“Озодлик” радиосининг туркман редакцияси саволларига жавоб

“Озодлик” радиосининг туркман редакцияси саволларига жавоб
26 views
21 February 2017 - 11:33

Савол: Бизнинг билишимизча, июл ойида АҚШ ҳукуматининг юқори даражадаги расмий кишиларидан Строуб Тэлбоот ва Айзенстат чиқиш қилиб, ўз ҳукуматининг Кавказ ва Ўрта Осиё давлатларини кучлантиришга чақирдилар. Сизнингча, Америка расмийларининг бу чақириқлари нимани англатади? Ёки улар бу давлатларни Русиянинг таъсиридан холос этмоқ мақсадида бундай чиқишлар қилдиларми?

Жавоб: Аввал шуни билишимиз керакки, бизни ҳеч ким кучлантиришни истамайди. Буни биз ўзимиз исташимиз мумкин ва “кучланиш программаси”ни (агар шундай таъбир жоиз бўлса) Ўрта Осиё жумҳуриятлари ўзлари ишлаб чиқишлари керак. Америка Қўшма Штатларининг бизга бераётган эътиборига келсак, бу дунё сиёсатини йўналтиришга даъвогар бир давлат учун табиийдир. Ўрта Осиё Америка учун нефть, олтин, пахта каби бойликлар маконигина эмас, балки стратегик аҳамияти катта бўлган геополитик ҳавзалардан бири ҳамдир. Маданий дунё тарихида муҳим ўрин тутган учта асосий ҳавза бор: Пасифик ёки Тинч океани ҳавзаси, Оқ денгиз (Ўрта ер денгизи) ҳавзаси ва Ўрта Осиё геополитик ҳавзаси. Бу ҳавзалардан ҳар қандай бирини ўз назорати остига ола олган давлат дунё сиёсатида сўзи ўтадиган мақомга эришган.

Оқ денгиз ҳавзасига ҳоким бўлган византияликлар, кейин уларнинг ўрнига ўтган турклар ҳам ўз императорликларини узоқ вақт ушлаб турганлар. Тинч океани ҳавзаси қулайликлари бирданига тўртта давлатни юксалтти: Русия, Америка, Япония ва, мана, Хитой. Хитой 21-асрнинг супер давлатидир. Ўрта Осиё ҳавзасида ҳам икки минг йил давомида узлуксиз давлатлар қурилган. Унча-мунча эмас, буюк давлатлар, императорликлар иншо этилган. Бу ҳавзага ҳоким бўлиш орзуси Александр Македонскийдан тортиб Пётр I гача, ундан Владимир Ильич Ленингача – ҳаммасининг юракларини орзиқтирган. Бу ҳавза қалбидан чиққан Ипак йўли фақат тижорат йўли эмас, балки дунёга узанган маданият нури эди.

Ўрта Осиё ҳавзасига ҳоким бўлиш учун сўнгги мужодалани рус большевиклари берди ва уларнинг ҳокимияти 75 йил давом этди. 1991 йил декабрда бу ҳокимият расман тугади, Ўрта Осиёда янги мустақил давлатлар қуриш имкони пайдо бўлди. Эски совет жумҳуриятларининг автоматик равишда “мустақил давлатларга” айланиши мумкин эмаслигини ҳамма биларди. Хусусан, Русия бу тарихий босқич парокандалигидан фойдаланиб, Ўрта Осиёда эски таъсирни тиклаш ниятидан бир сония ҳам воз кечмаслиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Лекин бизнинг давлатларимизнинг коммунистик зеҳниятдаги раҳбарлари миллий мустақиллик тушунчасидан ҳам, миллий давлат тушунчасидан ҳам маҳрум эдилар.

Улар Совет Империяси қулаб, ўзларини мустақил хонлар каби ҳис қила бошладилар. Сиёсатлари ҳам шунга мос юритилди. Улар ички сиёсатда мустабид, ташқи сиёсатда маҳдуд феодал сифатида ўртага чиқдилар. Улар минтақа иқтисодининг мавжуд инфраструктурасини парчалаб ташладилар, транспорт, алоқа ва энергетика соҳасидаги жумҳуриятлараро ҳамкорлик тўхташ даражасига етди. Бир-бирига бегона бўлган Оврупо миллатлари ўз чегараларидаги божхоналарини олиб ташлаётган бир пайтда, бизнинг қон-қардош миллатларимизнинг шуурсиз “йўлбошчилари” ҳар бир маҳалла чегарасида божхона қуриб, товарнинг эркин ҳаракатини тўхтатдилар, йўл ва сўқмоқларда божмон кийимини кийган қароқчиларни кўпайтирдилар. Йўлбошчиларимиз ўз мустақилликларини кўрсатиш учун фақат бу билан чекланиб қолмадилар. Улар бир-бирига қарши иқтисодий тазйиқ ва сиёсий шантаж усулларини ҳам қўллай бошладилар. Бу сиёсат минтақа иқтисодини қисқа вақт ичида чўктирди. Бугун минтақадаги бешта жумҳуриятдан бирортаси ҳам “биздаги аҳвол сизникидан яхши”, дея олмайди.

Бу аҳволда бизга на Америка, на-да бошқа буюк давлат нажот бўла олади. Бу аҳволда биз, аввало Оллоҳ, кейин бир-биримиздан нажот кутмоғимиз керак. Минтақадаги бешта жумҳурият шуурли бир сиёсат ўртага қўйиб, иқтисодий жабҳада бирлашув жараёнини бошласа, инқироздан қисқа вақт ичида чиқиши мумкин. Зеро, биз бошқа ерларда излаган ҳам моддий, ҳам маънавий хом ашё ўзимизда мавжуддир. Фақат божхоналар йўқ қилиниб, таъқиқлар бекор қилинса бас. Лекин ҳамма нарсадан аввал биз кимлигимизни қаттиқ англаб олишимиз керак. Минтақада яшаётган халқлар бир-бирига бегона эмас, қариндош эканлигини асло ва асло унутмаслигимиз керак. Ҳатто совет даврида мавжуд бўлган қариндошлик руҳи бугун халқларимиз орасида йўқ. Бу иқтисодий бўҳрондан ҳам қўрқинчлироқ ҳодисадир.

Америкага келадиган бўлсак, унинг Ўрта Осиёдаги стратегик манфаатларини гапирдим. Албатта, Русия билан рақобат ҳам бор, лекин, менимча, Американинг энг яқин ташвиши “ислом фундаментализми”дир. Бу иборанинг нақадар уйдирма эканлиги ҳақида мен кўп гапирганман, аммо бу нуқтада шуни айтиш керакки, ислом дини кейинги 30 йилда бутун дунёда, шу жумладан, бизнинг минтақада ҳам кучайди. Маълумингиз, келажак 21-асрда миллатлараро мужодала иқтисодий ёки сиёсий жабҳадан маданий ва диний жабҳада кучаяди, деган тахминлар бор. Буни ҳисобга олганда, Американинг “фундаментализм” андишаси остида келажакда Ғарб ва Шарқ ўртасида бошланадиган омонсиз рақобатга ҳозирлик талошини кўриш мумкин.

Савол: Америка Кавказ ўлкаларини кучайтиришни бошлади, десак ҳам бўлади. Сабаби, аввал Гуржистон президенти Шеварнадзе, сўнгра Озарбойжон лидери Вашингтонга саёҳат қилдилар.

Ўрта Осиё жумҳуриятларидан эса Ақаев яқинда Америкага бориб, вице-президент Ал Гор ва Жаҳон Банки раҳбарлари билан учрашди. Ўрта Осиё минтақасидан яна қайси лидер Оқ уйга кираркан? Чунки уларнинг ичида Оқ уйга кирмаган президентлар ҳам бор.

Жавоб: Кундалик сиёсатда Америка Ўрта Осиё давлатларини инсон ҳуқуқлари борасида огоҳлантирса ҳам, уларни ўзидан юз ўгириш даражасида ҳафа қилмайди. Масалан, АҚШ раҳбарияти Ўзбекистон президентининг диктаторликка ҳавасманд эканлигини билатуриб, расмий бўлмаса-да, Оқ уйда беш-ўн дақиқа қабул қилди. Худди шундай шаклда Туркманбоши ҳам қабул қилиниши мумкин. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам Осиёнинг хом ашёга бой ўлкаларидир, бу бойликдан ҳисса олиш учун инсон ҳуқуқлари ва демократиядан кўз юмилиши ҳам мумкин.

Савол: Американинг юқори лавозимли раҳбарлари Туркманистон мустақилликка эришган илк кунларда Ашхободга сафар қилдилар. Американинг шу вақтдаги давлат секретари Бейкер ва бошқалар Ашхободга борсалар ҳам, сўнгра Америка Туркманистонни унутди. Сизнингча, қайси сабабларга кўра Америка Туркманистонга нисбатан тегишли чоралар кўрмаяпти?

Жавоб: Саволингизнинг сўнгидаги жумлага жавоб берай: Туркманистонга чорани Америка эмас, туркман халқи кўриши керак. Халқ ўзи уйғониб, ўз дардини ўзи айтиши керак. Биз авваллари совет мустамлакаси даврида маҳаллий раҳбарлардан Москвага шикоят қилар эдик, энди маҳаллий раҳбарлардан Вашингтонга шикоят қиладиган бўлсак, демак, аҳвол ўзгармаган. Аҳволни ўзгартириш мажбурияти бизнинг елкамиздадир. Сўз ҳуррияти, матбуот ва виждон эркинлигини биз ўзимиз талашиб олишимиз керак. Шунда Америка ёки бошқаси ёрдам бериши мумкин. Аммо биз жим турайлик-да, бошқаси биз учун курашсин десак, хато бўлади. Ишонаманки, бизнинг жафокаш халқларимиз туркман ҳам, ўзбек, қозоқ, қирғиз ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ўзлари ҳимоя қилиш қудратига эгадирлар. Бунинг исботини, иншоОллоҳ, бутун дунё кўражакдир.

(Август, 1997)

(57)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (167-170-саҳифалар.)

(давоми бор)