МАХДУМҚУЛИ
Биринчи китоб
Гурганнинг
Олдида баланд тоғ, бошида туман,
Денгиздан эсади ели Гурганнинг.
Булут ўйнаб кўкда, чақинлар чаққан,
Оқади тўлғониб сели Гурганнинг.
Тўқайлари бордир ғишша-қамишли,
Гўзаллари бордир олтин, кумушли,
Ўтлоқлари йилқи, қора говмушли,
Дарасига сиғмас моли Гурганнинг.
Чирпинишиб турар чолиқ моялар,
Эгаси тужжорлар – оғир савдолар,
Қоядек кўчади қатор карвонлар,
Олд-орқаси, ўнги-сўли Гурганнинг.
Беклари бор, камар ўрар белина,
Йўрға миниб, боз қўндирар қўлина,
Жайронлари боқар денгиз елина,
Қулунларга тўла чўли Гурганнинг.
Махдумқули, элдан-элга оралар,
Ҳижрон тиғи бирлан бағрин поралар,
Саллонишиб марол каби парилар,
Ўғлонлари жўмард, дали Гурганнинг.
*****
Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди