Саросимага тушганлар ҳақида

Саросимага тушганлар ҳақида
101 views
15 February 2017 - 5:00

САРОСИМАГА ТУШГАНЛАР ҲАҚИДА

Сиёсий курашни узоқ масофали марафон югуришига қиёс қиладилар. Менимча, бу қиёс тўғри қиёсдир. Ўн, юз, беш юз километрлик масофага чопиш учун спортчи, энг аввало, тўғри нафас олишни билиши керак. Буни билмаган киши мусобоқага қўшилмагани маъқул. Бугун мен сиёсий мухолифат командасида (тақимида) чопаётган биродарларимга қараб, уларнинг сафлари анчагина сийраклашиб қолганини кўрмоқдаман. Кеча ёнма-ён, елкама-елка югураётган баъзи дўстлар нафас олиш санъатини билмаганидан, йўлнинг ярмидан мусобақани тарк этдилар. Уларнинг баъзилари бугун ҳукумат тақимига (командасига) қўшилганлар. У ерда чопишнинг кераги йўқ, у ерда ҳамма машинада юради.

Чопар экан, тўғри нафас олаётганларнинг сони унчалик кўп эмас, аммо сифати яхши. Буни ҳукуматнинг тазйиқ-таъқибига қарамай, мужодаласини давом эттираётган дўстларимиз исбот қилмоқда. Аммо сафларимиз сийраклашди, дея саросимага тушаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Бундан бир ой муқаддам бу саросимага тушганлардан бири “Озодлик”дан гапирган эди. Куни-кеча яна биттаси чиқиб гапирди. Бу одамларнинг руҳий ҳолатини мен яхши тушунаман ва уларга чин кўнгилдан ҳамдард бўлгим келади. Бу одамлар, табиийки, мухолифат сафларига маълум мақсадлар билан кирган ва бу уларнинг ҳаққидир. Аммо сиёсий вазият улар кутганчалик қулай бўлавермади ва мухолифат кутилмаган машаққатларга дуч кела бошлади. Мухолифатга гўзал умидлар билан кирган бу дўстларимиз ўзининг танлаган йўлидан шубҳалана бошладилар. Улар доим мўъжиза кутишди ва ҳукумат бирданига қулайди, биз орзумизга эришамиз, деб ўйладилар.

Ҳукумат ҳам қулайвермади, аммо дўстларимизнинг ичидаги эътиқод қулай бошлади. Бу саросимага тушганлар энди ватанга қайтиш ҳақида ўйламоқдалар. Улар ўз нутқлари билан ватанга қайтиш йўлларини “трамбовка” қилаяптилар.

Ватанга қайтиш учун мавжуд ҳокимиятнинг кўнглини олишга интилмоқдалар. Бунинг ягона йўли мухолифатни ерга уриб, ҳукуматни кўкка кўтаришдир. Бу ишни, албатта, мухолифат ичида туриб бажариш қийин, шунинг учун ҳам танқидчилар гўё мухолифат учун қайғураётган бўлиб, йиғлоқи оҳангда гапирадилар. Бундай мотамсаро нутқлар ўша юқорида айтганимиз марафон югуришидан ўлардай чарчаган заволлилар оғзидан чиқмоқда. Улар бугун сиёсатга аралашганларидан минг пушаймон, аммо бирданига “мен бу йўлдан қайтдим”, дейишга ҳам уяладилар. Бу аросатда туриб, жаҳли чиқади ва бутун аламини ўзи бир пайтлар мансуб бўлган мухолифатдан олади.

Бу аросатдагилар яна эски, алмисоқдан қолган бир иддао билан ўртага чиқади. Гўё “ЭРК” Партияси раҳбари мухолифатнинг бирлашувига қарши эмиш. Бу алмисоқдан қолган ва ҳамманинг жонига теккан иддао. “ЭРК” раҳбарлари доим миллий бирлик тарафдори бўлган ва 1990 йилдаёқ нафақат мухолифат ичида бирлик, балки ҳукумат билан ҳам конструктив мулоқот тарафдори бўлган. Бизни ҳозир танқид қилаётган аросатдагилар ўшанда бизни ҳукуматга сотилганликда айблаган эдилар. Бугун, уларнинг айтишича, ўша пайтда мулоқот қилиш тўғри йўл бўлган экан.

Бу шоввозлар 1990 йилда нисбатан либерал бир сиёсий вазиятда, халқ кўчага чиқиб митинг қилиши мумкин бўлган пайтда, оломоннинг кучидан маст бўлиб, радикал шиорларни кўтарган ва ҳукумат билан ҳеч қандай муроса бўлиши мумкин эмас, дея ҳайқирган эдилар. Бугун, ўзига бир оз зўр тушганда, дарров муроса ҳақида сайрай бошладилар. Ҳатто ўзлари муросасоз деб атаган “ЭРК” Партияси ҳам уларга бугун ортиқча радикал бўлиб кўрина бошлади. Ғаройиб трансформацияни кўриб, инсон ҳайратга тушади.

“ЭРК” Партияси доим мулоқот ва муроса тарафдори бўлган. Ҳайқириб турган оломонга ҳукумат билан муроса калимаси ёқмаган пайтда ҳам биз муроса тарафдори эдик. Аммо айни замонда эътиқодимиздан бир сония ҳам воз кечмаганмиз. Бугун ҳам муроса тарафдоримиз, аммо муроса эътиқоддан воз кечиш эвазига бўлса, биз уни рад қиламиз.

Бизнинг бошқа сиёсий ташкилотлардан фарқимиз ҳам шу. Бугун муросани рад қилиш 1990 йил муросани рад қилишдан осмон билан ерча фарқ қилади. 1990 йил муросани рад қилиш осон эди, ҳатто муросани рад қилганлар қаҳрамон саналарди, бугун эса, муросани рад қилиш ўжарлик ёки нари борса, узоқни кўролмаслик сиёсати, дея баҳоланиши мумкин. Лекин қаранг, 1990 йил муросага қарши бақирган қаҳрамонлар бугун ватанга қайтайлик, дея йиғламоқдалар, ҳукуматга яхши кўриниш учун мухолифатнинг қолган қисмига тош отмоқдалар, аммо бу мухолифатнинг қолган қисми худди 1990 йилдагидай, балки ундан ҳам собитроқ бир инонч билан ўз мужодаласини давом эттирмоқдалар. Бунинг сири, бунинг асрори иймондандир. Иймон Оллоҳу таолонинг бир неъматидир, уни хоҳлаганига беради. Шу маънода, бу сўзларим билан ҳеч кимни тарбияламоқчи эмасман, чунки тарбия фақат Оллоҳдандир.

Сиёсий мухолифат, ҳақиқатан ҳам, мавжуд ҳокимиятга муқобил, янада ўзбекча айтсак, мавжуд ҳукуматни алмаштиришга мўлжалланган, унинг ўрнига ўтириб, давлатни бошқариб кетиш учун ташкил қилинган бир ташкилотдир. Агар бунга тайёр бўлмаган ва буни кўзламаган мухолиф ташкилот бўлса, унинг сиёсий мухолифатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Тунов куни радиода гапирган дўстимизнинг “биз ҳукуматга альтернатив эмасмиз”, деганига ҳайрон қолдим. Альтернатив бўлмасангиз, мухолифат ичида нима қилиб юрибсиз? Сиёсий мухолифат сиёсий ҳокимиятга доим альтернативдир ва унинг бошқа ҳеч қандай моҳияти йўқ. “ЭРК” Партияси 1991 йил президентлик сайловларида 1 миллион 225 минг кишининг овозини олди. Бу рақам ҳукуматнинг сайловда кўрсатган бутун сохтакорликларидан кейин қолган рақам. Аслида, “ЭРК” Партиясининг бундан 3 карра кўпроқ овоз олгани ҳақида тахминлар бор.

Хўш, шу миллионларнинг овозини олган бир партия нега ўзини мавжуд ҳукуматга муқобил кўрмаслиги керак? Агар Ўзбекистонда демократик бир сайлов бўлса, бу партия сайловчиларнинг 1 миллиони эмас, 5-6 миллионининг овозини олмайди, деб айта оласизми? “ЭРК” Партияси 1991 йил мавжуд ҳокимиятга нақадар альтернатив бўлса, бугун ҳам шу қадар, ҳатто ундан ҳам кўпроқ альтернативдир. Чунки ўтган олти йил ичида халқимиз бу ҳукуматнинг ижроатини кўрди, унинг мамлакатга моддий ва маънавий қашшоқликдан бошқа ҳеч нарса олиб келмаганлигини кўрди.

Ўзбекистон президентини Америка раҳбари Клинтон қабул қилганини ҳукуматнинг муваффақияти қилиб кўрсатишга қанча уринмасин, бундан халқнинг қорни тўяётгани йўқ. Шуни ғурур билан айтишим керакки, ўтган олти йил ичида “ЭРК” Партияси ақл бовар қилмас сиёсий тажрибага эришди. Ақл бовар қилмас тазйиқ ва қувғинлар бизнинг сафимизда қолишга журъат этган ҳар бир шахснинг закосини ўткирлаштирди, эътиқодини мустаҳкамлади, иродасини тоблади.

Сафимиз бироз сийраклашди, аммо бу сафларнинг матонати икки карра юксалди. Шундай экан, ҳокимиятга альтернатив бўлишдан нега қўрқайлик?

Бизнинг ташкилот аъзоларининг сони 1993 йилда 54 минг эди, бугун тазйиқдан чарчаган 1-2 минг киши ташкилотдан чиқишга мажбур бўлган бўлиши мумкин. Аммо ташкилотга аъзо бўлмаган, лекин сайловда бизга овоз берган миллионлар ҳам бизнинг сафимиздадир. Уларнинг қудратини биз ҳар доим ҳис қилиб турамиз ва бу қудрат ҳисси бизга доим мадад берган, бугун бизни оёқда тутиб турган нарса ҳам ўша қудрат ҳиссидир.

(30.01.1997)

(49)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (154-157-саҳифалар)

(давоми бор)