Умид саси

Умид саси
100 views
14 February 2017 - 5:00

УМИД САСИ

Халқимиз тарихида оғир, фожеавий онлар жуда кўп бўлган. Қурғоқчилик, очарчилик, душман истилоси ёки бошқа кенг миқёсли офатлар қаршисида миллатимиз ўзлигини асло йўқотмаган, башарий қиёфасини доим сақлаб қола олган. Чунки бундай экстремал онларда, оғир замонларда бу халқ ўзининг нима учун яратилганини одатдагидан тезроқ англаб, саждага келгандир.

Бугун ҳам миллатимиз бир офат дарди яшамоқда. Биз бир ижтимоий тузум йиқилиб, ўрнига янгиси қурилмаган бир пайтда, жамиятни қонун эмас, зўравонлик бошқараётган бир пайтда яшамоқдамиз. Ўғирлик ва порахўрлик қонуний машғулот ҳолига келиб, ҳалоллик ва адолат кулгили ва аянчли ибораларга айланган бир замонда, жоҳилларга ҳурмат кўрсатилиб, оқилларга туҳмат қилинаётган бир замонда яшамоқдамиз. Юзларча инсонлар оч қолган оиласини боқиш учун бир парча нон тополмай, ўз жонига қасд қилаётган бир пайтда, миллатимизнинг азиз фарзандлари яна ўша парча нон учун, ўз номусини, ўз вужудини ўғри ва муттаҳамларга пуллаётган кунларда яшамоқдамиз.

Шундай бир пайтда беш-олти кишини боши саждага келган бўлса, нега ажабланасиз? Шундай бир соатда бу беш-олти киши золим муттаҳамга эмас, оламларни яратган Тангрига бош эгар экан, бундан нечун ҳафа бўласиз? Бундан қувонинг, чунки бу жамият ўша беш-олти кишининг имони эвазига ҳали ҳам жамият ўлароқ оёқда турибди.

Агар бу жамият шунча бузуқлик ва фуҳушдан сўнгра ҳам инсонлар жамият ўлароқ қолган бўлса, ваҳший оломонга айланмаган бўлса, бу сизнинг доно сиёсатингиз оқибати эмас, ўша сиз хор ва ҳақир кўрган бир ҳовуч мусулмоннинг эътиқоди ва илтижоли дуолари оқибатидир. Аёллар бошидан рўмолларни юлиб олиш, масжидларни йиқиш, дин арбобларини қувғин қилиш каби воқеаларни биринчи марта кўраётганимиз йўқ. Ва бу зўравонлик бошида турганларнинг шармандаю-шармисор бўлиб кетганини ҳам кўрганмиз. Бундан 12 йил аввал, 1985 йил январ ойида бир гуруҳ шоирлар ўша пайтнинг МҚнинг дин ва маданиятимизга қарши сиёсатига норозилик билдириб, Политбюрога мактуб ёзган эди. Бунинг фойдаси бўлдими-йўқми, бунинг ҳакамлигини тарих қилсин, аммо бу мактуб ўша пайтда жумҳуриятдаги фикр одамлари ичида ижобий бир акс-садо бўлгани эсимда. Бу мактубдан сўнгра бизга тазйиқ кучайди, аммо шу билан бир қаторда, бизнинг ўз кучимизга бўлган ишонч ҳам кучайган эди. Мен ишонаманки, Ўзбекистонда дин одамларига қарши ўтказилаётган бугунги репрессия ҳам халқ тарафидан ўз жавобини олади.

28 январда “Озодлик” радиосида чиқиб гапирган ватандошларимизнинг саси шу умидни туғдиради. Фақат ўзларини диний лидерликка даъвогар, деб билган шахсларнинг сукунати бизни андишалантираяпти. Улар зулм қаршисида жимликни давом эттирмоқдалар ва буни ҳеч қандай баҳона билан хаспўшлаб бўлмайди.

(29.01.1997, Истанбул)

(48)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (153-154-саҳифалар)

(давоми бор)