Ходжаевнинг “қалқони”

Ходжаевнинг “қалқони”
35 views
18 February 2017 - 9:00

(Суратда: ЎзМТРК раиси Алишер Ходжаев)

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн еттинчи мақола) 

ХОДЖАЕВНИНГ “ҚАЛҚОНИ”

Ҳуқуқшунослик нозик ва ўта масъулиятли касб. Бу соҳа мутахассиси қайси ташкилоту қайси идорада фаолият олиб бормасин, ўша жойнинг юзи бўлиши лозим. Қабул қилинаётган-жўнатилаётган хатлар ҳамда ушбу муассасага тегишли бўлган ҳар бир ҳужжат мавжуд ҳуқуқий нормаларга тўла мос келишини таъминлаши керак. Бунинг учун у жавобгар шахсдир. Аммо ҳамма вақт ҳам  бу борадаги масъулият чуқур ҳис этилаяпти, деб бўладими? Афсуски, йўқ. Бунга биргина мисол билан жавоб бериш мумкин.

2013 йил ёзининг июн ойи иккинчи ўн кунлигининг бирида “Ўзбекистон” телерадиоканалининг радио бўйича директор ўринбосари С.Ёқубова менга: “Сиз раис қабулига боришингиз керак экан. Соат 11 ларга тайёр бўлиб туринг, телевиденияга биргаликда кетамиз” деб қолди. Ҳақиқатдан ҳам раҳбарнинг қабулида бўлиш учун бири-икки кун олдин котибаси ёки ёрдамчисига эмас, балки МТРК юристига ёздириб қўйгандим. Сабаби, унинг котибаси ҳам ёрдамчиси ҳам ёзиб олиш ҳуқуқига эга эмас. Ана шундай қоида. Айтилган вақтда биз телевидения томон отландик. Йўлда кетаётиб Ёқубова менга дастлаб юристнинг хонасига кириб чиқишимизни ва у ердан эса раис қабулхонасига боришимизни алоҳида уқтирди.

Эшигининг тепароқ қисмига “Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси юристи М.Қалқонова” деб ёзилган кабинетга кириб бордик. У бизни диққат бўлиб кутиб ўтирган эканми, ҳали биз билан ҳол-аҳвол сўрашмасдан телефон гўшагига ёпишиб кетди. Ким билан гаплашгани-ю, кимни чақирганини сезмай ҳам, билмай ҳам, тушунмай ҳам қолдик. Шу қўнғироқдан сўнгра бироз ўтиб ЎзМТРК кадрлар бошқармаси бошлиғи А.Абдусаматов кириб келди. Билдикки, у чақирилган экан. У билан ҳали саломлашишга улгурмасимизданоқ юрист хонимча менга қараб сапчий бошлади. “Ҳа опа, тинчликми” дедим. М.Қалқонова қўлидаги бир даста қоғозларни менга кўрсатиб: “Мана буларни “юқори”га сиз ёзганмисиз?” –  дея ўсмоқчилаб ўқий бошлади. “Раис А.Ходжаевни тепсанг-да тебранмайди, дебсизми? Шуларни ҳаммасини сиз ёздингизми? Нимага ёздингиз? Бунга қандай асосингиз бор ўзи? Агар сизни судга берсак, бунинг учун нима бўлишингизни, қанақанги жавобгарликка тортилишингизни биласизми?” – дея ўшқира кетди. “Ҳа, ҳақиқатдан ҳам А.Ходжаевнинг ушбу лавозимга мутлақо лаёқатсиз эканлиги ва тепса тебранмаслигини асослаб мен ёзганман. Унда барча асослар келтирилган. Марҳамат, судга беришларингиз мумкин. Лекин ушбу шикоятни сизга ёки раисга эмас, балки президент аппаратига ёзганман. Шунинг учун бу аризадаги далил-важларни сиз ёки раис эмас, қаерга, қай манзилга, кимнинг номига ёзган бўлсам, ўша идора-ташкилотдан келган ваколатли вакил менинг иштирокимда муҳокама қилишлари мумкин. Бу кадрларнинг бошлиғи, директор ўринбосари ва ўзингиз ҳамда мен билан биргаликда кўриладиган ва ҳал қилинадиган масала эмас”, – дедим.

Юристойим М.Қалқонова тағин ўзига зўр бериб шикоятнинг яна аллақаерларини ўқишда давом этар ва яна мени сўроқ қилишга тушиб кетарди. Мен эса гапни шартта кесиб, шу ёзилганлар бўйича мени сўроқ қилишга унинг мутлақо ҳаққи йўқ эканлигини такрор айтдим. Тушунтиришга ҳаракат қилдим. Минг афсуски, у МТРК раисига ўзининг қандай қилиб қалқон бўлаётганлигини кўрсатиб қўймоқ илинжида чирангани-чиранган эди. Иложи борича мени тингламасликка ҳаракат қиларди. Қарасам, шикоятнинг  ҳали у еридан ҳали бу еридан ўзи белгилаб олган жойларини ҳеч нарсага эътибор қилмасдан ўқияпти. “Ҳа, – деди  ўдағайлаб ва: – халққа манзур бўладиган дастурлар тайёрланмаяпти. Шунинг учун ҳам телевидения ва радиони ҳеч ким эшитмаяпти, кўрмаяпти, деб ёзибсиз. Буни қандай асослайсиз?” Унга юзланарканман: “Кўчада хоҳлаган одамни тўхтатиб сўраш ёки хоҳлаган хонадонга кириб кўриш, супермаркетлар, сартарошхона, шифохона ва жуда кўпгина жамоат жойларида ўрнатилган телевизорларга боқиш, радиоларни эшитиш орқали бунга тўлиқ ишонч ҳосил қилиш мумкин. Яхшилаб кузатилса, бундай ҳолатнинг ҳақиқат эканлигини кўрасиз. Чунки ҳамма жойда фақат Россия, Евроньюс ва хорижий телеканалларнигина кўришмоқда” дедим. Шунда бироз тиниб турган Муҳайё Қалқонова бирданига “Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас,”- деб айюҳаннос солиб, хонани бошига кўтара бошлади. Мен эса “мумкин” дейишдан чарчамасдим.

Яна бирпасдан кейин белгилаган жойидан бир парча ўқир экан: “Тузук сериаллар яратилмади” деб ҳам ёзибсиз. “Аслида яратилган-ку” дея жиғибийрон бўлди, юрист опамиз. “Қай бири дуруст экан?”- дедим. У эса “Мана масалан, “Опа-сингиллар” телесериалини отам мазза қилиб кўради” дейди. “Балки, айнан сиз шу ерда ишлаётганингиз учун кўраётгандир, қолаверса, битта сизнинг отангиз кўраётган бўлса, буни бутун Ўзбекистон аҳолиси кўраяпти, эшитаяпти, дегани эмас-ку, ахир.” Бу гапни ҳам ҳазм қилолмаган юрист баттар жазавага туша кетди. Буниси ҳаммасидан ошиб тушди ва жуда ҳам қизиқ бўлди. Аризанинг бир жойидаги “Раис жамоа билан мана саккиз йилдан буён учрашмаган ва сен кимсан деб сўрамаган. Ходимларни умуман қабул қилмайди. Бу-ку майли, на бир топшириқ бера олади на бир кўрсатма бера олади. Шу боисдан ижодий жамоани бирон мақсад сари йўналтиришни ҳам эплай олмаяпти. Қизғин ижодий жараён умуман сўндириб, йўқ қилиб бўлинди. Борган сари журналистларга нисбатан фитна кучайгандан-кучайиб бормоқда” деган жумлаларни ўқиган бош юрист “Ҳм-м…” деб қўйди. Кейин яна туйқусдан ҳужумга ўта бошлади: “Менга қаранг, сиз кимсиз ўзи? Нима раис сизга, эй, жамоага ҳали топшириқ ҳам бериши керак эканми? Қандай қилиб, кимга-нимага топшириқ беради” деган сўзларни тез-тез такрорларкан, жиззакилиги тутиб қолди. Бу ачинарли ва ажабтовур ҳолат – М.Қалқонованинг борган сари талмовсираётганлиги – унинг мис қалқони ҳақиқат қиличи олдида бардош беролмай, синиб бораётганлигидан дарак берарди. Мен унга бир неча маротаба: “Ушбу аризани нафақат сиз ва бу кабинетда ўтирганлар, ҳатто раиснинг ҳам муҳокама қилишга на ҳуқуқий ва на маънавий нуқтаи-назардан ҳаққи йўқ”, – деб таъкидлашимга қарамай, у ўзича менга босим ўтказишга ҳаракат қилаверарди. Энди, буям бошлиғининг топшириғи-да, нима қилсин…

Аввало, ҳуқуқшунос бўла туриб, “раҳбар топшириқ бериши керакми ҳали?” деб ўтирганлигининг ўзи ўта кулгили. Бу билан ҳуқуқбон Қалқонова ўзининг ҳуқуқий жиҳатдан нечоғли саводсизлигини ҳам намойиш этаётганди.  Ана сизга Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси бош юристининг кўз қараши, саводи-ю, тушунчаси, маънавий қиёфаси.

Айтмоқчи, кадрлар бошқармаси бошлиғи Абдумўмин Абдусаматов ва директор ўринбосари Султонпошша Ёқубова иккаласи ҳам мум тишлагандай жим ўтиришда давом этишди. Юрист гап сўраса жавоб беришади, бўлмаса, бир-бирига тикилиб, гезариб-қизариб ўтираверади. Бундан шу нарса англашилдики, Ходжаевнинг энг олғир, ҳақиқий лайчаси шу ҳуқуқчи экан.

Раиснинг қабул қилиши билан боғлиқ улкан ваъда эса иккинчи даражали масалага айланди-қолди. Бу ҳақда Қалқоновадан сўраганимда бугун эмас, қабул учун бошқа бир кунга яна шу юристнинг ўзига навбатга ёздириб қўйишим кераклигини айтди. Мен яна фамилиямни рўйхатга ёздириб қўйдим. (Қабул машмашалари билан бевосита боғлиқ жиҳатларни ўзида янада батафсилроқ акс эттирувчи мақолани сал кейинроқ эътиборингизга ҳавола этамиз.)

Шундай қилиб, ўзим ёзган шикоятим ва унда келтирилган далиллар билан ўзимни сўроқ қилиш орқали қўрқитишга уриниб кўраркан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг бош юрист-консультанти Муҳайё Қалқонова ўзининг ҳуқуқ соҳасида нақадар билими саёзлиги, ҳаттоки, оддийгина элементар нарсаларни ҳам тушунмаслиги билан савиясининг ҳаминқадарлиги ҳамда у шу соҳани эгаллаши учун институтни қандай ва қанақа йўллар билан тамомлагани, шунинг оқибатида айни вақтда ўз иш жойида ҳам нималарга қодир ва лаёқатли эканлигини кўрсатиб-фош этиб қўйди. Бир сўз билан айтганда, билимсизлиги ва ўта малакасизлиги билан М.Қалқонова ЎзМТРК раиси А.Ходжаевга “ҚАЛҚОН” бўлишни эплай олмади.

Нима ҳам дердик. Бу ҳам бўлса, ҳуқуқшунослик бўйича қандай қилиб бўлмасин, битта дипломни қўлга киритган бир мутахассиснинг қалқон бўлиш йўлидаги бир ҳаракати ва уриниши-да энди…

06.05.2014 й.

(давоми бор)