Илк бора юзма-юз

Илк бора юзма-юз
87 views
21 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирманчи мақола) 

ИЛК БОРА ЮЗМА-ЮЗ

Шуни очиқ айтишим керакки, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига раис бўлиб келган Алишер Ходжаевнинг саккиз йилдан кейин ҳам ўз ходимлари билан ҳеч бўлмаганда ана шу тарзда-ҳисобот шаклидаги мулоқот ўтказиши мумкинлиги тўғриси, кўпчиликнинг хаёлига ҳам келган эмас. Иложи борича у ўзини ходимларидан узоқроқ тутиб юриш ҳаракатида бўлди. Бунинг бош ва дастлабки сабабларидан бири қовун тушириб қўйишдан чўчиганлигидир. Чунки у ўзбек тилида нима деяётганлигини биров-ку майли, ўзи ҳам тушунмайди. Шу билан биргаликда тизимдаги жиддий камчиликлардан кўз юммасдан ошкора тарзда гапирадиган ҳаттоки, бу ҳақда хориж матбуотларида ҳам бу ҳақда очиқ чиқиш қилиб курашга отланаётганларнинг нишонига айланиб қолишдан ўзини олиб қочган. Хориж матбуотига интервью берган ходимини у кишининг жини суймайди. Шу боисдан ҳам раис охири бу нарсани мутлақо таъқиқлайдиган – шахсан ўзининг 193-сонли буйруғини чиқаришгача бориб етди. Бундан ташқари, унинг радиодаги ходимлар билан алоҳида бир вақт топиб ҳеч қачон учраша олмаслиги ҳам тайин эди. Сабаби у ерда бетинг-кўзинг демасдан ҳамма гапни очиқ-ойдин юзига айтадиганлар кўпроқ. А.Ходжаев радиога келиши ва ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказиши хусусида директор ва унинг ўринбосарларига жуда кўп ваъдалар берганлигини биламиз. Бунга улар ишонишган ҳам. Лекин мен негадир ишонмагандим. Ҳа, айтганча, асосий йўналишдан чалғимасак.

Шундай қилиб икки соатга яқин давом этган маъруза асосидаги ҳисобот залдаги ходимларнинг ҳафсаласини пир қилиб, толиқтириб қўйганди. Бу узундан-узоқ ҳисоботни қоғоздан ўқиб бериш орқали “Саволларга ўрин қолмади, ҳамма нарса ҳақида батафсил гапирилиб бўлинди-ку”, деган тасаввурни пайдо қилиши керак эди, гўё. Лекин табиийки, “Нимага унда эълонлар деворида очиқ мулоқот бўлади, деб ёзилди?” деган савол туғилиши турган гап. Аммо жамоага назар ташлаб кўз югуртирадиган бўлсангиз, уларнинг ичидан биронтаси савол бериш тугул, бунга ҳуши ҳам йўқ эди. Ҳамманинг тезроқ бу ердаги бошоғриқдан қутулишни истаб турганлигини илғаш қийин эмасди. Лекин менинг барибир бу раис жанобларига йиллар мобайнида ич-ичимда йиғилиб қолган ва туну-кун безовта қилиб келаётган дардли саволларимни бермаслигимнинг ҳеч ҳам иложи йўқ эди.

Буни қарангки, мажлислар залида ўзиям келиб-келиб Ходжаевнинг рўпарасида ўтириб олган эканман. Худдиким атайлаб қилингандек. Саволлар борми, деган гапини сабрсизлик билан кутиб турибман. Ўртада микрофон турибди. Нима қилиб бўлса-да, бўғзимда шундоққина тиқилиб турган дардларимни айтишим шарт эди. Шу оннинг ўзида унга Эгамнинг ўзи инсоф бердими, бирданига у “Саволларингиз борми” дея сўраб қолди. Ўнг ва сўл тарафларга қарадим. Ҳамма бироз тин олгандай, жимжитлик оғушида кузатиб турибди.

Шунда мен сукунатни буздим. Қоидага кўра, ўзимни таништирдим-у, саволга ўтдим. “Алишер Жўрақулович, мана сиз билан саккиз йил деганда биринчи маротаба юзма-юз учрашиб турибмиз. Шундайми?” – савол назари билан боқдим унга.

У бошини зўрға силкиб бу гапимни маъқуллагандай бўлди. Аввало бугунги ташкил қилинган йиғиндан мамнун эканлигимни алоҳида таъкидладим ва конкрет саволларни беришга ўтдим:

– Биринчидан, сиз режим ва хавфсизлик бўйича ўз ўринбосарингиз Баҳром Ўтанов ҳамда унга бевосита бўйсунувчи ходимларнинг шахсан мен ва менинг оиламга нисбатан ўтказаётган таъқиб-тазйиқларидан хабардормисиз?

Иккинчидан, мен фуқароларнинг мурожаати ва улардан тушган ариза-шикоятлар билан ишлаш чоғида Б.Ўтановнинг менга ташқаридан бўлаётган турли таҳдид қилувчилар билан тил бириктириб, ҳамкорлик қилиш асносида ишимга мутлақо халақит бериб аралашаётганлигидан-чи?

Учинчидан, ана шу жараёнда оиламга, ҳаттоки, вояга етмаган фарзандларимга нисбатан ҳам қатор дўқ-пўписа асосидаги қўрқитишлар, автомобилларда келиб туртиб кетиб ариқларга тушириб юбориб, болалар боғчаларигача таъқиб қилиб борганларигача бўлган ҳодисалар рўй бериб турган пайтда Б.Ўтановга бу ҳақда мурожаат қилганимда пинаги ҳам бузилмаганлигидан-чи?

Тўртинчидан, бу ўринбосарингиз ана шундай мураккаб ва таҳликали вазиятда ёрдам бериш ва бизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш ўрнига аксинча, иш кабинетимдаги ташқаридан бўлаётган (баъзан таҳдидли) қўнғироқлар рақамларини аниқлаши мумкин бўлган телефон аппаратини зудлик билан олиб қўйиш амалиёти билан шуғулланганлигини биласизми?

Бешинчидан, бундан ташқари, 2009 йил 9 сентябрь куни менинг қўл телефонимга номсиз, рақамсиз (без имени) дея “Эшикни оч, келдим. Мен – Ажалинг” деган СМС ёзув келганлиги ҳамда  қаттиқ кузатув ва босим остида қолган пайтимда ҳам бу ўринбосарингизга ёрдам сўраб мурожаат қилганимда лом-лим демаганлигига нима дейсиз?

Олтинчидан,  мен ва радиодаги икки ҳамкасбим билан биргаликда бир соат ичида бир маъракага бориб келганимиздан сўнг шахсан менга ҳайфсан эълон қилинганлигини қандай изоҳлайсиз? Нимагадир, мен билан биргаликда бориб келган иккала ходимга эса ҳайфсан тугул огоҳлантириш ҳам берилмаганлигидан ҳаттоки, уларнинг ўзлари ҳам ҳайрон эканликларини яшира олишмади. Бу “спектакль” сценарийси муаллифи-ташаббускори шахсан Баҳром Ўтанов ва унинг радиодаги ходими Хуршид Расулов  эканлигидан наҳотки сиз бехабар бўлсангиз?

Еттинчидан, ўз қишлоғимга, онамнинг жанозасига бориб келганимдан сўнг ҳам мени ҳоли-жонимга қўймасдан худди шу режим ва хавфсизлик хизмати ходими Расулов Хуршид шахсан Б.Ўтановнинг топшириғи асосида атайлаб “Қаерда юрибсиз?” дея тергаб, таҳқирловчи сўроқларга тутганлигини қандай тушунишим керак? Бу одамни таҳқирлашнинг янгича бир услубими? Нима, уларнинг онаси йўқми? Азадорга азоб беришдан улар шунчалик ҳузурланишадими? Мана шундай разил амалиёт билан шуғулланиш, наҳотки, уларнинг энг муҳим функцияларидан бири бўлса? Бундан-да бошқа қиладиган зарурроқ ишлари йўқми, бу хизматдагиларнинг? Мен ва оиламга режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосарингиз Баҳром Ўтанов ва унинг югурдаклари томонидан бўлаётган таъқиб-тазйиқ, турли босимлар қачон тўхтайди?  Умуман, сиз ушбу ҳолатдан нечоғлик воқифсиз?

Шу пайтда навбатдаги саволларга ўтишимдан олдин ғалати бир ҳолат юз берди. Навбатдаги мақоламиз айни шу ҳақда.

23.05.2014 й.

(давоми бор)