Мулоқотми ёки ҳисобот?

Мулоқотми ёки ҳисобот?
70 views
20 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн тўққизинчи мақола) 

МУЛОҚОТМИ  ЁКИ  ҲИСОБОТ?

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раҳбари билан учрашувга ҳар бир каналда ўзига хос тарзда “тайёргарлик” ишлари олиб борилди. Яъниким, бош муҳаррирлар бир кун олдин ўз ходимларини йиғиб, улар эртага раис билан бўладиган учрашувга бориши шарт эмаслиги борасида алоҳида огоҳлантирилган. Фақат бир-икки нафарига боришига рухсат этилган. Улар ҳам борганида жимгина савол бермасдан кузатиб ўтириши мумкинлиги тушунтириб ўтилган. Шунда ҳам энг ишонарли бўлганларигагина ана шу йўсиндаги кўрсатма берилган.

Мен ишлаётган “Янги жамият”  сиёсий ва ҳуқуқий-маърифий эшиттиришлар студиясининг радиодаги бўлимида бор-йўғи уч киши ишлаганмиз. Бунинг учун бизга бунақанги мажлис олдидан “мажлис” ўтказиш эҳтиёжи ҳам йўқ эди. Чунки биз боришга қарор қилганмиз. Юзма-юз кўришишни узоқ йиллар кутгандик. Шунинг учун ҳам бошқа қатор муҳарририятлардаги баъзи бир ходимлар “Сизлар эртага бўладиган мулоқотга борасизларми” дея ажабланиб, ҳайрон бўлиб, ҳаттоки, ҳадиксирашиб ҳам сўрашган. “Ҳа, албатта борамиз. Агар борилмайдиган бўлса, унда бу учрашув нега ўтказилаяпти? Нимага унда бу ҳақда олдиндан эълон осиб қўйилаяпти?” деган жавобни олганганларидан кейин улар жим бўлишиб, елкалари қисилиб, бир-бирларига ажабланиб қараб, пичирлашиб қолишган.

Ҳали бу раҳбар билан бўлиши керак бўлган учрашувдан олдинги ваҳима-ю ҳангомалар кўлами шу қадар кенгайиб бораётганлигининг ўзи тегишли махсус хизмат томонидан қўйилган мансабдар кимсадан ходимларнинг нечоғлик чўчишликлари, қанчалик юрак олдириб қўйганликларидан далолатлигига жиддий ишора эканлигини кўрсатади. Чунки бундан олдин компаниядан ҳеч бир жиддий сабабсиз бир неча ходимларнинг ишдан ҳайдалганлиги боис, албатта, бундайин ноҳақлик ҳолати уларни жуда ҳам қўрқитиб қўйганлиги рост. Буни ҳам тушунса бўлади. Лекин қачонгача жимгина қўл қовуштириб ўтириш мумкин? Қачонгача ҳадик билан яшаб, олабўжидан қўрқитишгандай қалтираб ўтирамиз? Умуман, бундай узундан-узоқ чўзилаётган сукунатнинг чеки-чегараси, адоғи борми-йўқми? Худди шу каби саволларга жавоб топишнинг вақти келмадимикин? Ана шу хусусдаги ўй-хаёллар мени қийнар, тинчлик бермас эди. Энг қизиғи шундаки, биз билан ёнма-ён хонада ўтирадиган бошқа бир муҳарририятдаги ходимларнинг икки нафари менинг ушбу мажлисга бормаслигимни маслаҳат ҳам беришганди. Ҳа, уларнинг бу чақириқлари мен учун жиддий огоҳлантирув ҳам эди, деса бўлади. Қолаверса, бу борада уларга алоҳида топшириқ ҳам берилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

2013 йил 10 июль куни соат 10.00да узоқ йиллардан буён интиқлик билан кутилаётган ва бошланиши керак бўлган йиғилиш олдидан телерадиокомпаниянинг асосий ва марказий мажлислар зали ёнида кўпроқ МТРК раҳбарияти таркибидан иборат гуруҳ тўпланишганди. Чамамда улар “муҳтарам зот”ини кутишаётганди. Аста-секинлик билан зал ҳам тўлиб бўлди. Бу орада  компания раиси ва унинг муовинлари президиумни келиб эгаллашди. Ҳамманинг қулоғи унда. Даставвал у қандай қилиб бу мажлисни бошлашини тўпланганлардан сўрагандай бўлди. Бироз ўтгандан сўнг ўзи дастлаб керакли бўлган гапларини айтиб олиб, кейинига очиқ мулоқотга ўтсак бўладими, деган таклифни ўртага ташлагандай бўлди, гўё. Худди шу гапидан сўнг у компьютерда ёзиб келиниб, чўзилгандан-чўзилган маърузасини ўқий бошлади. Бундан кўпчиликнинг энсаси қота бошлаганлигини сезди ҳамки, у дарҳол миллий телерадиокаомпанияга қанчадир фалон миллиард сўм олиб келганлиги-ю, бу борада банкирлар билан қандай қилиб тортишганлиги, бу даргоҳ учун жуда кўп ишларни амалга ошираётганлигини иддао қилишга ўтиб кетди.

Аммо бирон бир кишининг ижодий муҳитни яхшилаш билан боғлиқ қандай амалий ишлар қилинди, ўзи деб айтишга ҳадди ҳам сиғмади, журъати ҳам етмади. Ана шу тариқа давом этган маъруза қарийб икки соатга бориб, резинкадай чўзилиб кетгандан-кетди. Бу йиғинни ходимлар билан учрашув ёки мулоқот эмас, балки ҳисобот йиғилишига айланиб кетди, десак бўлади.  Нега бу учрашув шу қадар узайганидан узайганлиги кундай равшан. Яъниким қандай қилиб бўлмасин ходимлар томонидан берилиши мумкин бўлган саволлар кўламининг кенгайиб-кўпайиб кетишига йўл қўймаслик ва имкон қадар бу каби ҳолатнинг олдини олиш бош мақсад қилиб қўйилганлиги сир бўлмай қолди. Чунки икки соатлик зерикарли маърузадан сўнг кўпчиликнинг юраги сиқилгандан ҳафсаласи пир бўлиб иложи борича ташқарига отланишга ҳаракат қилиши аниқ. Қолаверса, тўрт-беш йилда эмас, балки саккиз йил деганда бутун бир компания жамоаси билан илк маротаба юзма-юз кўришаётган раҳбар ўзининг нима ишларни қотириб қўйганлигини кўрсатишга ошиқиши табиий. Буни тушунса бўлади. Ва бу жараёнга пухта тайёргарлик кўришга уринилганлигига ҳам ажабланмаслик керак.

Ўқиб берилган нутқ матни асосан олиб борилган қурилиш-бурилиш ишлари натижасида барпо этилган бинолар ҳақида бўлди. Ҳақиқатдан ҳам уларга фақат ташқаридан қараганда ажойиб кўринишга эга бўлгандек, аммо ичкарига кирганингизда бунинг акси бўлган ҳақиқий аҳволни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Сабаби “Усти ялтироқ ичи қалтироқ” деган нақлниннг худди шу манзарага нақадар мос тушганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Ичкарига боқиб қурилиш иши энди бошланаётганлигига гувоҳ бўласиз. Ана шу тариқа ҳали битиб-битмаган ишлар ҳақидаги пойинтар-сойинтар, бўлар-бўлмас гаплар билан йиғилишда ўтирганларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришга ҳарчанд ҳаракат қилмасин бунинг уддасидан чиқа олмади. Чунки ичкаридаги манзаранинг қандай ҳолатда эканлигини у ерда ишлайдиганларнинг барчаси жуда яхши билишади.

Иш жараёнида кўради, кузатади ва бунинг гувоҳи бўлайвериб кўзлар ҳам қотиб ҳам ўрганиб кетган. Бу даражадаги кўзбўямачилик, бўй басти билан ёлғонга йўғрилган бунақанги ҳисоботнинг кимга, нимага керак бўлиб қолганлиги ҳаммага ҳам аён эмас. Боиси нима сабабдан ёзнинг деярли қоқ ўртасига келиб бу борада батафсил сўз юритишга тўғри келиб қолганлиги ва шошиб-пишиб бундайин амалиётларга қўл урилаётганлиги тўғриси, кўпчиликни ажаблантирмасдан қолмади, албатта. Бунинг қандайдир ўзига хос бўлган асосий сабаблари ва бунга туртки бўлган муҳим омили, кимга маълум кимга номаълум сирлари бор эди. Бу ҳақда ҳам тўхталамиз. Фақат сал кейинроқ.

16.05.2014 й

(давоми бор)