажардингми-бажардинг” қабилида-қўл учида қилинади.

Айтгандай, қисқа бир вақтдан кейин унча-мунча жойни ўмариш-ўпиришда “ўта тажрибали”, Ходжаевдан ҳеч ҳам қолишмайдиган ва телерадиокомпанияда отнинг қашқасидай “таниқли” бўлган киши-Садриддин Қурбонов деган кимса радио уйига директор бўлиб келди. Кўпчиликнинг орасида бу шахс “қулоқларнинг қулоғи” деган ном билан маълуму машҳур бўлган экан. Унинг “катта қулоқ”лардан эканлиги билан боғлиқ муҳим воқеалар тафсилоти бошқа бир мақолаларимизга мавзу бўладиган даражада бўлганлиги учун ҳозирча унга тўхталмаймиз. Бу ҳам раҳбар бўлиб келди-ю, ишини гўёки, кенг кўламли қурилишдан бошлади. Кимлардир “ана энди ҳақиқий қурилиш ишлари бошланди” дея хаёлпарастлик ҳам қилди. Қани эди, бошланса… У ёқни сувади, бу ёқни сувади, ошхоналарни ўзгартириб тартибга келтиргандай бўлди-ю, бир ойдан ортиқроқ вақт ўтар-ўтмасдан ҳаммаёқ ўз ҳолига қайтиб, барчаси яна жой-жойига, ўз ўрнига тушиб олдингисидан ҳам бешбаттар бўлди. Бутун бир бинода бирор бир кўзга кўринадиган даражадаги ўзгариш-янгилик қилолмаган Садриддинбой ўзида ўзгариш қилишга эришди. Яъни радио уйининг боқуви яхши бўлган шекилли, у киши ҳеч кимса танимайдиган даражада бир қоп бўлиб семириб-шишиб, қорни осилиб ЎзМТРКни тарк этди.

Сал бўлмаса эсимиздан чиқиб кетай, дебди. Радио уйининг фақат ташқи кўринишининг ўзгартирилганлиги ҳақидагина тўхталибмиз-ку. Унинг ички қисми нима бўлди, ўзи? Ўзгардими-йўқми, дерсиз. Э, албатта ўзгарганда ҳам шундай ўзгардики, энди унинг ички қисмини умуман таниб бўлмас даражадаги аҳволга келиб қолганлигини кўриб ҳайратдан қотиб қолишингиз турган  гап. Айниқса, эшигига “Карим ва Дони Зокировлар” деб ёзиб қўйилган, оркестрлар ўтирадиган катта залга кирсангиз, ҳали айтганимиздай, асосан ижодкорлар, техник ходимлар ўтирадиган хоналарнинг ичидан ҳам беш баттар манзарага кўзингиз тушади. Чунки бу жойда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланганлигини ҳам, бошланмаганлигини ҳам билмайсиз. Ҳамма нарса бузилиб, сўнг ўз ҳолига ташланиб, ахлатхонадан ҳам баттар жойга айлантирилган.

Шу даргоҳга А.Ходжаев 2005 йилдан каттакон раҳбар бўлиб келиб, бугунги кунда компаниянинг тенги йўқ “бош меъмори” даражасигача етишибдики, шу ташландиқ саҳна кўриниши намойиши ҳануз давом этмоқда. Яъни, мана саккиз йилдан ўтиб, тўққизинчи йилга ҳам қадам қўйилибдики, радио уйининг ичкариси ана шундай харобалигича “томошагоҳ”га айланган. Тўғри, бир-иккита катта студиялар ҳам борки, уларга ҳали қўл теккизилмаган. “Нима бўлганда ҳам шу жанобнинг раҳбарлик даврида бу студияларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланмасин-да”, дея кўпчилик хавотирда. Акс ҳолда яна бир хароба кулба пайдо бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Бир муҳим жиҳат хусусида тўхталмасликнинг сираям иложи йўқ. Худди шу бинонинг ҳали бузишга улгурилмаган бурчак қисмида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг режим ва хавфсизлик ишлари бўйича ўринбосари ўзининг озиқ-овқат билан савдо қилувчи дўконини ишга тушириб кетишга улгурганди. “Улгурганди”, дея кесим гапимизни ўтган замон феълида келтирганимизга ҳайрон бўлманг. Чунки, бу муовин  Баҳром Ўтанов компаниянинг анча-мунча ходимларига нисбатан зулмнинг барча турларини қўлидан келганча қўллаб, айни дамда ишдан кетган. Ҳозирда бу дўкон кимнинг қўлига ўтганлиги номаълум. Телевидения биносида ҳам аҳвол бундан пеш эмас, албатта.

Хуллас, компанияда қурилиш билан боғлиқ “улкан ишларда”ги усти ялтироқлигу ичи қалтироқлик бугунги кунда бор бўйи билан намоён бўлиб турибди. Гарчи бу қурилишлар, таъмирлашлар хўжакўрсинга қилинаётган бўлса-да, лекин “фалон ашёга фалон сўм кетди”, дея давлатнинг чўнтагига яна ва яна қўл солиб, мўмай-мўмай маблағ олиш учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Қурилишдаги бу қаллобликлар кун сайин ошкор бўлиб, кўзга ташланиб қолаётганлиги боис ҳарчанд уринилмасин, энди уни ёпди-ёпди қилишнинг сира иложи йўқ. Чунки, халқимиз “касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади” дея бежиз айтмаган. Кузатиб боринг, қурилишдаги бошқа бир бурилишлар, сурилишлар ва ўпирилишлар ҳақида навбатдаги чиқишларимизда воқиф бўласиз.

28.03.2014 й.               

(давоми бор)