Қайтиш ҳақида

Қайтиш ҳақида
57 views
13 February 2017 - 5:00

ҚАЙТИШ ҲАҚИДА
(“Озодлик” радиоси саволларига жавоб)

Бугун Ўзбекистондан ташқарида яшаётган ва “мухолифатчилар” деб аталаётган кишилардан ҳеч бири ўз истаги билан ватанни тарк этгани йўқ. Уларнинг ҳаммаси мавжуд сиёсий тузум томонидан ўлкадан чиқиб кетишга мажбур қилинганлар.

Албатта, уларнинг ҳаммаси дер экан, буни истисноли қабул этмоқ лозим. Масалан, бизнинг ичимизда юриб, ҳукумат топшириғини бажараётган гизли кимсалар ҳам йўқ эмас. Улар мухолифатни ичидан емириш учун ёлғон ва фисқу фасод тўқиб, бу тўқилган материални ҳар хил нашрлар воситасида Ўзбекистон жамоатчилиги орасида ёйишга ҳаракат қилиб келди. Бу одамларни бугун Президент Каримов Ўзбекистонга қайтишга даъват қилмоқда. Чунки Каримов мухолифатни етарли даражада парчаладим, деб ўйлайди ва янглишади. Аммо булар кўпчилик эмас.

Кўпчилик ўз ватанини севган, сургун ҳаётни бутун қийинчиликларга қарамай, ўз эътиқодидан воз кечмаган ва бу йўлда қўлдан келганча хизмат қилаётган инсонлардир. Ҳеч шубҳасиз, бу кишиларнинг ҳаммаси ватанига қайтишни истайди. Улар ҳукумат газеталари ёзаётгандек, “Оврупонинг ресторанларда айш-ишрат қилишни эмас”, ўзининг йўқсил ўлкасига қайтиб, йўқсиллар қаторида яшашни ва бу мамлакатни йўқсилликдан қутқариш учун хизмат қилишни истайди. Менинг шахсимга келадиган бўлсак, ватанга қайтиб бориш менинг шахсий ишим эмас. Бунга мен мансуб бўлган сиёсий ташкилот қарор бериши керак. Бу қарор берилгани йўқ, чунки Ўзбекистонда сиёсий вазият ўзгаргани йўқ. Баъзи ниқоб кийган мухолифатчиларнинг “Ўзбекистонда сиёсий вазият юмшади”, деган ташвиқотлари ҳақиқатдан узоқдир. Ўзбекистонда “сиёсий вазият юмшагани”ни айғоқчи лаганбардорлар эмас, ҳукуматнинг ўзи расмий равишда эълон қилиши лозим. Эълон қилибгина қолмай, амалда исботлаши лозим.

Яъни, таъқиқланган сиёсий партиялар фаолияти қонун асосида тикланса, сиёсий маҳбуслар озод қилинса ва оқланса, мустақил матбуот ва сўз эркинлиги таъминоти каби бошқа демократик тадбирлар олина бошласа, сиёсий вазиятнинг ўзгарганига ишониш мумкин. У куни ватанга қайтишдан бизни ҳеч ким, ҳеч нарса тўхтатолмайди.

(26.01.1997, Истанбул)

(47)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (152-саҳифа)

(давоми бор)