Медиамарказда: Мардикорликми ё…

Медиамарказда: Мардикорликми ё…
126 views
13 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн иккинчи мақола) 

МЕДИАМАРКАЗДА: МАРДИКОРЛИКМИ Ё…

2011 йил ёзнинг охирлари… Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибига кирувчи медиамарказ қуриб битказилди. Шу муносабат билан ҳар бир канал ва студиялардан ҳар куни 20-30 нафар ходим ажратилиши борасида алоҳида топшириқ бўлган. Уларнинг ҳар кунги вазифаси ушбу янги марказдаги белгиланган жойни супуриб-сидириб, ювиб-артиб тозалаш, кераксиз нарсаларни ахлатхонага ташлаш. Бу ишга жалб қилинганларнинг эшиттириши борми-йўқми, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ, қизиқтирмайди ҳам. Қандай ҳолатда бўлмасин, рўйхатга тушганлар албатта ўша куни соат 9.00 да айтилган жойда  ҳозир бўлиши шарт. Бу – телерадиокомпания раисининг буйруғи. Акс ҳолда у, яъни устомон раҳбар ўзи бўлмаса ҳам бошқа бировнинг қўли билан гапга кирмаган ходимга нисбатан ниманидир уюштириши аниқ. Шунинг учун ҳам эрталабдан рўйхат бўйича алоҳида белгиланганлар албатта медиамарказда ҳозиру-нозир бўлиб туриши талаб этилади.

Бу каби сарсон-саргардончилик ҳолати бир ойдан ортиқ вақт мобайнида давом этди. У ерга бориб ишлаганларга ўзларига белгилаб берилган тегишли жойдаги ишни бажариб бўлганларидан сўнг ҳам кетишга рухсат берилмайди. Эрталаб чой ичганми, нонушта қилганми-йўқми, бу нарса ҳеч кимнинг парвойига келмайди. Ишлаётганлар кечгача битта жойда қамалга олиниб, ичкарида димиқтирилиб ўтирилади. Қиладиган ишнинг ўзи бўлмаса-да, ана шу ҳолат такрорланаверади. Тозаланган жойни қайта-қайта тозалайвериб, ҳориб-чарчаб қолганларнинг очиқиб қолганларидан ичларини нимадир кемираётгандай бўлади. Ҳеч бўлмаганда, ўз пулига бирон нарса олиб тамадди қилай, бир амаллаб ошқозонимни алдай деса, бу яқин ўртада ошхона-буфетнинг ўзи йўқ. Агар жойингдан жилиб, сал узоқроқ жойдан бўлса-да, бирор егулик олиб келай десанг, бу қурғур Алишер Ходжаевнинг “ҚУЛОҚ”лари йўлингни тўсса. Ёки бўлмаса, сенинг ҳатти-ҳаракатингни бутунлай бошқача талқин этишиб, бевосита раҳбарингга етказишса. Ана унда кўринг ҳар-хил маш-машанинг кўпайишини. Қўрқитиш-у, тазйиқларнинг қандай ва қайси нуқтагача етиб боришини. Сенинг оч қолганлигинг, ҳолсизланиб қолганинг улар учун бир пул. Ҳаттоки, Худо кўрсатмасин-у, биронтасига жиддийроқ нарса бўлган тақдирда ҳамки уларнинг парвойига  келмайди. Ҳатто бир гал турмуш ўртоғи оғир жарроҳлик амалиётидан сўнг шифохонанинг реанимация-тирилтириш бўлимига ётқизилган  бир ходиманинг кўзда ёш билан жавоб сўраганлиги ва “турмуш ўртоғимнинг аҳволи оғир, зарур дори-дармонларни ҳозироқ еткизиб беришим шарт”, – дея зорланишлари ҳам инобатга олинмади. Дийда-қалб шу даражада қотиб, тошга айланиб кетган.

Бундан ташқари, ўз юмушларини  рисоладагидек бажариб бўлганлигига қарамай, яна бир ходиманинг бошланғич синфларда ўқийдиган икки нафар фарзандини ўз вақтида бориб мактабдан олишига ҳам рухсат этилмаган.  Ҳатто ҳомиладор бўла туриб, очликдан ҳолсизланган ва кўнгли озиб кетган баъзи ходималарга ҳам шафқат кўрсатилмаган. Хўш, нима учун? Чунки, ташқаридан қараганда, медиамарказда ке-е-чгача одамлар ишлаяптими – ишлаяпти   қилиб кўрсатилиши  керак бўлган. Ишлаётганлар чиндан ҳам мардикорми ё телерадиокомпаниянинг ўз ходимларими, биров буни суриштириб, уларнинг ҳужжатини текшириб ўтирибдими? Зеро, бунга кимнинг ҳам ҳадди сиғарди? Худди шунинг учун ҳам ходимларга эски, “рабочий” кийимда келиш қайта-қайта тайинланган-да… Мабодо бирор бир ходим очиқчасига бош кўтариб кўрсин-чи? Дарҳол кун тартибига унинг масаласи қўйилиши тайин. Бундай пайтда умуман, кўзга кўринмаётган, амалий иши деярли сезилмаётган  касаба уюшмаси ҳам қизғин фаолиятга киришиб кетмай бўпти. Акс ҳолда бу уюшманинг ўзи, унинг раҳбари-ю, ўринбосарлари “ҚУЛОҚ”лар ўртасида муҳокама қилинмасдан қолмайди. Шу боисдан ҳам медиамарказга ишга жалб қилинганлар бошига ёнғоқ чақилишидан чўчишиб, аниқроғи ишидан айрилиб қолишидан қўрқишиб оч-наҳорликларига қарамасдан эрталабдан кечгача “пахат” қилишди.

Дарҳақиқат, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин эмас, ҳатто қирқ кундан кейин ҳам чиқади деганларича бор. Телерадиокомпаниянинг ходимлари бир ойдан ошиқ давомида эрталабдан кечгача бежизга ишлатилмаган экан. Шунча кун ишлаганларнинг барчаси мардикор сифатида ташқаридан жалб қилинганлар қилиб кўрсатиш учун ўйлаб топилган зўр найранг экан. Бу ҳийла кейинроқ фош бўлиб қолди. Ҳар доимдагидек ушбу саҳналаштирилган спектаклнинг сценарий муаллифи -А.Ходжаев. Бизга маълум бўлишича, медиамарказнинг чала-чулпа ишлари учун Тошкент шаҳридаги мардикор бозоридан кўплаб ишчилар ёлланган, гўё. Аслида компания ходимлари мардикорлар вазифасини ўтаган, холос. Компаниянинг иқтисодиёт бўлими ва муҳосибхонасидаги манбанинг айтишича, марказдаги “мардикор ишловчи”нинг ҳар бирига эрталабки нонушта, тушлик ва ҳаттоки, “полдник”ка, кечки овқат, ётоғигача маблағ ажратилган. Шунингдек,  уларнинг ҳар бирига ойлик эмас, балки кунлик иш ҳақи ҳам белгиланган. Худди шу нарса номигагина расмийлаштирилиб, банкдан жуда катта миқдорда – камида 4,5 миллиард нақд пул олинган. Яъни кунига фалон миллион сўмлик озиқ-овқатга, кунлик маошга пул сарфланганлиги қоғоздагина қайд этилган, холос. Аслида эса унинг бир мисқоли ҳам  на амалда ёлланмаган мардикорлар учун ва на ўзлари билмаган ҳолда мардикорлар ролини ўйнаб берган компания ходимлари учун сарф қилинмаган. Шунчалик йирик миқдордаги маблағнинг қаёққа ғойиб бўлаётганлигини фақатгина талон-тарожликни амалга оширишда унинг кулминацион нуқтасигача етиб борган кимса-Алишер Ходжаев ва унинг гумашталаригина билишади.

Энди  чуқур мулоҳаза қилиб кўриладиган бўлса, шунча маблағлар ўғирланмаса, ўзлаштирилмаса, кимсан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раисининг ўндан ортиқ ҳашаматли қасрлари қаердан пайдо бўларди-ю, қаердан қад кўтариб қоларди. А.Ходжаев ўзи истиқомат қилаётган ҳудуд “Северо-восток”даги еттита “супермаркет”ни қандай қилиб қуриши мумкин эди. Ранг-баранг оқ-у, қора “жип”ларни-чи? Ахир, бу жаноб ўзидан олдинги раҳбарлардан ўзиб, уларни ортда қолдиришда рекорд даражасигача чиқмаса ва бу амалиёти билан келажакда донғи кетган раҳбар сифатида номи қолмаса нима қилиб юрибди, ўзи. Ҳақиқатдан  ҳам телерадиокомпания унинг давридагидек кенг миқёсда талон-тарож қилинмаган. Чет эллардаги виллалари ҳақида-ку, ўзи кейинроқ лозим бўлган жойда оғзи тўлиб, ҳис-ҳаяжон билан ҳикоя қилиб берса ажабмас, албатта. Агар шуларнинг барчаси ҳалол йўл, пешона тери билан топилганда эди, биз бунга сўзсиз, изоҳсиз ҳавас қилардик. Минг афсуски, ундай эмас…

Шундай қилиб, медиамарказда мардикорлик ниқоби остида кечган жараён аслида кирдикорлик, яъни шахсан раиснинг навбатдаги катта бир кирдикорлиги экан.

Давлатни, бутун жамоани алдаб, айниқса, ҳаттоки, ўз ходимлари ва уларнинг фарзандлари ҳақи, ризқ-рўзини-да туя қилишдан тап тортмасдан қаллоблика қўл ураётган, бу билан ўз нафсига эрк бераётган Алишер Ходжаев қачонгача шу алфоздаги фаолиятини давом эттираркан? Ёки унинг бу каби амалиётидан юқоридаги  баъзи бир доиралар ўта манфаатдормикин?

07.04.2014 й.

(давоми бор)