Уммон подшоларига юборилган номалар

Уммон подшоларига юборилган номалар
29 views
14 February 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 144
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

УММОН ПОДШОЛАРИГА ЮБОРИЛГАН НОМАЛАРИ

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Мин Муҳаммад ибн Абдуллоҳи ва расулиҳи ила Жайфар ва Абн ибна Жуландий, Саламун ала манит-табаъал худа. Амма баъд фаинний адъукумо бидиъаятил Исломи. Аслимо тасламо. Фаинний расулуллоҳи иллан-носи каффатан лиунзира ман кана ҳайян ва яҳиққол қовлу алал кафирина ва иннакумо ин ақрортумо бил Исломи валлайтукумо ин абайтулло ан туқирро билисломи фаинна мулкакумо зоилун анкумо ва Хайлий таҳиллу бисаҳатикумо ва тазҳару нубувватий ала мулкикумо».

Маъноси: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг қули ва анинг пайғамбари Муҳаммаддан Уммон ўлкасининг подшоҳлари Жуландий ўғлонлари Жайфар ва Абдга. Ҳақ йўл топганларга салом. Сўнгра ҳар икковингларни Ислом динига даъват қилурман, мусулмон бўлинглар, омон қолгайсизлар. Мен эрсам барча одамларга Худо тарафидан келган пайғамбардурман. Қиёматдаги қўрқинчлик ишлардан бутун халққа хабар берурман, бу сўзни ер устидаги тирик кишиларга еткузурман, қарши чиқувчиларга албатта азоб бўлғусидир. Агар Исломга иқрор қилур эрсангиз, ўз ўрнингизда қолдирурман. Агар андин юз ўгирсангиз, подшолигингиз қўлингизда қолмагай. Ислом аскари ерингизга киргайлар. Пайғамбарлигим подшолигингизни енггай».

Бу номани Амр ибн Осга топширдилар. Бу киши номани Уммон подшоларига етказди. Булар эса Яман арабларининг подшолари эрдилар. Икки туғишган оға-ини бўлиб, подшолик қилишур эди. Номани олиб ўқиб кўргандан сўнгра иниси Абд ибн Жуландо Амр ибн Осга:

— У пайғамбарман деб чиққан киши халқни нима ишларга буюрур, қайси нарсалардан қайтарур? — деди.

Анда Амр ибн Ос:

— Ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилмоққа буюрадур, гуноҳ ишлардан, зулм ва хиёнат, зино ва ароқхўрлик каби ишларни қилишдан қайтарадур. Бутларга топинмоқни ман қилур, — деди.

Анда ул:

— Ул яхши ишлар қилур экан, агар оғам меним сўзимни қабул қилар экан, икковимиз анинг олдига бориб, иймон келтирур эдик. Бироқ ул ҳукуматдин ажраб қолишдан қўрқиб унга тобе бўлғуси келмайдир, — деди.

Анда Амр ибн Ос:

— Агар оғанг иймон келтирур эрса, уни ўз элига ҳоким қилиб қолдиргай. Бой кишилар молидан закот олиб, камбағалларга бўлиб бергай, — деди.

Анда ул:

— Ундоқ бўлса қандоқ яхши иш бўлур эди, бироқ анинг қабул қилиши гумондур, шундоқ бўлса ҳам айтиб кўрурмиз. Закот деганинг нимадур? — деди.

Амр:

— Ислом динининг беш устуни бордур. Ислом дини шулар устига қурилган. Иймондан сўнгра энг улуғи намоздир, анинг йўлдоши закотдур. Аллоҳ таоло Қуръонда: «Ҳар куни беш вақт намозни тўлиқлаб ўтанглар. Бой кишилар эса камбағалларга закот беринглар», демишдир. Аллоҳ таоло намоз ўқишни барча мусулмонларга қандай фарз қилган бўлса, закот беришни ҳам бойларга шундай фарз қилмишдур. Лекин ҳар ердан олинган закот моллари шу ернинг камбағалларига берилур, — деди.

Бу сўзларни англагач, унинг кўнгли ҳам Исломга мойил бўлди. Сўнгра икковлари бирга анинг оғаси Жайфар олдига бордилар. Ислом динининг фазли-камолини унга ҳам гапириб берди.

Бунинг ҳам кўнгли юмшади. Ҳар икковлари баробар мусулмон бўлдилар.

(давоми бор)