Эски мухолиф – янги маддоҳ

Эски мухолиф – янги маддоҳ
23 views
18 February 2017 - 5:00

ЭСКИ МУХОЛИФ – ЯНГИ МАДДОҲ

Яқинда “Озодлик” радиосининг ўзбек тилидаги эшиттиришларидан бирида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қўмита номидан бир шахс жумҳуриятда инсон ҳуқуқларига муносабат тобора яхшиланиб бораётганини гапирди.

Бу баёнот ҳақиқатга хилофдир. Бу баёнот Ўзбекистондаги репрессив сиёсатни оқлашга уринишдир. Бундай баҳо Ўзбекистон турмаларида азоб чекаётган кўплаб сиёсий маҳбус ва дин арбоблари тақдирини менсимасликдир.

Бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий ва диний эътиқоди сабаб 50 дан зиёд киши ўтирибди. Шулар ичида Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов каби халқ депутатлари, Муҳаммад Ражаб, Обидхон Қори, Абдурауф Қори каби дин арбоблари бор.

Бундан ташқари, Абдулла Ўтаев ва Абдували Қори каби диний лидерларнинг қамалгандан бери ҳеч ким кўргани йўқ, уларнинг ҳозирда тириклиги ҳам шубҳа остида қолаяпти. Бу инсонларнинг қариндошлари давлат идораларига тинмасдан қатнаб, илтижо қилсалар-да, маҳбусларнинг ўлик-тириклиги айтилмаяпти.

Сиёсий маҳбуслар қамоқхоналар маъмурияти тарафидан энг тубан муомала кўрувчи гуруҳ ҳолига туширилган. Уларнинг кўпчилиги хаста, аммо сўнгги дамгача уларга тиббий ёрдам кўрсатилмайди. Қамоқхоналарда одам кўплигидан битта маҳбус ўрнига 3 та маҳбус тўғри келмоқда ва Ўзбекистонда санитария нормаларига жавоб берадиган бирорта зона йўқ. Байрам кунлари сиёсий маҳбусларнинг истисносиз ҳаммаси ШИЗОга (жазо камерасига) ташланадилар ва қийноққа солинадилар. Бу ошкора зулм ва зўравонликни ҳеч ким тафтиш қилолмайди, халқаро ташкилотлар у ёқда турсин, ҳатто қариндошлари ҳам сиёсий маҳбуслардан хабар ололмайдилар.

Аҳвол шундай экан, буни кўрмасликка олиш виждонсизликдир. Шундай виждонсизликни олдиндан кўриб бўлса керак, 1996 йил ноябр ойида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқарувидан 6 киши чиқиб кетган эди.

Уларнинг бу ҳақдаги баёноти «Экспресс хроника» газетасининг 26 ноябр сонида босилди. Баёнотга Михаил Арзинов, Абдулла Ҳайитбоев, Ёдгор Обид, Полина Браунерг, Сафар Бекжонлар имзо чеккан. Демоқчиманки, бошқарувдан шунча киши чиқиб кетгандан сўнг бу ташкилотнинг машруълиги (легитимлиги) қоладими?

Ўзини «Ўзбекистон мухолифатининг координацион маркази» деб ҳисоблаётган ўртоқлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳақиқатга хилоф баёнотларга нега жавоб бермаяпти? Жавоб бермаяпти, чунки бу ”координацион марказ» инсон ҳуқуқлари учун эмас, ўзининг шахсий ва маҳаллий манфаатлари учун курашаяпти. Бу одамлар ўзини мухолифатчи деб атайди, лекин ҳукуматга қарши эмас, «ЭРК» Партиясига қарши курашаяпти. Ўша «координацион марказ» нашри бўлган «Ҳаракат» журнали, мана, қўлимда. Бу журнал материалларининг энг муҳим қисми каминага қарши қаратилган. Бу материаллар бошдан-оёқ ёлғон ва туҳматга қурилган. Шунинг учун бўлса керак, «Ҳаракат» деб аталган бу журнал Ўзбекистонда бемалол тарқатилаяпти, ҳатто ҳукумат органлари томонидан кўпайтирилиб берилаяпти.

Зотан, мухолифатни ичидан емириш хавфсизлик органларининг эски тактикасидир. «Ҳаракат» ва «Бирлик» деган иғво тўла нашрларни чиқараётган кимсаларни Ўзбекистон Президенти аллақачон ватанга қайтишига рухсат берган, лекин улар қайтишмаяпти. Сабабини тахмин қилиш мумкин: ҳали «ЭРК»чиларга қарши курашда тепадан олган вазифаларини тўла бажариб бўлганлари йўқ.

Мен бу туҳмат ва иғвонинг координацион марказига бир жумла билан жавоб бераман: Оллоҳдан қўрқинг, ўртоқ коммунистлар. Сиз баррикаданинг қайси тарафида бўлманг – хоҳ мухолифатда, хоҳ ҳукуматда – сизнинг табиатингиз ўзгармайди.

Сиз ҳукуматда ҳам, мухолифатда ҳам ўз манфаатингиз учун ҳар нарсани қурбон қилишга тайёрсиз. Ортиқ буни халқ англаб етди. Энди унинг бошини қотирманг, иғвони тўхтатиб, майдонни бўшатинг.

(19.03.1997)

(52)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (159-161-саҳифалар)

(давоми бор)